Саналар
17.11.2017
Баннер
Берлин девори
PDF Босма E-mail

Бу девор деярли қирқ йил дунёнинг икки хил сиёсати орасидаги чегара, совуқ уруш рамзи бўлиб келди. Бундан йигирма уч йил муқаддам Берлин деворининг қулатилиши бўйича барча ҳужжатлар имзоланган кузнинг илиқ кунларида минглаб одамлар оддий болғалар ёрдамида деворни қулатаётган техника воситаларига кўзларида ёш билан ёрдам берган эдилар. Бугун машҳурлиги жиҳатидан ўз вақтида Буюк Хитой Деворидан ҳеч ҳам қолишмаган бу деворнинг маълум қисмлари тарихий ёдгорлик сифатида сақланиб қолган, холос.

Берлин девори қурилган 1961 йилнинг августига қадар Шарқий ва Ғарбий Берлин ўртасидаги 45 километрлик чегара фақат оддий чизиқ шаклида бўлиб, у кўчалар, уйлар, каналлар орқали ўтарди. Расман 81 та назорат пунктлари ишлаб турар, бундан ташқари юзлаб ноқонуний ўтиш йўллари мавжуд эди. 1948 йилдаги келишув асосида белгиланган бу чегарадан кунига уч юз мингдан беш юз минг нафаргача одам ўтиб қайтарди. Берлин девори қурилишига бу шаҳар атрофидаги сиёсий вазиятнинг кескинлашуви сабаб бўлди. Икки ҳарбий-сиёсий блок – НАТО ва Варшава шартномаси уюшмаси ўртасидаги зиддият қалтис вазиятни келтириб чиқараётганди.

1945 йилда Иккинчи Жаҳон уруши якуни ва Германия капитуляциясидан сўнг Потсдамда имзоланган келишувга кўра Германия ҳудуди йирик давлатлар назоратида бўладиган бир неча секторга бўлиб ташланганди. Германиянинг шарқий қисми Германия Демократик Республикаси (ГДР), Ғарбий қисми эса Германия Федератив Республикаси (ГФР) деб юритила бошланди. Лекин бу икки давлатни, айниқса ГДРни кўпчилик тан олмади. 1957 йилда Конрад Аденауэр бошлиқ ГФР ҳукумати «Хальштейн доктринаси»ни амалга киритди. Бу доктрина ГДРни тан олган ҳар қандай давлат билан дипломатик алоқаларни автоматик равишда узишни назарда тутар, Шарқий Германиянинг Шарқий ва Ғарбий Германия ўртасида немис давлатлари конфедерация тузиш таклифига кескин қарши чиқарди. 1958 йилда ўз навбатида ГДР ҳукумати ҳам ГФР суверенитетини шубҳа остига олиб, аслида ГФР ҳам ГДР ҳудудида жойлашганини «эслатиб» қўйди. Собиқ иттифоқ раҳбари Никита Хрушев бутун Берлинни (жумладан? Ғарбий Берлинни ҳам) ГДР пойтахти деб эълон қилди. Бу давлатлар ўртасидаги зиддиятнинг янада кескинлашувига сабаб бўлди. 1959 йилда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари ўртасида Берлин масаласини ҳал қилишга мўлжалланган учрашув ҳеч қандай ижобий натижа бермади.

1960 йилда ГДР ҳукумати «Ғарб попагандасининг олдини олиш» шиори остида Шарқий Берлинга ўтишда чекловлар жорий қилди. Бунга жавобан Ғарбий Германия Шарқий Германия томонидан «иқтисодий уруш» дея баҳоланган чорани қўллади – томонлар ўртасидаги савдо алоқаларини бекор қилди.

Бу икки томон ва уларнинг ортидан қўллаб турган икки блок ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга ва қарши томонни камситишга қаратилган пропагандага зўр бердилар. ГДР ҳукумати ГФРни чегараларни провакацион равишда бузиш (1961 йилнинг май-июль ойларида 137 марта) ва ГФР агентларини ГДРда ўнлаб иш ташлаш ва тартибсизликларни уюштиришда айблади. Вазият 1961 йилнинг ёзида янада кескинлашди. ГДР етакчиси Вальтер Ульбрихт томонидан қўлланган, «ГФР иқтисодига етиб олиш ва ортда қолдириш»ни кўзлаган иқтисодий сиёсат мажбурий жамоа тизимига ўтишга, иш вақти ва режалар ҳажмининг ортишига сабаб бўлди. ГФРдаги қулай иқтисодий аҳвол, иш ҳақларининг баландлиги минглаб шарқликларни ўзига оҳанрабодек тортарди.

1961 йилда 207 минг нафар, шу йил июль ойининг ўзидаёқ 30 минг нафар Шарқий Берлин аҳолиси Ғарбга қочиб ўтиб кетди. Булар асосан ёш ва малакали мутаххассисилар эди. Шарқ Ғарбни «одам савдоси»да айблади ва ҳар йили мутахассисларни йўқотиш туфайли 2,5 млд. марка зарар кўрилаётганини таъкидлади.

1961 йилнинг 3 августида Москвада бўлиб ўтган Варшава шартномаси уюшмаси аъзолари йиғилишида чегарани ёпишга келишилди.

1961 йилнинг 13 августи, тунги соат бирда «Хитой девори II» операцияси бошланди. 25 минг кишидан иборат ҳарбийлашган гуруҳ чегара чизиғини эгаллади. Уларнинг ҳаракатларини Шарқий Германия қўшинлари ҳимоялаб туришди. Совет армияси жанговар ҳолатга кирди. Тунги соат 1 дан 11 дақиқа ўтганида ГДР ахборот агентлиги чегарани ёпиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. Эрталаб чегарага борганлар ўтолмай тўплана бошладилар.

15 августда операциянинг иккинчи босқичи бошланди. Аскарлар ва қурувчилар чегарачилар назорат остида олдиндан тайёрлаб қўйилган бетон блокларни олиб келиб, чегара чизиғи устидан тиклашга киришдилар – Берлин девори қурилишига старт берилди. Айни шу дақиқаларда 19 ёшли чегарачи Конрад Шуманн блоклар устидан сакраб ўтди ва расман Берлин деворидан ошиб ўтган биринчи қочоқ сифатида тарихда қолди. Деворнинг баландлиги 6 метрни ташкил қилди ва у ўта пишиқ бетон қоришмасидан қурилди. Девор ёнида ўзига хос «ўлим чегараси» белгиланди ва кимки унга яқинлашса чегарачилар томонидан отиб ташланиши эълон қилинди. 17 августда 18 ёшли қурувчи Петер Фехтер девордан ошишга уринаётганда отиб ташланди ва бу ҳаракат чоғида ҳалок бўлган биринчи қурбонга айланди. Берлин девори қулатилганига қадар шу тарзда девордан ошишга уринган 92 киши ҳалок бўлди, кўплаб кишилар яраландилар. Кейинчалик, девор қулаб, икки Германия бирлашганидан сўнг одамлар томонидан яратилган девордан ўтишнинг антиқа воситаларидан иборат музей ҳам ташкил қилинди. Девор совуқ урушнинг совуқ рамзи бўлиш билан биргаликда Берлиннинг энг диққатга сазовор жойи бўлиб қолди. Берлинга келган саёҳатчи борки, бу деворни кўрмай кетмасди. Ғарбий қисмда эса «Девор қулатишиши шарт» деган миллионлаб откриткалар сотиларди.

1961 йилнинг 28 октябрида Берлиндаги АҚШ ҳарбийлари деворни бузиш режасини ишлаб чиқишди. Собиқ Иттифоқ разведкаси ўз вақтида бу режадан хабар топди.

Ўша куни Бранденбург дарвозаларидаги назорат пунктига америка зирхли ҳарбий техникасидан иборат колонна яқинлаша бошлади. Дастлаб учта «Жип», уларнинг ортидан бульдозерлар, энг орқада ўнта танк келарди. «Жип»лар ўтиши билан ён атрофдан совет танклари чиқиб келди ва бульдозерлар йўлини тўсиб қўйди. Совет ва АҚШ танклари туни билан бир-бирларини мўлжалга олиб турди. Бу ҳолат кейинчалик икки давлат ўтасидаги совуқ урушнинг кўринишларидан бири бўлиб қолди. Эрталаб Москвадан ўт очмаслик ва ортга қайтиш ҳақида буйруқ келди ва ҳар икки томон ортга чекинди. Деярли 40 йил Берлин девор атрофида тинимсиз музокаралар бўлиб турди. 1989 йилнинг 9 ноябрига келибгина бу девор қулатилди ва ГДР ва ГФР ягона Германия давлатига бирлашди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин