Саналар
22.03.2017
Баннер
Саййид Мубашшир Тарозий
PDF Босма E-mail

Саййид Мубашшир Тарозий ўз ҳаммаслаклари билан бирга мужоҳид ватандошлардан Туркистонни озод қилиш жабҳасини тузишда иштирок этдилар.

Мустақиллик, озодлик ва ҳуррият тушунчалари бир-бирини тўлдириб келувчи нарсалар бўлиб, Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига берган улкан неъмати ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳар бир бандани мустақил-озод ва ҳур қилиб яратади. Инсон фақатгина ўзининг яратувчиси ҳақ субҳанаҳу ва таологагина бўйсуниб, унга итоат қилиб яшаши даркор. Аммо, баъзи табиати бузуқ инсонлар бу қоидани бузиб, ўзига биродор бўлган бошқа инсонларни ўз иродасига бўйсундириш, уларни ўзига қул қилиш, бошқача қилиб айтганда, ўша инсонларнинг мустақиллигини, озодлиги ва ҳурриятини поймол қилишга уринади.
Бу мақсадга эришиш йўлида шахсларга қарши куч-қувват ва зулм, давлатларга қарши уруш ва мустамлакачилик сиёсати ишга солинади. Натижада, шахслар қулга, давлатлар мустамлакага айланади. Қулга айланган шахслар озодлигини, мустамлакага айланган юртлар мустақиллигини йўқотади.
Шу билан бирга, қулга айланган шахс ва мустамлакага айланган юрт, ўз тушунчаси, дунёқараши, хассослигига қараб қуллик ва мустамлакаликка турлича қарайдилар. Ўзида озодлик тушунчаси етишмайдиган, бу неъматнинг қадрини билмайдиган шахсларда қулликка мойиллик бўлади ва ўзининг қуллигини озодлик, деб тушунади. Шунингдек, мустамлака бўлишга майли бор юртлар, ўзининг мустамлакалигини мустақиллик, деб айтади ва мустамлакага айланган кунни “илғор халқ”қа, “катта оғаси”га ўз ихтиёри ила қўшилган “бахтли” кун сифатида байрам қилади.
Ор номуслар бўлсинким, асли ҳур бўлган бизнинг халқимиз ичидан Ленинни отам, Марксни бобом, коммунизмни диним ва эътиқодим, деб ўзларининг уларга банда бўлгани етмагандай, ўз халқини ҳам қул қилишга уринган коммунистлар чиқди. Улар етмиш йилдан ортиқ даврда қул бўлган халққа “озодсан” деб, мустамлака бўлган юртимизни “мустақил”, деб келишди.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, халқимизга фахр ва эътизозлар бўлсинким, унинг фарзандлари ичидан ҳақиқий ҳуррият ва озодлик, ҳақиқий мустақилликнинг маъносини тушинадиган, қадрини биладиган, қуллик ва мустамлакадан нафрат қиладиган шахслар етишиб чиқди. Бу азиз кишиларимиз сонлари оз бўлсалар ҳам, кучлари йўқ бўлса ҳам, Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлмиш озодликдан халқлари, мустақилликдан юртлари бебаҳра бўлиб қолмаслиги учун ҳаракат қилдилар. Ўз халқининг бошқа халқлар қатори озод бўлиши, ўз юртининг бошқа юртлар қатори мустақил бўлиши учун курашдилар.
Аммо кучлар тенг эмас эди, юртдаги барча ҳукм ва имкониятни босиб олган коммунистлар мунофиқларча иш тутар, ўзлари озодлик ва мустақиллик ҳақида жар солиб, ҳақиқий озодлик ва мустақиллик тарафдорларининг ёстиқларини қуритар эдилар. Худосизлар тузуми халқимизнинг гули, юртимиз мустақиллиги фидоийлари бўлган бу азиз кишиларимизни халқ душмани ва реаксион куч сифатида айбладилар. Оқибатда, мустақиллик фидойиларининг баъзилари шаҳид бўлдилар, баъзилари эса, она ватанларидан ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.
Афсуски, юртимиз мустақиллигининг ҳақиқий фидоийлари билан халқимиз ҳозиргача яхши таниш эмас. Лекин, ёмонлик жазосиз қолмаганидек, яхшилик ҳам бекор кетмайди. Музкур фидойиларимизни ҳам кимдир эслаши, уларнинг устидаги зулмни кўтариши, уларга ҳақиқий баҳони бериши керак эди.
Юртимиз мустақиллиги фидойиларидан бири Саййид Мубашшир Тарозийдир. У киши 1314 ҳижрий сананинг 27 ражабида, яъни 1886 мелодий сана, 20 декабрда Тароз шаҳрида (ҳозирги Жамбул, эски Авлиё ота) Туркистонда ўзининг илми, тақвоси ва обрў-эътибори ила машҳур оилада дунёга келдилар. Оталари Саййид Муҳаммадхон ибн Саййид Муҳаммад Ғозийхон улкан олим бўлиб, ҳанафий мазҳаби фиқҳи ва Нақшбандий тариқатининг кўзга кўринган етакчиларидан бири эдилар. Алломаи Тарозийнинг ота тарафдан насаблари Имом Ҳусайин розияллоҳу анҳуга етиб боради. Она томонидан эса, Шарқий Туркистондаги охирги Ислом давлати амири Саййид Бузрукхон орқали Офоқ Хўжамга бориб етадилар.
Алломаи Тарозий ҳазратлари бошланғич таълимни Тарозда олдилар. Сўнгра Тошкентга келиб, мадрасаларда ўқиб, охири Абул Қосимхон олий ўқув даргоҳини битирдилар. Шундан сўнг Бухорога бориб, одатдан ташқари имтиҳон топшириб, улуғ устозларнинг тафсир, ҳадис, араб адабиёти ва бошқа илмлардан рухсатларини олдилар.
Мазкур илмий даражаларга эришганларидан сўнг у кишини Туркистонда “аллома” деб атай бошладилар.
Алломаи Тарозий талабалик вақтларидаёқ Тошкентда чиқадиган “Ал-Ислоҳ” ва Самарқандда чиқадиган “Ойна” мажаллаларига мақолалар ёза бошладилар. Олий мадрасада ўқиб турган чоғларида Тошкентда чиқадиган “Ал-Ийзоҳ” номли мажаллага бош муҳаррир этиб тайинландилар.
Аллома Тарозий 1917 йили Туркистон мустақиллиги учун курашиш мақсадида “Туркистон талабалар жамияти”ни туздилар. Тароз ва Тошкент шаҳарларида исломий илмлардан дарс бердилар. Керенский ҳукумати даврида давлат думасига ноиб этиб сайландилар. 1926 йили халқ томонидан диний назорат раиси этиб сайландилар.
Коммунистлар давлатни босиб олганларидан сўнг, ўз одатларича, ёлғон-яшиқ ваъдаларни бера бошладилар. “Шарқ мусулмонларига мурожаат” номли ёлғон ва нифоқдан иборат, ваъдаларга тўла сафсата ҳам эълон қилинди. Бу ёлғонга кўпчилик ишонди. Аммо Алломаи Тарозий ҳазратлари ишонмадилар, дин-диёнат, халқ бахти ва ҳақиқий мустақиллик йўлидаги курашларини давом этдирдилар. Бу орада у киши коммунистлар томонидан уч марта қамалдилар ва бир марта сургунга ҳукм қилиндилар.
Ўша вақтларда коммунистлар вакили Неъмат Ҳаким номли даҳрий “Муҳаммад илоҳий пайғамбарми?” деган китоб ёзиб, дин-диёнатга, пайғамбарликка ва Худога шак келтирган, кишиларни худосизликка чақиришга урунган эди. Алломаи Тарозий ҳазратлари мазкур кофирнинг китобига раддия тарзида ўзбек тилида “Қуръон ва нубувват” номли китоб ёзганлар ва уни ўзлари имомлик қилган масжидда мусулмонларга ўқиб берганлар.
Худди ўша пайтда, мусулмон аёлларни иффатсиз қилиш мақсадида, ҳижобга қарши ҳужум бошланган эди. Баъзи бир ўзига илм нисбатини берувчи хоинлар бу ишни шариатга тўғри келади, деб қўллашига қарамай, Алламои Тарозий ҳазратлари бу ишга ҳам қарши чиқиб, мусулмонларни динни маҳкам тутишга даъват қиладилар.
Алломаи Мубашшир Тарозий ҳаётларини чуқур ўрганган тарихчилардан, машҳур ал-Азҳар дорулфунуни уламоларидан доктор Ҳусайин Мухийб Мисрий ўша пайтдаги ҳолатни тасвирлаб, шундай дейдилар: “Мазкур воқеалардан кейин коммунистлар Тарозийни ўзларининг энг кучли мухолифларидан бири, деб билдилар. Унинг халқ орасида туришини ўзлари учун хавф-хатар деб англадилар ва Тарозийни ўлдиришга амр қилдилар. Лекин ҳукмни ижро эта олмадилар, чунки, Алломани минглаб мухлис диндорлар ўраб туришарди. Алломаи Тарозийнинг ҳам, мусулмонларнинг ҳам иймондан бошқа қуроллари йўқ эди”.
1930 йили Алломаи Тарозий Бухоро орқали Афғонистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. У зотни Афғонистон подшоси Муҳаммад Нодиршоҳ катта ҳурмат билан кутиб олиб, одатдан ташқари Афғонистон фуқароси, подшоҳлик девони бош мудири, деб эълон қилди. Шунингдек, Афғонистон адабиёт академияси аъзоси ва Афғон қомуси ҳайъати таҳририга аъзо этиб тайинландилар.
1931-1932 санада Афғон расмий ҳайъати ила Саудия Арабистонига сафар қилиб, подшоҳ Абдулазиз билан дўстлик шартномасини тузиб қайтдилар.
1936 йили Ҳиндистонга сафар қилган Аллома Тарозий у юртнинг кўзга кўринган уламолари, мусулмон раҳбарлари билан учрашиб, муҳим масалаларни муҳокама қилдилар. “Ислом ҳимояси жамияти” раиси машҳур шоир ва файласуф Муҳаммад Иқболнинг таклифларига биноан, шу жамиятнинг йиллик йиғилишида, “Ислом бирлиги вожиблиги” номли машҳур маруъзаларини қилдилар. Кейинчалик бу маруза турли тилларга таржима қилинди ва ҳамма ёқда нашр этилди. Шунингдек, у киши бошқа шаҳарларда ҳам марузалар қилиб, Ҳиндистон мусулмонларини бирлаштириб, мустамлакачиларга қарши курашга даъват қилдилар.
Саййид Мубашшир Тарозий ўз ҳаммаслаклари билан бирга мужоҳид ватандошлардан Туркистонни озод қилиш жабҳасини тузишда иштирок этдилар. Ҳарбий тайёргарлик олиб бордилар. Одамларни коммунистик босқинчиларга қарши курашга, мустақил Туркистон учун ҳаракат қилишга чорладилар. Лекин натижа кутилганидек бўлиб чиқмади. Олмониядан қўли устун кела бошлаган Сталин Афғон ҳукуматига тазйиқ ўтказиб, туркистонлик мужоҳидларни қамашга мажбур қилди. Шундай қилиб, юрт мустақиллиги учун курашган Саййид Мубашшир Тарозий ўз сафдошлари билан 1943 йил апрел ойидан бошлаб сиёсий маҳбус сифатида қамоқ жазосини ўтай бошлади. Лекин қамоқ ҳам улуғ мужоҳиднинг иродасини бука олмади. Тарозий ҳазратларининг кичик ўғиллари доктор Абдуллоҳ Мубашшир Тарозий ўз оталарининг кучли шахсият эгаси эканликларининг далили сифатида қуйидагиларни эслайдилар. “Афғон ички ишлар вазирлиги сиёсий маҳбуслар бўлим бошлиғи ўзининг қаттиққўллиги ва бераҳмлиги билан машҳур одам эди. Унинг номини эшитганда нафақат маҳбуслар, балки масъуллар ҳам ўзини йўқотиб, титроққа тушиб қолар эдилар. Шу даражадаги шаккок одам ҳам Саййид Мубашшир Тарозийнинг ҳузурларига ўзини ўнглаб кирар, қаршиларида тиз чўкиб ўтирар ва гаплашиб бўлганидан сўнг, қўлини кўксига қўйиб, одобла орқаси билан юрганича чиқиб кетар эди. Сиёсий маҳбусларга ўқиш-ёзиш мутлақо манъ этилган бўлишига қарамай, Тарозий ҳазратлари хоҳлаган нарсаларини ўқиб, ёзар эдилар. У кишига биров бу ҳақда ҳеч нарса дейишга ботина олмас эди”.
Шундай қилиб, Аллома Тарозий ўзларининг буюк ҳаётларининг беш йилу, бир ой, уч кунини афғон сиёсий қамоғида ўтказдилар. Қамоқдан чиққан мужоҳид Тарозийни суиқасд уюштириб, ўлдириш учун КГБ ўз жосусларини Афғонистонга юборди. Аммо улар ўз ниятларига эриша олмадилар. Афғонистон подшоси Тарозий ҳазратларини яна саройга келишга таклиф қилди. Аммо у киши бу таклифни қабул қилмай, оилалари билан Мисрга кўчиб кетдилар.
Мисрда яшаган пайтларида турли йиғилиш ва жамиятлар ишида фаол иштирок этдилар. Турли исломий масалаларни ҳал этишда қатнашдилар. Бу фаолиятларнинг барчасида бош масала Туркистонни коммунистлар қўлидан озод қилиш эди. У киши БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга ўз халқига коммунистлар томонидан қилинаётган жабр ва зулмларни баён этиб, бунга қарши чора кўришга даъват этдилар. Кўпчилик эркпарварлар билан бирга “Мусулмон халқларни озод қилиш учун кураш” жамиятида ҳайъат аъзоси бўлиб ҳаракат қилдилар. “Минбарул Ислом” ва бошқа мажалла ва рўзномаларда ўз мақолаларини нашр эттирдилар. Мисрдаги обрўли уламолар, хусусан, Азҳари шариф шайхлари билан доимо алоқада ва ҳамкорликда бўлдилар.
Алломаи Тарозий ҳазратлари ўзларининг жиҳодга тўла муборак ҳаётлари давомида сермаҳсул ижод қилдилар. У киши 46та мажалла ва рўзномаларда ўз мақолаларини нашр эттирдилар. Афғонистонда яшаб турган вақтларида, энг сермаҳсул ёзувчи сифатида махсус мукофотга сазовор бўлдилар.
Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозийнинг мақола, нутқ, маърузаларидан ташқари талиф қилган китоблари қирқ еттитага етган. У киши ўз китобларини ўзбек, форс ва араб тилларида ёзганлар.
Машҳур китобларидан баъзиларини тилга оладиган бўлсак, “Ойнаи жаҳон” маснавийлари, “Аскарият дар Ислом”, “Ҳуқиқи зан дар Ислом”, “Шароб менўш”, “Адаб ва иншо”, “Кошфул-лисом ар рубоийят Умарул Ҳайём”, “Нубзатун минассийран Набавия”, “ал-Жиҳод вал Жундия фии таолиймил Ислом”, “Илад Дийнил Фитриййил Абадий” ва бошқа кўплаб китоблардир.
Муҳожирлик ва мужоҳидликда ўтган бу улкан ҳаёт 1397ҳ. сана, робиул аввал ойи учинчиси, душанба куни, яъни 1977м. сана 21 февралда охирига етди. Ўша куни Аллома Мубашшир Тарозий ҳазратлари Қоҳирада саксон уч ёшларида вафот этдилар. (Аллоҳ ўз раҳматига олсин). У зотнинг дафн маросимлари илм, ирфон, ҳижрат ва жиҳодни тақдирлаш маросимига айланди. Буюк олимнинг жанозасини Азҳари шариф шайхлари Имомул акбар Абдулҳалийм Маҳмуд ҳазратлари ўқидилар.
Ўз юртида коммунистлар қувғинига учраган, иймони учун ўлимга ҳукм қилинган инсонни дин қардошлари, мусулмонлар, азиз исломий Ватаннинг бошқа минтақаларида улуғладилар, эзозладилар.
Алломаи Тарозийнинг вафотларидан сўнг Қоҳирадаги “Айниш Шамс” дорулфунунида у кишини ёдлаб катта халқаро анжуман ўтказилди. Анжуманда иштирок этган атоқли уламолар Алломаи Тарозий ҳаёти, ижод ва жиҳодлари ҳақида марузалар қилдилар, илмий баҳсларини тақдим этдилар. Мазкур маруза ва баҳслар алоҳида китоб шаклида чоп этилди.
Киндик қони тўкилган она Ватанида коммунистлар жорий қилган темир парда ва ҳур фикрликнинг қатағони самараси туфайли ҳозирда ҳеч кимга танилмаган улуғ олимнинг ҳаёти, ижоди, жиҳоди, илмий ишлари, китоблари ҳақида Саудия, Миср, Сурия, Афғонистон, Покистон, Туркия, Индонезия, Ҳиндистон, Япония каби юртларда олим ва тарихчилар изланиш олиб бориб, китоб ва баҳслар, илмий мақолалар ёздилар.
Ҳозирги кунда бир неча дорулфунунларда Алломаи Мубашшир Тарозий ҳақида фан номзоди ва фан доктори унвони олиш учун олиб борилаётган баҳслар рўйхатдан ўтган.
1993 йили Қоҳирада бўлиб ўтган “Ўрта Осиё ва Қафқоз мусулмонлари” номли илмий анжуманда ҳам Аллома Тарозий ва у кишининг илмий асарлари ҳақида бир неча марузалар қилинди.
Улуғ ватандошимиз, Туркистон мустақиллиги учун толмас курашчи, буюк олим Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозий ҳазратлари ўзларидан сўнг буюк илмий мерос билан бирга, аҳли солиҳ олим фарзандларни ҳам қолдирдилар. Улар ўз оталарининг ишларини шараф билан давом этдирмоқдалар. Катта ўғиллари Насруллоҳ Тарозий Мисрда истиқомат қиладилар. Кичик ўғиллари доктор Абдуллоҳ Тарозий Жидда шаҳрида истиқомат қиладилар. Уларнинг бир қанча китоблари чоп этилган.
Аллоҳ таоло Аллома Абу Наср Мубашшир Тарозийни раҳмат айлаб, жойларини жаннатдан қилсин!
Вақт эътиборидан сизларга денгиздан бир томчи тақдим эта олдик, холос. Шу билан халқимиз олдидаги бир манавий бурчни адо этмоқчи бўлдик. Иншааллоҳ, келгусида улуғ олим ва мужоҳид Алломаи Тарозий ҳазратларининг ҳаётлари ва илмий мерослари тўлиқ ўрганилиб, халқимизга тақдим этилишидан умидвормиз.
Аллоҳ таоло ўзи бундай хайрли ишларга муяссар қилсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,
"Тарих омонатдир" китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин