Саналар
17.11.2017
Баннер
Мирзо Улуғбек даҳрий бўлмаган!
PDF Босма E-mail

 Ҳамма нарсани эътиқодсизлик тарозисида тортишга ўрганиб қолинган яқин ўтмишимизда бошқа фан ва маданият арбоблари қатори улуғ ўзбек олими ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек теварагида ҳам бир-бирига хилоф, ноҳақ гап-сўзлар, ёрлиқ ёпиштиришлар кўп бўлган эди. Бугун юрт мустақил бўлди, миллий ва диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Энди худосизликда ноҳақ айбланган улуғларимиз ҳақидаги асл ҳақиқатни айтиш, замонасозлик қилиб уларга ёпиштирилган айбномаларни олиб ташлаш пайти келди.
Истиқлолгача Мирзо Улуғбек номи диндан юз ўгириб, илм-фан билан шуғуллангани учун реакцион уламолар томонидан тазйиқ ва таъқибга учраган, охири ҳажга юбориш баҳонасида машҳур тасаввуф шайхи Хожа Аҳрор Валий томонидан ўлдиртириб юборилган ҳукмдор сифатида талқин қилиб келинди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун биргина мисол келтирамиз: “Улуғбек шахсий ҳаётида ҳам, сиёсий фаолиятида ҳам ислом дини ақидаларига ёпишиб олган ўз отаси Шоҳрухдан тамомила бошқача йўл тутди. Шоҳрух Ҳиротда дин пешволари билан ўралашиб қолган, ҳар ҳафтанинг жума куни мунтазам равишда масжидга бориб номоз ўқиган, ман этилган базмларни қаттиқ таъқиб қилган бир шароитда Улуғбек Самарқандда олимлар ва шоирлар доирасида бўлиб, кўпинча дин ақидаларига зид иш қилар эди” (“Самарқанд тарихи”, Тошкент, “Фан”, 1971 йил, 1-жилд, 219-бет).
Бу каби тумтароқ сўзларни ёзган муҳтарам олимларимиз  яхши билишар эдики, совет босқинидан олдин бу юртнинг оддий фуқаросидан тортиб энг улуғ ҳукмдоригача Ислом динида бўлган, унинг ақидаларига бўйсуниб яшаган, ҳаётини Қуръон ва Суннат асосига қурган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ёшлик чоғида уч йилдаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, ёд олганда ҳам ундан фиқҳий ҳукм чиқара олиш даражасида уни яхши билган. Соҳибқирон намозини канда қилмай ўқиган, рўзасини тутган, ёлғон сўзламаган, ваъдасига вафо қилган, ҳаром нарсалардан буткул юз ўгирган эди. Буни ҳатто дин душманлари ҳам тан олиб ёзишади. Темурийлардан бўлган Мирзо Улуғбек ҳақида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Буни юқоридаги китобдан келтирган иқтибосимиз ҳам тасдиқлаб турибди: художўй ва тақволи ҳукмдор Шоҳрухнинг фарзанди аржуманди эътиқодсиз ёки даҳрий бўлиши мумкин эмас!
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бундан йигирма йилча олдин нашр этилган китобларидаги “Аввал ўйла, кейин сўйла” сарлаҳали мақолада шундай жумлалар бор: “Баъзи шахслар эса, аввал динсиз қилиб олиниб, сўнгра маълум чегарада ижобий сифатлар билан баҳоланар эдилар. Бундай шахслар қаторига Алишер Навоий, Ибн Сино, Фаробий, Улуғбеклар киритилган эди... Кечагина “Улуғбек Исломга бутун вужуди билан қарши бўлган, у “дин тумандек тарқалиб кетади”, деб айтгани учун золим Хожа Аҳрор бошлиқ жоҳил руҳонийлар унинг ўлимига сабаб бўлганлар” деб, “илмий ҳақиқат”ни турли восита, ҳатто бадиий асарларда тарғиб қилаётганлар бугун “Улуғбек чин мусулмон бўлган, Қуръонни яхши ёд билган, фиқҳни (Ислом қонунчилигини) аъло даражада ўзлаштирган, шунинг учун ҳам Ислом шариати ила бошқарилган мусулмон давлатга қирқ йил бошлиқ бўлган”, дейишмоқда” (“Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар”, 51-52-бетлар).
Мовароуннаҳрнинг атоқли тарихчиларидан Мирхонднинг “Равзатус-сафо” (Покиза боғ) кўп жилдли асарининг еттинчи жилди Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги даврларидан 1493 йилгача (Ҳусайн Бойқаро тарихи) бўлган воқеаларни ёритади. Ушбу китобда ҳам Мирзо Улуғбекнинг комил мусулмон бўлгани, шаръий аҳкомларни оғишмай бажаргани, диний уламоларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатгани батафсил очиб берилади.
Олимнинг болалик йиллари ҳақида гапирганда тарихчилар ёш Улуғбек ҳамиша бобоси Амир Темурнинг диққат-эътиборида бўлганини ёзишади. Темур бутун муҳаббатини ва эътиборини ана шу зийрак, илмга ташна набирасига қаратди, унибилимдон ва тажрибали мураббийлар тарбиясига топширди. Эрта хат-саводини чиқарган, Аллоҳнинг Каломини тўлиқ ёд олган болакай машҳур олим ва шоир шайх Ориф Озарийнинг тарбиясига топширилди. Улуғбек ёш бўлишига қарамай, давлат ишларига ҳам жалб қилинди, давлат кенгашлари ва қабул маросимларида ҳамиша бобоси Темурнинг чап томонида ўтирар эди. Буни Кастилия (Испания) қиролининг Самарқандга келган элчиси Рули Гонсалес де Клавихо ҳам таъкидлаб ўтган.
Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва унинг Самарқандда муҳташам мадраса ва жомеъ масжиди қурдиргани ҳақида батафсил сўз юритилади: “Улуғбек Амир Темурнинг набираси, Шоҳрух мирзонинг тўнғич ўғлидир. 796 ҳижрий, якшанба куни жумодил-аввал ойининг ўн тўққизинчисида туғилгандир. Шоҳрух мирзо отаси Амир Темур Кўрагоннинг ўлимидан беш йил кейин Ҳиротдан Самарқандга келиб, Мироншоҳнинг ўғли, ўз биродарзодаси Султон Халилни Самарқанд тахтидан тушириб, ўз ўғли Улуғбекни ўтқазди (аслида у ишқий можароларга ўралашиб қолган шоир Султон Халилга тахтни муносиб кўрмай, ўғлига топширган). Улуғбек хонлигидан ўн олти йил кейин ҳижрий 823 да мадраса солдирди (Саййид Роқим ўз китобида ушбу мадрасанинг 828 йили қурилганини ёзади). Бобур мирзонинг ривоятига кўра, Улуғбек ўз мадрасасининг жанубида “Муқаттаъ” номли бир масжид ҳам солган. Мадраса битгач, Улуғбек унга ўз даврининг улуғ олими Қозизода Румийни бош мударрисликка тайинлади, ушбу мадрасада дарс беришга мавлоно Муъиниддин Кошоний, мавлоно Али Қушчи, Саид Имомуддин, Хожа Фазлуллоҳ Абу Лайсий каби забардаст олимлар таклиф этилди. “Бобурнома”да шундай келтирилади: “Улуғбек Мирзонинг иморатларидан Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдир. Хонақоҳнинг гумбази бисёр улкандир, оламда онча гумбаз йўқ деб нишон берурлар... Яна бу мадрасанинг жанубида бир масжид солибтур, “Масжиди Муқаттаъ” дерларким, қитъа-қитъа йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшла солибтурлар...” Хўш, Самарқанддай улкан салтанат пойтахтида мадраса ва масжид қурдиган, ўзи ҳам унда талабаларга сабоқ берган олим қандай қилиб даҳрий (худосиз) бўлиши мумкин?
Мирзо Улуғбек милодий 1448 йили Машҳадда уюштирилган бир илмий мажлисда ўша даврнинг машҳур тилшунослари Садриддин Раддос ва шайх Ориф Озарийлар билан араб тилининг фасоҳати ва балоғати борасида мунозара олиб борганининг ўзиёқ Улуғбекнинг жуда кўп исломий билимлардан яхши хабардор бўлганини кўрсатади. Атоқли муаррих Муҳаммад Ҳайдар ўзининг машҳур “Тарихи Рашидий” асарида Мирзо Улуғбекнинг даврининг етук риёзиёт ва фалакиёт олими бўлиш билан бирга йирик тарихчи бўлганини ҳам айтган. У, жумладан, шундай деб ёзади: “Мирзо Улуғбек тарихнавис донишманд эди. “Тўрт улус (тарихи)”ни ёзиб қолдирган эди”. Тадқиқотчиларнинг фикрича, “Тарихи арбаъ улус” китоби туркларнинг афсонавий ота-боболари ҳисобланган Туркхон ибн Ёфасдан то Амир Темур вафотигача тўрт улусга (Жўжи, Чиғатой, Ҳалоку ва Улуғ улуслари) қарам бўлган мамлакатларда содир бўлган воқеалар ҳақида сўз юритади.
Аслида ўша пайтда Улуғбекнинг фожиали ўлимига сабаб бўлган бир неча вазиятлар юзага келган эди. Булардан бири ва энг асосийси, Улуғбек давлат арбоби ва саркардаликдан кўра илмни афзал кўрган кўнгилчан бир ҳукмдор эди. Ўз-ўзидан равшанки, бу нарса Темур авлодлари бўлмиш жангари шаҳзодаларга ва урушсиз туролмайдиган саркардаларга ёқмас, улар хассос ва шоиртабиат Улуғбекни унча хушламас эдилар.
Темурий салтанатнинг охирги йирик вакили Шоҳрух мирзо вафотидан кейин эса ўзаро уруш ва можаролар кучайиб кетди. Шоҳрух ўзидан кейин набираси Абдуллатифни тахтга ўтқазишни истарди. Аммо подшоҳнинг хотини Гавҳаршодбегим давлат ишларига аралашиб, бошқа бир невара Алоуддавлани ҳукмдор қилмоқчи бўлди. Оқибатда салтанат тахтини эгаллаш даъвосида юрган Муҳаммад Султон, Абулқосим Бобур, Алоуддавла ва Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф ҳукмдорга қарши тиш қайрай бошлашди. Салтанат тахтига Шоҳрухнинг набираларидан кўра ҳақлироқ бўлган Улуғбек ўғли Абдуллатиф билан бирлашиб, Алоуддавлани Ҳиротдан қочишга мажбур этади ва Шоҳрухнинг пойтахтини эгаллайди.
Бироқ тахт илинжида ёнган Абдуллатиф Улуғбек душманларининг иғвоси билан отасига қарши исён кўтарди ва Абулқосим Бобур билан тил бириктириб отасига қарши иттифоқ тузди. Хоин Абдуллатиф азиз отасининг ҳаётига чанг солди ва унинг табиий илмларга рағбати устунлигидан норози бўлиб юрган мутаассиб руҳонийлардан “диндан чиққан” Улуғбекни ўлдириш ҳақида фатво ёздириб олди. Ваҳоланки, Улуғбек ҳокимиятни Абдуллатифга топшириб, умрининг қолган қисмини илмга бағишлаш ниятида Самарқандга бориб, ўзини ўғлига топширганини Давлатшоҳ Самарқандий ва “Тарихи Абулхайрхоний” муаллифи Масъуд ибн Усмон Кўҳистонийлар ёзиб қолдиришган.
Улуғбекнинг ўлими тафсилотлари ҳақида улуғ муаррихлардан Абдурраззоқ Самарқандий шундай ёзади: “Мирзо Абдуллатиф соҳибқирон хон (Чингизхон) юсунини кўрсатиб ҳаммага амр қилдики, хон (Абдуллатиф Чиғатой наслидан бўлган Муғлуқ исмли бир кимсани номига хон қилиб қўйган эди) олдида тиз чўкиб, “Мирзо Улуғбек менинг фалон кишимни ғайриқонуний равишда ўлдирган, унинг хунини талаб қиламан”, деб арз қилинглар”. Ана шундайлардан бири Сундус қабиласидан бўлган Аббос исмли шахс хон олдида тиз чзкиб, Улуғбекдан қачонлардир катта жиноят қилгани учун қатл қилинган отасининг хунини талаб қилди. Абдуллатифнинг кўрсатмаси билан хон Аббоснинг илтимосини қондирди ва у тунда ҳаж қилиш учун Маккага жўнаб кетган Улуғбекнинг кетидан қувиб етиб, уни Самарқанд яқинида хоинона ўлдирди. Бу фожиали воқеа, Мирхонднинг айтишига қараганда, ҳижрий 853 сана саккизинчи рамазонда содир бўлди.
Қолаверса, диний уламоларнинг жоҳил, янгиликка қарши, мутаассиб қатлами ҳам фалакшунослик ва риёзиёт каби илмларга “муккасидан кетган” Улуғбекни ёқтирмаслиги ҳам ҳақиқат эди. Ваҳоланки, диний ва дунёвий илмлар ўртасига хитой девори қуриб оладиган, суриштириб ўтирмай ҳар қандай тараққиёт янгилигини ҳаромга чиқарадиган бундай жоҳиллар Улуғбек замонидан олдин ҳам, кейин ҳам етарлича топилган. Аммо Хожа Аҳрор Валийдай улуғ мутасаввифнинг, Аллоҳнинг дўстларидан деб тан олинган кароматли шайхнинг Улуғбекнинг ўлимига ҳеч қандай алоқалари бўлмаган. Бу тарихий мудҳиш ҳатони тузатиш йўлида катта изланишлар олиб борган самарқандлик тадқиқотчи, Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан Комилхон Каттаев “Хожа Аҳрор Валий ва Мирзо Улуғбек муаммолари” деган махсус рисола ёзиб, 2004 йили Самарқандда чоп эттирди. Келинг, ана шу илмий асарнинг мавзуимизга оид айрим ўринлари билан танишиб чиқайлик.
Комилхон Каттаевнинг ёзишича, “Хожа Аҳрор Валий билан Мирзо Улуғбек ораларини дастлаб академик Бартолд бошлиқ шарқшунослар бузган бўлса, кейинчалик ўзимиздан чиққан олимлар давом эттиришди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий 1951 “Астрономическая школа Улугбека” номли монографиясида ҳазрати Хожа Аҳрорни Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилишда айблайди. Академикнинг бу фикрига ушбу сатрлар муаллифининг бобоси Каттахонхожа Даҳбедий (1868 – 1969) қарши чиққан эдилар... (Хожа Аҳрор Валий у кишига она томондан катта бобо эдилар). Каттахонхожа Эшон бу асарни Ислом динига ва маърифатга қарши янги фитна деб тушуниб, ўша заҳоти Ўзбекистон Фанлар академиясига ва унинг раҳбарига хат жўнатадилар ҳамда академик жуда катта тарихий хатога йўл қўяётганини изҳор этадилар. Буни далиллаш учун тошкентлик катта олимларни Даҳбедга таклиф этадилар”.
Рисолада ёзилишича, “Собиқ Иттифоқ тарихчилигида бу муаммони ўрганишда жуда кўп чалкашликларга йўл қўйилган. Аввало, Хожа Аҳрор ва Мирзо Улуғбек бир-бирлари билан учрашишмаган. Хожа Аҳрор халққа танилганидан кейин Самарқандга биринчи марта милодий 1450 йили келган (1427 йили оз муддатга ўқишга келган, аммо шаҳардаги мадрасаларнинг минглаб талабалари ичида ёш Убайдуллоҳнинг ҳукмдор Улуғбек билан шахсан таниш бўлиши эҳтимолдан йироқдир). Бу пайтда Мирзо Улуғбек ҳам, унинг падаркуш ўғли Абдуллатиф ҳам ҳаётда йўқ, ҳокимият Улуғбекнинг куёви ва жияни Абдуллоҳ мирзо қўлида эди. Шу далилнинг ўзи ҳазрати Хожа Аҳрорнинг Улуғбек фожиасига умуман алоқалари бўлмаганини исботлаб турибди”.
Комилхон Каттаевнинг фикрича, совет шарқшунослари ўйлаб топиб, кейин зўр бериб алангалатган бу уйдирмани ўзбек олимлари ҳам қўллаб, Хожа Аҳрорга туҳмат қилиш бобида мустамлакачиларни ҳам ортда қолдириб кетишади. Муаллиф ўз рисоласида шундай ёзади: “Русиялик А. Болдирёв, тожикистонлик Аълохон Афсадзод каби олимлар мустабид тузум даврида ҳам Хожа Аҳрор ҳақларида ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилишгани ҳолда баъзи юртдошларимиз бу валий зотни “тараққиёт душмани”, “Улуғбекка қарши чиққан шахс”, “реаксион дин арбоби” сифатлари билан китоблар ёзишган эди. Яна бир катта инсофсизлик шуки, айримлар Улуғбекнинг қатлини унинг расадхона қурдирганию фалакшунослик илми билан шуғулланганига боғлашади. Бу даъвода ҳам ҳеч бир асос йўқ! Динимиз, айримлар зўр бериб истаганидай, илм-фанга, тараққиётга зид эмас. Мирзо Улуғбек ҳам ҳеч қачон ғайридин бўлмаган, беш вақт намозини канда қилмаган, асарларида Ислом дини ва ақидасини ҳамоя этган зотдир. Бунинг устига мусулмон оламида Улуғбекдан олдин ҳам, кейин ҳам фалакиёт билан шуғулланилган, расадхоналар қурилган. Энг қизиғи, Хожа Аҳрор қурдирган ва Сўзангарон кўчасида жойлашган мадрасанинг деворига туташ ҳовли Улуғбекнинг энг яқин шогирди мавлоно Али Қушчига тегишли бўлган. Бу аллома устози Улуғбек вафотидан кейин яна йигирма икки йил мобайнида шу ҳовлисида тинчгина яшаб ижод қилган”.
Ўзимиздан яна шуни қўшимча қиламиз: Али Қушчининг Ислом оламида мартабаси шунчалик баланд эдики, тахт учун уруш-можароларидан тўйиб, ватанини тарк этган олим умрининг охиригача Туркиядаги Аё-София жомеъ масжиди қошидаги мадрасада бош мударрис бўлди ва Истанбулда вафот этганидан сўнг мусулмонларнинг табаррук зиёратгоҳи – Абу Айюб Ансорий қабристонида дафн этилди.
Хулласи, узоқ йиллар мобайнида Мирзо Улуғбекка ноҳақ тақилган даҳрийлик тамғасини олиб ташлаш, унинг ўлимида Хожа Аҳрор Валийдай табаррук зотни айблаш каби туҳматларга чек қўйиш пайти келди. Айрим замонасоз олимлар ёзиб келганидай Мирзо Улуғбекнинг ўлимига Ислом дини ҳам, Хожа Аҳрор Валий ҳам сабабчи эмас, балки бу фожиа ҳукмдорнинг айрим кишилар билан шахсий адовати ва тахт учун курашлар натижасидир. Бунга исбот-дадил ахтариб юришнинг ҳожати ҳам йўқ. Мирхонд, Давлатшоҳ Самарқандий, Абдурраззоқ Самарқандий, Абу Тоҳирхожа, Муҳаммад Ҳайдар, Хондамир каби инсофли тарихчиларимизнинг асарларига холис мурожаат қилинса, кифоя!

Аҳмад МУҲАММАД
"Ҳилол" электрон журналидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин