Саналар
24.11.2017
Баннер
Тангалар тарихидан
PDF Босма E-mail

Тарихга назар ташлар эканмиз, тош асридан бошлаб инсонлар турли хил нарсаларни айирбошлаганларининг шоҳиди бўламиз. Бу жараёнда эса вақт ўтгани сайин товарлар хилини кўпайтириб, айирбошлашда воситачи товарга эҳтиёж сезилади. Кейинчалик инсонлар ҳамма нарсаларнинг қийматини воситачи товар орқали баҳолай бошлайдилар. Бу, албатта, одамлар билган биринчи пул эди.

Танга пулларнинг вужудга келиши

Oсиё вa Aфрикaнинг кўпгинa xaлқлaрига дастлаб ит тиши, тoш, бoлтa, мунчoқлaр пул вазифасини ўтаган бўлса, йиллар ўтиб булар ўзини оқламади. Чунки одамларга узоқ мудат сақланадиган, қулай ва қимматбаҳо ҳисобланган воситачи товарлар керак эди. Кўп изланишлар натижасида бу муаммо ҳал бўлди – одамлар металлни танладилар. Чунки металларни бўлакларга ажратиш мумкин эди. Шунинг учун ҳам улар ўша даврда кўп жой талаб қилмаган ва олиб юриши осон бўлган металл бўлакларини ишлатадилар. Металл пуллар орасида олтин ва кумушнинг қадри юксак бўлган.
Геродот ва Ксенофонтнинг маълумотларига кўра, илк тангалар кичик Осиёнинг Лидия давлати, Мермнад сулоласининг асосчиси Гигес даврида, яъни милоддан аввалги 692-654 йилларда олтин ва кумушнинг табиий қотишмасидан зарб қилинган.
Лидияликлардан сўнг Юнонистоннинг Эгина шаҳрида ҳам тангалар зарб қилина бошланган. Эгиналиклар мустақил равишда соф кумушдан тангалар зарб қилишган ва унда тошбақа тасвирланган.
Кўп ўтмай Юнонистоннинг барча шаҳарлари, кейинчалик Эрон, Рим, Хитой, Ҳиндистон каби ўнлаб давлатларда тангалар зарб қилина бошланган.
Вақт ўтиши билан тангалар зарб қилишда уларнинг сифати ва рамзий маънони англатувчи белгиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Тангалар нафақат сиёсий маълумотларни, балки маданият ва санъатга дахлдор муҳим манбаларни ҳам беради. Мисол учун, Афинада зарб этилган бир тангада Акрополдаги Дионис театри тасвирланган. Шу танга билан бу театр Акрополнинг қайси томонида жойлашгани аниқланган.
Айтиш мумкинки, тангаларнинг кириб келиши савдо-сотиқ соҳасини ривожлантирган.
Амир Темур ва Темурийлар тангалари

170 йил ҳукумронлик қилиб, жаҳонни титратган Амир Темур Соҳибқирон ва темурийлар даврида юқори сифатли турли хил тангалар зарб этилган. Амир Темур салтанатида кўп сонли мис, кумуш ва олтин тангаларни босиб чиқарувчи 40 дан зиёд зарбхоналари мавжуд бўлган.
Амир Темур тангаларининг реверсида асосан танга чиқарилган жойнинг номи, санаси (сўзлар ёки рақамлар билан), калима ва тўрт халифа номи, учта ҳалқадан иборат бўлган тамға ҳам бўлган. Уч ҳалқа Соҳибқироннинг “дунёнинг уч қитъаси” ҳукмдори эканлигини билдирган. Зарб қилинган тангаларда арабча, форсча, туркча ва мўғулча сўзлар битилган.
Tемур вa Темурийлaр тaнгaлaридa рaмзий мaънoни aнглaтувчи геoметрик шaкллaр бoрки, улaрни меъмoрий иншooтлaрдa, яъни сaрoй, мaчит, мaдрaсa вa бoшқa тарихий ёдгорликларда ҳам кўриш мумкин.
Мирзо Улуғбек отаси Шоҳруҳ вафотидан кейингина Moвaроуннaҳрнинг ягoнa ҳукмдoригa айланади ва ўз нoми туширилгaн кумуш тaнгaлaрни чиқaрaди. Улуғбек мис тaнгaлaри Буxoрo, Қaрши, Сaмaрқaнд, Tермиз, Шaҳрисaбз, Шoҳруҳия, ҳaттo Aндижoн шaҳридa ҳaм чиқaрилгaн.
Аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган кўплаб тарихий ёдгорликлар ва қўлёзмалар асрлар давомида бошқалар томонидан ўзгартирилиши мумкин, бироқ тангалардаги ёзув ва тасвирлар асл ҳолича сақланади. Улардан узоқ ўтмишни ўрганишда аниқ ва муҳим манбаа сифатида кенг фойдаланиш мумкин.

Ҳидоят Садритдинов тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин