Саналар
19.11.2017
Баннер
Ибратли ҳужжатлар
PDF Босма E-mail

Динимизга, азалий урф-одатларимизга, маънавият ва анъаналаримизга зид бўлган майхўрликнинг Мовароуннаҳр заминига кириб, авж олишидан ҳукмдорлару миллатнинг кўзи очиқ зиёлилари ва маърифатпарварлари қаттиқ изтиробга тушишган, бу иллатни кескин қоралашган.

Атоқли ўзбек давлат арбоби ва шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 1525 йили имзолаган фармонидан:
«Башар нафси ёмонликка мойил этишдан узоқ эмас. Қуръонда дейилган: «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс, агар  Парвардигорнинг Ўзи раҳм қилмаса, албатта барча ёмонликларга буюргувчидир». «Бу  Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир». Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат ман қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружу қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, улар битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» пардаси остида беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри ила юмшатсалар» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик…». (тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айни шу майни қатағон қилган фармондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, темурий подшоҳлардан Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган, унинг ўзи мастлигида суюмли ва умидли набираси Мўмин Мирзо қатлига фармон берган).

Хуросон ҳоқони Шоҳруҳ Мирзонинг 1440-1441 йилларда шароб тўкишга отлангани ҳақида:

«Онҳазрат (яъни Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо) саккиз юзинчи ҳижрий йили Хуросон мамлакати салтанати тахтига тайин қилинди. Салтанат ҳаракатида бўлган гўдаклик чоғларидан то жаҳон халифалик тахтига чиқиб қарор топгани шу замонгача унинг олий истакка интилувчи ҳимматининг кўзда тутган мақсади ҳамиша ҳақ динни мустаҳкамлаш, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссалом шариатини кучайтириш бўлиб келди ҳамда илоҳий фармонни ижро этишда, айниқса ман этилган ва номуносиб ишларни йўқотиш ва жиловлаб олишда ғоятда жидду жаҳд кўрстатди.
Шу ҳолда муҳтасиблик олий мансабига мансуб бўлган шариф кишилар ифтихори Саййид Муртазо Саҳҳоф ва воизлар раҳбари мавлоно Абдужалил ал-Қоинийлар арзга етказдилар:
«Онҳазратнинг адолати кўмагида бутун мамлакатда мастликни мушкин хатлик оҳукўз Хитой гўзаллари кўзидан бошқа ерда кўриш душвор ва хуморликни ёрнинг шаҳло кўзидан бошқа ерда учратиш мумкин эмас бир пайтда шаҳзодалар Мирзо Муҳаммад Жўкай ва Мирзо Алоуд-Давлаларнинг хумхоналари (шаробга) тўла, уни тўкиб ташлаш уёқда турсин, у ерга етиб боришнинг ўзи ҳам беҳуда хаёлдан иборат эди. Ҳазрат Ҳоқони саъид ўз шариф вужуди билан шароб тўкишга отланди, давлат оёғини саодат узангисига қўйиб отга минди ва Дарвозайи Хушдан ташқари чиқиб, Сепалак тарафига, хумхоналар ўрнашган жойга жўнади. Бадахшон лаълию руммоний ёқутнинг рашкини келтирувчи соф шароблар билан тўлатилган хумларни ҳеч ачинишсиз тупроққа тўкдилар. Шариат юқори қўйилганидан мамлакат янгидан равнақ олди ва салтанат бу ғамхўрлик шарофати билан ўзга бир тароват топди» (Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асаридан).

Миллатпарвар зиёлилардан Вадуд Маҳмуднинг (1898-1976) «Туркистон» газетининг 1923 йил 24 декабрдаги «Туркистонда майхўрлик» мақоласи:
Бўза, май, умуман кайф берадурғон ичкиликларнинг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир. Унинг қандайин заҳри беомон экани илман собитдир. Яқинда бутун Русия олимларининг Масковда бўлуб ўткан қурултойи ақлсизлик – жинниликнинг ичкиликка жуда яқин алоқада эканини исбот этди.
Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқларига ёйилғон. Ҳатто баъзи зиёлилар ва хотинларига ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар.
Кўп кишилар бунинг кўп ичилишини билимсизликдан, зарарини тушунмаганликдан келадир, дейдирлар. Лекин бу тўғри эмас. Дўхтурлар ҳам тамаки ва «алкагул»нинг зарарини жуда яхши билатуриб, ўзларини шундан торта олмайдурлар. Бу, тўғриси, тарбиясизликдан келғондир. Бундай кишилар ўзларини идора эта олмайдурғон зотлардир. Бунга ўргангандан кейин қутулиш қийин.
«Туркистон» газетининг ўтган сонларидан бирида Туркистон Халқ комиссарлар шўросининг кўкнори экишни ман қилиб чиқарғон қарори ёзилди. Биз муни кўриб халқни заҳарлайдурғон моддалардан бирини камайтириш ва битириш йўлиға киришилғонини кўруб, жуда севиндик ва олқишладук. Бугун ичкилик тўғрисинда ҳам ўз товушимизни халқнинг ҳомийи ва мураббийи бўлғон юқори ҳукумат доиралариға эшиттирмакчимиз.
Ичкилик инқилобдан кейин бир неча вақтлар ман қилинғон бўлса ҳам, «иқтисодий сиёсат» билан яна эски ҳолиға қайтди. Самогун ва мусаллас пиширғувчилар билан кураш олиб борилғон бўлса ҳам, ул кўп вақт давом этмади. Шундан кейин яна ривож олиб кетди.
Мана шу курашни тўхтатмаслик керак. Юқори доираларимизнинг, айниқса, бўлис ва қишлоқ ташкилотларининг ва халқимизни маданий ҳаётга яқинлаштирмоқ дардида бўлғон ишчиларимизнинг шу масалаға жиддийроқ қарамоқларини ўтинамиз.

МАЙХЎРЛИКНИНГ ЖАЗОСИ

Ўн тўққизинчи асрнинг бошларида Англияда ичкиликка берилган одамни тавба қилдириш учун эгнига ифлос кийимлар кийдириб, бўйнига «ароқхўр» деб ёзилган ёрлиқ осиб, энг малол келадиган ишларни қилдиришган.

* * *

Йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларида Мексика пойтахти Мехикода кўчада ётган мастни политсия машинасига олиб келиш «маросими»ни кинотасвирчи суратга олган. Агар маст киши биринчи марта қўлга тушган бўлса, филмни фақат унинг ўзига кўрсатишган. Иккинчи марта қўлга тушганида унинг қариндош-уруғ, таниш-билишларини тўплаб, уларга кўрсатилган. Агар учинчи марта яна маст ҳолда ушланса, қисқа бу филм пойтахт экранларида ҳаммага намойиш қилинган.

* * *

Буюк Карл замонида (742-814) май ичиб биринчи марта қўлга тушган кишини одамлардан холи қилиб қамаб қўйишган, иккинчи мартасида халқ олдида шарманда қилиб жазолашган, учинчи марта шу айб билан ушланганлар қатл қилинган.

* * *

Қадимги юнонларнинг қулдорлик давлати Спартада қул қилинган асирларга май ичириб маст қилишар, «бу мастларнинг аҳволи ёшларга сабоқ бўлсин», деган мақсадда ёшларга намойиш қилинар эди.

* * *

Қадимги Ҳиндистонда май ичмаслик ҳамма табақалар учун мажбурий бўлган. Ичкилик ичгани фош қилинган кимсанинг оғзига кумуш, қўрғошин ёки мис эритиб қуйишар эди.

* * *

Агар ҳиндистонлик браҳман (юқори табақадаги аслзода киши) маст бўлиб қолса, унга қайнаб турган шароб, қайноқ сув ёки сигир сийдигини то маст ўлгунича зўрлаб ичиришган. Браҳманнинг хотини ичкилик ичиб қўйса, хонадондан ҳайдаб юборилган, пешонасига шиша шаклидаги тамға босилган.

* * *

Будда (милоддан аввалги 2-аср) ва Конфутсий (милоддан аввалги 5-аср) ҳам ичкилик ичишни қатъий ман этишган. Хитой императори Бу Ванг (милоддан олдинги 1200 йиллар) эса бадмастларни ўлимга ҳукм қилган. Ҳозирги пайтда Хитойда автомобилни кайф ҳолда бошқарганлар ҳам ўлим жазосига ҳукм этилади.

* * *

Рус подшоҳи Пётр Биринчи ичкилик ичган кишининг бўйнига «ичганлиги учун» деб ўйиб ёзилган оғир чўян «медал»ни осиб қўйишга буюрган.

* * *

1874 йили Америка аёллари ичкиликбозликка ва бунинг ўчоғи бўлган қовоқхоналарга қарши исён кўтаришди. Аёллар қовоқхоналарни қамалга олиб, у ерга ҳеч кимни киргизишмади. Бочка-бочка шаробларни ариққа оқизишди. Қовоқхона эгаларини калтаклаб, бошқа фойдалироқ касб қилишни тавсия этишди. Минглаб ёш болалар майдонларга йиғилиб, ичкиликка норозилик билдиришган. Улар: «Оталар, оналар! Сизлардан ўтиниб сўраймиз: ичкиликка қарши астойдил курашинг! Бизни маст оталар, маст оналар калтаклашяпти», деб ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди. Ичкиликка қарши аёллар ва болаларнинг норозилик исёни Глексборгадан бошланиб, кейинчалик бутун Америкага тарқалган эди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин