Саналар
24.11.2017
Баннер
Биринчилар
PDF Босма E-mail

Сувнинг тортиш қувватини биринчи бўлиб пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом аниқлаган, аммо тарихда Архимед деб қайд этилган. Дарвоқе биринчи кема ясаган ҳам Нуҳ алайҳиссаломдир. Юнонистонда биринчи ёзув қарийб 4000 йил олдин ёзилган, улар металл бўлагидан, фил суягидан перо сифатида фойдаланишган.
Илк патқалам Мисрда ихтиро қилинган, мисрликлар ичи ковак қамишга мис лахтагини бирлаштириб ёзишган.
Энг биринчи тақвимни қадимги мисрликлар ўйлаб топишган. Миср коҳинлари Нил дарёсининг биринчи тошишидан навбатдагисига қадар ўтган давр 365 кун эканини ҳисоблаб, махсус жадвал тузишган.
Ер юзида энг биринчи қурилган уй Каъбадир.
Илк кулолчилик буюмлари бундан тахминан ўн минг йил олдин Хитойда ясалган эди.
Кокос ёнғоғини Ҳиндистон ва Ҳинди-Хитой ўлкаларида 8000 йилдан буён истеъмол қилиб келишади.
Икки қадимшунос – лондонлик Брайан Уайт ва пекинлик Пен Синжоу шимоли-шарқий Хитойда топилган товуқ скелетининг 8000 ёшда эканини аниқлашди. Ҳозиргача уй товуғи Ҳиндистондан келтирилиб, Оврупада уйда боқишга ўргатилган, дея ҳисоблаб келинар эди.
Бирлашган Араб Амирликларидаги қадимий мозордан  топилган бош чаноғини ўрганган олимлар 7000 йил олдин мия жарроҳлиги ўтказилганини аниқлашди.
Дастлабки ғилдиракларни бундан 6400 йил муқаддам измирликлар ихтиро қилишган.
Беҳининг асл ватани Эрон, Қофқоз, Туркия ерларидир, боғбонлар 4000 йилдан буён беҳи етиштириб келишади, Ўзбекистонда унинг 20 хили етиштирилади.
Пиёзнинг ватани эса олимлар ёзганидай Нил ҳавзаси эмас, Тиёншон тоғи ёнбағирлари бўлган, у 5000-6000 йиллардан буён экиб келинади.
Дастлаб чой ичишни бундан 3500 йил олдин хитойлар кашф этишган, улар тилидаги "ча-ийе" (яшил барг) сўзидан чой номи келиб чиққан. Чой Оврупага ўн олтинчи асрда тарқалган.
Қанд-шакар дастлаб Ҳиндистонда кашф этилган, аммо қачонлиги номаълум. Шакар ҳинд тилида "саккара", русчада "сахар", арабча ва немисчада "суккар" дейилади.
Тарвузнинг асл ватани Африқо, қовунники баъзи олимлар келтирганидай Ҳиндистон ёки Эрон эмас, балки Ўрта Осиёдир. Қовунни Ҳиндистонга ўн олтинчи асрда саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад  Бобур олдириб борган.
Карам ҳам жуда қадимги сабзавотлардан, унинг илк ватани Оврупанинг қадимги иберияликлар яшаган ғарбий қисми, ҳозирги Испания ерларидир.
Макарон Бухорода кашф этилган деса, ишонаверинг. Ўн учинчи асрда венетсиялик сайёҳ Марко Полога Бухорода лағмон ёқиб қолади ва у хамир ичига сим ўтказиб қуритиб, уни юртига олиб кетади. Лағмонни эса хитойлар кашф этишган, унинг номи қадимий хитой тилида "хамирдан ясалган илон таом" маъносини билдиради.
Биринчи харита милоддан олдинги 2300 йили Месопотамияда ишланган.
Олимпиада ўйинлари биринчи бор милоддан олдинги 776 йили Юнонистон (ҳозирги Гретсия)да ўтказилган.
Хитойлик тарихчилар ёзишича, Парфия (Ўрта Осиё)да милоддан олдинги 200 йилларда "довонликлар (фарғоналиклар) ўтроқ яшашган ва буғдой, шоли экишган".
Элшунослар (этнографлар) фикрига кўра, палов Ўрта Осиёда ижод қилинган, Покистон ва Шимолий Ҳиндистонда яшовчи бадавлат мусулмонлар орасида тарқалган, уни Ҳиндистонга мусулмон фотиҳлари тарқатишган.
Энг биринчи музей милоддан аввалги учинчи асрда Мисрдаги Искандария шаҳрида очилган. Оврупадаги энг биринчи музей Оксфорд шаҳрида бўлиб, у 1679 йили ташкил этилган.
Биринчи театрлар Хитойда пайдо бўлган, ибодатхоналарда рақсларга ўхшаш томошалар кўрсатилган. Японлар ва қадимги юнонларда ҳам театр равнақ топган.
Энг биринчи қомус милоддан олдинги биринчи асрда Римда Плиний битган "Табиий тарих" китоби эди. Унинг 37 жилдига 20.000 дан ортиқ мақола кирган. Бу китобни шу қадар қиммматли санашганки, 1536 йилгача уни 43 марта қайта нашр қилишган.
Биринчи луғат 1225 йили битилган бўлиб, унга ёд олинадиган лотинча диний калималар жамланган эди.
Милоднинг биринчи асридаёқ Хитойда чинни идишлар ишлаб чиқарила бошланган эди, 1520 йили уни португалиялик денгизчилар Оврупага олиб келишган.
Кураш энг олдин Мисрда пайдо бўлган, сўнг Осиёга, кейинроқ Юнонистонга ўтган.
Пишлоқни дастлаб бундан 2000 йил олдин Эрон чорвадорлари тайёрлашган, ҳозир пишлоқнинг 8000 хили маълум.
Кофе ичишни дастлаб Жанубий Африқонинг Каффа қишлоғи аҳолиси кашф қилган, бу фойдали ичимлик номини шу қишлоқдан олган. Оврупага кофе биринчи марта Макка шаҳридан жўнатилган, уни ичиш Истанбулда 1454 йили, Рим, Париж, Лондонда 1642-1672 йиллари урфга кирган.
Дунёдаги биринчи математик аёл Ипатия милоднинг бешинчи асрида яшаган.
Синуслар теоремаси ҳинд математиги Брамогупта (598–660) ижодига мансуб.  
Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб ўзбек олими Абу Райҳон Беруний (973–1048) кашф қилган, Оврупада эса франсуз олими Веит (1540–1603) "яна" ўйлаб топди.
Биринчи танга пуллар эса 700 йили Лидия (ҳозирги Туркия) шоҳи Гич томонидан чиқарилган. Биринчи қоғоз пуллар эса 1152 йили Син империясида муомалага киритилган.
Энг кўҳна соат милодий 725 йили Хитойда ясалган.
Ибн Фирнос (вафоти 808 йил) биринчи бўлиб ака-ука Райтлардан 1023 йил олдин учоқ (самолёт) ясаб, парвозни амалга оширган.
Исломга энг биринчи иймон келтирган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом завжаи мутоҳҳаралари Хадича бинти Хувайлид (р.а.)
Аҳолини рўйхатга олиш Исломда биринчи бўлиб Мадинада ўтказилган. Мушрикларнинг мусулмонларни қиличдан ўтказиш режасидан хабар топган Муҳаммад алайҳиссалом барча мусулмонларга ўз номларини бир дафтарга ёздиришни буюрдилар. Ўшанда Мадинадаги эр мусулмонлар сони 1500 нафар экани маълум бўлди.
Дунё ва Ислом меъморчилигидаги илк минорани ҳижрий 85 (милодий 708) йили Шомдаги умавийлар масжиди ёнида халифа Волид фармонига биноан тикланган.
Палеонтолгия ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, бу борадаги илмий хизматлари учун Албертга "Буюк Алберт" унвони берилди.
Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр ал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи ХII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган.
Аҳмад Фарғоний астрономия отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби Х11 асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган.
Жазарий (1136–1206) биринчи бўлиб силиндр, жўмракни ясаган, компуторга оид назарий фикрлар айтиб, кибернетикага асос солган, шунингдек, у вулқоншунослик, геотермал майдонлар соҳасидаги фанлар асосчисидир.
Жаҳондаги биринчи расадхона ва фалакшунослик марказини Хожа Носириддин Тусий (1201–1274) қурдирган.
Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган.
Физика ва фалакшуносликда жуда муҳим ҳисобланган маятникни биринчи бўлиб Ибн Юнус кашф қилган.
Ўн бешинчи асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган ўзбек математиги Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонларни топди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобус ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган.
Улуғ мусулмон олими Абу Юсуф Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий (801–873) Эйнштейндан бир неча аср илгари борлиқ ва ундаги ҳодисалар нисбийлиги ғоясини кашф этган. У оптика соҳасида жаҳонда биринчи бўлиб асар ёзган, унинг ўн битта асари замонавий арифметикага, еттита асари геометрияга асос бўлган. У психо-физиологиянинг ҳам асосчисидир.
Абул Вафо Муҳаммад ибн Яҳё Бўзжоний (940–998) тригонометрия фанига тангенс, котангес, секанс каби истилоҳларни олиб кирган, унинг кашфиётларини Оврупа юз йиллардан кейин ўргана бошлаган, Оврупада Батламиуснинг Ой назарияси устида илк иш олиб борган Тужҳо Брахадан (1546–1601) нақ олти юз йил олдин бу назарияни танқидий ўрганиб, унинг нуқсонларини кўрсатиб берган.
960–1039 йиллари яшаган Қутбиддин ибн Ҳайсамнинг оптикага бағишланган «Китаб ул-манозир» (Тасвирлар китоби) 1270 йилдаёқ лотинчага ўгирилиб, бир неча Оврупа мамлакатларида чоп этилган ҳамда  Коперник ва Нютоннинг оптикага оид асарларига асос бўлган. Олимнинг лотинча Albazen номи физикадаги илмий истилоҳга айланган. Ламберт трапетсиясини ундан анча олдин Ибн Ҳайсам топган.
Жобир ибн Ҳаййон оврупалик олимлар Жон Далтон, Отто Ханн, Эндрю Ферми, Алберт Эйнштейндан минг йил олдин атом устида тадқиқот ўтказган, илк марта «термоядровий куч» фикрини айтган, атом парчаланиши ва бомба шиддатини тасвирлаган.
Собит ибн Қурра (835–902) биринчи марта анестезинни топган. Али ибн Исо эса ўн биринчи асрда уни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаган. Бироқ бу кашфиёт 1850 йилга келиб Жанкайники бўлиб кетди. «Дифференсиал ҳисоб»ни ҳам Нютондан анча олдин, тўққизинчи асрда Собит ибн Қурра кашф қилган.
Само жисмларининг эллипс орбита бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги фикрни Кеплер Берунийдан ўзлаштириб олган бўлса, Коперник Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304–1376) айнан кўчириб олган.  
Умар Хайём «Арифметиканинг мушкул масалалари» асарида Нютондан беш юз йил олдин ўн сонли рақамли масалаларни каср воситасида ҳал этиш назариясини тавсия этган.
Ойнинг илк харитасини Мирзо Улуғбекнинг шогирди Алоуддин Қушчи чизган, ҳозир бу харита Америкадаги Ой тадқиқоти институтида чиқарилган хариталарнинг энг тепасига осиб қўйилган.
Биринчи компасни ўн учинчи асрда Кабажакий ясаган, биринчи қоғоз фабрикасини аббосий вазирлардан Ибн Фозил (739–805) қурдирган.
Зилзилага оид биринчи асар Дамашқийнинг (вафоти 1176) «Китаб ул-залзала» асаридир. Кейинчалик ўн бешинчи асрда ёзилган Жалолиддин Суютийнинг машҳур «Кашф уз-залзал ал-васфил залзала» китобидан бошқа сейсмологияга доир асар бўлмаган.
Али ибн Аббос (вафоти 994) капиляр қон томирларини кашф қилган, минг йил олдин саратон (рак) амалиётини амалга оширган.
Аммор ибн Али ўн биринчи асрда биринчи марта кўз пардаси жарроҳлигини ўтказган.
Абул Қосим Захравий Ғарбда замонавий жарроҳлик отаси, деб тан олинган, у жарроҳликда икки юз хил асбоб ишлатган, олим туғишда қўллаган усул Ғарбда беш юз йил кейин жорий бўлди.
Усмонли салтанат ҳукмдори Султон Муҳаммад Фотиҳнинг устози Оқшамсуддин (1389–1459) Пастордан тўрт юз йил аввал микробни кашф қилган.
Умуртқа сили ва артрит (бўғимлар шамоллаши) касаллигини биринчи бўлиб аллома Абул Қосим аниқлаган, Потт эса ундан 700 кейин буларни "кашф этди".
Дунёдаги биринчи ҳисоблаш машинаси 1623 йили олмон профессори Вилгелм Шиккард томонидан кашф қилинган, аммо бу машина ҳақидаги маълумот фақат 1958 йилдагина маълум бўлди.
"Верем" микробини топгани учун Р. Кочга Нобел мукофоти берилган, ваҳоланки бу микробни ундан 150 йил олдин Камбур Восим (вафоти 1761 йил) топганди.
Кунгабоқарнинг ватани Мексика, уни ўн олтинчи асрда Оврупага олиб келиб экишган, Ўрта Осиёга эса уни ўн тўққизинчи асрда рус деҳқонлари тарқатишди.
Бўлиш ва кўпайтиришни бажарувчи биринчи автоматик қурилмани ўрис математиги Чебишев ихтиро қилган.
Русияда генераллиссимус унвони расмий равишда биринчи марта 1716 йили подшоҳ Петр Биринчи томонидан ҳарбий низомга киритилган ва низомга киритилмасидан анча олдин (1696 йили) биринчи бўлиб бу унвонни иккинчи Азов юришида моҳирона қўмондонлик қилган бояр Александр Шеин олди.
Инсоният лавлагидан икки минг йилдан буён фойдаланиб келган бўлса-да, ундан қанд олишни фақат 1747 йилга келиб петербурглик доришунос Константин Кирхов кашф этди.
Қатиқни осетинлар кашф этишган, унинг тайёрлаш усулини илмий жиҳатдан 1909 йили рус мутахассиси Ирина Сахарова ишлаб чиқди.
Сосискаларни биринчи марта ўн тўққизинчи асрда иш қидириб Америкага бориб қолган олмониялик қассоб Паул Шултс ўйлаб топган, унинг "сутли сосискаси" сут эмиб турган чўчқа боласидан тайёрланган.
Пўлат перолар биринчи марта 1780 йили Англияда пайдо бўлди, аммо улар қирқ йилгача оммалашмади.
Рестораннинг келиб чиқиши ўн саккизинчи асрда яшаган франсиялик пазанда Буланже фаолияти билан боғлиқ.
Масаллиқни консерва қилиб сақлаш тарихи 1800 йилдан бошланади ва у парижлик пазанда Франсуа Аппер номи билан боғлиқ.
Арча бужуридан мой олиш усулини биринчи бўлиб топган Михайло Грязев 1843 йили оқподшоҳ хазинасидан юз рубл нақдина билан сийланган.
1866 йили муҳандис М. Колесников илк бор Тошкент шаҳрини режалаш лойиҳасини ишлаб чиқди.
1868 йили Тошкентдаги округ ҳарбий штабида Ўрта Осиёдаги биринчи босмахона ташкил этилди.
Фотографияни биринчи бўлиб 1802 йили ихтирочилар Уэжвуд ва Хамфри кашф этди. 1835 йили Уилям Талботт мунтазам тасвирни ҳосил қилишга эришди, негативдан позитив тасвир тайёрлади, фотобосмани ишлаб чиқди.
Фотография тарихидаги энг биринчи сурат Жозеф Нэнс томонидан 1825 йили олинган от етаклаган бола тасвиридир. Бу сурат яқинда "Сотби" кимошди савдосида ярим миллион фунт стерлингга сотилди.
Мултипликатсиянинг илк кўринишини белгиялик физик Ж. Плато 1832 йилиёқ яратганди. Фақат 1905 йили – кино ихтиро қилинганидан ўн йил кейин амриқолик С. Блэктон ва У. Маккей илк дафъа расмларни кинотасмага тушириб, мултфилм намунасини яратишди.
Биринчи овоз ёзишни 1877 йили машҳур кашфиётчи Томас Эдисон амалга оширган.
Биринчи авторучка 1880 йили Амриқода кашф этилган, шарикли авторучка эса – ХХ аср ихтироси.
1883 йили Тошкентда ўзбек тилидаги илк босма газета – «Туркистон вилоятининг газети» нашр этила бошлади.
Замонамиздаги биринчи Олимпия ўйинлари 1896 йили Афина (Юнонистонда) ўтказилган ва америкалик узунликка сакровчи Жеймс Конноли биринчи олтин нишонни қўлга киритган.
Биринчи троллейбус 1888 йили Лондон (Англия) кўчаларида пайдо бўлган, унинг тезлиги соатига 10 километрдан ошмаган.
1900 йили Ғарбий Оврупага биринчи сафар қилган тошкентлик савдогар Тожимуҳаммад Исомуҳаммад ўғли халқаро Париж кўргазмасида қатнашди, кейин эса Лондонда бўлди.
Ўзбеклардан чиққан биринчи генерал-майор Китоб (Қашқадарё) шаҳри ҳокими Жўрабек бўлган, бу олий унвон унга 1901 йили рус подшоси томонидан берилган.
1902 йили Наманганда Ўрта Осиёда биринчи автомобил пайдо бўлди, у "Андреев савдо-саноат уйи"га тегишли эди.
1902 йили Тошкентдаги мадраса мудири Саидрасул Саидазиз ўғли томонидан биринчи ўзбек алифбоси - "Устоди аввал" ёзилди ва кейинчалик 16 марта қайта нашр қилинди.
Биринчи сюжетли филм 1903 йили Томас Эдисон лабораториясида яратилган ва у "Буюк поезд ўмарилиши" деб аталади.
1903 йили Фарғона водийидаги Мойлисой конидан илк бор нефт олина бошланди, орадан бир йил ўтиб, Чимён кони "қора олтин" беришга тушди.
1905 йили Тошкентда илк керосин фонарлар пайдо бўлди.
1906 йили Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Скобелев (Фарғона)-Горчаково (Марғилон) йўналиши бўйлаб автобус қатнови йўлга қўйилди.  
1908 йили тадбиркор П. Пугасов Тошкентда Ўрта Осиёда биринчи гугурт заводини қурди.
1910 йили Тошкентда Ўрта Осиёдаги биринчи сирк ва театр томошалари учун мўлжалланган иншоот – "Колизей" театри қурилди.
1912 йил 7 июлда Наманганга Қўқондан биринчи йўловчи поезди келди.
1916 йили Санкт-Петербургдаги Русия Бутунжаҳон почта иттифоқи томонидан илк бор Амир Темур сурати туширилган почта маркаси чиқарилди.
1918 йил 21 апрелда Тошкентда Ўрта Осиёда биринчи олий ўқув юрти – Туркистон халқлари университети очилди.
1923 йили Муҳиддин Қориёқубов ўзбек артистлари ичида биринчи бўлиб "Халқ ҳофизи" унвонига сазовор бўлди.
1925 йили тошкентлик муҳандис Ю. Ломоносов жаҳонда биринчи тепловоз лойиҳасини яратди ва унинг лойиҳа ҳамда чизмалари асосида Олмонияда "ЮЭ - 001" тепловози ишланди.
1926 йили биринчи бўлиб Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга "Ўзбекистон халқ ёзувчиси", Муҳаммадшариф Сўфизодага "Ўзбекистон халқ шоири" унвони берилди.
1927 йил 11 февралда илк марта Ўзбекистон радиоси мунтазам эшиттириш бера бошлади.
1928 йили Тошкентда САГУ лаборанти Б. Гробовский ва алоқа ходими И. Белявскийлар жаҳонда биринчи телевизорни кашф этишди.
1935 йили Тошкент мевачилик ва боғдорчилик стансияси директори профессор Р. Шредер Ўзбекистон олимлари орасида биринчи академик бўлди.    
1936 йили Тошкент киностудиясида биринчи ўзбек овозли филми "Қасам" суратга олинди.
1937 йили биринчи марта Ўзбекистонга олис Америкадан ангор эчкилари келтирилиб, парваришлана бошланди.
1942 йили Андижоннинг Ойим қишлоғилик Қўчқор Турдиев ўзбеклардан биринчи бўлиб иккинчи жаҳон урушидаги мардлиги учун Иттифоқ Қаҳрамони бўлди.
1942 йили АҚШда илк бор магнит тасмаси ихтиро қилинди.
1943 йили Тошкент авиатсия заводида биринчи "Ли-2" самолёти ишлаб чиқарилди (завод бош муҳандиси Б. Лисунов номидан олинди).
Иккинчи жаҳон урушида ўзбеклардан биринчи генерал унвонига Берлинга биринчилар қатори кирган 396-ўқчи дивизия командири Собир Раҳимов сазовор бўлган.
1944 йили Тошкентда илк бор Ботаника боғи ташкил этилди, унда жаҳоннинг турли минтақаларидан келтирилган 6500 хил дарахт, гул ва буталар парваришланмоқда.
1945 йили муҳандис Беруш шарикли ручка ихтиро қилди.
1946 йили АҚШнинг Пенсилвания университетида электрон компютер ихтиро қилинди.
1947 йили Деннис Уейбер голографияга асос солди. Бунинг маъноси уч ўлчовли тасвир демакдир.
1947 йил 5 ноябрда Тошкентда "Вокзал - Эски жўва" йўналиши бўйича биринчи троллейбус қатнай бошлади.
1948 йили Тошкентда Ўзбекистондаги биринчи чинни заводи қурилди.
1948 йили Ўзбекистонда илк марта ҳижрий-қамарий ҳисоб билан мусулмонлар тақвими нашр этилди.
1950 йилдан Ўзбекистонда биринчи марта лимон ва апелсин етиштирила бошланди.
1950 йилдан бошлаб Америкада дастлабки рангли телевидение кўрсатувлари намойиш этилди.
1950 йили Австралияда учувчисиз бошқариладиган дастлабки самолёт лойиҳаси ишлаб чиқилди.
1952 йили илк марта сотувда Тошкент маъданли суви пайдо бўлди.
1954 йили Тошкент самолётсозлари ясаган "Ил-14" самолёти биринчи марта синовда ўтди.
1955 йили Тошкентда Ўрта Осиёда ягона Ядро физикаси институти иш бошлади.
1956 йили Тошкент астрономия обсерваториясида Марснинг биринчи фотосуратлари тасвирга туширилди.
1967 йили Ҳиндистонда биринчи марта ўзбек маданияти фестивали ўтказилди.
1974 йили ёзувчи Комил Яшин ўзбек ёзувчиларидан биринчи бўлиб Меҳнат Қаҳрамони бўлди.
1992 йил апрелида Ўзбекистон Республикасининг биринчи почта маркаси чиқарилди, унда Моҳларойим (Нодира) тасвири бор эди.
1993 йил мартида Тошкентдаги "Фотон" заводида биринчи ўзбек телевизорлари ишлаб чиқарила бошланди.
1993 йил 31 августда Тошкентда улуғ соҳибқирон Амир Темурга биринчи бор ҳайкал ўрнатилди.
1994 йил 4 март куни Наманганда республикада биринчи кўчмас мулк кимошди савдоси ўтказилди.
1994 йил августида Тошкентда биринчи супермаркет иш бошлади.
1994 йил 1 сентябрда Олмония пойтахти Боннда Ўзбекистон Республикасининг Оврупадаги биринчи элчихонаси очилди.
1996 йил 19 майда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида мамлакатдаги биринчи ўзбек автомобил заводи – ЎзДЭУ ўзбек – жанубий корея қўшма корхонаси очилди, у бошда йилига 200 минг дона "Тико", "Нексия", "Дамас" автомобиллари ишлаб чиқарди.
2004 йили ростовлик ўн олти ёшли Владимир Лихачев олимлар неча йиллардан буён ҳал этолмаган кашфиётни – бутунлай янгича усулда ишлайдиган ички ёнув двигателини ихтиро қилди.
Олимлар ёзишича, биринчи лотерея ўйини 1466 йил 24 февралда Фламандиянинг Брюгге шаҳрида ўтказилган.
Биринчи музлатгични уч олим – англиялик Жон Лесли, франсиялик Франсуа Карре ва олмониялик Фердинанд Виндхаузенлар деярли бир вақтнинг ўзида, яъни Х1Х аср ўрталарида бир-бирларидан мутлақо бехабар ҳолда ихтиро қилишган.
Биринчи гулқоғозлар бундан 300 йил олдин Англияда пайдо бўлган.
Велосипед 170 ёшда, 1840 йили Шотландия фуқароси Кирпатрик Мик Миллан биринчи бўлиб педалли велосипедни ихтиро қилган эди.
Франсиянинг Лион шаҳридаги Техника тарихи музейида 18-асрда ишланган ва кунимизгача етиб келган буғ моторли йўловчи-почта дилижони (извошнинг бир тури) сақланяпти.
Мотосикллар Х1Х аср охирларида пайдо бўлган, лекин улар бошда ёғочдан ясалган.
Биринчи сув ости кемаси 1720 йили Покровск қишлоғида яшовчи оддий деҳқон Ефим Никонов томонидан Петербургнинг Галерно саройида тайёрланган ва тўрт йилдан сўнг Пётр Биринчи назоратида синовдан ўтказилган.
Жиноятчилар қатл қилинадиган электр стулни ҳам телеграф ва телефон ихтирочиси Томас Алва Эдисон 115 йил олдин ўйлаб топган.
Иситма туширадиган "аспирин" дорисини бир асрдан зиёдроқ олдин немис кимёгари Феликс Хоффман ишлаб чиққан, уни Русияда ёзувчи Антон Чехов оммалаштирган, ҳозир инсоният йилига 100 миллиард дона аспирин истеъмол қилади.
Ер силкинишини аниқлайдиган биринчи асбобни милодий 132 йили хитойлик фалакиётшунос Чжэн Хэн ясаган.
Дунёдаги биринчи темир йўлни 1764 йили қирол Людовик XVI буйруғи билан Париж шаҳрида қуришган, узунлиги атиги 100 метр бўлган.
Рўзғорда ҳар куни ишлатиладиган полиэтилен халтани бундан 100 йилча муқаддам шветсиялик Уилям Гамилтон ўйлаб топган, ҳозир дунёда йилига 5 миллиарддан ортиқ шундай халта сотилади.
Сайёрамиздаги энг қадимий ҳайвонот боғи милоддан олдинги биринчи асрда Рим императори Август буйруғи билан ташкил этилган ва унда турли мамлакатлардан келтирилган 3500 жонзот яшаган.
Фил ёрдамида ер ҳайдаладиган темир омоч илк марта 1870 йили Англияда ясалган ва кейинчалик Ҳиндистонга олиб кетилган.
АҚШ президенти қароргоҳи Оқ уй 218 ёшда: 1797-1801 йиллари АҚШ президенти бўлиб ишлаган Жон Адамс 1800 йил 1 ноябрида иш жойини ҳозирги Оқ уйга кўчирганди. 1792 йили  пойдевори тикланган бино бунгача саккиз йил битмай ётган эди.
Тиш даволашни илк марта Шимолий Амриқода яшовчи ҳиндулар йўлга қўйишган, тадқиқотларга кўра, улар бундан 3000 йил олдин тишларини даволатишган экан.
Илк марта газета XVI аср бошларида Венетсияда пайдо бўлган: бу ердаги маддоҳ-жарчилар янгиликларни оқ қоғозга тошбосма усулида босиб сотишган. Дастлаб бу варақлар бир газетта (бир танга) бўлган, бу сўз оммалашиб мазкур нашрлар "газета" номини олган. Ҳозиргидай ҳақиқий газетани Франсияда Т.Ренадо "Ла газетте" номи билан нашр этган.
Музқаймоқ тарихи 3000 йилга боради, қадимги Хитойда бойваччалар янги мевадан тайёрланган шарбатларни муз аралаштирию ичишган, Македонияли Искандар Форс ва Ҳиндистонни забт этганида маҳаллий аҳолининг жазирама кунларда музлатилган сутни шимиб ўтиришганини кўрган.
Қоғоз истаконларни биринчи бўлиб Канзас шаҳрида (АҚШ) яшовчи оддий гумашта (коммивояжер) Давид Кертин ўйлаб топган.
Келин-куёвнинг никоҳ узуги тақишлари қадимги Мисрда яшаган фиръавнлардан қолган удум: ўшанда фиръавнлар тўртинчи бармоқнинг юрак клапанлари билан боғлиқлиги бор, деб ҳисоблашган ва ўша бармоққа узук тақишган.
Келиннинг тўйда оқ либос кийиши Оврупадан кириб келган: бундай либосни биринчи марта 1558 йили қиролича Мария Стюарт қирол Фарнсиско Иккинчига никоҳланганида кийган.
"Гўзаллар танлови" илк марта 1888 йили Белгияда уюштирилган, лекин у пайтда гўзаллар ҳаммага кўз-кўз қилинмаган, уларнинг номи томошабинлардан сир тутилган, улар рисоладагидай кийинтирилиб, ёпиқ машиналарда олиб келинарди. Ҳозиргидай қизларни ярим яланғоч ҳолда кўрикка олиб чиқиш 1951 йил 15 апрелдан Англияда бошланган.
Хоккей ўйини илк бор 1879 йили Канадада дунёга келган, Монреал дорилфунуни талабалари ўша йили хоккей ўйинининг қонун-қоидаларини ишлаб чиқишган. 1890 йили бу қоидалар Чехия пойтахти Прагада нашр этилиб, оммалашиб кетган.
Хоккей шайбасининг айланаси 7,62 см., қалинлиги 2,54 см., вазни 156-170 грамм, уни биринчи бўлиб Канададаги Макгил дорилфунуни талабаси Уилям Роберсон кашф этган.
Одамларга насабнома (фамилия) қўллаш қадимги Римда пайдо бўлган, Русияда эса 1861 йили крепостной ҳуқуқ барҳам топганидан кейингина фуқаролар ўз исм-фамилияларига эга бўлишди.
Биринчи иш ташлаш милоддан олдинги 309 йили Римда Аристос номидаги оркестр раҳбарлари томонидан озиқ-овқат вақтида берилмагани учун амалга оширилган.
Тамакини илк марта машҳур денгизчи Магеллан сафдошлари Кубадан Оврупага олиб келишган, Англияда бошда тамакини искаш, чайнаш урф бўлган.
Амриқолик тарихчи Дэвид Энтони фикрига кўра, от устида юришни одамлар илк марта бундан 5500-5700 йиллар олдин Қора денгиз бўйининг шимолий чўлларида ўрганишган.
Биринчи марта кир совунни қадимги Миср подшоҳининг ошхонасида ишлайдиган хизматкори тасодифан "кашф" қилган.

Аҳмад Муҳаммад Турсун

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин