Саналар
18.11.2017
Баннер
Раҳбарларга қилинган суиқасд
PDF Босма E-mail

Советлар даври тақвимида 7 ноябр қизил билан белгиланган ва меҳнаткашлар учун дам олиш куни бўлса-да, хукуқни муҳофаза қилиш идоралари тўлиқ жанговор ҳолатда турарди. Аммо айнан ушбу санада, Октябр инқилоби нишонланаётган навбатдаги тадбирда мамлакатнинг биринчи шахсига суиқасд уюштирилди.

КГБ ходимлари, харбийлар ҳамда милиция отрядлари ниҳоятда хушёр туришганди. Лекин кўп минг сонли намойишчиларнинг кўз ўнгида СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачевга қарата ўқ узилди. Бу воқеа 1990 йилда содир бўлганди. Президентни отишга ахд қилган шахс Санкт-Петербурглик чилангар, Простоквашина микрорайонидаги завод ётоқхонасида яшовчи Александр Шмонов эди.

Ўша пайтлари бутун мамлакатда кенг қулоч ёйган қайта қуриш ва плюрализмдан одамларнинг ҳафсаласи пир бўлганди. Ривожланиш ва тараққиёт ўрнига мамлакат таназзулга юз тутаётганди. Одамлар орасида эса мамлакат раҳбарияти тутаётган сиёсатдан норози бўлганлар кўпчиликни ташкил этарди. Александ Шмонов ҳам ана шу тоифадаги одамлардан бири бўлган.
Одатдагидек, йирик тадбир муносабати билан мавзолей алвон гуллар билан безатилган, партиянинг етакчилари учун ажратилган трибунанинг қоқ марказида Михаил Горбачев турарди. У намойишчиларга қарата табассум қилар, қўлини ҳавода силкитиб саломлашиб қўярди. Минглаб одамлар орасидаги террорчи нишонга олаётганини у табиийки, кўрмаган. Аммо Шмонов барибир, президентни нишонга олишга муваффақ бўла олмади. Катта сержант Мьтьников охирги секундда стволни юқорига кўтариб юборишга улгурди. Ўқ Горбачевнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Хавфсизлик ходимлари эса кўз очиб юмгунча, террорчини ерга йиқитишди.

ТАҚЧИЛ НЕМИС МИЛТИҒИ

Қамоққа олинган Шмонов терговчиларга барчасини, жумладан, суиқасдни амалга ошириш учун алоҳида кучли патрон тайёрлаганини гапириб берган. У ўқ узган милтиқ ҳам энг яхши қуроллардан бири бўлиб, ўша пайтлар учун ниҳоятда ноёб бўлган бу матоҳнинг нархи 900 рубль турган. Намойишчилар орасига суқилиб кирган пайтда милтиғини пальтосининг остига яшириб олган. Ясама соч кийиб, мўйлов ёпиштириб, қария сифатида ўзини ниқоблаган. Қўлга олинганидан сўнг Шмоновнинг шимининг чўнтагидан ўлим олдидан ёзилган хат чиққан. Унда қуйидаги сўзлар битилган эди: «Агар ўлган тақдиримда, шуни маълум қиламанки, мен СССР президенти М.С.Горбачевни ўлдиришга ҳаракат  қилган эдим».
Александр Шмонов тажовузни амалга оширишга муваффақ бўлиб, Горбачевга қарата ўқ узган тақдирда ҳам ўқ унинг танасига етиб бориши гумон эди. Негаки, президент илмий текшириш институтларидан бирида ясалган, алоҳида пўлатдан ишланган ўқ ўтмас жилет кийиб олганди. Бу давлат сири ҳам яқин вақтларгача ниҳоятда сир тутиб келинди. Давлат амалдорлари учун мўлжалланган «Визит «М» жилети ниҳоятда  ишончли бўлиб, ўқ, граната ва  мина осколколари ҳамда совуқ қуроллардан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Ушбу бронежилетнинг оғирлиги 0,9 дан 3,2 килограммгача бўлган.
—Ҳақиқатан ҳам бизнинг институтда СССРнинг биринчи президенти учун ҳукумат классидаги бронежилет тайёрланган эди, — дея ҳикоя қилади институтнинг ахборот бўлими бошлиғи Евгений  Чистяков. —"Бундан ташқари, Раиса Горбачева учун ҳам ушбу жилетнинг эксклюзив варианти ишланганди. У қоматга шу қадар мос тарзда ишланган эдики, ҳеч бир кимса мамлакатнинг биринчи рақамли ледиси элегант кўйлагининг
ичидан бронежилет кийиб олганини сезмасди. Биз буюртмачилардан ҳеч бўлмаса, ўлчовларни маълум қилинглар деганимизда улар сизлар ҳам телевизор кўрасизлар-ку, унда ҳар доим Михаил Сергеевични ҳам, Раиса Мақсимовнани ҳам кўрсатишяпти. Шунинг учун ҳеч қандай ўлчовларсиз, телевизорда кўрганларингдек ясанглар, дейишди. Тайёр бўлган жилетларни ўлчаб кўрганларида, улар эгаларига лоп-па-лойиқ келган ва кийимлари остидан умуман сезилмаган.
— Бизнинг ҳозирги президентимиз бунақа бронежилетдан фойдаланадими? — деб қизиқиб сўради НТВ журналисти.
Жавоб эса қуйидагича бўлди:
— Ўйлашимча, фойдаланади.

ОРАДАН 18 ЙИЛ ЎТДИ

Александр Шмонов ҳозирги кунда ҳам Простоквашина микрорайонидаги завод ётоқхонасида яшамоқда. Қўни-қўшнилар орасида ҳурмати баланд, аёллар эса уни эъзозлашади. Ароқни эса оғзига ҳам олмайди. Ўзининг «жасорати» ҳақида у бундай дейди:
— Мен биринчи Горбачевни отаман, ўқ унга тегиб, йиқилса, кейин Лукьяновни мўлжалга оламан, деб режалаштиргандим. Чунки милтиғим икки стволли эди.
— Бу ишингиз учун энди афсус қиласизми?
— Йўқ, мен отганим учун афсус қилмайман, ўқим нишонга тегмагани учун афсусланаман.
Шмоновнинг айтишича, у ўшандан бери қўлига милтиқ ушламаган. Репортёрлар эксперимент сифатида ўқ узиб кўрсатишларини илтимос қилишганда, биринчи отишдаёқ ўқни нишоннинг қоқ марказига жойлаб қўйган. Ўшанда, Қизил майдонда ўқ узганида эса президент билан унинг орасидаги масофа бор-йўғи 46 метр бўлган.

ЯНА БИР СУИҚАСД

СССР КГБсининг 9-Бошқармаси 1-бўлимининг бошлиғи, журналист Виктор Алейников ҳамда 9-Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Михаил Титков давлат раҳбари ва барча Сиёсий бюро аъзоларининг хавфсизлиги учун масъул бўлишган. Горбачев даврида улар КГБдаги энг ҳурматли шахслардан ҳисобланган. Улар Бош котибнинг қўриқчиларини танлашган.
—1988 йилда Рейганнинг Москвага сафари муносабати билан аккредитациядан ўтган журналистлардан бири қўпорувчиликка қўл уриб, бирваракайига иккита президент— Рейган ва Горбачевни ўлдирмоқчи эканлиги ҳақида хабар олдик. Бу пайтда иккала мамлакат ўртасидаги муносабатларда олдинга силжиш бўлаётганди,—деб ҳикоя қилади Михаил Титков— Учрашувда иштирок этиш истаги билан мингдан ортиқ журналист аккредитациядан ўтганди. Шу заҳоти олинган хабарни текшириш бошлаб юборилди. Аниқланишича, президентларнинг умрига нуқта қўймоқчи бўлган журналистнинг ҳаётига саноқли ойлар қолган, у рак хасталиги билан оғриётган экан. У буюртмачилардан олган миллион доллар эвазига суиқасдни амалга оширмоқчи бўлган экан. — У жосус бўлганми ёки журналист?
— Журналист. Аккредитациядан ҳам ўтган. Лотин Америкаси давлатларидан бирининг фуқаро-си. Уўз вақтида қуролсизлантирилиб, мамлакатимиздан чиқариб юборилди ва орадан кўп ўтмай ўз уйида тинчгина жон берди.

ХРУШЕВНИ ЎЛДИРИШМОҚЧИ

Грузиядаги кичкинагина қишлоқ нима учун Боғдод деб аталишини ҳеч ким билмайди. Аммо Акакий Мдинарадзе номли террорчининг уйи қаерда эканлигини ҳамма яхши билади. Рус тилида у охирги марта КГБ терговчиси билан гаплашган. Ўшанда у 1960 йил декабрь ойида Бош котиб Никита Хрушевни нима сабабдан ўлдиришга қарор қилганини айтиб берган. Террорчининг сўзларига қараганда, Хрушев грузинларнинг шаънига ёмон гапларни айтгани учун уни отиб ташлашга ахд қилган экан! Суиқасдга ҳамфикр бўлганлар тўрт нафар эди. Ёш ва қизиққон йигитлар «Тевтон қиличи» киносидаги воқеаларни амалда синаб кўришмоқчи бўладилар. Улар томонидан тузилган режа айнан фильм воқеаларидан олинган эди: Ўнг тарафдаги оломон орасида бомба портлайди ва қўриқчилар ўша томонга югуришади. Қотил айни шу дамда чап томондан Бош котибнинг кортежига ташланади.
Бу ҳақиқий грузинча қотиллик эди. Бомбани вино солинган хумчанинг ичига яширишади. Аммо қотиллар режани амалга оширишга улгуролмадилар, Хрушевнинг Тбилисига сафарига беш ой қолганда сир фош бўлиб, уларнинг барчаси ҳибсга олинади.
— Махфий режамиздан атиги биз тўрт киши хабардор эдик, аммо бизни ким сотганини ҳозиргача била олмайман, — дейди Акакий Мдинарадзе. Хрушевга суиқасд қилмоқчи бўлганлар узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Мдинарадзе қадаҳ кўтарганида «Брежнев учун ичамиз! Айнан у бизларни лагердан озод қилди», дейиш унинг одатига айланади.

ЖОНЛИ ЭФИРДАГИ ОТИШМА

Космонавтларни кутиб олиш учун «Внуково» аэропортига КПСС Бош котиби Леонид Брежневнинг шахсан ўзи ташриф буюради. Давлат раҳбари ва эндигина парвоздан кэйтган космонавтлар ўтирган лимузинлар Москвага қараб йўл олади. Бу тадбирлар жараёни тўғридан-тўғри бутун мамлакатга трансляция қилинаётган эди. Кортеж Боровицкие дарвозасига етай деганда кўрсатув узилиб қолди. Брежневга килинган суиқасд бевосита бутун СССРга намойиш этилишига бир баҳя қолди!
Бундан кейин нима бўлди? КГБ камераларида олинган лавҳалар орқали буни билиб олиш мумкин. Биринчи машина деярли Кремлда. Худди шу пайт космонавтлар орқага ўгириладилар ва милиция формасидаги киши орқаларидан келаётган лимузинни тўхтовсиз ўққа тутаётганини кўришади...
Орадан бир соат ўтиб космонавтлар яна жонли эфирда кўринади. Аслида нима воқеа юз бергани эса 25 йилдан сўнг ошкор этилди.
Террорчи Виктор Ильин бу ишга узоқ ва пухта тайёрланди. Хэрбий кисмда сақланаётган иккита тўппончани қўлга киритди, милиция формасини эса ўзининг бобосидан олди.
— Ҳаммаси беш-олти секунд ичида бўлиб ўтди. Мия ишламай қоларкан, сен шунчаки биологик машинага айланиб қоласан ва барча  ҳаракатларингни автоматик тарзда бажараркансан, — деб эслайди бугун ўша воқеани Ильин.
Лимузинларнинг ойналари қорайтирилгани учун Ильин ҳеч нарсани кўрмайди! Шунчаки таваккалига иш тутади. Ҳайдовчига ўқ тегиб, машина тўхтаб қолади. У эса ўқузишдан тўхтамасди. Машинага 14 та ўқтегади.
Брежневга қилган суиқасдининг иккинчи куни Ильин билдики, Бош котиб бошқа машинада бўлган, у эса космонавт Леоновни ўлдиришига сал қолган. Отишма натижасида КГБ полковниги оғир яраланади, ҳайдовчи эса ҳалок бўлади. Ўша пайтда машинада бўлган Леонов орадан 37 йил ўтгач, Ильин ундан кечирим сўраганда ҳам уни кечирмаган. Кўз ўнгида ёш ҳайдовчининг вафот этгани унга қаттиқ таъсир қилганди.
Бош котибнинг ҳаётига тажовуз қилгани учун Ильин йигирма йил давомида руҳий касалликлар шифохонасида ётиб даволанди. Бу орада Брежнев вафот этди.

ЕЛЬЦИНГА АТАЛГАН БОМБА

Қурилиш батальони майори Иван Кислов 1993 йил январ ойида Россия президенти Ельцинга суиқасд уюштирмоқчи бўлди. Иттифоқни тарқатиб юборгани учун у президентни кечира олмаётганди. Хабаровсклик майор Москвага ўзи билан иккита бомба олиб келади ва уларни чўнтагига солиб юради. Кунлардан бирида ёмғирда ивиб, бомбалар яроқсиз ҳолга келиб қолади. Шундан сўнг у бошқача йўл тутишга қарор қилади. Ельцинни подъезди олдида кутади, аммо у чиқмайди. У ҳатто ҳовли тозаловчи сифатида президент маъмуриятига кириб, давлат раҳбарига яқинлашиб, ёнида олиб юрган пичоғи билан ташланмоқчи бўлади. Аммо у билмасдики, бу ердаги ҳар бир ҳовли супурувчи ҳисобда туришини.
Адлия генерал-майори, 1993 йилда Москва гарнизони ҳарбий прокурори бўлиб ишлаган Леонид Объектов шундай ҳикоя қилади:
— Иван Кислов Москвага президентни ўлдириш учун келган. Биз унга расмий тарзда тўғридан-тўғри савол бердик: илгари бирон-бир руҳий хасталик билан оғриганмисиз? У «мен ҳарбий хизматчиман ва ҳеч қандай касалга чалинмаганман, руҳий ҳолатим жойида», деб жавоб берди.
Суд эса унинг руҳий мақомини ўзгартирди. Уни руҳий жиҳатдан носоғлом деб топишди. Кейин уни қўйиб юбордилар.

УМИД

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин