Саналар
19.11.2017
Баннер
Мўғуллар истилоси
PDF Босма E-mail

Чингизхон бошчилигидаги мўғулларнинг Осиё ва Шарқий Европага қилган босқинчилик юришлари (13-а.). Мўғул нўёнлари ҳарбий ташкилот тузиб, кўп халкларни босқинчилик урушига тортдилар. Улар қўшинининг асосий кучи — кўчманчилардан иборат кўп сонли ва жуда ҳаракатчан отлиқ аскарлар эди. Улар босқинчилик урушларида босиб олган мам-лакатларининг ҳарбий кучи ва техника ютуқларидан ҳам фойдаланганлар. Қўшин бирлашган қўмондонликка эга бўлиб, қаттиқ интизом ва яхши қуролланганлиги ҳамда ўзининг жанговар сифатлари билан қўшни мамлакат қўшинларидан устун турар эди. Осиё ва Шарқий Европанинг жуда кўп мамлакатларидаги ички низолар ва раҳбар табақанинг хоинлиги мўғулларнинг осонлик билан ғалабага эришишига қўл келди.

Чингизхон бошлиқ мўғуллар давлатининг ташкил топишидан бошланиб, 13-а. охирига қадар давом этган. 1207—11 йилларда Сибирь ва Шарқий Туркистон халқлари (бурят, ёқут, ойрот, қирғиз ва уйғурлар) бўйсундирилди. Тангут давлати (Си-Ся)га қарши бир қанча юришлар қилинди (1227 йил бутунлай вайрон қилинди). 1211 йил Чжурчжэн давлати (Шим. Хитой)га ҳужум бошланди, 90 га яқин шаҳарни вайрон қилиб, 1215 йил Пекинни босиб олдилар. 1217 йил Хуанхе дарёсининг шимолдаги ерларнинг ҳаммаси мўғуллар қўлига ўтди.

Мўғулларнинг Мовароуннаҳрни истило қилиши

Ўтрор воқеаси ва ундан кейин Чингизхон элчиси Ибн Кафрож Буғронинг ўлдирилиши, Мовароуннаҳрга Чингизхоннинг бостириб кириши учун баҳона бўлди. Бу юришда Чингизхон дастлаб Шарқий Туркистон ва Еттисувни забт этди. Чингизхоннинг Мовароуннаҳрга босқини аввалдан пухта тайёргарлик кўриб режалаштирилган эди. Чингизхон Ғарбга ҳарбий юришини бошламасданоқ ўз душманининг куч-қудрати ва урушга тайёргарлиги тўғрисида савдогарлар орқали тўплаган маълумотларини синчиклаб ўрганиб, Хоразмшоҳлар давлатинмнг ички аҳволидан тўла воқиф эди. Хоразмшохлар давлати кўп сонли туркий қўшин ва яхши қуролланган кўнгиллилар лашкари қамда етарли озиқ-овқат захирасига эга эди. Афсуски, хоразмшоҳ билан саркардалар ўртасида мавжуд ихтилофлар аввал бошданоқ бундай устунликдан фойдаланишга имкон бермади. Кенгашда фикрлар бўлиниб кетди. Хоразмнинг машҳур фақиҳи, муфтий Шаҳобиддин Хивақий барча қўшин (400 минг аскар)ни Сирдарё бўйига тўплаб, узоқ йўл сафарида толиқиб келаётган мўғулларни қарши олиш, душманга ҳали ўзини ўнглаб олмасидан туриб, бор куч билан катта жангда тўсатдан зарба бериш тўғрисида бирдан-бир тўғри фикр баён қилади. Бирок. Муҳаммад хоразмшоҳга бундай фикр маъқул бўлмайди. Чунки, у ўзининг олий лашкарбошиларидан бўлган қипчоқ лашкарбошиларга тамоман ишончсизлик билан қарар эди. Шунинг учун ҳам у катта қўшинни бир жойга тўплашдан ва улар фурсатдан фойдаланиб уни тахтдан ағдариб ташлашларидан қўрқар эди. Аскарий кучини қалъа ва истеҳкомларга бўлиб юбориб, айрим шаҳарларни мўғулларга қарши қўйиш билан душманга зарба бермоқчи бўлди. Хоразмшоҳ мўғулларнинг асосий зарбаси Мовароуннаҳрнинг Зарафшон водийсига қаратилса керак деган фикр билан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини мустаҳкамлашни буюрди. Самарқанднинг ташқи деворини қайта қуриш мақсадида шаҳар аҳолисидан ҳатто бир йил ичида 3 марта хирож ҳам йиғиб олинади. Барча кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан хоразмшох ҳужумга тайёр эмас эди. 1219 йилнинг кузида Чингизхон хоразмшоҳ салтанатига қарши юриш бошлади. Жами аскари 200 мингга яқин бўлган мўғулларга уйғур хони Идиқут ва Олмалиқ ҳукмдори Сиғноқ тегинлар ҳам ўзларининг ҳарбий кучлари билан қўшилган эди. Чингизхон Ўтрор шаҳар яқинида, Мовароуннаҳр ва Хоразмни қисқа муддат ичида забт этиш учун қўшинини 4 қисмга бўлади. Унинг бир қисмини ўғиллари Чиғатой ва Ўқтой бошчилигида Ўтрорни қамал қилиш ва уни эгаллаш учун қолдирди. Иккинчи қисмга Жўжи бошлиқ этилиб, Сирдарё этаги томон юборилади ва унга Сиғноқ, Ўзган, Барчинлиғкент, Жанд, Янгикент ва бошқа шаҳарларни босиб олишни буюради. 5 минг кишилик учинчи қўшинни Олоқ нўён ҳамда Сукету-чэрби қўмондонлигида Банокат ва Хўжанд шаҳарлари томон юборади. Чингизхоннинг ўзи асосий кучлари билан Қизилқум орқали Бухоро томон лашкар тортади. Инолчиқ раҳбарлигида ўтрорликлар шахарни мудофаа қилиб 5 ой давомида ўз қўлларида ушлаб турадилар. Ниҳоят мўғуллар шаҳарни эгаллашга муваффақ бўлади. Аҳолини шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқарадилар ва қатл этадилар, шаҳарни эса талайдилар (яна қ. Ўтрор мудофааси). Шу аснода Бухорога йўналган Чингизхоннинг асосий кучлари йўлда Зарнуқ ва Hyp қалъаларини ишғол қиладилар. 1220 йил февралда Чингизхон Бухорога етиб боради. Мўғуллар Бухорони вайрон қилгандан кейин Самарқандга йўл олди. Чингизхон Бухородан ҳайдаб келтирган асирлардан ташқари ўғиллари Чиғатой ва Ўқтойларнинг Ўтрордан олиб келган бандиларини ҳам Самарқанд қамалига сафарбар этади, Муҳаммад хоразмшоҳ Субутой баҳодир ва Жебе нўён бош бўлган мўғул қўшинининг таъқибидан қочиб, Каспий денгизининг жанубдаги ороллардан бирида паноҳ топади ва сал вақт ўтмай ғарибликда зотилжам касали билан вафот этади. Бу даврда мўғулларнинг Жўжи бошлиқ аскарий қисмлари Сирдарё этакларида босқинчилик қилмоқда эди. Жўжи шаҳарни жангсиз таслим бўлишини талаб қилиб, Сиғноққа элчи сифатида юборган Ҳасанхожа исмли савдогарни сиғнокликлар ўлдирадилар. Бундан дарғазаб бўлган Жўжи шаҳарга ҳужум бошлайди. Босқинчилар шаҳарни талаб, аҳолисини битта қолдирмай қиради. Бу воқеадан даҳшатга тушган Ўзган шаҳар аҳолиси мўғулларга жангсиз таслим бўлади, аммо, Барчинлиғкентни олишда яна куч ишлатадилар. 1220 йил Жандга ҳужум бошлайдилар. Жанд ноиби Қутлуғхон шахарни ташлаб Хоразмга қочади. Босқинчилар Жандни қаршиликсиз эгаллаб, уни талайдилар. Аҳолисининг қуролланган қисми қатл этилиб, шаҳар вайрон қилинади. Бу вақтда Олоқ нўён, Сукету чэрби ва Тўғай каби мўғул сарҳанглари 5 минг қўшин билан Банокат ва Хўжанд шаҳарлари устига юради. Банокат ҳимоячилари қиличдан ўтказилиб, қолганлари қулликка маҳкум этилади. Шаҳар забт этилгач, навбат Хўжандга келади. Асли насаби турк бўлган Темур Маликнинг шахсий қахрамонлиги билан хўжандликлар мўғулларга кутилмаган қаршилик кўрсатадилар. Жувайний ва Рашидуддинларнинг асарларида Хўжанд қамалида 20 минг мўғул ва 50 минг асир қатнашганлиги айтилган. Бироқ, ҳимоячиларнинг кучи тенг бўлмаганлигидан Темур Малик шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлади. 1220 йилнинг ёзида Мовароуннаҳр жанубида шу вақтгача босиб олинмаган шахарларни забт этишга Чингизхоннинг шахсан ўзи киришади. Аввал у Насафга бостириб киради. Шаҳарликлар даҳшатга тушиб шаҳар дарвозаларини очиб берадилар. У Термизга аскар тортади. Термизнинг ноиби Фахриддин Хабаш қаттиқ қаршилик кўрсатади. Термиз шаҳар ва аҳолиси ҳам мўғулларга қаршилик кўрсатган бошқа шаҳарлар фожиасини бошидан кечирди. Сирдарё ҳавзаси, Зарафшон ва Қашқадарё воҳалари, Амударё ўрта оқимининг ўнг соҳили вилоятлари забт этилгач, Чингизхон асосий кучни хоразмшохлар давлатининг маркази Гурганжга ташлайди. Бу ҳарбий кучни Чингизхоннинг ўғиллари Жўжи, Чиғатой ва Ўқтойлар бошқаради. Хоразмшохлар давлати босиб олингач, мўғул жангарилари ўз кучини йирик савдо ва маданият марказлари бўлмиш Балх, Ҳирот, Марв ва Ғазна каби шаҳарларга йўналтиради. Аммо бу ерда улар Жалолиддин Мангубердинннт қаттиқ қаршилигига учрайди. Мўғул қўшинининг атоқли жангчилари Жалолиддинга қарши тура олмайдилар. Мўғулларнинг Парвон даштидаги мағлубиятидан кейин Чингизхон ҳарбий ҳаракатларни шахсан ўзи бошқаради. Чингизхон Ғазнага лашкар тортади. Жалолиддин эса урушсиз Синд (Ҳинд) дарёси соҳилларига чекинади. Дарё бўйида 1221 йилнинг ноябрда икки ўртада қаттиқ жанг бўлади. Мўғулларнинг пистирмага қўйган 10 минг нафарли сараланган лашкари жанг оқибатини ҳал қилади. Рақибининг жасоратига қойил қолган Чингизхон уни таъқиб қилиш фикридан қайтади. 1225 йилга келиб, мўғул қўшинларининг асосий қисми Мўғулистонга қайтиб кетди. Жебе нўён ва Субутой баҳодир қўмондонлигидаги мўғул қўшини ғарбда урушни давом эттиради ва Шимолий Эрон орқали Закавказьега бостириб кирди. Грузия ва Озарбайжоннинг бир қисмини вайрон қилди. Каспий денгизи соҳили бўйлаб ҳаракат қилиб, аланлар ерига бостириб кирди ва уларни тор-мор келтирди (1222). 1223 йил 31 майда Калка жангида мўғуллар бирлашган рус-қипчоқ қўшинини енгиб, уни Днепр дарёси этагигача қувиб, кейин Ўрта Волгага чекинди. Бироқ, Волга-Кама Булғориясида мағлубиятга учраб, Мўғулистонга қайтиб кетди (1224). Бу мўғул отлиқ аскарларининг келгусида ғарбга қилинадиган юришлари олдидан олиб борган разведкаси эди. Чингизхон вафот этгач (1227), Ўқтойни Улуғ хон (қоон) деб кўтарган қурултой (1229) дан сўнг мўғуллар 2 йўналишда олиб борилди. Шарқда Шим. Хитой тўла босиб олинди (1231—34) ва Корея билан уруш бошланди (1231— 32). Мўғуллар бир қанча йирик юриш-лар (1236, 1254, 1255, 1259) дан сўнг 1273 йил Кореянинг каттагина қисмини босиб олишга муваффақбўлган. 1229 йил Субутой баҳодир 30 минг кишилик қўшини билан Ёйиқ дарёси бўйига чиқди. Жўжи улусининг ҳукмдори Ботухон қўшини билан биргаликда Каспий бўйи даштларидан саксин ва қипчоқларни сиқиб чиқаришга эришди. 1232 йил мўғул қўшинларининг Волга-Кама Булғориясига ёриб киришга уринишлари бекор кетди. Жўжи улусининг кучлари билан ғарбга қилинган ҳужум қам натижа бермади. 1235 йил қурултой чақирилиб, унда бошқа улуслар ҳарбий кучларини Ботуга ёрдамга юборишга қарор қилинди. 14 мўғул хони иштирок этиб қўшиннинг умумий сони 150 мингга етди. 1236 йил кузида мўғул қўшинлари яна Волга-Кама Булғориясига қужум қилиб, уни вайрон қилди. Улар 1237 йилнинг баҳори ва ёзида аланлар, қипчоқлар ва Ўрта Волгабўйи халқлари билан урушни давом эттириб, кузда Шим.-Шарқий Русга юриш қилиш мақсадида ҳоз. Воронеж атрофига тўпланди. 1237 йил қишнинг бошларида Боту Рязань князлигига ҳужум қидди, 6 кунлик қамалдан сўнг Рязань таслим бўлди. 1238 йил Коломна остонасида Владимир князлиги аскарларини  тор-мор қилди. Мўғул қўшинлари Коломна ва Москвани вайрон қилиш билан бирга 1238 йил фев. ойи мобайнида 14 рус шахрини (Ростов, Углич, Ярославль, Кострома, Кашин, Кснятин, Городец, Галич-Мерский, Переяславль-Залесский, Юрьев, Дмитров, Волок-Ламский, Тверь, Торжок)ни босиб олди. 1240 йил кузида Жан. Русга юриш бошланди. Декабрнинг охирларида Киев, Владимир-Волинский, Галич ва бошқа шаҳарлар босиб олинди.
1241 йил баҳорида мўғул қўшинлари рус ҳамда Шарқий Европанинг бошқа халқлари кўрсатган қаҳрамонона қаршилигига қарамай, Ғарбга томон илгарилади. Боту қўшинининг асосий қисми Карпат довонлари орқали Венгрияга кириб борди ва қирол Бела IV нинг 60 минглик қўшинини тор-мор келтирди. Венгрия пойтахти — Пешт шаҳар ишғол этилиб, вайрон қилинди, мамлакатнинг кўп қисми харобага айлантирилди. Баъзи мўғул отрядлари Шарқий Чехиягача кириб борди, Бирок қирол Вацлав I томонидан қаттиқ қаршиликка учраб орқага қайтди. 1241 йил охирларида Боту ўз қўшинининг Австрия ва Хорватия орқали Адриатика денгизи томон бошлади. 1242 йил соҳилда жойлашган қалъаларни забт эта олмаган Боту Босния, Сербия ва Болгария бўйлаб орқага қайтган. Шундай қилиб мўғулларнинг Марказий Европага қилган ҳужуми тугади.

Мўғуллар истилоси Ғарбда — Кичик Осиё ва Яқин Шаркда узоқ муддатга чўзилди. Мўғуллар Закавказьени босиб олгач, Кўния султонлигинк тор-мор келтирди. 1256 йилда Ҳулоку Эрон ва Месопотамияни, 1258 йил эса Араб халифалигининг пойтахти — Бағдодни бўйсундирди. Мўғуллар Сурияни ишғол қилиб, Мисрга қарши ҳужумга тайёрлана бошладилар. Бироқ, 1260 йил Миср султони қўшинлари билан бўлган жангда мағлубиятга учраганлар. Мўғуллар истилоси  Ғарбда шунинг билан тугади.

13-а.нинг 2-ярмида мўғуллар Шарқ ва Жан.-Шарқ мамлакатларини забт қилишга киришди. Мўғул қўшинлари Жан. Сун империясига чегарадош Дали давлати (1252—53) ва Тибет (1253)ни босиб олди. 1258 йил мўғул қўшинлари ҳар томондан Жан. Хитойга бостириб кирди, бироқ Мунсэнинг тўсатдан вафот этганлиги туфайли Жан. Сун империясини забт этиш кечикди. 1267— 79 йилдагина Жан. Хитой янги Улуғ хон — Хубилай томонидан ишғол қилинди. 1281 йил Японияни босиб олиш мақсадида 1000 кема, 100 минг кишилик Кўшин жўнатилган. Аммо, мазкур флот тўфонда қолиб ғарқ бўлган. Мўғуллар ўзларининг Жан.-Шарқий Осиёга қилган юришларида Хитой армияси ва флотидан фойдаланган бўлсалар-да, муваффақиятга эриша олмаганлар. Мўғул-хитой қўшинлари бир неча юришлар (1277 и. 2 марта ва 1282, 1287 йилларда) дан сўнг Бирмани ишғол қилди, бироқ тезда (1291) у ердан ҳайдаб чиқарилди. Мўғул-хитой қўшинлари ва флоти бир неча марта Вьетнамга ҳужум қилиб (1257, 1258, 1284, 1285, 1287-88), уни бўйсундира олмади. Тьямпу давлати (Ҳинди хитойнинг жан.-шарқида) ҳам ўз мустақиллигини мўғуллардан ҳимоя қила олди. М.и. 1300 йил Бирмага қилинган янги юришдан сўнг тугади.
Мўғуллар истилоси даврида тарихий ва маданий ёдгорликлар вахшийларча яксон қилинди. Мўғуллар истилоси ва ҳукмронлиги даврида мағлуб ва мазлум бўлган халқларнинг ягона ҳалокати шу бўлдики, улар душ-манга қарши барча ички низоларни четга суриб, биргаликда курашнинг зарурлигини англаб етмадилар.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин