Саналар
23.02.2017
Баннер
Андижондан келган саволга жавоб
PDF Босма E-mail

Андижон собиқ Хўқанд хонлигининг муҳим шаҳарларидан бири. Ҳинд-мўғул давлати олийсининг асосчиси, қаҳрамон ва адиб султон Бобурнинг ватани ва ҳозирда Фарғона ўбластининг уезд марказидир. Усмонлича айтганда, қойим мақомлик макон.
Ушбу шаҳардан олган ажойиб бир мактубнинг босилиши диққатга лойиқ, деб билдик. Соҳиби мактуб биздан ҳам гўзалроқ сўйлаганидан ёзганларини айнан нақл қиламиз.

Ёзади:
«Муҳтарам устозимиз Исмоилбек жаноблари! Андижоннинг баъзи буюклари менга айтадилар:
- «Сен Шалола, Турк Юрду, Шаҳбал, Таржимон, Вақт ва Иқбол ўқийсан. Нима учун «Мирзо Бедил» ва «Хўжа Ҳофиз»ларни ўқимайсан?»
Бу саволга жавоб бўлгудек бир нарса айта олмадим. Агар жавоби бўлса «Таржимон»да босилишини ўтиниб сўрайман. Агар жавоби бўлмаса, «бу янги адабиётни» сувга, оташга отиб, вактим борича «Мирзо Бедил» ва «Хўжа Ҳофиз» мутолаасидан бош кўтармайман.

Сулаймонзода Абдулҳамид Чўлпон

Эй, менинг шўрпешона шогирдим, сенга ва сенга ўхшаганларга дарҳол жавоб берамиз... Илтимос қиламан, ҳамон адабиётни ўтда ёндирманг, сувга ботирманг! Мени «мухтарам устоз» деманг! Ўттиз йил дарс бериб, «адабиёт»ни ёндирилиши тўғрисида эшитган бир «устоз» мухтарам бўлмайди, хам устоз дейилишига ҳаққи йўқ. У, у бир бадбахт муаллимдир!

«Мирзо Бедил» Ҳиндистоннинг Шайх Саъдийси. Ёзган тамсилларида берадиган насиҳатлари, дарҳақиқат гўзал ва фойдали нарсалар. Хўжа Ҳофиз эса маълум...
Уларни бир, икки, беш марта ўқинг!
Уларда янги ва ёки эски адабиётга қарши айтилган бир сатр кўрсангиз, менга хабарини беринг... Улар инсон каламидан тўкилмиш улуғ девонлар. Локин улар «Қуръон» эмас! Қуръони азимуш-шаъннинг қирқ жилддан иборат ўн бир турли тафсири борки, улар «Куръон адабиёти» дейилади.
Қардошим, «адабиёт» ўтда ёқиладиган нарсалардан эмас, ружуъ ила тавба қилинг!
Мирзо Бедил, Шайх Саъдий, Хўжа Ҳофиз ўқитилади, ўқитилиши керак. Лекин, уларда бўлмаган нарсаларни ўқимоқ ва ўрганмоқ керак эмасми?
Улар тўрт-беш юз йил муқаддам ёзилган нарсалар: ҳозирги асрга доир бирор сўз йўқ. Бу кунни, бу асрни билишни хохласангиз на Шайх Саъдий раҳбарлик қилади, на Мирзо Бедил далолат беради. Замонамизнинг тижорати, рақобати, идораси ва сиёсатидан, эҳтиёжи ва заруратидан, уруши ва талашидан хабар ва маълумот Мирзо Бедил ёки Хўжа Ҳофизда йўқ.
Буларни билиш керак бўлса иқболларни, таржимонларни, вақтларни, турк юрдуларни ва булардан бошкаларини ўқимоқ керак. Агар, керак бўлмаса, осмонга қараб, юлдуз-ларга, сайёраларга боққанингизча тураверинг! Лекин, «адабиётни ёндирманг - айб... Адабиёт сизга: - Жохил бўлинг, демас.
- Сафил бўлинг, демас.
- Оламга кулгу бўлинг, демас.
- Дунёсевар киши бўлинг, демас.
- Бошқа инсонларга нисбатан ҳайвон қолинг, демас. Адабиёт ўтда ёнмас, сувга ботмас. Лекин, ёндирганларни ёндиради, ботирганларни ботиради, сувга эмас, лойга, балчиққа ботиради!
Ботганимиз, ётганимиз оз бўлдимики, яна хоҳлайсиз?
Мирзо Бедил, Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий, «Гулистон» ёки «Анварул-ошиқийн» хўб улуғ номлар, хўб марғуб асарлар. Улар ўқилиши керак. Лекин, улар етарли эмас. Замонамиз бошқа замона, гурунгларимиз бошқа гурунглар. Асрнинг, замоннинг камолот ва ирфони эски адабиётда эмас, янги адабиётда бўлади. Аср, замоннинг ҳол ва садоларига қулоқ беринг. Шухратли ислом олами бу кун бир «дорул-ожизийн, макони ғофилийн» ҳолига келган... Бу доиранинг бир маҳалласи Андижон, иккинчи маҳалласи Боғчасарой харобаларидир.
Бу жавобни ҳар кимга айтишинг мумкин. Махфий эмас.

Исмоил Гаспринский, «Таржимон», 1913 йил 27 ноябрь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин