Саналар
13.12.2017
Баннер
Боғдоднинг қулаши - Боғдодга йўл (3-қисм)
PDF Босма E-mail

Боғдоднинг қулаши

Муаллиф: Муҳаммад Султанов

Боғдоднинг сўнгги кунлари

Боғдодга йўл

3-қисм


Мўғуллар тарихидаги энг йирик кенг қамровли ҳужумни бошлашдан олдин, Хулаго мўғуллар тарихидаги энг муҳим ҳарбий кенгашни йиғади. Ушбу кенгашда Ислом халифалиги пойтахти Боғдодга ҳужумни бошлаш ҳақидаги қарор қабул қилинган. Хулаго мўғулларга келиб қўшилган мусулмон қўшинлари саркардаларидан хавотирда эди. Шу сабабли улар ортидан кузатув йўлга қўйилганди. Афсуски, Хулагонинг мусулмон саркардаларидан хавотири ноўрин бўлиб, улардан бирортаси мўғулларга қарши чиқишни хоҳламас эди. Аксинча, уларнинг барчаси мўғуллар билан биргаликда Боғдодни олишга ёрдам беради. Ушбу сўнгги ҳарбий кенгаш Боғдоддан 450 км узоқликда жойлашган Эроннинг Ҳамадон шаҳрида бўлиб ўтган. Ушбу кенгашда Хулаго ўз қўшинини 3 қисмга бўлишини эълон қилади:

– биринчи, яъни асосий қўшин бошқарувини Хулаго ўз қўлига олади. Бу қўшинга Олтин Ўрда хони Ботудан ва Арманистондан жўнатилган аскарлар келиб қўшилиши керак эди. Биринчи қўшиннинг асосий мақсади Форс ўлкасининг ғарбий тоғларини Керманшоҳ шаҳри орқали кечиб ўтиб, Боғдоднинг шарқий томонини қуршовга олиш бўлган;

– иккинчи, чап қанот бўлмиш қўшинни Хулагонинг энг кучли қўмондони Китбуғу бошқарган. Ушбу қўшин хам бошқалардан алоҳида ажралиб Боғдодга бошқа йўл орқали бориши керак эди. Қўшинни уч қисмга бўлишдан асосий мақсад мусулмонларнинг разведкасини алдаш бўлиб, улар мўғуллар қўшинининг аниқ сонини билиб қолмаслиги керак эди. Бундан ташқари, Боғдодга олиб борадиган ҳеч бир йўлдан бундай улкан қўшинни бирданига олиб ўтиш имконияти бўлмаган. Иккинчи бўлим олдида турган асосий мақсад Боғдодга жануб томондан келиш, уни жануб ва жануби-шарқ томондан қамал қилиш бўлган. Боғдодга атига 450 км қолганига қарамай, Хулаго ўзининг улкан қўшинини абоссийларнинг жосуслари ва разведкасидан яшириш ҳаракатида эди.Аммо аббосийлар мўғуллар қўшини Боғдодга етиб келишига бир неча километр қолганидагина бундан хабар топишди;

– учинчи қўшин Европага жўнатилган ва Анатолияга (Туркия шимолида) жойлашган қўшинлардан иборат эди. Ушбу қўшинни мўғулларнинг машҳур саркардаси Нўён Байжо бошқарар ва уларнинг мақсади Боғдодга шимол томондан келиб қамал қилиш эди. Бу билан Боғдод ҳар томондан тўлиқ қамалда қолиши керак бўлган. Аммо ушбу қўшин олдида бир неча мушкул масалалар турган. Биринчиси, бу қўшин Боғдодга мўғулларнинг бошқа қўшинлар бир бир хил вақтда етиб келиши керак бўлган, ваҳоланки, у даврда чопарлардан бошқа ҳеч қандай алоқа воситалари бўлмаган. Агар қўшин Хулаго қўшинидан олдин келса аббосийлар қўшини билан тўқнашиши, агар кечикиб келса, Хулаго ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолиши эҳтимоли бор эди. Аммо Байжонинг тўғри ҳисоб-китоблари туфайли қўшин манзилга аниқ вақтда етиб борган. Иккинчидан, учинчи қўшин бошқа қўшинларга қараганда кўпроқ масофани кесиб ўтиши керак бўлиб, булар Туркия худудидан 500 км, кейин Ироқ ҳудудидан яна 500 км нарида бўлган. Бу ҳудудлар эса мусулмонларга қарашли эди. Яъни ушбу қўшин мусулмонларнинг еридан 1000 км йўлни босиб ўтиши керак бўлган, бу эса маълум бир хавф-хатарни ўз ичига олган. Аммо ушбу йўл улар учун ҳеч қандай хатар етказмади. 95 фоиз йўлни босиб ўтгунича Байжо қўшини ҳақида аббосийларнинг хабари бўлмаган ва Боғдодга 50 км қолганда Байжо уларнинг олдида тўсатдан пайдо бўлган. Хулагони ҳам аббосийлар Боғдодга бир кунлик йўл қолгандагина билиб қолишади. Хулаго ҳақида аббосийлар ҳеч қандай хабар олишмаганини тушунса бўлади, чунки Хулаго қўшини асосан мўғулларга қарашли бўлган тоғли худудлардан келган. Аммо Байжонинг Боғдодга шунчалик яқин келгунича билишмаганини қандай тушуниш мумкин? Буларга бир неча сабаблар бўлган. Биринчиси, ушбу ҳудудларда аббосийларнинг разведкаси бўлмаган, бундан ташқари, аббосийлар қўшини қандай қилиб уруш олиб боришни билмаган, қўмондонлиги оз бўлса ҳам тажрибага эга бўлмаган. Иккинчидан, бунда Анатолия ва Мосул мусулмон ҳукмдорларининг хоинлиги жуда катта роль ўйнаган. Ушбу хоинлик мўғулларга Боғдодгача бўлган барча эшикларни очган. Шу сабабли Байжо ушбу ҳудудларни сайрга чиққандек осонликча кесиб ўтган. Ўзига эътиборни тортмаслик учун мўғулларнинг одатига қарамай, Байжо йўлида ҳеч ким билан тўқнашиб жанг қилмаган, улар эса ўз томонидан уларга ҳеч қандай қаршилик қилишмаган. Шунингдек,Байжонинг қасос олишидан қўрқиб ҳеч ким аббосийларга хабар бермаган. Анатолия ҳукмдорлари Кайковус ИИва Қилич Арслон ИВ томонидан содир этилган хоинлик бутун ислом олами олдида жуда катта жиноят эди. Аммо Мосул ҳукмдори Бадриддин Лулунинг хоинлиги ҳаммасидан ҳам оғир эди. Бадриддин Лулу нафақат мўғулларни ўз ерларидан тўсиқсиз ўтишига имконият яратиб берган, балки уларга халифаликдан «Ироқни озод қилиш» учун ҳарбий гуруҳ ҳам қўшиб жўнатган. Бадриддидин Лулуўшанда 80 ёш, бошқа манбаларда 100 ёшда эди деб хам айтилган, ўзининг шундай улуғ ёшига қарамасдан ушбу инсон оғир жиноятни содир этган. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ўша воқеалардан бир неча ой ўтгач у вафот этган.

Шу вақтда Боғдодда... Ўша даврда Боғдод дунёнинг энг мустаҳкам шаҳри бўлиб, унинг ҳимоя деворлари маҳв этиб бўлмас деб ҳисобланган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки Боғдод беш асрдан буён мусулмон халифалигининг пойтахти бўлиб, уни мустаҳкамлаш ва химоялаш учун жуда катта маблағ ва меҳнат сарфланган эди. Жажла дарёси бўйидаги Буюк Боғдод Ислом оламининг тўлақонли маркази ва Шаҳарлар онаси эди. Макка мусулмонларнинг муқаддас шаҳри бўлган, лекин халифаликнинг асосий шаҳарларидан жуда узоқликда жойлашагани туфайли сиёсий ва иқтисодий марказ бўла олмас эди. Ислом пайдо бўлишидан атиги бир асир ўтгач мусулмон дунёсига аббосийлар ҳукмдорлик қила бошлайди ва аббосийларнинг иккинчи халифаси томонидан 762 йил Боғдодга асос солинади.

Бироқ ушбу гўзаллик ва ҳимоя воситалари етарли бўлмади, уларни ҳимоя қилиш учун ҳақиқий мард эркаклар керак эди. Афсуски, Боғдодда бундай эркаклар жуда озчилик эди.

Санжар Қобил таржимаси

 

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин