Саналар
29.03.2024
Баннер
Фарғона қўрбошилари
PDF Босма E-mail

Ўзбекистонда олиб борилган қатағонда фаол иштирок этган ва кўплаб бегуноҳ ватандошларимизнинг ёстиғини қуритган кимсалардан бири Г. Агабековдир. Францияда чоп этилган «Ёш Туркистон» журналининг 1930 йил 11-сонида унинг Шермуҳаммадбек ҳақидаги бўҳтон ва маломатларга тўла мақоласи босилган. Журнал ҳайъати, афтидан, бу мақолани советларнинг «босмачилар»ни фош этиш мақсадида хорижда тарқатилган бирор нашридан олган ва Шермуҳаммадбекнинг унга раддия ёзишига умидвор бўлган. «Биз, — дейилади ҳайъатнинг шарҳида, — ҳақиқий Туркистон миллатчиси бўлган Шермуҳаммадбекнинг бу чекистлар томонидан унинг устига отилмоқда бўлган доғни тозалаб олажагига инонамиз».
Кўп ўтмай, Шермуҳаммадбек Агабековнинг туҳматномасига жавобан Кобулдан ўз раддиясини йўллаган.
«Мана энди, — дейилади журнал ҳайъатининг навбатдаги шарҳида, — Шермуҳаммадбек ўз раддиясини юбориб ўтирибдур. Бу раддия бўлмаса ҳам бизнинг Шермуҳаммадбекка раддияси ила большевикларнинг шайтонлигини яна бир дафъа ортуқ майдонга чиқарғон бўладур».
Журнал шу шарҳ билан Шермуҳаммадбекнинг Кобулдан йўллаган хатини чоп этади. Қуйида ушбу хат матнини айнан келтирамиз:
«Севикли афандилар!
Чин кўнгилдан қайнаб чиққан арз ила ихлос-ҳурматларимни қабул этингиз. «Ёш Туркистон» журналида бурунги чекистлардан Оғабековнинг хотираларида меним устимга айтилгон кир бўҳтонни ўқиб, жуда ўкиндим ва бу журналнинг ўз пайтида менга келиб етмаганига кўп қайғурдим.
Тангри ярлақасин, шу кунларда муҳтарам муфти Садриддинхон ҳазратларининг Кобулга келиб чиқишлари журналнинг бу масала ила алоқадор сонини ўқиб чиқишимга сабаб бўлди. Шу пайтдаёқ қўлимга қалам олиб, ўзимнинг миллий муқаддас вазифамни бажаришга, устимга ҳақсиз отилган қора туҳматни итқитиб ташлашга қарор қилдим.
Истакли афандилар! Бизнинг миллий ва эзгу вазифаларимизни онглатиб, чизиб ўтишларингизга чин юракдан миннатдорлик қиламан. Тўғри, Туркистоннинг ҳур тирилиши учун кўкрагини кериб, курашиб ўлган мингларча Туркистон шаҳидларининг муборак қонлари масъулияти устимизда эканлигини биз, мужоҳидлар, сира унутмаймиз.
У муҳтарам шарафлик шаҳид туғонларимизнинг қонлари бизни бундай кир манжус тузоққа илинмаслигимизни амр этади. Оё бу кунларда большевикларнинг мингларча миллат ходимларимизни ноҳақ ўққа тизиб турғон қандай бир виждонсиз хоин уларнинг кўмагига қўл узатади экан?..
Мен Оғабеков ва унинг манжус идораси ГПУ вакиллари билан ҳеч вақт ҳеч қандай ерда кўришмадим. Пул ҳам олмадим, ҳақимдаги сўзларнинг бошдан-оёқ қип-қизил ёлғон эканини очиқ-ойдин эълон қиламан.
Оғабековнинг қўлида мени қоралайтурғон кичкина бир далил бор бўлса, мана, майдон, марҳамат этсин! ГПУ тузоғига илинадиган айғоқ қони менда йўқ. Мен бошқа мужоҳидлар билан бирга шараф билан милпатимнинг қутулиши учун чоришдим. Кўксимни ўққа девор қилиб уришдим. Уша синашда душманимиз бўлган зо лим большевиклар ила бундан кейин ҳам урушишга ҳозирман.
Муҳтарам афандилар!
Меним юқорида ёзғон кичкина раддиямни мендан бўлмағон сабабларга биноан кечикишига қарамай, журналингизга босиб, дунёга тарқатсангиз, бўйимга буюк бир миннат қўйғон бўлур эдингиз.
Тўлиқ ҳурматларимни қабул этингиз.
Шермуҳаммадбек.
Афғонистон. Кобул.
8 ноябрь 1934 йил»:

Бу ҳужжатни келтиришдан мақсад, аввало, совет даври тарихининг очилмаган саҳифаларини холисона ёритиш, совет сиёсий тузумининг Компартия, ВЧК, ЧК, ГПУ ва шу каби ташкилотларининг мухолифларни нафақат ўз халқи олдида, балки жаҳон миқёсида ҳам обрўсини тўкиш учун ҳар қандай қабиҳлиқдан қайтмаганлигини яна бир бор кўрсатишдир. Қолаверса, ёш тарихчиларни истиқлолчилик ҳаракати қатнашчиларининг ўз қўллари билан битилган ёки улар фаолиятига оид шу сингари ҳужжатларни топиш ва ўрганишга даъват этишдир.
Биз 1995 йилнинг кузида хизмат сафари билан АҚШда бўлганимизда Нью-Йоркда истиқомат қилаётган Давронбек исмли ватандошимизнинг хонадонига таклиф қилиндик. Давронбек номи юқорида неча бор тилга олинган Шермуҳаммадбекнинг ўғли бўлади. У билан бўлиб ўтган суҳбатимизда Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбекнинг ўғли Анварбек ака ҳам қатнашди. Биз оилавий архив ҳужжатлари билан бафуржа танишиб чиқдик. Давронбек ва Анварбек ака ўз падари бузрукворларидан эшитган эсдаликларини, тарихий воқеаларни сўзлаб беришди, биз қунт билан тингладик ва диктофонга ёзиб ҳам олдик.
Шу суҳбатдан маълум бўлишича, ака-ука Шермуқаммадбек ва Нурмуҳаммадбеклар бир гуруҳ понсодлар билан бирга 1927 йил шаъбон ойининг биринчи куни Кобул шаҳридаги Боғи Алимардонда тўпланишади. Улар 1917—1924 йилларда Фарғона водийсида олиб борилган кураш лавҳаларини эслашади ва андижонлик Абдулҳай Маҳдум бўлиб ўтган суҳбатни келажак авлодларга тарихий ҳужжат сифатида қолдириш мақсадида ёзиб олади. Давронбек Абдулҳай Маҳдум томонидан эски туркий тилда арабча имлода ёзилган мазкур ҳужжатни бизга лутфан тақдим этган бўлиб, унда мана бундай сўзлар бор:
«Муҳтарам орқадошлар!
...Русияда ҳуррият тарафдорлари Русия императорлигига қарши бир ҳаракат этишибдур. 1333 ҳижрийда, иутобик 1917 исавийда мухториятларини олиб ҳар миллат ўз ҳуқуқига соҳиб ўлуб, икки йил ҳуррият тарихи ила сурди. Бу ҳукумат ташкил ўлуб, усули салтанати усули машварот-ла тақдил этилдилар. Оқибат мухториятчилара қарши инқилобчилар хуруж қилиб, коммунист ёки болъшевик шиори ила буюк бир тўфон келтурди. Бу тўфоннинг ҳашоратлари ва заҳарлари-ла ҳайвонотлари бечора оқ гуруҳларни ҳалок этиб, мухториятни да маҳв этди. Бу муҳораба икки йил давом этди. 1136 ҳижрийда большевизм ғалаба қозониб, бу нархнинг раҳнамоси асли яҳудий ва кейин руслашмиш Ленин номида бир инқилобчи ўлуб, бутун Русияда ҳоким ўлди. Сўнгра бу большевизмга Русия ва мусулмон миллатчилари такрор исён этиб, бир тарафдан муҳораба очдилар. Жумладан, ...Фарғона, Хива ва Бухоро атрофларидан чўх мужоҳидлар майдони муҳорабая отилдилар. Булардан машҳурлари, етти йил давомида ғайрат этганларидан икки кимса эди. Бири Фарғона мужоҳидлари раиси Шермуҳаммадбек эса, иккинчиси Бухоро мужоҳидлари раиси Иброҳимбек эди...»
Шундан сўнг ҳужжатда Шермуҳаммадбекнинг таржимаи ҳоли ва олиб борган курашидан айрим лавҳалар келтирилган. Қуйида улардан айримларини айнан китобхонлар эътиборига ҳавола этамиз:
«Шермуҳаммадбек жаноблари зотинда бир ўзбек жамоасиндан ...ўлуб, оталари Кўшоқ Мирзо ҳожи номли бир зот эди. Булар отадан тўрт эр вужудга келиб: биринчиси Тошмуҳаммад, иккинчиси Рўзимуҳаммад, учинчиси Шермуҳаммад, тўртинчиси Нурмуҳаммадбеклар эди. Булардан учинчилари Шермуҳаммадбек большевизмдан ватанларини қутқармоқ учун 1917 да муҳорабага отилиб чиқди. Бу зот ибтидоий чиқдигинда юз нафарча йигитлари ила ғайрат этиб, икки сиза тарофинда мингларча аскарларга соҳиблик ўлди. Шул вақтда Фарғонани ҳар бир атрофидан чиқмиш мужоҳидлара бошлиғи, қўрбоши номи ила шуҳратланиб, умуман бир раислари йўқ эди. Сўнгги саҳифаларда ёзилмиш 8 нафар қўмондон бир қўрбошиликда ҳокими мулкдор каби ўз аскарларига ҳукм юритар эди. Сўнг бу қўрбошилар қувват топиб, 1918 да мазкур Шермуҳаммадбек умуман Фарғона мужоҳидларига раис ўлди. Бу раисликда тўрт йил давом этди. Бу вақтда юз минг мунтазам аскарларга молик ўлуб, бир эр каби фармон этар эдилар. Шу 1924 сана Шарқий Бухородан Анвар пошо марҳум қарши иш очиб, Шермуҳаммадбекни кўмак учун чақирди.
Жавобан Шермуҳаммадбек кўмак учун биродари Нурмуҳаммадбекни икки минг қаҳрамон йигитлари ила юбориб, ортидан ўзи ҳам Анвар пошо марҳум ҳузурларига юрдилар. Бахтсиз миллат Туркистон иқболи йўқлигидан бу мужоҳидлар ҳар бирига етушмасдан, аввал Шарқий Бухоронинг бир қарияси атрофинда Балжувон номли шум бир ерда руслар тарафидан даҳшатли бир ҳужум Анвар пошо устина отилиб, бу ерда доҳий, машҳур қаҳрамон ғозий Анвар пошони шафоқат қони-ла бўяди.
Одами ислом учун бидмас даражада бир жароҳат ва алам тортилди. Сўнг Шермуҳаммадбеклар етишуб, бу воқеадан чўх аламли ва ғамгин ўлди. Сўнг етти кунга таъзия маросимларини адо этиб... очмоқ учун келмиш Сомийбек ила биргаликда иш қилмоқ бўлдилар. Оқибат бу икки мужоҳидларга ҳаргиз бадбахтлар ёлғон сўзлар тошуб, ўрталарига бир буюк адоват солди. Шермуҳаммадбек Сомийбекдан ажраб, тоғ тарафга юрмоқчи бўлди. Сомийбек қувлаб ўққа тутди. Ўртада бир неча адад йигитлар шаҳид ўлуб, қувватлари бўлинди. Сўнг ҳалокатлар бири ортидан бири келиб Сомийбекда, бошқасида бир тарафга қочди. Фурсатдан истефодаланиб, Русия буюк ҳужумлар этди. Шермуҳаммадбек жаноблари шу 1324 да 300 (уч юз) аскарлари хоки муқаддас Афғонистона Бадахшонда, Хонабодда давлат тарафидан бир неча ой меҳмон этилдилар. Сўнгра мазкур сана давлати Хитойга бордилар. Ул ерда давлати Англиядан кўмак сўраб, Русияга қарши такрор муҳораба очмоқчи ўлдилар. Сўнгра Хитой тарафасидан юриб, такрор Афғонистонга келуб, бу ерда давлати олия чўх кўмак ва пуллар берилиб, туз тотилдилар. Бу вақтда алар Кобулда муқим бўлиб, бир ойда минг рупия ҳукумат тарафидан кўмак олиб турардилар. Камина хизматкоринда Нормуҳаммадбек биродарлари ва бошқа 15—20 нафар йигитлари ҳозирдирлар. Атрофлари ила муҳорабалар этишуб, миллат вазифаларинда чолишуб турмоқдалар. Аллоҳ жаллаҳу жаллалоҳ бек соҳибнинг мақсудларина ҳосил этсун. Омин!”
Мазкур ҳужжатда Фарғона водийсида большевикларга қарши курашган лашкарбошилар, қўрбошилар на улар ҳақида маълумот келтирилган. Улардан энг машҳурлари қуйидагилар:
Шермуҳаммадбек 23 ёшида большевизмга қарши курашга киришиб, аввал 13 минг, сўнгра 103 минг лашкарга эга бўлган. Унинг етакчилигида Эргашбек, Мадаминбек, Холхўжа эшон, Парпибек, Муҳиддинбек, Омон Полвон, Нурмуҳаммадбек, Жонибек қозилар миллий-озодлик йўлида кураш олиб борганлар.
Кўқонлик Эргашбек 35 ёшида 6 йил уруш олиб борган, 12 минг аскари бўлган, муҳораба майдонида шаҳид бўлган.
Марғилонлик Мадаминбек 23 ёшида 10 минг аскари билан уч йил уруш олиб борган, 1920 йил майида шаҳид бўлган.
Ўшлик Холхўжа 43 ёшида 8 та лашкар бошлиқлари, 10 минг аскари бўлган; бир гуруҳ йигитлари билан Олой водийсида қор кўчкиси тагида қолиб кетган.
Андижонлик Парпибек қўрбоши 35 ёшида 8 нафар лашкар бошлиқларига, 10 минг жангчига эга бўлиб, 5 йил кураш олиб борган. 1921 йили Сузоқда шаҳид бўлган.
Кўкжарлик Муҳиддинбек 40 ёшидан бошлаб 11 та лашкарбоши, 13 минг қирғиз йигитларидан иборат жангчилар билан 7 йил уруш олиб бориб, шаҳид бўлди.
Наманганлик Омон Полвон 6 лашкарбоши, 8 минг аскар билан 7 йил жанг қилиб, шаҳид бўлган.
Яккатутлик Нурмуҳаммадбек 18 ёшида 7 йил уруш олиб бориб, 1975 йили Туркияда вафот этган.
Ўзганлик Жонибек қози миллий курашни бошлаганида 50 ёшда эди. У 4 нафар лашкарбошига ва 10 минг аскарга эга бўлиб, 7 йил уруш олиб борган, сўнг Шарқий Туркистонга муҳожир бўлиб ўтиб кетган.
Эргашбек қўрбошининг қўли остида қуйидаги лашкарбошилар бўлган:
Қўқонлик Эшмуҳаммадбек, 35 ёшда;
Олтиариқлик Тўйчибек, 35 ёшда;
Қўштегирмонлик Мирзо Улуғбек, 25 ёшда;
Яйпанлик Ислом Полвон, 35 ёшда;
Бешариқлик Ҳамдам ҳожи, 35 ёшда;
Қиссакўзлик Усмон дев, 30 ёшда;
Олтиариқлик Султон Ғозий, 40 ёшда;
Воруҳлик Мулла Пўлат, 30 ёшда;
Сўхлик Абдураҳим Махдум, 45 ёшда.
Мадаминбек қўрбошининг қўли остида қуйидаги лашкарбошилар бўлган:
Найзақайрағочлик Солиҳ Махдумбек, 30 ёшда;
Наманганлик Исмоил Полвон, 32 ёшда;
Қалмоқлик Усмонбек, 33 ёшда;
Оқёрлик Қозоқбойбек, 26 ёшда;
Қоракийиклик Ҳошнм Полвон;
Имомоталик Холхўжа Соҳиб қори, 35 ёшда; Аравонлик Йўлчибек, 32 ёшда;
Булоқбошилик Теша Қайсар, 30 ёшда;
Ўшлик Оқсоқ Ниёз, 25 ёшда;
Ўшлик Нўьмонбек, 20 ёшда;
Сузоқлик Мулла Умрзоқбек, 40 ёшда;
Ўшлик Саид Аҳмадбек, 25 ёшда;
Султонободлик Йўлдош Полвон, 30 ёшда.
Буларнинг ҳаммаси большевиклар билан жангларда шаҳид бўлган. Уларнинг ҳар бири қарамоғида 1000— 1200 нафардан ўзбек ўғлонлари бор эди.
Андижонлик Парпибек қўрбоши қарамоғида 7 нафар лашкарбоши бўлиб, ҳар бирида 1000—1200 йигит бўлган бу лашкарбошилар ҳам большевикларга қарши олиб борилган жангларда қаҳрамонларча шаҳид бўлишган. Улар қуйидагилардир:
Хирабеклик Юнусбек қўрбоши, 45 ёшда; Омончўралик Исроилбек;
Урганжилик Маҳкам ҳожи, 40 ёшда;
Мурободлик Қозоқбой, 25 ёш;
Мулла Абдураззоқ, 30 ёшда;
Андижонлик Охунжон, 35 ёшда;
Мирза Тоға, 50 ёшда.
Омон Полвоннинг қўли остидаги лашкарбошилар: Қуршоблик Раҳмонқулбек, 40 ёшда;
Балиқчилик Йўлдош Чумоқ, 30 ёшда;
Хўжабодлик Сотиболди қози, 32 ёшда;
Балиқчилик Рўзимуҳаммадбек, 27 ёшда;
Хивалик Ҳожи Тўрабек, 35 ёшда;
Момохонлик Бойтуманбек, 35 ёшда.
1000—1200 йигитларга раҳбарлик қилган бу лашкарбошилар ҳам шаҳид бўлганлар.
Мазкур ҳужжатга кўра, Нурмуҳаммадбекнинг қўмондонлиги остида қуйидаги 25 нафар лашкарбоши бўлган ( энг ёши 18 ёшлик):
Кумариқлик Сотиболди Соҳиб, 18 ёшда;
Гарбувалик Умар билан Тошмуҳаммад;
Абусиёлик Дардакбек;
Қорасоқоллик Эргаш Полвон ва Юсуф Полвон;
Сувкечиклик Асқарбек;
Чеклик Раҳматали;
Хонариқлик Жўрабек ва Эргаш;
Тевагумлик Авлиёхон Тўра;
Гарбувалик Рўзимуҳаммад;
Қизилоёқлик Аҳмад Полвон;
Зилгалик Алиёрбек ва Ғанихон;
Суқоқлик Тўхтасин;
Хўжаҳасанлик Умарали қулоқ;
Толмозорлик Мулла Ҳотам;
Шўрбулоқлик Муҳаммад Рўзибек;
Коросконлик Юсуфжон Маҳмуд;
Жугонлик Мулла Пўлат;
Шокир қўрбоши;
Тожикқишлоқлик Қўшмурод;
Олтиариқлик Қорабой;
Найнавалик Муҳаммадали.
Жонибек қозининг ихтиёрида 4 нафар лашкарбоши бўлиб, улар ҳам большевизм билан курашда шаҳид бўлганлар:
Шамсибек, 47 ёшда;
Олайқуллик Жамолбек, 30 ёшда;
Ўзганлик, қуршоблик Қодирбеклар 35 ёшда, қирғиз;
Қуршоблик Путиков, 34 ёшда, рус.

1927 йили Кобулдаги Боғи Алимардонда айтилган хотира ва тузилган шаҳид лашкарбошилар рўйхатидан кейин мана бу сўзлар битилган:
«Қабрингда роҳат топ, миллат шаҳидлари, ёш Фарғона мужоҳидлари, қаҳрамонлари.
Яшасун миллат қаҳрамонлари.
... Оҳ, Фарғона!».

Ўйлаймизки, Фарғона водийсида 1917—1924 йил- ларда олиб борилган ҳаракатда иштирок этиб, шаҳид кетган бу қўрбоши ва лашкарбошилар ҳамда уларнинг қўли остида жанг қилган йигитларни авлодлар мустамлакачилик даврининг қурбонлари сифатида тилга оладилар.

Р. Шамсутдинов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин