Саналар
23.08.2017
Баннер
IX–XII асрларда ўғузлар
PDF Босма E-mail

Ўрта Осиёнинг ўтроқ деҳқончилик ҳудудларини ўраб турувчи тоғли, чўл ва дашт ҳудудларда яшаган қавмлар орасида ўғуз (ғуз), қарлуқ, қипчоқ, тўққизғуз, кимок ва бошқа туркий уруғлар катта ўрин тутганлар.
Араб манбаларида эътироф этилишича, IX–X асрларда Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида асосан ўғуз қабилалари яшаганлар. Уларнинг тиллари туркий бўлиб, ўз иттифоқларига бир қатор уруғ ва қабила вакилларини бирлаштирганлар. Улар дастлаб Иссиқкўл бўйларида ва Сомонийлар Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган даврларда Хоразмнинг шимолий ва ғарбий чегараларида, шунингдек, Сирдарёнинг қуйи ҳавзасида яшаганлар. IX–X асрларда ўғузлар Орол денгизидан Каспийга қадар “Ўғуз чўли” деб аталган ҳудудларда яшаганлар .
Ўғузлар Ўрта Осиёга IX асрда кириб келганлар. Бу даврда улар Сирдарёнинг қуйи ва ўрта оқимларида, Устюртнинг шимолий Эмба ва Ёйиқ  оралиғида яшаганлар. Кейинчалик ўғуз номи бир қатор ўғуз бўлмаган халқларга нисбатан тарқаган. Айрим бошқа қабилалар ўғузлар иттифоқига кирган бўлсалар-да, ўз тилларини ва ўзига хосликларини сақлаб қолганлар.    М. Кошғарийнинг маълумотича, айрим ўғуз қабилалари, масалан, қойлар ўзларининг махсус лисоний белгиларини сақлаб қолганлар.
Ўғузлар кўчманчи туркий қабилалар конфедерациясини ташкил этганлар, уларнинг келиб чиқиши Олтой ва Жанубий Сибир билан боғлиқ . Ал-Марвазийнинг ёзишича, ғузлар мусулмон мамлакатлар билан алоқа ўрнатганларидан сўнг уларнинг айримлари исломни қабул қилганлар ва улар туркмонлар деб аталганлар. Кейинчалик улар ва ислом динини қабул қилмаганлар ўртасида уруш бошланган ва охир-оқибат мусулмонлар устунликка эриша бошлаганлар, динсизларни сиқиб чиқарганлар. Динсизлар Хоразмни тарк этиб, бажанаклар ерига бориб жойлашганлар. Туркмонлар эса жуда ислом мамлакатлари бўйлаб тарқаб кетганлар ва улар ўзларининг ижобий хусусиятларини намоён этиб, бу ҳудудларнинг жуда каттагина қисмида ҳукмдор ва султонларга айланганлар.

Ўғузларнинг катта қисми ҳозирги Туркманистон ҳудудида яшовчи халқларни забт этиб, уларга ўзларининг туркий тилларини қабул қилдирганлар ва улар бу этник қатламда етакчи сиёсий ўринни эгаллаб, ўз генеалогияларини юқори мавқега олиб чиққанлар. Аммо туркманларни ўғузлар билан айнанлаштириш ҳам нотўғридир. Ҳозирча бунга фанда бирор бир исбот топилмаган. Ўғузларни туркман халқи этногенези шаклланиш жараёнидаги массагетлар, дахлар, парфияликлар, марғиёналиклар, эфталийлар, олонлар ва ослар билан бир қатордаги муҳим бир элемент сифатида олиш мумкин. Шундай бўлса-да, уларнинг туркманларнинг этник шаклланишидаги ролини пасайтириб кўрсатиш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Ўғузлар 24 қабила номларининг 8 таси ҳозирги туркманлар қабилавий таркибида ва 10 таси туркманларнинг уруғ номларида сақланиб қолган.  Бу ерда миллионлаб туркий оилаларни Яқин ва Ўрта Шарқ томон етаклаган Салжуқийлар даврининг аҳамиятига тўғри баҳо бериш керак. Яқин ва Ўрта Шарққа миграция қилган туркийлар ичида ўғуз-салжуқ элементлари доминант эди.
Ўғуз қабилалари ичида қиниқлар шубҳасиз катта ўрин эгаллаганлар. Ҳужжатларда шунингдек афшор (авшор), солур, бойундур, жабниларнинг ҳам катта таъсирли уруғлар эканлиги айтилади. Ўғузларнинг ҳаммаси ҳам кўчманчи бўлмаганлар. Уларнинг каттагина қисми Сирдарё қуйи ва ўрта оқимларидаги шаҳар ва қишлоқларда ўтроқ ҳаёт кечирганлар. Манбаларда ўғузлар бир қатор бошқа туркий уруғлар билан Янгикент, Жанд, Риботот, Ашнос, Корачуқ, Сиғноқ, Саброн, Ўзкенд, Ясси, Сутканд, Қарноқ каби шаҳарларда яшаганликлари айтилади.

Авфий ўзининг “Жомеъ ул-ҳикоят” асарида” ёзишича, ўғузларнинг бир қисмини ғуз, бир қисмини айғурлар дерлар. Уларнинг бир қисми Хоразм ерларида яшайдилар. Уларнинг ўлкаларида ислом байроғи ўрнатилгач, мусулмон бўлганлар. Улар исломни жорий этдилар. Кейин буларга кофир аскари ҳужум қилди. Уларни ўз ерларидан сиқиб чиқардилар, улар ислом шаҳарларига қараб юрдилар. Буларни ислом ўлкаларида турклар деб атадилар (туркон). Ислом ўлкаларида куч-қувват ва ҳокимиятга эришдилар.  Чағри тегин ҳукмдор бўлганда исён кўтардилар. Аскарлари ҳукмдор бўлиб жаҳонни забт этдилар.

М. Қошғарий фақатгина ўғузларнинг майда уруғларини ҳам ёзган, чунки унинг замонида ўғузларнинг мавқеи анча кучли бўлган. Унинг ёзишича, ўғуз туркларнинг бир қабиласидир. Туркманлар уларга киради. Улар 22 уруғдирлар. Ҳар бир жамоанинг ҳайвон суратидаги алоғида тамғаси бор. Улар бир- бирларини шу тамғалар орқали танийдилар. Бу қабилалар қиниқлар, койиғлар, боёндурлар, иполар, солғурлар, афшорлар, бегтилилар, бекдузлар, боётлар, ёзғирлар, аймурлар, қорабулуқлар, олқабулуқлар, иғдорлар, юдигерлар, тутирқалар, улаюндулуғлар, тукарлар, бижанаклар, жуволдорлар, жабнилар, жаруқлуғлар. Ўғузларнинг катта қисми XII асрда Хуросон ва Яқин Шарққа қараб кўчган бўлсалар-да, уларнинг кичик жамоалари аввалги маконларида яъни, Хоразм атрофлари ва ҳозирги Жанубий Қозоғистон ҳудудида қолганлар. Жумладан, ал-Масъудийнинг ёзишича, Ман қишлағ  – ўғуз ўлкасидаги бир жой номи .
Ўғузлар исломга кирганларидан кейин от гўшти тановул қилишни тўхтатганлар, бунга сабаб ҳанафий мазҳаби томонидан от гўшти макруҳ этилгани эди.
Ўғузларда исломдан аввалги дин одамлари қом (шомон) деб аталган ва аслида шомон сўзи тунгусча бўлиб, туркийларда деярли қўлланилмаган. Ибн Фазлон ўғузлар худони тангри дейишларини хабар берган . Шунингдек, ўғузларда худога нисбатан Боёт ва Уған сўзлари ҳам қўлланилган. Қомлар ота унвони билан аталганлар. Масалан: Қўрқут ота, Занги ота каби. У замонларда отани қанғ деганлар. XIII асрга келиб эса ота ўрнига бобо калимаси ҳам қўлланила бошлайди . Туркий қабилаларнинг шомонларнинг илоҳий куч соҳиби бўлиб, ноёб қобилиятларга эга эканликларига ишонганлар ва уларнинг олдида катта бир қўрқув ва ҳурмат ҳиссини туйганлар. XI асрга келиб ўғузларнинг Қора денгиз бўйларига кўчган кичик бир қисмидан бошқа ҳаммалари мусулмон эдилар.

Қуйи Сайҳун (Сирдарё) бўйларида IX асрда ўғузларнинг катта бир давлатлари бўлган ва қўшни давлатлар уларнинг кучидан ҳайиққанлар. Аббосий халифаси Муътасимнинг Шарқий вилоятлар бўйича ноиби Абдуллоҳ б. Тоҳир 838 йил ўғузларга қарши урушга отлангани ҳам уларнинг ўша пайтдаги куч-қудратидан далолат беради. Ўғузларнинг етакчилари йабғу деб аталган. Йабғуларнинг ноиблари кўл эркин деб аталганлар. Бу эски бир унвон ҳисобланган ва Ғарбий Кўк Турк императорлиги даврида Иссиқкўлнинг ғарбидаги Чуй ва Талас дарёлари орасида яшаган беш қабила шу унвонга эга бўлганлар. Ўғузларнинг фольклор жанрларида уларнинг аввалги ватанлари Иссиқкўл бўлганлиги ҳам айтилади.  Кўлэркиндан сўнгра субошилар турган (ўрда қўмондони,  эски туркчада су ўрда, қўшин маъносида келган).
Йабғуларнинг човушлари (ёварлар, ташрифотчилар) ва бекчилари (хос қўриқчилари) бўлган. Уларнинг муҳрдорлари туғрак деб аталган .
536 йили Султон Санжарнинг қўшини ичида қарлуқлар (қарғаллар) ва турк-ғузлар деган туркларнинг уруғлари бор эди. Ғузлар ҳам иккига бўлинганлар, учўқ ва бўзўқ (буруқ) . Ўғуз-ябғу давлатида, шунингдек, тархон, йинол, йинонч каби унвонларга эга бўлган аслзодалар ҳам бўлган. Яна билга, улуғ, қутлуғ, алп каби унвонлар ҳам учрайди. Йабғуларнинг давлат муҳрлари бир ёй ва уч ўқдан иборат эди. Аслида ёй 24 уруғдан бўзўқларнинг, уч ўқ эса учўқларнинг тимсоли бўлган .
Ўғузларнинг шимолий чегараларида қипчоқлар яшаганлар. Бажаноқлар эса қипчоқларга қўшни бўлганлар. Шунингдек, қипчоқларнинг шарқий, ўғузларнинг шимоли-шарқий томонида кимоклар яшаганлар. Фарғона ва Шошнинг ўзида ҳам, атроф минтақаларида ҳам туркий элатлар яшаганлар. Масалан, Шош ва Фарғона чегараларида қарлуқлар ва уларга иттифоқдош бўлган чигил, яғмо, хазлаж, арғу, тухси ва бошқалар яшаганлар.
Қорахоний Арслонхоннинг туркий ғузлардан ҳам қўшини бўлган. Қорахонийлар қўшини вақти-вақти билан Хуросонга талончилик юришлари қилиб турардилар. Зикр этилган туркий ғузлар икки тоифадан иборат эдилар. Улардан бири ачақ бўлиб, уларнинг амирлари Туғи ибн Додбек эди. Бошқа қабила бароқ деб аталиб, амирлари Қарғут ибн Абд ал-Ҳамид эди . 
Ибн ал-Асирнинг маълумотича, 383 йили Шиҳоб ад-давла Хорун ибн Сулаймон Илоқ (Буғрохон ат-Туркий номи билан машҳур бўлган) Бухоро ҳукмдорига айланди. Кошғар ва Болосоғун ҳам Хитойга қадар унинг мулки эди . Буғрохон Бухорони тарк этганда унинг қолдириб кетган қўшини маҳаллий аҳоли томонидан таланди.  Нуҳ ибн Мансур Бухорони қўлга киритиб, унда жойлашиб олганидан сўнг, Буғрохон оғир касалга чалинди. Бу талончиликда маҳаллий аҳолига турк ғузлар ёрдам бердилар . Турк ўғузлар у билан бирлашиб, Буғрохоннинг жангчиларини қириб ташладилар ва мулкларини таладилар.     Буғрохон йўлда вафот этди. Буғрохон вафот этгач, унинг халқи ўз қўрғонларига тарқаб кетди. Буғрохон художўй киши бўлиб, шундайлигача умрининг охиригача яшади. Буғрохон вафот этгача Илиғхон турк дунёсининг подшосига айланди . Бу ерда Бухоро атрофларида ҳам турк ғузлар яшаганликлари ҳақидаги маълумот диққатга сазовордир.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ўғузлар IX–XII асрларда таъсирли қабилалардан бири бўлганлар. Бу даврга келиб, ўғузлар сиёсий иттифоқи тарқаб кетган бўлса-да, этнографик гуруҳлар тарзида мавжуд бўлганлар. Улар Ўрта Осиё, Хуросон ҳудудларида жамоалар тарзида яшаганлар ва бу ҳудуддаги халқларнинг этник шаклланишида катта ўрин тутганлар. Хоразм, Қорақалпоғистон ва Чимкент, қисман Тошкент вилояти ўзбекларининг этногенезида ўғузларнинг таъсири мавжуд.

Ҳ. МАМАДАЛИЕВ
ЎзР ФА Тарих институти к.и.х.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин