Саналар
16.07.2018
Баннер
Шунчаки ёлғон
PDF Босма E-mail

Ўн йил ёки камроқ муддат эмас, юз йилдан буён турли даражаларда 1915 йилни Усмонли салтанатида арманларни ёппасига қирғин қилинишининг исбот-далили сифатида, Усмонли салтанати ички ишлар вазири Меҳмет Талъат пошшонинг, гўёки 1913–1917 йилларга оид қалбаки телеграммалари келтирилади. Ушбу телеграммаларда вазирнинг, гўёки «арманиларни йўқ қилишга буйруқ берган»и иддао этилади. Гўёки армани иммигранти, Усмонли салтанатининг собиқ давлат амалдори Арам Андонян мазкур телеграммаларни топиб олган. Арам Андонян уларни 1919 йили «Наимбекнинг хотиралари. Арманиларнинг кўчирилиши ва қатлиом этилиши ҳақида Туркиянинг расмий ҳужжатлари» (The Memoirs of Naim Bey: Turkish Official Documents Relating to the Deportation and the Massacres of Armenians. London, 1919) китобида чоп этди[1].

Кейинги йили эса у қалбаки ҳужжатларни Парижда, француз тилида «Арманилар қатлиоми юзасидан расмий ҳужжатлар»(Documents Officiels Concernantles Massacres Armenienns. Paris, 1920) номи остида эълон қилди. АҚШда бу ҳужжатлар «Оғир жиноят, арманилар қатлиоми ва Талъат пошшо имзолаган ҳужжатлар» деган сарлавҳа билан нашр этилди. Кейинчалик, бу сохта телеграммалар Ғарб ОАВда пайдо бўлди, арманипарастлар ва ёлланма журналистлар томонидан кенг тарғиб этилди. Аммо бу телеграммалар айни пайтда мутахассисларда шубҳа-гумон ҳам уйғотди. Шунинг учун Ғарбда бир неча Усмонли амалдори судланганда трибунал Андонян материалларини далил сифатида қабул қилмади. Ҳатто Британия ташқи ишлар вазирлиги мазкур масалада ўз текширувини ўтказиб, телеграммалар қаблаки эканлигини аниқлади. Берлин криминалистика бюроси ҳам худди шундай хулосага келди. Хулосада таъкидланишича, «тақдим этилган ҳужжатлар ёзилган қоғоз ҳам, у ёзилган тил услуби ҳам Усмонли салтанатига хос деб топилиши мумкин эмас».

Фальсификациянинг исботи сифатида Андонян Талъат пошшо телеграммаларининг оригиналини бирор марта намойиш этмаганини ҳам кўрсатиш мумкин. Бу эса, унинг қўлида турган, эътироф этилган 50 та телеграмма ва икки мактубдир. 1937 йил улар ғайритабиий равишда бутунлай ҳавога учиб кетди: Андонян ҳужжатлар йўқолганини иддао қилди (?!). Шунга қарамай, арманипарастлар бугунги кунга қадар Андонян сохтакашлигини оғиз кўпиртириб эсга олади, мазкур «телеграмма»ларда бир олам хато ва фактик ноаниқликлар борлиги уларни ташвишга солмайди. Криминалистлар уларни аниқлади, булар:

  • Матн услуби ва саналари;
  • Мусулмон анъаналарини билмаслик. Масалан, телеграммаларда «Бисмиллоҳ» калимаси нотўғри ёзилган;
  • Усмонли салтанатида истеъмолда бўлган тақвимни билмаслик ёки яхши билмаслик.

Бу ва яна бир қатор бошқа сохталиклар, Андоняннинг ўз бошида калтак бўлиб синди. Масалан, телеграммалардан бирини Талъат пошшо, гўёки Ҳалаб волийси Мустафо Абдулҳолиққа жўнатгани айтилади. Қизиғи, телеграммада кўрсатилган санадан келиб чиқиб қаралса, у пайти Ҳалаб волийси бошқа амалдор – Бакир Сами бўлгани аниқланади. Бу опус Европада ишлатилган тақвим билан Усмонли салтанатида истеъмолда бўлган тақвим орасида тафовутни билмасликдан келиб чиққан хато.

Андонян материаллари ҳақида гап кетган, туркиялик олимлар Шиноси Ўрал ва Сурайё Южанинг «The Talаt Pasha ‘Telegrams’: Historical Fact or Armenian Fiction?» («Талъат пошшо ‘телеграммалари’: тарихий фактми ёки сохталик?») номли тадқиқотига эътибор қаратиш зарур. Улар Андонян материалларини ўрганиш натижасида британиялик ва германиялик мутахассисларнинг хулосаларини такрорлади.

Андонян фальсификацияси австриялик ёзувчи, Усмонли салтанатидаги арманилар тарихига бағишланган «Мусодоғнинг қирқ куни» романининг муаллифи Франц Верфелни ҳам адаштириб юборди. Арманиларнинг чўпчаклари ишонувчан австриялик адибнинг шубҳа-гумонларини уйғотмади.

1933 йили нашрдан чиққан Ф. Верфелнинг китоби катта шуҳрат қозониб, жаҳоннинг 34 тилига таржима қилинди. Афсуски, бу Ғарб жамоатчилигига ташланган навбатдаги хўрак эди. Орадан йиллар ўтиб, холис тадқиқотлар Мусодоғда содир бўлган реал фактларни очиқлади. Ф. Верфелнинг «Мусодоғнинг қирқ куни» китобида тасвирланган воқеалар унга Венада ишонган дўсти, армани епископи ҳикоя қилиб берган уйдирма бўлиб чиқди. Ҳатто арманипарастлар ҳам буни инкор қилмади. Китоб муаллифи ўзи ёзган масалани махсус ўрганмаган, уни йўлдан оздирган ахборот берувчига ишониб қўйган эди халос. Барчага маълумки, агар биров “idee fixe” ҳимоячисига айланса, у исботлаб бўлмайдиган нарсани исботлаш, бошқаларни бунга ишонтириш учун ҳамма нарсага тайёр бўлади.

Шу боис, армани миллатпарастлари, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлайдиган бир қатор Ғарб мамлакатлари «1915 йилги армани геноцидини тан олиш» мавзусини тарғиб қилиш мақсадида ўша йиллар архив ҳужжатларидан иборат «Мовий китоб»ни чоп этди[2]. Факсимиле шаклидаги бу нашр матн транслитерацияси ва инглиз тилига таржимасидан иборатдир. Китоб «армани геноциди»ни исботлашга қаратилган бўлса ҳам, унда келтирилган кўпгина материаллар, аксинча, 1915 йилги воқеаларнинг армани талқинини инкор этади. Дарвоқе, бу китоб ҳам бир неча бор чоп этилди ва айрим олимлар ва публицистлар томонидан фальсификат сифатида баҳоланди.

Дашноқлар таъсис этган Арарат Республикаси узоқ ҳукм сурмай, «Дашнакцутюн»дан чиққан миллатпараст шовинистлар муҳитига хос бўлган турли сиёсий фитналар ва ҳийла-найранглар туфайли ҳалок бўлди. Шуни қайд этиш муҳимки, «Дашнакцутюн» фаолияти ҳақидаги тарихий ҳақиқат академик даражада исботланган. Бугунги кунда миллатпарастлар бунинг тескарисини исботлашга уринмайди, балки таҳдидлар билан ҳақиқатни ҳикоя қилишга йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам Ф. Верфель умрининг охирига қадар ҳаётидан қўрқиб, ўзининг Мусодоғдаги воқеалари юзасидан алдашганини очиқ айтишга журъат этмади.

Биринчи Жаҳон уруши оқибатлари юз минглаб, миллионлаб инсонларнинг ҳалокатига олиб келди. Ахир бу шафқатсиз уруш эди. Қурбонлар ҳар қандай урушнинг энг аянчли оқибатларидан биридир. Аммо ҳаратланарлиси бошқа нарса! Мислсиз иштиёқ ила «геноцид» ҳақидаги мақолаларини чоп этаётган муаллифлар, наҳотки бу атама қаердан ва қандай пайдо бўлганини билмаса?

Юридик нуқтаи назардан «геноцид» атамасининг ўзини 1915 йил воқеаларига нисбатан қўллаш нотўғридир. Чунки, «геноцид» истилоҳи 1943 йили миллати яҳудий, асли польшалик юрист Рафаэль Лемкин томонидан ишлатилган эди.

Маълумот учун.

«Геноцид» атамаси расмий халқаро юридик мақомга Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг, 1948 йил декабрида «Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенция» билан эга бўлди. Бу инсониятга қарши энг оғир жиноятни билдирувчи тушунча ва детерменативга айланди. Шунинг учун, юридик ва мантиқий нуқтаи назардан келиб чиқиб, фикримча, ушбу атаманинг 1915 йил воқеаларига нисбатан қўлланилиши унчалик тўғри бўлмайди.

Юқорида тилга олинган конвенция, атаманинг ретроактив қўлланилишини назарда тутувчи бандларга эга эмас. Аксинча, конвенция унинг мақсади «мажбуриятларни фақатгина шундай жиноят иштирокчиларига ва фақат келажакда, конвенция амалга киритилганидан сўнг юклаш»дан келиб чиқади. Шу туфайли ҳам «геноцид» атамасининг ретроактив қўлланилиши, яъни уруш йиллари, Биринчи Жаҳон уруши айни авж палласида эканлигида рўй берган воқеаларга таъриф бериш учун ишлатилиши ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ҳисобланмайди. Зеро, бу воқеалар конвенция кучга киришидан муқаддам содир бўлган. Мазкур ҳуқуқий нуқтаи назарнинг мазмуни, жаҳон юриспруденцияси амалиётидаги кўплаб ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган. Одатда қонуннинг терс кучи қўлланиши, қонунийлик принципларига мувофиқ ҳисобланмайди. Ҳатто ҳуқуқий давлат юриспруденциясида ҳам, халқаро ҳуқуқшуносликнинг жаҳон тажрибасини-ку… айтмасак ҳам бўлади.

Демакки, Биринчи Жаҳон уруши йилларида Усмонли салтанати табаалари (фуқаролари) ўртасидаги муносабатларда юзага келган ички низоларнинг оқибатлари «армани геноциди» деб тан олиш ва бунинг оқибати ўлароқ узоқ 1915 йилда рўй берган воқеалар учун жавобгарликни Туркия Республикаси зиммасига юклаш (у пайти замонавий Туркия Республикаси ҳали йўқ эди) нафақат ҳуқуққа, балки мантиққа ҳам зиддир.

Замонавий туркиялик тарихчилар, публицистлар ва жамоат вакилларининг мақола ва китобларидан, шунингдек, Туркия Республикаси ҳукуматининг расмий баёнотларидан тушунарлики, расмий Анқара 1915 йилги воқеаларда бегуноҳ инсонлар ёппасига қирғин бўлганини инкор этмайди. Бироқ, провокацион тўқнашувларни уюштирувчиси ва айбдорлари ким эканлигини тафтиш йўли билан аниқлаштиришга чақириб келади. Аммо бугунги кунга қадар расмий Ереван тескари йўналишда ҳаракат қилмоқда. Бу демаршга халқаро ташкилотлар ва Ғарб мамлакатлари ёрдам бермоқда. Улар ўз манфаатлари йўлида форумлар ва конференциялар ўтказиб, уларнинг қарорларида Туркия Республикасидан 1915 йилги воқеаларни «армани геноциди» сифатида тан олишни талаб қилади.

Расмий Анқарани, Туркия Республикасини «1915 йилги армани геноциди» учун, яъни, 100 йил олдин, ҳали замонавий Туркия Республикаси мавжуд бўлмаган бир вақтларда, Усмонли салтанати даврида содир бўлган воқеалар учун айбдор деб тан олишга чақирувчи аксилтурк кампанияси, айрим кучлар илгаригидай аксилтурк истериясини кўпиртиришга қайта-қайта уринаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, аллақачоноқ  мавжудлигини битирган Усмонли салтанатига нисбатан айбловларнинг ошкор айтилиши ва замонавий Туркия Республикасига йўналтирилиши, бугунги туркий тилли халқлар ва давлатларга нисбатан адоват оловини ёқиши ва унга ёғ сепиб туриши кўзда тутилгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Айниқса, сиёсийлашган тарихчиларнинг ва армани миллатпараст шовинистларининг Тоғли Қорабоғ можароси туфайли бошлаб юборган аксилозарбайжон фаолияти ёлғон далиллар ва ғайриилмий даъволар билан қўллаб-қувватланиши айбсиз бир хато бўлмай, тизимли ва қўрқинчли характерга эгадир. Ёрқин аксилтурк тарғиботидан иборат бундай фаолият нафақат Туркия ва Озарбайжон туркларига қарши қаратилган, балки глобал миқёсга эга ва махсус адабиётларда кўпгина жаҳон мамлакатларида қайд этилади[3].

Афсуски, миллатпараст шовинистларнинг бу айбловлари гирдоби нафақат Туркия ва Озарбайжонни, балки Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Россия Федерацияси қўли остидаги турк мухториятлари – Қрим, Татаристон, Бошқирдистон, Болқор, Қорачой, Нўғой, Тува, Саха-Ёқутистонни ҳам ўз ичига тортиб кетмоқда. Санаб ўтилган этносиёсий тузилмаларда асосан туркийлар истиқомат қилиши ҳаммага яхши маълум. Қайд этиб ўтиш керакки, замонавий дунёда кўпгина туркий халқлар Туркия ёки Озарбайжонда эмас, балки ўзларининг мустақил ёки мухтор давлат ва тузилмаларида истиқомат қилиб келади. Тарихий ва этник нуқтаи назардан туркий халқлар ягона илдизга бориб тақалишига қарамай, халқаро муносабатларда уларнинг ҳар бири замонавий сиёсатнинг у ёки бу масалалари бўйича ўз нуқтаи назарига эгадир.

Бир нарсани эслатиб ўтмай иложимиз йўқ. Усмонли салтанатининг Чаноққалъа жангида Антанта давлатлари устидан қозонган ғалабасининг 2015 йил 25 апрелида кенг нишонланиши туфайли, бу воқеага нисбатан салбий муносабатдаги айрим замонавий сиёсатчилар қора ҳасад билан бўғилиб қолди, ҳамда ушбу воқеанинг самараси ва тарихий қийматини туширишга бўлган ҳаракатлар бошланиб кетди. Шу муносабат билан, Туркия Республикасини 1915 йилги воқеаларда айбдор деб кўрсатиш мақсадида ушбу воқеаларни армани халқининг мотами сифатида кенг миқёсда нишонлашга қаратилган улкан кампания бошлаб юборилди. Уларнинг фикрича, гўёки фақат армани миллатига мансуб одамлар ёппасига қатлиомга дучор этилган. «Армани геноциди» 1915 йил 24 апрелида бошлангани ҳақидаги тезис айнан Чаноққалъа жангининг жаҳон тарихида тутган ўрнини пасайтириб кўрсатиш учун ҳам эълон қилинган.

Тарихдан маълумки, 1915 йил 24 апрелида бирорта ҳам армани ўлдирилмаган эди. У куни Биринчи Жаҳон уруши авжида Усмонли қўшинлари орқасида саботаж уюштиришда айбдор деб топилган «Гнчак» ва «Дашнакцутюн» террорчи ташкилотлари фаолларини ҳибс этиш тўғрисидаги фармон чиқарилган эди, холос.

1915 йил 25 апрелдаги Чаноққалъа ғалабасининг нишонланиши инсониятнинг барча иштирокчилари улкан ва маънисиз йўқотишларга учраган Биринчи Жаҳон уруши тарихи ҳақидаги тарихий хотирасини сақлашга хизмат қилади. Биринчи Жаҳон урушидан ўрин олган ушбу операция давомида Буюк Британиянинг йўқотишлари, ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар билан бирга, 119,7 минг кишини, Франциянинг йўқотишлари эса 26,5 кишини ташкил қилди. Усмонли салтанати эса 186 минг кишисидан айрилди. Туркия Республикасининг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк Британия аскарларига ёдгорликнинг очилиш маросимида шундай деган эди: «Улар шу заминда ўз ҳаётларини қурбон қилганларидан сўнг, улар бизнинг фарзандларимизга айланди».

Туркия Республикасидан 1915 йилги воқеаларда ўзини айбдор деб тан олишнинг талаб қилиниши замонавий давлатлар узоқ сиёсий салафлари амалга оширган ишлари учун айбдор деб топиши билан баробардир. Масалан, агар шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, Франция ўзини «гугенот урушлари»да, Германия – гитлерчиларнинг ваҳшийликларида, Италия – Бенито Муссолини фашизмида, Испания – Лотин Америкасининг конкистадорлар томонидан босиб олиниши ва инквизициянинг қилмишлари, Буюк Британия – қиролича Елизавета I ёки Оливер Кромвелнинг ваҳшийликлари, Япония – Пёрл-Харборнинг бомбаланиши, Россия Федерацияси – Финляндияга қарши тажовуз, Сибирь, Кавказ ва Туркистоннинг босиб олиниши, Мўғулистон – Чингизхон истилоларининг оқибатлари, АҚШ – мустамлакачилар томонидан ҳиндуларнинг қириб ташланиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим.

Табиийки, Шарқий Анатолиядаги 1915 йил воқеаларида қотиллик ва талончиликлар кузатилган эди. Икки томондан ҳаракат қилган қотил ва зўравонларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ўз-ўзидан, бу воқеаларни «геноцид» деб тан олиб, фақат бир томонни айбдор, бошқа томонни эса жабрланувчи қурбон қилиб кўрсатиш, бунда исбот-далил тариқасида сохта ҳужжатларни кўрсатиш ақлга тўғри келмайди. Бу ғайриинсоний акт, инсофсизлик, ёлғон ва провокацион хатти-ҳаракатдир. Бу жаҳон ҳамжамиятининг катта қисми, Биринчи Жаҳон уруши пайтида ихтилофда бўлган томонлардан фақат бирини руҳий ёки сиёсий қўллаб-қувватлаши, ўз сиёсий мақсадларига эришиш йўлида, уни этник-конфессионал адолатсизликнинг «романтик қурбони» қилиб кўрсатиши учун аргумент бўлиб хизмат қила олмайди.

Бу каби провокацион кампаниялар Европа тарихида яхши маълум. Улар амалда ўз ғаразли мақсадларини биринчи ўринга қўювчи учинчи кучлар манфаатига хизмат қилувчи антагонистларни амалда яратишни ўргатувчи ўзига хос тўгарак вазифасини бажаради. Бундай кампанияларнинг айёрона амалёти шуни тасдиқлайдики, ташқи кучларнинг арманилар ҳаётига, уларнинг ички дунёсига аралашувидан келиб чиқадиган вайронкор моҳиятни йўқ қилиш зарурдир. Зеро бундай провокациялар ихтилофнинг ҳал этилишига эмас, балки унинг турли этник-конфессионал гуруҳларга мансуб инсонлар истиқомат қилаётган муайян бир минтақада уни янада авж олишига олиб келади. Ва улар қаерда яшашидан қатъий назар, арманиларнинг руҳий дунёсини йўққа чиқаради.

Шухрат Барлос

 

Библиография

[1] Маълумот учун эслатиб ўтамиз, Усмонли салтанатида “турк” дефиницияси расмий ҳужжатларда ишлатилмас эди. “Турк” деб қишлоқ халқи, “мусулмон” деб эса шаҳарликлар аталарди. Усмонли бўлмаганлар, шу жумладан, арманилар “миллат” деб аталган.

[2] James Bryce (Author), Arnold Joseph Toynbee (Author), Ara Sarafian (Editor). The Treatment of Armenians in the Ottoman Empire, 1915-1916: Documents Presented to Viscount Grey of Falloden by Viscount Bryce «The Blue Book» Taderon Pr; Uncensored edition 2000.

[3] Қаранг: Величко В.Л. Кавказ. Русское дело и междуплеменные вопросы. СПб.1904; Шавров Н.Н. Новая угроза русскому делу в Закавказье: предстоящая распродажа Мугани инородцам. СПб,.1911; Раззаков Ф.И. Бандиты времён социализма. Хроника российской преступности. 1917-1991. М.,1997; Он же. Бандиты времён капитализма. Хроника российской преступности. 1992-1995. М.,1997; Кузнецов О.Ю. История транснационального армянского терроризма в ХХ столетии: Историко-криминологическое исследование; Баку, 2014; Лурье С.В. Армянская политическая мифология и её влияние на формирование внешней политики Армении и Нагорного Карабаха. // http:// etnopsyhology.narod.ru/; Маккарти Дж., Маккарти К. Тюрки и армяне. Руководство по армянскому вопросу. Пер. с англ. Баку, 1996; Файгл Э. Правда о терроре. Армянский терроризм – истоки и причины. Пер. с нем. Баку, 2000; Ришардо Ж.-П. Армяне, чего бы это ни стоило. Пер.с франц. М., 2008; Коппитерс Б. Федерализм и конфликт на Кавказе. «Московский центр Карнеги», М., 2002, № 2; Каземзаде Ф. Борьба за Закавказье (1917-1921). Пер.с англ. Стокгольм, 2010; Гусейн-заде Р.А. Кавказ и армяне. Баку, 2014; Он же. Коллизии на Кавказе. Историчекие очерки. Баку, 2013; Вердиева Х.Ю., Гусейн-заде Р.А. «Родослованая» армян и их миграция на Кавказ с Балкан. Баку, 2013.

 

Манба: ufq.uz

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин