Саналар
17.11.2017
Баннер
Чўлпон - истиқлол йўлида
PDF Босма E-mail

Чўлпоннинг улуғворлиги шундаки, у XX аср ўзбек адабиётини янги бир поғонага кўтариб, ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва равнақ топишига улкан ҳисса қўшибгина қолмасдан, халқда Ватан, Миллат, Истиқлол тушунчаларининг теран маъно касб этишига ҳам мислсиз даражада катта таъсир кўрсатди. Ўзга сўзлар билан айтганда, у халқда Ҳуррият туйғусини уйғотди, унинг кўзидаги ғафлат пардасини олиб ташлади, унда Ватанга муҳаббат, Келажакка ишонч ҳисларини тарбиялади. Унинг фуқаролик жасорати худди шундадир.

Чўлпон ва Ильминский

Олис даврлардан XX асрнинг бошларига қадар ёш авлод вакиллари Ҳиндистон, Миср, Арабистон сингари мамлакатларга бориб, таҳсил кўрганлар. Аммо замонлар ўзгариши, жамият ҳаётидаги дунёвий фанларнинг роли ошиши билан тарих ўзбек ёшлари олдига янги вазифаларни қўйди. Улар энди нафақат Шарқ, балки Ғарб мамлакатларига бориб, илғор фан асосларини эгаллашлари зарур бўлиб қолди.
1867 йили Туркистонга генерал-губернатор бўлиб кел- ган К.П.Кауфман маҳаллий маориф тизими билан танишгач, Н.И.Ильминскийнинг педагогик тажрибаларидан хабар топиб, уни Тошкентга таклиф этган. Лекин Қозон ўлкасидаги тажрибалари билан Россия маориф нозири Толстойнинг эътиборини қозонган Ильминский Тошкентга келмаган. Аммо у, шу билан бирга, ўзининг "қимматли маслаҳатлари"ни ҳам Кауфмандан дариғ тутмаган. Унинг фикрича, Туркистон халқларини маърифатлаштиришда "рус ғояси"ни четлаб ўтмаслик, аксинча, барча ўқув ишларини рус давлатининг умумий манфаатларига бўйсундириш лозим эди. Ильминский педагогик тизимининг негизини ташкил этган шу фикр, аслида, Кауфманга ҳам бегона бўлмаган. Рус давлати манфаатларидан келиб чиқиб иш юритган Кауфманнинг фикрига кўра, рус алифбосини Россиядаги Шарқ халқлари ёзувига бирорта ўзгартиришсиз киритиш зарур: "бу халқлар, — деган эди у, — давлат тилини ўргана бошлашлари ва рус тили уларнинг ўзаро бирлашишларида восита бўлиши лозим".
Туркистонда рўй бераётган воқеалардан бохабар бўлган Ильминский бу ерга ўқтин-ўқтин ўз фикрларини йўллаб турган. Унинг фикрича, ҳар бир халқнинг тарихида, энг аввало, дин, кейин эса шу диннинг авлоддан-авлодга ўтишини таъминлаб турувчи алифбо етакчи ролни ўйнайди. У ана шу хулосасидан келиб чиқиб, Туркистондаги мактабларда проваслав динини ўқитишга кўпроқ аҳамият беришни тавсия қилган. Кауфманга шу масалада ёрдам бериш учун шогирди Н.П.Остроумовни юбориб, унга ёзган хатларида мусулмон ўқув юртларида ислоҳ ўтказмасликни маслаҳат берган ва "реал маориф халқнинг миллий онгини уйғотади ва чор ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсатига қарши қуролга айланади ", деб ёзган.
1922 йили "Қизил байроқ" газетасида бир ўзбек қизининг Европага ўқиш мақсадида кетгани ҳақида хабар босилган. Чўлпон бу хабардан мутаассир бўлиб, Туркистон халқларининг маърифат чашмаларидан бебаҳра яшашини истаган Ильминскийни эсга олган ва бундай ёзган: "Чор ҳуку- мати вақтида Ички Россия мусулмонларини чўқинтирмоқ ишида Рустами Зол бўлган, бизга маълум Остроумов тўрамизнинг устози саналган машҳур Ильминский чўқинтириш сиёсатининг пири бўлган машҳур Победоносцевга ёзган хатида: "Ерлик халқ орасидан бизнинг учун фойдалик ва ҳеч бўлмаганда, зарарсиз кишилар, у русча тилни тутулиб, уялиб гапира турган, ўрусча ёзганда бир мунча хато билан ёза турган, бизнинг губернатордан эмас, ҳатто устол бошлиғи (мирзо) миздан ҳам кўрқа турган кишилардир ", — деган эди.
Бунга қарши биз рус тили билан эмас, ҳатто Оврупо маданий миллатларининг тили ва билими билан жавоб берсак, одам қатори яшамоққа, албатта, ҳақ ҳозонармиз. Энди бу эзгу ҳаракатга тарихимизда кўра олмаганимиз бир нарса кўшулса, яъни: ўзбекнинг эркин йигитлари эмас, тутқун қизлари ҳам Илъминский васиятига қарши исён бошласа, ўзи учун энг тотли бўлган элидан, ота-онасидан кечиб, минглаб чақирим ерга кетсалар, одам қатори ҳақини туртки емасдан, урилмасдан, сўкилмасдан ўз ҳуқуқимизни ортиғи билан ҳозона оламиз..."
Чўлпон ўз фикрини таг маъноли қуйидаги сўзлар билан якунлаган: "Эски турмуш ўлим тўшагида. Йигитларимизнинг чин билимига қараб бу интилишлари эски турмушни бир оз аввал ерга кўмгусидир". Чўлпон "эски турмуш" тушунчаси остида нафақат чор мустамлакачилиги йилларини, балки умуман ўзбек халқини замонавий илм-фан ютуқларидан олисда қолдирилган даврни кўзда тутмоқда.
Тарих фактлари шундан далолат берадики, Чўлпон хорижий мамлакатларга ўқишга кетган йигит ва қизларимизга "оқ йўл" тилабгина қолмай, балки уларга зарур ҳолларда моддий ёрдам кўрсатиб ҳам турган. Мирмуҳсин Шермуҳамедовнинг "Улуғ Туркистон" газетасида босилган (1917 йил 4 ноябрь) қуйидаги ташаккурномасига шу жиҳатдан кўз ташлаган кишида Чўлпонга нисбатан ҳурмат туйғусининг уйғониши табиийдир: "Бошимга тушган оғир фожиалар сабабиндан, — деб ёзган эди Мирмуҳсин, — бу қиш таҳсилим учун мутлақо ёрдамга муҳтож бўлиб қолган эдим. Мана шул ҳолимни эътиборга олиб, Туркистоннинг очиқ фикрли ёшларидан Абдулҳамид афанди Сулаймоний ила Мирюсуф афанди Мирзаҳамидбоевдан бир миқдор иъона топширилди ва тағида ваъда этилди. Иъона соҳибларининг ҳар бирига чин кўнгилдан ташаккур айтаман. Яшасин шундай ҳимматли ёшлар! Шундай миллий ҳимматгагина таяниб, мен Уфага — "Мадрасаи Олия"га кетдим ".
Чўлпонга нисбатан бундай миннатдорчилик сўзларини Германиядан Абдуваҳоб Муродий ҳам ёзган.
Хуллас, Чўлпон Ильминский сингари шовинизм билан заҳарланган маърифатпарварларга қарши фаолиятининг илк давриданоқ ўзбек халқининг истиқболи учун кураш майдонига отилган.

Феврал инқилобидан сўнг

1917 йил феврал инқилобидан сўнг Туркистондаги рус большевиклари ташаббуси билан Ишчи ва солдат совети ҳокимиятни қўлга олиш учун қатъий кураш бошлади. Маҳаллий зиёлилар ва руҳонийлар ўртасидаги ички низодан фойдаланган большевиклар ўз мавқеларини кун сайин мустаҳкамлаб бордилар. "Шўрои ислом" билан "Шўрои уламо" жамиятлари эса бир-бирларининг тагига сув қуйиш билан машғул бўлди. Агар шу кезларда Марказий Россиядан Мустафо Чўқаев ва Заки Валидий сингари туркий халқлар тақдири билан куюнган кишилар келмаганида, эҳтимол, бу жамиятлар ўртасидаги кураш янада кўнгилсиз натижаларга олиб борган бўлармиди.
Заки Валидийнинг асосий мақсади Бошқирдистонни миллий истиқлолга олиб чиқиш бўлган. Лекин вазият шундай эдики, миллий озодлик ҳаракати Туркистон ва Қозоғистонда кучаймай туриб, Бошқирдистонда Мухторият ҳукуматини барпо этиш мумкин эмас эди. Буни сезган Бошқирдистон марказий совети З.Валидийни Қозоғистон ва Туркистондаги миллий ҳаракатларнинг раҳбарлари билан алоқа ўрнатиш учун юборган. У Туркистонга келгач, М.Беҳбудий, М.Абдурашидхонов, А.Зоҳирий, О.Маҳмудов сингари ўзбек халқининг пешқадам сиймолари билан учрашиб, миллий ҳаракатни кучайтиришга қаратилган ишларни амалга оширган.
Унинг хотиралар китобида шу ҳакда қуйидаги мухтасар маълумотни ўқиймиз: "Беҳбудий, ёш ўзбек шоири Чўлпон, тошкентлик адабиётчи Толибжон, татар Тагир Нўғойкўрғонли, самарқандлик Ҳакимзода ва камина бир қанча шаҳарларда бўлиб, йиғилишлар ўтказдик ва миллий зиёлиларнинг аксар қисмини Туркистон Марказий совети тарафига жалб этдик. Туркистон мустақиллигининг асосий душмани бўлган кадетлар партияси секин-аста маҳаллий аҳолига бўлган таъсирини йўкота бошлади. Биз июннинг бошларига қадар олиб борган жиддий кураш натижасида ҳуррият ғоялари кўпгина вилоятларга кириб борди".
Афсуски, биз бу сатрларда тилга олинган дастлабки истиқлолчиларимиз ва уларнинг кейинги такдири ҳақида бирор маълумотга эга эмасмиз. Лекин бу рўйхатнинг бошида турган Беҳбудий ва Чўлпоннинг Феврал инқилобидан кейинги миллат манфаати йўлида олиб борган фаолиятлари бизда катта қизиқиш уйғотади. Гап шундаки, ўша кезларда тузилган Туркистон Марказий шўросининг ўзбек зиёлиларини ўз атрофига тўплаши, нафақат кадетлар партияси, балки большевиклар ва бошқа сиёсий партияларнинг фаоллигини ҳам сусайтириши, ниҳоят, ўлкадаги сиёсий-ижтимоий вазиятни ўз назоратига олиши мумкин эди. Агар шу мақсаднинг Туркистон халқлари тақдири учун муҳим аҳамиятга молик эканини назарда тутсак, Чўлпоннинг ўзбек ёзувчилари орасида биринчи бўлиб миллий мустақиллик учун курашга жиддий киришгани равшан бўлади.
Давр мураккаб, сиёсий партиялар эса кўп бўлгани учун ўзбек зиёлиларининг бирдан-бир тўғри йўлни танлашлари осон кечмади. Чунончи, Назир Тўрақулов ва унинг издошлари ўша кезларда большевиклар томонига оғдилар. Мунаввар қори, Беҳбудий ва Бухоро жадидлари кадетлар партиясига ҳам, социализм ғоясига ҳам қарши чиқдилар. Низомиддин Хўжаев ва унинг тарафдорлари эса социалистик ҳаракатнинг ўнг қанотига мойиллик билдирдилар. Бу, номлари тилга олинган шахсларнинг қарийб барчаси Чўлпонга руҳан яқин кишилар бўлганлиги учун унинг аро йўлда қолган пайтлари ҳам бўлди. У ўзининг сиёсий фаолиятида халқ манфаатларидан келиб чиқишга уринди.
З.Валидий хотираларида Чўлпоннинг шу даврдаги сиёсий-ижтимоий фаолиятига доир баъзи бир чизгилар мавжуд. У, хусусан, Феврал инқилобидан кейинги дастлабки кезларни назарда тутиб, бундай ёзган: "Мен бир-бирига садоқатли, самимий дўстларни орттирдим. Дўстона суҳбатлар пайтида айтганим аксар фикрлар, кўп ўтмай, маслакдош ва елкадош дўстларимнинг шеър ёхуд макрлалари шаклига кириб, янги ҳаёт кечира бошлади. Шоир Чўлпон турк халқининг сайлов ҳуқуқлари учун олиб борган курашимиз тўғрисида гўзал бир достон ёзди ".
З.Валидийнинг бу сўзларида тилга олинган достон, чамаси, ўз вақтида эълон қилинмагани учун бизга етиб келмаган. У, юқорида айтиб ўтилган йиғилишларда митингларда ўқилган.
З.Валидий Туркистонда орттирган маслакдошлари тўғрисида сўз борганда, биринчи навбатда, кўпинча Чўлпонни ёдга олган. Улар ўртасидаги узоқ давом этган дўстона муносабатлар ҳам бу икки сиймонинг маълум даражада сирдош бўлганидан дарак беради. Агар шу нарсани кўзда тутиб, З.Валидий берган қуйидаги маълумотни ўқисак, Туркистонда 1917— 1923 йилларда миллий истиқлол учун олиб борилган ҳаракатнинг сирли томонларидан парда кўтарилгандек бўлади:
"Дўстим Убайдулла Хўжаев, — деб ёзган у, — юрист сифатида бундай маслаҳат берди: "Таъсис мажлисига сайловлар тўғрисида модда киритилиши мумкин. Бирор жойни сотиб олсанг бўларди ". Мен унинг гапига кириб, Тошкент яқинидаги Оҳангарон дарёси ёқасида жойлашган Облик, қишлоғидан чорбоғ сотиб олдим. Чорбоғ ажойиб бир ерда жойлашган бўлиб, ундан Чотколнинг корли чўққилари кўриниб турарди. 1917 йилда менга бу жойда бўлиш насиб этмади, аммо 1922 йили босмачилик ҳаракатига қўшилганларидан кейин Бошқирдистондан келган йигитларимиз шу уйда ойлаб яшашди.... "
Агар тахминимиз тўғри бўлса, Чўлпон Таъсис мажлисига аъзо бўлиш учунгина эмас, балки зарур бўлиб қолганда яшириниш учун сотиб олинган бу чорбоғдан хабардор бўлган. Демак, айтиш мумкинки, унинг миллий озодлик- ҳаракатидаги иштироки фақат шеър ва достонлар ёзиш, ватандошларини истиқлолчилар атрофига яқинлаштиришдангина иборат бўлмаган. Бу тахминимизни 3. Валидийнинг қуйидаги сўзлари ҳам тасдиқлайди:
"Биз умумрусия миқёсидаги сиёсий ишларда социалистлар билан бирга ҳаракат қилганимизни ҳеч қачон яширмаганмиз. Ўша пайтда биз миллат ва социализм ғояларига хизмат қиладиган эркин социалистик партияни туза бошлаганмиз. Бизнинг ниятимизга кўра, бу партия барча Шарқ халқларини бирлаштириши лозим эди. Унинг ташкилотчилари эса қозоқлар томонидан Алихоннинг тарафдорлари, шунингдек, маслакдошларимиз ўзбек Низом Хўжаев, шоир Чўлпон, бухоролик Абдулҳамид Орипов эдилар ".
3. Валидийнинг бу сўзларига қараганда, Чўлпон Феврал инқилобидан кейинги дастлабки йилларда ижодий ишлари билан бирга Россия тасарруфидаги мусулмон халқларнинг бирлашиши йўлида ҳам қизғин фаолият олиб борган.

Чўлпон ва Мухторият

Тарих миллари 1917 йилга келиб, катта шиддат билан ҳаракат эта бошлади. Феврал инқилобидан кейин икки-уч ой ўтмасдан, Москвада бутун- иттифоқ умуммусулмонлар қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой қарорлари Туркистонда мавжлана бошлаган сиёсий ҳаёт елканига кучли шамол бўлиб урилди. Июл ойининг ўрталарида Фарғона шаҳрида ўтган вилоят мусулмон ташкилотларининг қурултойида "Турк адам марказият" партияси тузилди. З.Валидий "эркин социалистик партия" деб атаган бу сиёсий ташкилот ўз олдига қатор демократик тадбирларни амалга оширишни вазифа қилиб қўйди.
Чўлпоннинг бу партия аъзоси сифатида олиб борган фаолияти тўғрисида архив материалларида бирорта маълумот учрамайди. Лекин Чўлпоннинг Туркистон Мухторият ҳукуматининг ташкил топишига алоқадор эканлиги, унинг бу ҳукуматини олқишловчи "Озод турк байрам" шеърини ёзганлиги ва бу шеърнинг мухторият мадҳияси ўлароқ халқ оммаси томонидан куйланганлиги тасодифий ҳол эмас.
Тошкент большевиклар қўлига ўтгач, 26 октябр куни Қўқонда IV Фавқулодда ўлка мусулмонлари қурултойи ўз ишини бошлади. Уч кун давом этган қурултой Туркистон Мухторият ҳукумати тузилганини эълон қилди. Шу тарихий куннинг эртасига шаҳарда ўтказилган митингда Чўлпон сўзга чиқиб, "Оллоҳу акбар" деган Мухториятга бағишланган шеърини ўқиди. Шеърнинг ҳар бир сатридан кейин кўп минг кишилик митинг Чўлпон билан бирга "Оллоҳу акбар" деб Туркистоннинг ҳурриятга эришганига шукроналар айтди. Шоир қаламига мансуб "Озод турк байрами" шеъри эса юзлаб нусхаларда тарқатилиб, турк шарқийлари сингари куйланди ва халқнинг руҳига руҳ, ишончига ишонч қўшди. Шеърнинг "Турк бешиги -Туркистон, ери олтун, тоғлари кон! Болалари қаҳрамон, Ватан учун берур жон!" деган сўнгги сатрларини куйлаган халқ Мухторият учун жонини ҳам беришга қасамёд этди.
Туркистон Мухторияти кенг халқ оммаси томонидан қизғин кутиб олинганига қарамай, 1918 йил февралининг иккинчи ярмида советларнинг яхши қуролланган қўшинлари томонидан тор-мор этилди. Шундан кейин Чўлпон, З.Валидийнинг таклифи билан, Оренбургга кетди.
"Оренбургга келиб улгурмасимиздан биз давлат қурилиш ишига киришдик, — деб хотирлайди З.Валидий. — Ҳукумат раиси адвокат Юнус Бикбоев ва профессор Кулаев шу иш билан шуғулланди. 1917 йил декабрида бўлиб ўтган Учинчи Умумбошқирд курултойи йигирма икки кишидан иборат кичик шўро (парламентолди кенгаши) ни сайлади. Биз уларни Оренбургга йиғиб олгач, улар адлия ишлари билан машғул бўлдилар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон бошқарувига оид қонунларни қабул қилдилар. Гарчанд уларнинг ишлари фавкулодда мураккаб шароитларда кечган бўлса-да, менинг барча йиғилиш ва муҳокамаларда иштирок этишимга ҳожат бўлмади. Улар менга: "Ўз ишинг билан шуғуллан, бошқасини бизга кўйиб бер", дейишди ва мен қўшинни тўплаш ҳамда ички ишлар билан бевосита шуғулландим. Бу кишилар бизнинг ишимизга қандай фидойиларча берилган эдилар!".
З.Валидий Оренбургга ўзи билан бирга борган туркистонликлар тўғрисида бундай маълумот берган:
"Қўқонда барпо этилган ва Советлар томонидан февралда (1918 йил феврали назарда тутилмокда — Н.К.) тарқатиб юборилган Туркистон миллий ҳукуматининг баъзи бир аъзолари: Убайдулла Хўжаев, шоир Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон), кейинчалик Бухорода ҳарбий нозир бўлган Абдулҳамид Орипов, Тошкент вакилларидан Мирмуҳсин, Хива ва Бухородан келган айрим кишилар ҳам шу ерда эдилар. Абдулҳамид Орипов ташқи ишлар билан шуғулланди, у шоир Абдулҳамид Сулаймон билан бирга менинг котибим эди ".
Модомики, Мухторият ҳукуматининг аъзоси Убайдулла Хўжаев ҳам, Мухториятга бағишланган мадҳиясида "Туркистонли — шонимиз, туронли — унвонимиз, Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!" деб ёзган Чўлпон ҳам, бошқа туркистонликлар ҳам, шу вақтда З.Валидийнинг ёнида бўлган эканлар, демак, улар Оренбургга Туркистон Мухторияти тор-мор этилганидан кейин борганлар. Тахмин қилиш мумкинки, улар ўзларининг Бошқирдистон миллий ҳукуматини барпо этишга қаратилган фаолиятларида Туркистон Мухторияти томонидан йўл қўйилган хатолардан сабоқ олишга ҳаракат қилганлар.
З.Валидий ўз гуруҳи олиб борган ишлар тўғрисида яна қуйидаги маълумотни берган:
"Бизнинг Самара ҳукумати, Ўрол казаклари ва Қозоғистон билан бирга амалга оширганимиз дастлабки муваффақиятли иш ахборот тўплашдир. Биз ўз агентларимизни олдиндан мўлжалланган жойлар — Уралск (Теке), Хон ўрдаси, Астрахан губернияси, Гурев (Уйшуқ), Ғарбий Сибирдаги Омск, шунингдек, советлар назорати остидаги Орск, Актюбинск ва Тошкентга юбориб, қисқа муддатда ўз разведхизматимизни вужудга келтирдик. Бу ишларга Орипов раҳбарлик қилди. Бизнинг миллий шоирларимиз Саитгарей Магаз, Шайхзода Бабич, ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон, ёш қозоқ журналисти Беримжон ва бир ўқимишли шоира қиз бу шаҳарларда яширин жойларни ташкил этдилар ва бу жойлар Оренбургдаги марказни ғоят ҳимматли ахборот билан таъминлаб турди ".
З.Валидий генерал Дутов қисмларида бундай шошилинч ахборотни тўплаш ишлари яхши йўлга қўйилмагани ва бу нарса унинг ҳарбий операцияларига салбий таъсир ўтказганини айтиб, Тошкентда рўй бераётган воқеалар ҳақидаги маълумотлар тинимсиз равишда Қозоғистон орқали етиб борганини алоҳида таъкидлаган.
Шундай қилиб, Чўлпон Бошқирдистон миллий ҳукуматининг Туркистондаги вазиятга оид шошилинч маълумотлар билан таъминланишида иштирок этган. Агар З.Валидийнинг юқоридаги сўзларига теран назар ташласак, Туркистон Мухториятининг мағлубиятидан кейин Оренбургга йўл олган туркистонликларнинг Қозоғистонда тўхтагани ва маҳаллий истиқлолчилар билан учрашгани маълум бўлади.
Бугун биз Октябр тўнтаришининг дастлабки кунларида нафақат Туркистон, балки Россия тасарруфидаги бошқа мусулмон ўлкаларида ҳам миллий ҳукуматларни барпо қилишга қаратилган уринишлар бўлганини биламиз. Кейинги йилларда бизга яна шу нарса маълум бўлдики, Россия тасарруфида яшовчи мусулмон халқларнинг истиқлол- севар фарзандлари ўша кезларда Туркий республикалар федерациясини ташкил этиш фикрида бўлганлар. Бу федерацияга, биринчи навбатда, Туркистон, Қозоғистон ва Бошқирдистон миллий ҳукуматларининг кириши кўзда тутилган. Чўлпон 1917—1918 йилларда ана шу ғоянинг рўёбга чиқиши йўлида фаолият олиб борган.

Шарқ халқлари қурултойи

Туркистон Мухториятидан кейин Бошқирдистон ва Қозоғистон миллий ҳукуматлари ҳам большевиклар томонидан тугатилди. Улар туркистонлик мухториятчиларни таъқиб этибгина қолмай, Фарғона водийсида яшовчи аҳолини ҳам хонавайрон қилдилар. Туркий халқларга нисбатан аламзада бўлган дашноқлар водийдаги ўнлаб қишлоқларни қонга ботирдилар. Чўлпон, шубҳасиз, большевикларнинг ўз давлатларини минглаб кишиларнинг қони ва жони эвазига барпо этаётганларига тинч қараб тура олмади.
1919 йили у "Юриш марши" деган шеърини ёзиб, Турон ўғлонларини қиличини қинга солмай, она ватанни озод этишга чақирди. Бугун сарлавҳаси бир оз ғалати туюлган "Қизил байналмилал" (1919) шеърида эса бундай сатрларини ёзди:

Шарқ эллари асир каби ишларлар
Бир ҳовуч ҳам келмайдиган халқ учун...
Шарқ элига қутулишга йўл йўқми,
Унга ҳеч ким шафқат кўзин солмасми?
Ғарблилардан инсоф, виждон ҳеч йўқми,
Бирор қувват бу зулмни олмасми?

Шоир шу сатрлардаги "Шарқ эли" сўзлари остида фақатгина ўзбек халқини кўзда тутмаган. Ўша йилларда ўзбек халқи билан бирга туркий халқлар ҳам, Англиянинг исканжасида яшаган ҳиндлар ҳам "бир ҳовуч ҳам келмайдиган" халқ учун асирлар каби ишламоқда эдилар. Шунинг учун у шу халқларнинг бирлашишини астойдил орзу қилди.
1920 йилнинг 1—5 сентябрь кунларида Бокуда Шарқ халқлари қурултойи бўлиб ўтди. Чўлпон ва унинг маслакдош дўстлари бу қурултойдан кўп нарсани кутган эдилар. Лекин Сталин раҳбари бўлган Миллий ишлар халқ комиссарлиги ва Мусулмон коммунистларнинг марказий бюроси бу қурултой ишини қаттиқ назорат остига олиб, Шарқ халқлари вакилларининг большевиклар зулми ва тузумига қарши бирлашишига имкон бермади. Чўлпон қурултой ишида таржимон сифатида иштирок этди.
Қурултойнинг Шарқ халқлари вакиллари учун эътиборли жиҳати Анвар Пошанинг иштироки эди. Туркистонда айниқса машҳур бўлган бу зотга гарчанд қурултойда сўз берилмаган бўлса ҳам, миллий делегациялар, биринчи навбатда, у билан учрашишга интилдилар. Шундай учрашувлардан бири Каспий денгизи бўйларида жойлашган бир уйда бўлиб ўтди.
"Кунларнинг бирида, — деб ёзади Мунаввар қори Абдурашидхонов, — биз Анвар Пошанинг доғистонлилар билан араб тилида суҳбатлашиш учун шу уйга келишидан дарак топдик. Биз ҳам етиб бордик... Орадан бир мунча вақт ўтгач, чиндан ҳам, Анвар Поша пайдо бўлди ва биз билан ўн беш дақиқа суҳбатлашди ".
Мунаввар қори бу сўзларни 1929 йилда ҳибсга олинганидан кейин тергов учун ёзиб берган. Шунинг учун ҳам у Анвар Поша билан қанча вақт ва нима тўғрисида сўзлашгани масаласида аниқ бир гапни айтмаган. Аммо шу нарса маълумки, Анвар Поша қурултой кунларида Туркистон, Бухоро, Хива, Афғонистон ва Эрон вакиллари билан махфий учрашувлар ўтказган. Чўлпон ана шундай учрашувларда қатнашиб, Анвар Поша билан танишган. Анвар Поша Чўлпонда хайрихоҳлик туйғуларини уйғотган. Унинг туркий халқларни яқинлаштириш ғояси ўзбек шоирларига бегона эмас эди. Шарқ халқлари қурултойига катта умидлар билан борган, қурултой бошлангунга қадар Каспий денгизи бўйларида юриб, гўзал юлдузлар билан суҳбатлашган ва уларга "Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла Оталарнинг тарихдаги хатосин; Шул хатодан осуфланиб, ёвларнинг Эл кўксида сурган ишрат, сафосин. Сўзла, англат ўтгандаги турмушнинг Бутун қонлик, шонлик, жонли ерларин. Кўз олдимда жилваланар юрт учун Жонлар бериб, крнлар тўккан эрлари...", деб ёзган Чўлпон қурултойдан эмас, Анвар пошадан кўпроқ умид кутди.
1937 йил 10 августда бўлиб ўтган тергов қайдномасида бундай маълумот билан танишамиз:
"1920 йили Бокуда Шарқ халқлари қурултойи ўтказилди, унда Салимхон Тиллахонов, Наби Рискулов, Ғози Юнусов, Мунаввар қори, Обид Чатоқ, Жўрабоев, мен ва бошқа пантуркистон арбоблар қатнашдилар Делегацияга Рисқуловнинг ўзи раҳбарлик қилди. Қурултой пайтида Рискуловнинг яқин сафдошлари — Файзулла Хўжаев ва Норбўтабеков Совет ҳокимияти ва Коммунистик партия сиёсатига қарши қаратилган саҳнаорти ишини олиб бордилар. Улар "қизил генералларингизни олиб кетинг! "— деган шиор билан чиқдилар. Аммо қурултойда уларнинг сўзлари ўтмагач, Туркистон делегацияси "доҳийлари " Рискулов раҳбарлигида тўпланиб, Совет ҳокимиятига қарши курашни авж олдиришга киришдилар, "босмачилик" кучларини ташкил этиб, бу ҳаракат орқали очиқдан-очик, пантуркистик ташкилотнинг курултойдан кейин қабул қилинган қарорини амалга оширдилар ".
Шубҳасиз, НКВД томонидан тайёрланган ва қийноқ остида қўл қўйдириб олинган сўроқномаларга танқидий қараш, уларда келтирилган фактларни бошқа ҳужжатлар билан қиёслаш ва шу тарзда ҳақиқатнинг олтин зарраларини топиш лозим. Юқорида келтирилган парчанинг ҳам НКВД ходимлари томонидан "ижод қилинганлиги" яққол сезилиб туради. Аммо шу билан бирга, назаримизда, унда ҳақиқат учқунларида йўқ эмас. Чиндан ҳам, қурултойнинг коммунистик рухда кечганлигини кўрган Туркистон делегациясининг илғор қисмида, шу жумладан, Чўлпонда большевиклар зулмидан қутулиш ва мустақилликка эришишнинг бошқа йўлларини ахтариш истаги пайдо бўлган. Улар Мухторият тугатилганидан кейин вужудга келган ва секин-аста куч ола бошлаган "босмачилик ҳаракати"да ана шу йўллардан бирини кўрганлар.
Ўша кезларда Англия меҳнаткашлари ўртасида ғалаён кўтарилиб, давлат сиёсий машинаси тебраниб қолган. Жаҳон харитасида юз бераётган воқеаларни синчков назар билан кузатган Чўлпон эса "Улуғ Британиянинг бу кунги ҳокимият"ига деган шеър ёзиб, уни бундай сўзлар билан тугатган:

Мазлумлар эзилган, хор бўлганларнинг
Ғазаб оловлари бир кун туташар!
"Интиқом! Интиқом!" — деган наъралар
Тўлқиндай қутуриб, Темзадан ошар.
Ўшанда Темзанинг сувлари қадар
Қутуриб ошишлик бизда ҳам бўлар.

Бу сатрлар билан сўроқ қайдномасидаги Совет ҳокимиятига қарши кураш ҳақидаги сўзлар ўртасида муайян яқинлик бордек туюлади.

Боши берк кўчаларда

Бухоро Халқ Совет Республикаси барпо этилгач, Чўлпон, чамаси, Файзулла Хўжаевнинг таклифи билан "Бухоро ахбори" газетасига муҳаррирлик қилиш учун Бухорога боради. Бу вақтда Бухоро амирини ағдаришда жадидларга ёрдам берган Фрунзе қўшинлари ва, умуман, Совет ҳокимиятининг ғаразли нияти ошкор бўлган эди. Шунинг учун ҳам, республика раҳбарлари ўртасида большевиклар таъсиридан халос бўлиш истаги шаклланаётган эди. Лекин большевиклар республика раиси Файзулла Хўжаев билан Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Мирза Абдулқодир ўртасига пона қўйишга улгурган ва бу пона раҳбариятни икки гуруҳга ажратаётган эди.
"Барча Бухоро жадидлари, — деб ёзади шу кезларда Бухорога келган 3. Валидий, — амирни ағдариш учун олиб борган курашларида руслар билан бирлашдилар. Аммо улар Русия босқинчилик ҳокимиятининг чексиз-чегарасиз бўлишига қарши эдилар. Уларнинг шу масаладаги бирдамлиги ҳар қандай мақтовга сазовор эди.
Улар оқшомлари мени уйларига меҳмонга таклиф қилиб турардилар. Бироқ улар ўзаро ҳар доим ҳам аҳил бўлмаганлари учун, тағин бирортаси русларга гуллаб қўймасин, деб ташвишланар эдим...
Бизнинг асосий вазифамиз ағдариб ташланган амирга қарши курашни давом эттириш ниқобида Бухоро миллий армиясини ташкил этиш ва Хива, Туркманистон, Қозоғистон вакилларини чақириб, "Туркистон миллий иттиҳоди " ташкилотини тузиш эди. Биз шунга тайёрланар эканмиз, июн ойининг бошларидаёқ Бошқирдистондан Қозоғистоннинг барча бурчагига, Ғулжадаги японларга, Фарғона водийсидаги босмачиларнинг таниқли раҳбарларига одамлар юбордик ".
"Биз қозоқларнинг "Алаш Ўрда кўмитаси " аъзолари ва туркман зиёлиларини ҳам Бухорога таклиф этдик, — деб давом этади 3. Валидий, — уларни Бухоронинг шимол томонида жойлашган Харгуш қишлоғидаги бир хўжаликда кутиб олдик... Бошқирдистондан келган... офицерларимиз Бухородаги ҳарбий идораларда юқори лавозимларга жойлашиб олишди. Қарши, Шаҳрисабз, Ғузор, Карманада жойлашган ҳарбий қисмлар (яъни марказий ҳарбий қисмлар) шу офицерларнинг назорати ва таъсири остида бўлди... Бизнинг мақсадимиз қуйидагича эди: агар руслар бизга миллий қўшинларни қонуний равишда тузишга имкон беришмаса ёхуд биз тузаётган қўшинларни тарқатиб юборишса, босмачиларга қўшилиб, умумий курашни бошлаймиз... "
З.Валидий Чўлпоннииг бу яширин ҳаракатдаги иштироки тўғрисида бирор сўз айтмаган. Айтмагангина эмас, ҳатто Чўлпондан қочиб-яшириниб ҳам юрган. Унинг назарида, рус айғоқчилари билан тўлган шаҳарда шоирона кайфият соҳиби бўлган Чўлпоннинг бу ҳақда гуллаб қўйиши мумкин эди. Аммо шунга қарамай, ўша кезларда Харгушда истиқомат қилган Чўлпоннинг чор атрофда рўй бераётган воқеалардан, Мухтор Авезов сингари ёзувчиларнинг келаётганидан хабарсиз бўлганига ишониш қийин. Қолаверса, унинг сиёсий вазиятдаги ўзгаришларни, Бухоро республикасининг советлашиб бораётганини сезмаслиги мумкин эмас. Зеро, у ҳали Бухорога бормай турибоқ, 1921 йил мартида, "Чақиргувчи, ўкиргувчи бир товуш Ботирларнинг жон сўраган товшидир. Йиқитувчи, ағдарувчи қўзғалиш яқиндаги зўр курашнинг бошидир ", деб ўзининг "босмачилик" ҳаракатига хайрихоҳлигини ошкора айтган эди. Орадан бир неча ой ўтгандан кейин, Фарғона водийсида рўй берган даҳшатларни ўз кўзи билан кўрганидан сўнг эса "Бузилган ўлкага" шеърини ёзган ва бундай ҳайқирган эди:

От минганда қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучгувчи,
От чопганда учар қушни тутгувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси — сор бургутлар қаерда?..

Чўлпон бундай оловли сатрлари билан азамат йигитларни большевиклар ҳокимиятига қарши курашга чақирган, уларни босмачилар сафига келиб қўшилишга ундаган эди.
Хуллас, Чўлпоннинг ҳам, З.Валидийнинг ҳам ташвишлари бежиз оловланмади. Большевиклар турли-туман баҳоналар билан БХСРнинг аксар раҳбарларига турли айблар қўйиб, уларни бадном эта бошладилар. Фитрат ҳибсга олишларидан қочиб, Тошкентга келди. У билан қарийб бир пайтда Чўлпон ҳам Бухорои шарифни тарк этди.
Чўлпон Ф. Хўжаевнинг таклифи билан Бухорога борганида, тошкентлик дўст-ёрлар уни курашдан қочишда айблаган эдилар. У бундай кайфиятдаги ўртоқларига жавобан "Мен қочмадим" деган шеърини ёзиб, унда, жумладан, бундай деган эди:

Мен қочмадим! Нега мени "қочди", деб
Йўқга мунча шовқин-сурон қилдингиз?
Қучоғини "ўзлиги"га очди, деб
Оқ исмимга қора занжир илдингиз?

Мен "ўзлик"дан кўпдан бери узилиб,
"Кўплик" ичра ботиб кетган танамен.
У "кўплик"нинг қайғусидан чўзилиб,
Қулоч отиб, сузиб юрган яна мен.

Мен янгилар ўлкасидан синмаган
Бир қанотни тақиб олиб қўзғалдим.
Шу йўлимда япроқлари сўнмаган
"Ёш ёғоч"нинг соясида тўхталдим.

Чўлпон бу шеърн билан аввалги эътиқодидан қайтмаганини айтиб, "ёш ёғоч" — Файзулла Хўжаевнинг соясида миллий истиқлол учун кураш олиб боришини маълум қилган эди. Лекин бу "ёш ёғоч"нинг япроқлари, кўп ўтмай, тўкила бошлади. Унинг ўзи ҳам ана шу япроқлардан бири ўлароқ тўкилиб, Тошкентга қайтди.
У Тошкентга қайтар экан, поезд Ўрта Осиё темир йўлининг Жумабозор бекатида тўхтаганида, "Юпанмоқ истаги" деб номланган шеърини ёзади. 1922 йилнинг 9 июнида қоғоз бетига тўкилган қуйидаги сўзлар Чўлпоннинг кўнглидаги умид ниҳоли сўнмаганидан дарак беради.
Мана, ўша сатрлар:

Денгизлар қайнаса, тошса сувлари
Кесилса йўлчининг истак йўллари,
Денгизга айланса ўнг ва сўллари,
Балки юпатгуси ҳўлланган кўзлар?..

Ўйланган йўлларга кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар: бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғиллар...

Чўлпон шуурида қандай қутлуғ ниятлар туғилган, бошида қандай олижаноб ўйлар чарх урган бўлмасин, шоир кўнгли фақат бир нарсадан — Туркистон ўғлонларининг гугурт чақиб, тунни ёритишларидан мунаввар бўлиши мумкин эди. Чўлпон Анвар Пошани ана шундай ўғлонлардан бири, деб билди. Фалакнинг гардиши билан Бокудан Бухорога бутунлай бошқа мақсадда келган Анвар Поша Туркистонда бошланган миллий озодлик ҳаракатига тасодифан қўшилиб, ўша йил август ойининг бошларида сон жиҳатидан бир неча баравар катта рус армиясига қарши курашмоқчи бўлди. 4 август куни Балжуван яқинида бўлган қаҳшатқич жангда беш жойидан ўқ еб, ҳалок бўлди. Бу саркардага катта умид боғлаган Чўлпон астойдил қайғуриб, "Балжуван" шеърида: "Фарёдим дунёнинг борлиғин бузсин! Умиднинг энг сўнгги ипларин узсин!" — деб қайғу ва аламларини ифодалади.

Чўлпон ва "Дархон"

1923 йили Ўзбекистон ҳукумати босмачилик ҳаракатини тугатиш мақсадида "Дархон" газетасини ташкил этган. "Туркистон" газетасининг муҳаррири Абдулҳай Тожиев, Чўлпон ва Босит Қориев (Олтой) Андижонга бориб, "Дархон" газетасини чиқарганлар. Мутахассисларнинг уқтиришларига кўра, Анвар Пошанинг ўлимидан кейин босмачилик ҳаракати бир қадар сусайган ва пароканда ҳолга келган бўлиб, унинг давом эттирилиши тинч аҳолини ҳам, "босмачи"ларнинг ўзларини ҳам ҳалокатга олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун, уларнинг айтишларича, Чўлпон бу нозик ишга аралашишдан воз кечмаган. Лекин шунга қарамай, у қаердадир ўз виждонига қарши иш тутган ҳисоблаб, қаттиқ изтироб чеккан.

Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен,
Ҳар амал, ҳар ишни "ҳақ", деб борамен,
Вазминим қолмади бир узун қилча,

деб нола қилган у "Сомон парча" шеърида. Ҳатто шу шеърни қуйидаги бадбин хулоса билан тугатган:

Кирмаймен кўчанинг боши беркига,
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига...

Бундай сатрларни ўқиган китобхоннинг Чўлпон дунёқараши ва фаолиятида кескин ўзгариш юз берганига ишониши мумкин, албатта.
Лекин сўроқ қайдномаларини ўқир эканмиз, баъзи бир фактлар бизни ўйлантирмай қўймайди. Чунончи, Чўлпон юқорида номлари қайд этилган ҳамроҳлари билан бирга Андижонга боришдан аввал Қўқонда Обиджон Маҳмудовнинг уйида меҳмон бўлганларини эслаб, бундай деган: "Фарғонада бўлган пайтимизда Обид чаток, Маҳмудовнинг уйида Абдулҳай Тожиев, мен ва Босит Қориев кенгаш ўтказдик. Шунда Обид чаток, НЭП жорий этилгани учун босмачиларга ҳарши ҳеч қаидай тадбир-чорани кўллаш керак эмас, зеро, босмачилик ҳаракати ўз-ўзидан тугайди. Босмачилик — Совет ҳокимиятининг зулмга асосланган сиёсати натижаси. Модомики, НЭП бу зулмга чек кўяр экан, омма босмачиликдан юз ўгиради. Абдулҳай Тожиев ҳам Обид чатоқнинг далилларига кўшилди... "
Бу сўзларни ўқир эканмиз, уларнинг НКВД ходими томонидан бичиб-тўқилганига ишонгинг келмайди, киши!
Яна шу қайдномада қуйидаги маълумотларга ҳам дуч келамиз. Чўлпон терговчининг саволларига жавоб бериб, бундай деган: "1922—1923 йилларда пантуркистлар ташкилоти қуролланган босмачи-исёнчи кадрларни сақлаб қолиш мақсадида босмачилик ҳаракатини секин-аста тугатмоқчи бўлди. Кунларнинг бирида Рискулов мени ҳузурига чақириб, Мунаввар крри ва Заҳириддин аъламнинг олдига боришим ва улардан Фарғона водийсидаги босмачиларга мурожаатномани олиб, унга келтириб беришимни сўради. Мен Мунаввар қори билан Заҳириддин аъламнинг уйларига бир неча маротаба бордим, лекин мурожаатнома тайёр эмас эди. Ниҳоят, уч-тўрт кун ўтгандан кейин мен Рискуловнинг кўрсатмаси билан тузилган мурожаатномани Заҳириддин аъламдан олиб, Рискуловга келтириб бердим. Бу мурожаатноманинг мазмуни босмачиликни тинч йўл билан тугатиш ва босмачи-исёнчи кучларни келажак учун сақлаб қолишга қаратилган эди ".
Сўнгги жумланинг НКВД ходимлари томонидан таҳрир қилингани яққол кўриниб турган бўлса-да, бу парчада ҳам ҳақиқат уруғлари бордек туюлади. Ҳаттоки, назаримизда, миллатпарвар кишиларнинг босмачи кучларни келажак учун сақлаб қолиш мақсадида бу ҳаракатни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганлари сезилиб турибди.
Хуллас, Чўлпоннинг "Дархон" газетасидаги фаолияти унинг чекиниши, "сомон парча"га айланиши эмас, балки вазиятга тўғри баҳо беришининг натижаси эди.

Тилак йўлида

1921 йилнинг наврўз куни эди. Чўлпон Тошкентда яқин дўст-ёрлари билан қутлуғ айёмни қарши олиб, гурунг қуради. Бу гурунг иштирокчилари орасида кимлар бўлгани номаълум. Лекин шу нарса аниқки, суҳбат мавзуи миллий истиқлол учун кураш масаласига бориб тақалганида, кимдир бу курашнинг бирор натижа билан тугашига шубҳа билдириб, советлар билан ҳамкорлик қилишни таклиф этади. Чамаси, гурунгда ҳозир бўлган кишиларнинг аксари бу фикрга қўшилади. Фақат бир кишигагина бу фикр ёқмайди. Бу, Чўлпон эди. У шу куни дўст-ёрлари билан хайрлашиб кетгач, "Тилак йўлида" деган шеърини ёзади. Сарлавҳадан кейин "Чарчаганларга" деган бағишлови бўлган бу шеър қуйидаги сатрлардан иборат:

Кетган йўлим тўғри йўлдир, кетамен,
Қандай тўсиқ-моне бўлса, ўтамен.
Мен кетамен, тилак, дея кетамен,
Ҳеч тилаксиз қуруқ танни нетамен?

Тилак йироқ, ёғдуси-да кўринмас,
Ой кетармен, йил кетармен, етилмас,
Туйғум унинг изларига урилмас,
Бу йўлларда балки шафқат этилмас.

Яна "тилак", "тилак", дея кетармен,
Бир жон экан, майли, қурбон этармен!
Чўлпон шу шеърида ифодаланган ваъдасига содиқ қолди. У ўз тилаги ортидан кетиб, ширин жонини истиқбол ва истиқлол йўлида қурбон қилди.

Наим Каримов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин