Саналар
19.11.2017
Баннер
ПУЛ...ПУЛ...ПУЛ...
PDF Босма E-mail

Турмуш кечириш жуда қимматга тушадиган шаҳарлар кўп. Аммо бирорта шаҳарда яшаш Токиодагидек қимматга тушмайди. Бу борада Москва иккинчи, Сянган (Гонконг) учинчи ўринда. Ўзида ҳамма қулайликларни мужассамлаштирган Maybach-62 автомобил модели сизга «атиги» 360 минг еврога тушади.
Энг қиммат оёқ кийимини заргар Стюарт Вайсман яратди. Унга 642 та ёқут билан безак берилган. Баҳоси - 1, 6 миллион евро.
Мусаввир Питер Паул Рубенс томонидан яратилган «Чақалоқни калтаклаш» полотноси 2002 йилда 73,5 миллион долларга сотилган.
Уммон султонлигида куёв келинга камида 5000 доллар миқдорида маҳр бериши керак.
Англиялик болалар конфет, чипс, газли сув, сақич, шоколад, сигарета каби нарсалар харид қилишга йилига 586 миллион фунт стерлинг "чўнтак пули" сарфлашади.
Америкалик миллиардер Деннис Тито Русия фазо агентлигига 20 миллион доллар тўлаб, жаҳондаги биринчи фазо сайёҳи сифатида коинотга саёҳат қилди.
Франсиядаги La Bonnotte навли картошканинг бир килоси 500 евродан сотилади.
Ресторанда овқатланган киши тўлаган ҳақнинг бор-йўғи 10 фоизи таомнинг пули ҳисобланади.
Дунёдаги энг қиммат қаҳва Суматра оролида етиштириладиган Kopi Luwak навли қаҳвадир. Унинг юз грамми 75 долларга тушади.
Америкада фазогирлар учун тикиладиган костюм 9 миллион доллар туради. Бу айни пайтда дунёдаги энг қиммат кийим ҳамдир.
Австралияда пластмасса пластинкалардан ясалган, қиймати ўн долларли пуллар муомалага чиқарилди.
Ҳар бир машҳур Голливуд (АҚШ) киноюлдузининг исрофгарона ҳаёт тарзи йилига ўртача 48 миллион долларга тушаркан.
Голливуд кинорежиссёри Стивен Спилберг ҳаётини 1,2 миллиард долларга суғурта қилдирган.
Дунёдаги энг қиммат меҳмонхона Дубайдаги Burj аl-Arab (Бурж ал-Араб) меҳмонхонаси. Унинг энг оддий хонасида тунаш учун 770 евро тўлашингиз керак. Люкс хоналарнинг баҳоси эса 7700 евро.
Собиқ русиялик бойвачча (олигарх) Борис Березовский ўзи яшаган чорбоғ (далаҳовли) учун йилига 300.000 доллар ижара ҳақи тўлаган.
Амриқоликлар кийим-кечак учун бир кунда ўртача 300 миллион доллар пул сарфлашади.
Олмонияда янги дорини ўзида синаб кўрилишига розилик берган беморга давлат томонидан 3000 марка пул тўланиши лозим.
Ҳисоб-китобларга кўра, дунёда аёллар эркакларга қараганда 40 фоиз кам маош олишади.
Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, эркаклар қизиқишлари доирасида автомобил биринчи ўринда туради. Иккинчи ўринда футбол, учинчи ўринда пул. Аёллар эса «фахрли» тўртинчи ўринни эгаллайдилар.
Русия зарбхонаси маълумотига кўра, битта беш рублли тангани тайёрлашга 67 тийин, икки рублли тангага – 79 тийин, бир рубллига – 35 тийин, эллик тийинликка – 26 тийин, бир тийинли чақани ясашга 13 тийин маблағ сарф бўларкан.
Франсияда олинадиган даромад солиғи 54 фоизга, Олмонияда – 53, Австрия, Исроил, Японияда – 50, Австралия ва Испанияда – 48, АҚШ, Тайван, Кипрда – 40, Русияда 13 фоизга тенг.
Жаҳонда жиноят оламининг айланма маблағи 3 триллион долларни ташкил этади.
Ҳар йили Русиядан 25 миллиард доллар маблағ ноқонуний тарзда четга чиқиб кетади.
Ҳозир дунёда 165 миллиард АҚШ доллари муомалада айланиб юрибди.
Венгрияда корхона директори ишчилардан ўртача 20 баравар кўп иш ҳақи олади.
Брунейда аҳоли жон бошига олинадиган даромад 16 минг долларни ташкил этади.
АҚШ ҳукумати тақдим этган маълумотга кўра, 1987 йили "Дрексел Бернем Ламберт" фирмаси ходими Майкл Миклен йил давомида олган жами маош ва мукофот пули 550 миллион долларни ташкил этди.
Энг катта қоғоз пул 1368-1399 йиллари Хитойда чиқарилган, қиймати бир кванга тенг бу пул 22,8х33,0 см. ўлчамли қоғозга босилган.
Дунёда энг оғир танга шведларнинг 1644 йили зарб қилинган ўн талерли мис тангаси бўлиб, унинг вазни 19,7 килодир.
АҚШда жами 43 минг, Форс кўрфази мамлакатларида эса 200 минг миллионер (даромади йилига бир миллион долларга ошади) бор.
Дунёда ҳукмдорлар орасидаги энг бадавлати Тайланд қироли Пумипон Адулядет саналади, унинг бойлиги 30 миллиард долларга тенг. Иккинчи ўринда Бруней султони Ҳассан ал-Болкиах (20 млрд.), учинчида Бирлашган Араб Амирликлари ҳукмдори Халифа ибн Зайд (18 млрд.) ва Саудия Арабистони подшоҳи Абдуллоҳ (17 млрд.).
Мисрлик хаттот Аҳмад Мустафо ишлаган хаттотлик асари Дубай шаҳрида 2010 йили бўлган кимошди савдосида 662,5 минг долларга сотилди.
Петербургда зотли мушукнинг баҳоси 200.000 долларгача боради.
Японияда энг кам ойлик иш ҳақи 200.000 иенга (2000 доллар) тенг.
Ироқда профессорнинг ойлик иш ҳақи 7 доллар атрофида.
Красноярск (Русия) талончиларининг (рэкетчилар) олтмиш кишилик гуруҳи ойига 3 миллиард рубл пул топган.
Сиднейда (Австралия) битта соат 740 минг долларга сотилди, у олтин, кумуш, бриллиантдан ясалган эди.
Энг кўп пул топадиган киноартистлардан бири Арнолд Швартснеггер ҳар бир филмда ўйнаган роли учун 15 миллион доллардан ҳақ олади.
Чайқов бозорида бир кило қора икра (балиқ увулдуруғи) баҳоси 240-250 доллар туради.
Ўн беш миллион аҳоли яшайдиган Голландияда 550 минг доллардан зиёд маблағга эга 100.000 оила бор.
Халқаро Олимпия қўмитасининг марҳум собиқ раиси Хуан Антонио Самаранчнинг 5 та хусусий банки ва 100 миллион доллар пули бўлган.
Ер юзида ҳозир 157 миллиардер ва 2 миллион нафар миллионер бор. Худди шу пайтда сайёрамизда 1,2 миллиард киши ниҳоятда ночор ҳолда яшайди, 100 миллион киши эса уйсиз.
Қадимги Новгород шаҳрида (Русия) пул ўрнига лосос балиғи ишлатилган.
Ўрта асрларда Сейлон ва Ява ороллари ҳамда Ҳиндистонда қора мурч олтин каби қиммат бўлгани учун мурч донаси танга ўрнига ўтган. Перу ва Боливияда ҳам "мурч пуллар" бўлгани ҳақида маълумотлар бор.
Мўғулистонда ўрта асрларда бир бўлак тахта чойга битта қўй ёки эчки, ёхуд битта кигиз алмаштириш мумкин бўлган.
Ўн саккизинчи асрда Ҳабашистонда муштдай-муштдай тўрт бўлак тузга бир қул сотиб олиш мумкин эди.
Ўрта асрларда Ўзбекистон ҳудудида уруш ва босқинчиликлар кўп бўлгани учун гурунч, буғдой, майиз пул ўрнида ишлатилган, қарз олди-бердиси ҳам шу масаллиқлар ҳисобида юритилган.
Амриқо Меҳнат вазири айтишича, мамлакат ишчилари меҳнат ҳақи бўйича дунёда ўн учинчи ўринда туришар экан. Амриқо ишчилари соатига ўрта ҳисобда 14,77 доллар ҳақ олишади. Бу рақам Норвегияда – 21,86; Олмонияда – 21,53; Финландияда – 20,76 долларни ташкил этган.
Япониядаги барча қоғоз пуллар бир жойга тахлаб чиқилса унинг баландлиги 3776 метрли Фудзияма тоғидан 153 марта баланд бўлар экан. Японлар бежизга биринчилардан бўлиб нақдсиз тўлов усулига ўтишмаган экан-да!
Дунёдаги валюта жамғармаларининг 23 фоизи Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади: масалан, Хитойнинг валюта жамғармаси 46,4 миллиард долларга тенг, Сингапурники салкам 40, Тайланд ва Малайзияники 20 миллиард доллардан.
Тайван Осиёдаги энг бой мамлакат саналади, унинг валюта захиралари 100 миллиард долларга етади.
Аляскадаги Русия-Амриқо компанияси фаолият кўрсатган даврда (1799-1867) компания ишчиларига тюлен терисига чоп этилган чарм пуллардан маош тўланган.
Индонезиянинг Бутунг ороли аҳолиси бундан бир неча аср олдин пахта ипидан тўқилган дастрўмолни пул ўрнида ишлатишган.
Қадимги Юнонистонда кумуш тангаларга бошоқ расми, ҳозирги Ливан тангасида кедр дарахти, Виетнамнинг ўн донгли тангасида шоли попуги, Малининг юз франкли тангасида эса маккажўхори сўтаси тасвири туширилган.
"Финанс" журнали маълумотларига кўра, 2006 йили Русияда 720 миллиардер бўлган, булардан 50 нафарининг пули доллар ҳисобида бир миллиарддан ошган. Миллиардерларнинг 40 нафари Давлат думаси депутати эди. Ушбу рўйхатга фақат биргина аёл: "Интеко" компанияси раҳбари ва Москва ҳокими Лужковнинг хотини Елена Батурина кирган, холос.
2006 йили Чукотка губернатори ва Англиянинг "Челси" футбол клуби эгаси Роман Абрамовичнинг пули 18,7 миллиард доллар бўлган.
АҚШ долларларининг учдан икки қисми мамлакатдан ташқарида, бошқа юртларда муомалада юрибди, бу пулларнинг 80 фоизи 100 долларли пуллардир. АҚШнинг ўзида энг кўп тарқалгани 20 долларли қоғоз пуллар, америкаликларнинг кўпчилиги юз долларли пулнинг ҳатто қандай кўринишда эканини ҳам билишмайди.
Ўн икки ёшли Аллегра Бэкнинг сармояси 500 миллион доллардан ошади, бунча пул унга бувиси, машҳур мода устаси Жанни Версачидан қолган. Марҳум миллиардер Аристотел Онассиснинг невараси ўн уч ёшли Атина Руссел Онассисга теккан мерос эса 9 миллиард долларга тенг. "Майкрософт" компанияси эгаси Билл Гейтс эса 30 миллиард доллар пулини қизи Женифферга мерос қолдириши ҳақида васиятнома ёздириб қўйган.
Кумуш қазиб олиш бўйича Мексика дунёда биринчи ўринда туради.
Эстониялик 26 ёшли Юрго Кард ўз гумашталари билан бир йилда 107 та банкни ўмарди, улар Австрия ва Олмония банкларидан жами 700 миллион евро пулни ўғирлашган, бу иш юзасидан элликдан ортиқ одам сўроқ қилинди.
Бугунги кунда Ер юзида доллар ҳисобида 460 миллиардер ва икки миллион нафар миллионер яшайди. Миллиардерларнинг 12 нафари аёллардир.
"Форбс" журнали маълумотларига кўра, дунёдаги энг бой киши АҚШлик "Майкрософт" компютер дастурлаш компанияси раҳбари Уилям Гейтс 60 миллиард доллар бойликка эга. Кейинги ўринларни ҳам америкаликлар олади: Ларри Элисоннинг 47 миллиард, Уоррен Баффетнинг 28 миллиард пули бор.
Миллиардерлар сони бўйича АҚШ биринчи ўринда (50 миллиардер). Қолган ўринларни Япония (41), Олмония (39), Канада (15), Буюк Британия (14) Франсия, Мексика ва Сянган (13 тадан) олишди.
Ҳозир сайёрамизда 1,2 миллиард киши ниҳоятда чор-ночор ҳаёт кечирмоқда, юз миллион киши эса бутунлай бошпанасиз.

Аҳмад Муҳаммад

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин