Саналар
24.11.2017
Баннер
Шайх Шомилнинг сўзи
PDF Босма E-mail

“Шайх Шомил бошчилигидаги Кавказ халқининг истилочи русларга қарши бўлган истиқлол курашларида кўрсатган буюк жасорати олдида коммунизм ғоясининг отаси Карл Маркс ҳам ҳайратини яшира олмай: “Ҳурриятга қандай эришиш кераклигини Кавказ тоғлиларидан ибрат олиб ўрганинг. Ҳур яшашни истаганларнинг нималарга қодир эканини кўринг. Миллатлар, улардан сабоқ олинг...” дея эътироф этишга мажбур бўлган экан” (Рафиқ Иброҳим хотираларидан).
Шайх Шомил рус босқинчиларига қарши чорак аср кураш олиб борди. Истилочиларнинг сараланган сон-саноқсиз қўшинларини ер тишлатди. Унинг ҳар қилич сермашида, албатта душман калласидан жудо бўларди. Уни кўрганда рус аскарлари қочгани жой тополмай қолишарди.
Шиддатли жангларнинг бирида Шайхнинг кўксига найза санчилди. У совуққонлик билан найзани суғуриб олиб, бир четга улоқтирди. Сўнгра яраланган шер каби жангни янада қаттиқроқ давом эттирди. Унда бир томондан ярасининг, иккинчи томондан олдинги жангда ҳалок бўлган дўсти Ғозий Муҳаммаднинг алами бор эди. Шайхнинг мардона ҳамлаларидан кейин душман тумтарақай бўлиб кетди.
Кеч киргач шайх Шомил бирдан кўздан ғойиб бўлиб қолди. Ўша ердаги бир масжиднинг муаззини унинг ярадор эканини пайқаб, ортидан кузатиб юрган эди. Атрофни қоронғилик ўраб бўлгач, муаззин Шомилни душман кўзидан панароқдаги бир ғорга яширди. Сўнг Шайхнинг ярадор бўлганини унинг қайнотаси Абдулазиз Афандига хабар қилди. Абдулазиз Афанди Доғистоннинг катта табибларидан эди. У Шомилни ғорда парваришлаб, ўт-гиёҳлар билан даволади. Аммо яраси жуда хавфли эди. Шунинг учун беҳуш ётган Шайхни қишлоққа олиб тушишга мажбур бўлишди. Сўнг муолажа яна қишлқда давом эттирилди.
Орадан йигирма беш кун ўтиб, муолажалар ўз таъсирини кўрсатди. Ниҳоят шайх Шомил кўзини очди. Биринчи назари тушган киши тепасида турган онаси бўлди. Шунда унинг илк айтган сўзи ушбу бўлди: “Онажон, намоз вқатини ўтказиб юбормадимми?”.

“Ҳилол” электрон журналидан (8-сон)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин