Саналар
19.11.2017
Баннер
Бешигида бўғилган мухторият
PDF Босма E-mail

ТУРКИСТОН ЎЛКА МУСУЛМОНЛАРИНИНГ ТЎРТИНЧИ ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙИДА ТУРКИСТОН (ҚЎҚОН) МУХТОРИЯТИНИНГ ЭЪЛОН ҚИЛИНИШИ

Наманганлик иқтидорли тарихчи олим, тарих фанлари номзоди марҳум Йўлчи Қосимов Ўзбекистоннинг асл тарихини ёзиб, юзага чиқариш борасида кўп фидойилик кўрсатган заҳматкаш зиёлилардан эди. Унинг “Қора кўзойнак билан ёзилган тарих” китоби маҳаллий нашриётда оз нусхада нашр этилгани боис ўқувчиларнинг кенг қатламига етиб бормади. Шуни назарда тутиб, китобнинг Туркистон (“Қўқон”) мухторияти тарихига бағишланган бобини журналимиз ўқувчиларига тақдим этишга қарор қилдик.

РСФСР Миллатлар иши Халқ Комиссари И. В. Сталин ва Халқ Комиссарлар Советининг раиси В. И. Ленинларнинг имзоси билан иккита тарихий ҳужжат эълон қилинди: «Россия халқлари ҳуқуқлари Декларацияси» (1917 йил 2/15 ноябрь) ва «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига Мурожаатнома»си (1917 йил 3 декабрь). Ана шу Мурожаатномада, жумладан, шундай дейилган эди: «Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, Сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳузур тузаберингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз. Билингизки, Сизнинг ҳуқуқингиз ҳам инқилоб ва унинг органлари бўлган Ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советларининг бутун қудрати билан ҳимоя қилинади... Ўз мамлакатингизга ўзингиз хўжайин бўлмоғингиз керак. Ўз турмушингизни кўнгилдагидек ва ўз хоҳишингизга мувофиқ қилиб ўзингиз тузмоғингиз лозим. Сиз шундай қилишга ҳақлидирсиз. Чунки сизнинг тақдирингиз ўз қўлингизда...» (В. И. Ленин. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида. Тошкент, Ўздавнашр, 1957, 71-72-бетлар). Декларацияда эса жумладан шундай дейилган эди: «Халқ Комиссарлар Совети қарор қилади... 2. Россия халқларининг ўз тақдирларини ўзлари эркинлик билан белгилашлари ва ҳаттоки, ажралиб чиқиш ва мустақил давлат тузиш ҳуқуқини бериш. 3. Ҳамма ва ҳар қандай миллий имтиёз ва чеклашларни ва миллий-маданий имтиёз ва чеклашларни бекор қилиш» (Ўша китоб, 68-бет).

Ана шу ҳужжатлар эълон қилинган вақтда Тошкентда Ф. Колесов раҳбарлик қилаётган ҳукумат шаҳар думаларини тарқатиб юбориш ва миллий кадрларга нисбатан шовинистик сиёсатни авж олдирнш каби ўта нотўғри ва қўпол сиёсатни амалга оширмоқда эди. Иккиюзламачи большевик Ф. Колесов Туркистон ўлкаси Советларининг учинчи қурултойи номидан В. И. Ленинга, Халқ Комиссарлари Совети номига юборган телеграммасида Туркистон Халқ Комиссарлар Совети: «Сизнинг барча декретларингизни ҳаётга тадбиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган», деб тилёғламалик қилган эди. Аммо минг надоматларким, бу ёлғончи ва шўролар мустамлакачиси ўз ваъдаларининг тескарисини қилди. Ва ҳатто, у ўзи имзо чеккан ҳукумат ҳужжатларида ҳам ана шу юқорида кўрсатилган марказий ҳукумат кўрсатмаларини ҳам ва лоақал, ҳужжатларнинг номини ҳам қайд қилиб ўтмади.

1917 йилнинг 26-29 ноябри кунлари Қўқон шаҳридаги «Шўройи исломия» ташкилотининг қароргоҳида Туркистон Ўлка мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи қурултойи бўлиб ўтди. Эслатиб ўтайлик, 1917 йил ёзида бошқа сиёсий партиялар қаторида «Шўройи исломия»чилар Тошкентдан қувилган эди. Шунинг учун “Шўройи исломия” ва “Шўройи уламо” жамиятлари аъзолари Қўқон шаҳридан бошпана топган эдилар. Чунки Қўқон шаҳри собиқ хонликиинг маркази бўлиб, унда шу вақтларда 50 минг-дан ортиқ аҳоли яшар эди. Қирқ мадраса, 382 та масжид бўлиб, уларда олти мингга яқин диний хизматчи бўлган. Айни вақтда шаҳарда ўн битта йирик халқаро банклар ҳам иш кўрган (қаралсин: Шомагдиев Ш. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине. Ташкент, Изд-во АН УзССР, 1961, стр. 36. Қўқон тарих-ўлкашунослик музейи фонди материаллари).

Қурултой чақирилиши олдидан турли жойларга таклифномалар тарқатилган зди. Аммо бу вақтда ўлка маркази Тошкентда почта-телеграф ходимларининг иш ташлашлари давом этаётганлиги туфайли вакилларга таклифлар (мандат) қрғозлари ўз вақтида етиб бормади.

25 ноябрь куни кечқурун съезд олди ташкилий йиғилиши бўлиб ўтган. «Туркистон ахбороти» рўзномасининг хабар беришича, 1917 йил 26 ноябрь куни Ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси ва Қурултойни ўтказиш ташкилий ҳайъатининг аъзоси Мустафо Чўқаев қурултойни очган. Биринчи бўлиб мандат (шаҳодат) ҳайъатининг аъзоси Норбўтабековнинг қурултойга келганларнинг таркиби ва сони хусусидаги ахбороти эшитилади. Унинг ахборотига кўра, қурултойга Фарғона вилоятидан – 150 киши, Сирдарё вилоятидан – 22 киши, Самарқанд вилоятидан – 21 киши, Каспийорти (Закаспий)дан – 7 киши, Бухородан – 4 киши келганлиги маълум қилинди. Қурултойнинг охирларига бориб вакилларнинг сони 250 тага етган. Қурултойга вакиллардан ташқари «Шўройи уламо», Мусулмон аскарлар Кенгаши, Ўлка яҳудий ташкилоти, Бухоро яҳудийлари, Касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлардан ҳам вакиллар қатнашган.

Курултойда ҳайъат аъзолари сайлови анча мунозарали ўтган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайъат аъзолари таркибига мусулмон бўлмаган (номусулмон) гуруҳларнинг вакилларидан ҳам сайлашни таклиф этди. Қўқонлик вакил А. Маҳмудовнинг таклифига биноан ўн уч ки-шидан иборат қурултой ишининг раёсати (президиуми) сайланди. Улар орасида М. Чўқаев, У. Хўжаев, Ю. Оғаев (Юрғули Оғаев), Акаев, Гернфельд (Герцфельд), А. Маҳмудов, Шоаҳмедов, Қишчинбоев, Абдул Бадин, Камол қози, Ўразаев, Тиллаев, Каримбоевлар бор эди. М. Чўқаевнинг таклифига биноан бухоролик (самарқандлик) вакил, таниқли арбоб Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ҳайъат таркибига киритилди. Бу таклифни мажлис аҳли олқишлар билан қарши олди.

Қурултойнинг кун тартиби тасдиқланди. Кун тартибидаги масалалар орасида қуйидагилар бор эди:

1. Ўлканинг бошқарув шакли ҳақида. 2. Туркистон Мухториятини тузиш тўғрисида. 3. Туркистон Мусулмонлар Кенгашини қайта сайлаш ҳақида. 4. Туркистон Таъсис мажлисини ўтказиш. 5. Туркистоннинг «Казак қўшинлари, тоғли Кавказ ва эркин саҳройи халқлар жануби-шарқий Иттифоқига» аъзо бўлиши ҳақида. 6. Халқ милициясини тузиш. 7. Молиявий ишлар ва бошқа масалалар.

Изоҳ: 5-пунктда кўзда тутилган иттифоқ 1917 йил 20 октябрда тузилган эди. Унга кўра казак аскарлари, Кавказнинг тоғли халқлари ва чўлларнинг эркин миллатларидан ташкил топган бўлиб, Россияни халқчил федератив жумҳуриятга айлантириш мақсадида вужудга келган («Свободный Самарканд», 6.XII.1917). Шартномада Туркистонга буғдой етказиб бериш ва ва бошқа товар айрибошлаш масалалари ҳам бор эди. Бу эса Туркистонга яқинлашиб келаётган очарчиликни даф қилишда муҳим стратегик аҳамиятга эга эди.

Кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама қилишда Туркистонни «Шарқий-жанубий иттифоққа» кириши масаласи бирмунча мунозарали бўлган. Атаман Дутовнинг вакили олиб келган шартнома лойиҳасига айрим вакиллар қарши чиқдилар. Улар тузилажак Туркистон Мухториятининг ана шу шартномага кирмаслигини ёқладилар. Шунга қарамасдан шартнома қабул килинди. («Вақт», 1917 йил 2 декабрь). Уч кун давом этган қурултойда жуда қизғин мунозара ва тортишувлар бўлган. Тошкент Шўролар ҳукуматидан вакил бўлиб келган П. Г. Полторацкий қурултойда нутқ сўзлади. У ўз нутқида тузилажак Мухториятга қарши чиқди ва қарши гапирди. Унинг нутқи қурултой қатнашчиларининг бирортасига ҳам таъсир этмади.

27 ноябрдан 28 ноябрга ўтар кечаси Туркистон Умуммусулмонлар қурултойининг қарори ўқиб эшиттирилди. Карорда, жумладан шундай дейилган эди: «Қурултой Туркистонда яшовчи миллатларнинг иродасини ифодалаб, Улуғ Русия инқилоби ваъда этган ўз тақдирини ўзи ҳал этиш негизида, Федератив демократик Русия жумҳурияти асоси узра, Туркистонни территория жиҳатдан мухторият шаклида белгилашни топширди», «Туркистонда яшовчи миллий озчилик ҳуқуқлари ҳар томонлама муҳофаза этилади».

Қурултойда давлат тузилмаси масаласи муҳокама этилиб, унда Туркистон Мухторияти деб белгилашга келишиб олинган эди. Қурултойнинг 20 ноябрь кунги мажлисида Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Таъсис Мажлиси чақирилишига қадар бутун ҳокимиятни Туркистон Вақтли Кенгаши ва Туркистон Халқ Бошқаруви қўлида бўлади, деб қарор қилинди. Туркистон Муваққат Шўроси – Туркистон Республикасининг таркиби тузилиб, унинг аъзолигига 34 киши сайланди. Кенгаш илгари Туркистондан Бутунроссия Таъсис мажлисига юборилган вакиллар сонига қараб белгиланди.

Туркистон Мухторияти ҳукумати таркибига – миллат мажлисига 54 киши сайланди. Сайланганлардан учдан бир қисми оврўполик вакилларга ажратилди. «Ҳуррият» рўзномасинииг 1917 йил 1 ва 5 декабрь сонларида қарор матни, ҳукумат таркиби ва умуман қурултой ҳақидаги ахборот зълон қилинган.

Сайланганларнинг 36 нафари мусулмон ва 18 нафари ғайри-мусулмонлардан (оврўполилар умумий аҳолининг 7 фоизини ташкил этган) сайланган. Булар орасида мусулмонлардан М. Беҳбудий (Бухоро), У. Хўжаев, Носирхон тўра, Абдуқодирбек Қўшбегиев, И. Шоаҳмедов, Ҳ. Юрғули-Оғаев, А. Маҳмудов, Ашурхўжа, Д. Қорабеков, А. Ўразаев, М. Мирзааҳмедов (Фарғона), Муҳаммад Тинишбоев, И. Давлетшин (Еттисув), Ўроз Сардор (Туркманистон), Мустафо Чўқаев (Қозоғистон) Ш. Лапин, С. Бойсаидов, Т. Норбўтабеков, С. Миржалилов, И. Губайдуллин, К. Ҳожинов, С. Шарифхўжаев (Сирдарё), А. Абдусалимов, С. Герцфельд, А. Дербисолин, М. Оқчурин, Мансуров (Самарқанд). Л. Ширинский, F. Мусабоев, О. Шокирхонтўраев, К. Раҳмонбердиев, А. Умаров, С. Юсупов (Каспий бўйидан) ва бошқалар.

Мана шу ўн саккиз ўрин ичида социал-демократлар, дашноқцутюн (арман), эсэрлар, украин, поляк, яҳудий (маҳаллий ва оврўполи), темир йўлчилар иттифоқи каби сиёсий партиялар ва бошқа ташкилотларнинг ҳам вакиллари бор эдилар. Шунингдек, улар орасида Намангон, Андижон, Скобелев (Фарғона), Тошкент каби шаҳарлардан келган вакиллар ҳам бор эди. Оврўполиклар ичида Потеляхов, Вадьяев, Герцфильдлардан ташқари ҳукумат ичида адвокат Ненсберг, Тиц (Андижон) кабилар ҳам иштирок этдилар.

Туркистон Мухторияти Муваққат Миллат мажлисига (парламентга) танланган ана шу  ва бошқа кишилар иштирокида Туркистон Муваққат ҳукумати тасдиқланди ва у қуйидагича тузилди:

1. Муҳаммаджон Тинишбоев – ҳукумат раиси (нозир) ва Ички ишлар нозири (У «Олош Ўрда» (қозоқ) партиясининг раҳбари, Иккинчи Давлат думасининг аъзоси, Туркистон темир йўл инженерлари қўмитасининг аъзоси, касби инженер);
2. Ислом Султон Шоаҳмедов – раис ўринбосари (Умуммусулмонлар Кенгашининг аъзоси, Думадаги доимий ишончли вакил, касби адвокат);
3. Мустафо Чўқаев – Ташқи ишлар нозири (Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Қўмитаси аъзоси, Ўлка Мусулмонлар Кенгашининг раиси, касби юрист, адвокат);
4. Убайдулла Хўжаев – Халқ милицияси ва Хавфсизлик нозири (Умумрусия Мусулмонлар Кенгаши Марказий Қўмитасининг аъзоси, касби юрист, адвокат);
5. Ҳидоятбек Юрғули-Оғаев – Ер ва сув ишлари нозири (касби агроном-олим);
6. Обиджон Маҳмудов – Озиқ-овқат ишлари нозири (Қўқон шаҳар думаси раисининг ўринбосари);
7. Соломон Герцфильд – Молия нозири;
8. А. Маҳмудов – Адлия (юстиция) нозири;
9. Чанишев (полковник) – Ҳарбий мудофаа нозири, Бош қўмондон;
10. Саидносир Миржалилов – Хазина Ишлари Нозири ва бошқалар.
(Қаралсин: «Туркестанский вестник», 1917 йил б    декабрь).

Туркистон мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда қурултойи ўз йиғилишининг охирги босқичида, яъни 29 ноябрда Myваққат Миллат мажлиси ва Муваққат ҳукумат аъзоларининг муҳофазаси ва дахлсиздиги ҳақида қapop қабул қилди. Қарорда шундай дейилган: «Булардан ҳар бирига қарши зўравонлик бутун ўн миллионли Туркистон халқига қарши таҳқир деб билинади». Қурултой қатнашчилари болшевиклар томонидан тузилган Тошкент қизил ҳукуматининг (ҳибсга олишлари, тинтув ўтказишлари ва ҳ. з.) нотўғри ҳатти-ҳаракатларини қоралаб қарор қабул қилди ва ҳибсга олинган кишиларни озод этишни талаб қилди.

Қурултой сўнгида Бутун Туркистон фуқароларига, сиёсий партияларига, ташкилот, муассаса ва ҳаракатларга қарата уларни аҳиллик, ҳамкорлик, бирдамликка чақирувчи Мурожаат қабул қилинди. Мурожаатда жумладан шундай дейилган: «Занжирлардан бўшағон Туркистон ўз ерининг ҳокими ва ўз тарихининг яратувчисига айланадиган вақт келди!» (қаралсин: «Свободный Самарканд», 6 декабря 1917 г.).

Туркистон Республикаси Мухтор парламенти эълон қилингач, бутун мусулмонлар олами уни севинч ва кўтаринкилик руҳи билан қарши олди. Жойларда уни қўллаб-қувватлашга бағишланган митинглар, йиғилиш ва намойишлар бошланиб кетди. Бу ҳаракатлар шўровий тарихчилар ёзишганидек, норозилик кайфиятидаги чиқишлар эмас, балки унинг тескариси бўлган. Тарихий фактларга мурожаат қилайлик.

Илгари Мухторият ғояларига қарши турган рўзномалар, масалан, «Курьер», «Туркестанское слово» ва бошқалар энди ўз муносабатларини тубдан ўзгартириб, мусулмонларни ўз ҳокимиятларини ҳимоя қилишга даъват этдилар. «Свободный Самарканд» рўзномасида С. Никифоров эълон қилган мақолада: «Давримиз учун муҳим бўлган қурултой қарорлари ушбу чекка миллий ўлканинг ҳаётида янги саҳифа очилганлигини англатади», деб ёзган (қаралсин: ўша газета, 1917 йил 7 декабрь).

30 ноябрь куни Қўқонда мусулмон меҳнаткашларининг кўпминг кишилик намойиши бўлган. Унда мусулмон ҳукуматини ҳимоя қилишга қаратилган қасамёд қилинган. «Туркестанский вестник» рўзномасининг хабар беришича, Тошкентнинг Жомеъ масжидида жуда катта митинг бўлган. Унда «Нотиқлар ҳаяжон ва кўзларида ёш ила янги ҳаёт бошланиши ҳақида сўзлаганлар» (қаралсин, ўша рўзнома 1917 йил 8 декабрь). Митинг иштирокчилари Мухториятга ёрдам бериш учун жамғарма йиғишга ҳам қарор қилдилар. Митингда Мухторият ҳукумати раҳбариятининг имзоси билан эълон қилинган Мурожаат ўқиб эшиттирилганда ҳамма йиғлаган.

«Туркестанские ведомости» рўзномасида Сталин-Ленин имзолаган «Русия ва Шарқнинг мусулмон меҳнаткашларига хитобнома» эълон қилинди. Худди шу кунларда Тошкент Шўролар ҳукуматининг раҳбари Ф. Колесовнннг фармонига биноан Тошкент шаҳар думаси тарқатиб юборилди. 6 декабрь куни бундан норози бўлганларнинг Тошкентда митинги ўтказилади. Митингда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор қабул қилинди. Унда шундай дейилган: «Комиссар Колесовнннг шаҳар думасини тарқатиш ҳақидаги буйруғини тинглаб, йиғилиш бир овоздан мазкур ғайриқонуний буйруққа қарши қизғин эътироз билдиради. Модомики, шаҳар думаси умумий, тенг, бевосита ва махфий овоз бериш йўли билан сайланган бўлиб, Тошкент шаҳрида якка-ягона халқчил, демократик ташкилот ҳамда 300 мингли шаҳар нуфусининг хоҳиш-иродасини асл ифода эта билувчи муассасадир. Дума аъзоларига ўз ишларини давом эттириб, уларни сайлаган халқ ҳимояси ва муҳофазаси остига ўзларини топширишни белгилайдилар» (Туркестанский вестник», 8 декабря 1917 г.).

Тошкент шаҳар думасининг охирги ёпилиш йиғилишида депутат Ибнямин Ёнбоев сўз олиб шундай деган: «Ҳозирги ҳокимиятнинг (ran Колесов раҳбарлик қилаётган Кизил ҳукумат устида бораётир – Й. Қ) тан олинган демократлиги даргумон. Ушбу ҳокимият мусулмонлар номидан гапириши қип-қизил ёлғон... Мазкур ҳокимиятнинг асл кучи тўп ва пулемётлардир. Лекин биз, мусулмонлар бу кучдан қўрқмаймиз. Бизда ўзга куч мавжуддирки, бу куч руҳимиздир. Тарих ушбу сохта ҳокимиятнинг амалини қоралайдиган вақт, албатта келажак!» («Туркестанский вестник», 9 декабря 1917 г.)

Раҳмат Сизга Ибнямин бобо! Худо раҳматига олган бўлсин руҳингизни! Сиз бундан 75 йил муқаддам бугунги дориломон кунларимизга – Мустақиллик кунимизга тирик етиб кела олмадингиз. Аммо Сиз бу кунларни олдиндан кўра билгансиз. Тарих ва давр тақозоси билан бугун биз Колесов ҳукуматининг жирканч моҳияти ва мақсадини очиб ташловчи фактларга мурожаат қилиб, Сиз кўрган ва биз ҳужжатлар орқали таниш ҳокимиятнинг мусулмонларга – туб туркистонлик аҳолига нисбатан амалга оширган қора ишлари ва ниятларини ўрганишга муяссар бўлаётирмиз. Бу ҳақдаги тарихий ҳақиқатни ҳаммамиз билишимиз шарт, азиз ватандошлар!

(Давоми бор)

“Ҳилол” электрон журналидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин