Саналар
17.11.2017
Баннер
Тасодифий жой ёхуд «Д»лар сиёсати
PDF Босма E-mail

Ҳар йили Потсдамга минглаб сайёҳлар ташриф буюришади. Уларнинг мақсади экзотика, қадимий ёдгорликлар, қасрларни томоша қилиш, гўзал паркларни айланишдангина иборат эмас. Айни шу шаҳарда иккинчи жаҳон урушини якунлаб берган конференция ташкил этилган. 1913—1916 йиллар оралиғида қуриб битказилган инглиз услубидаги Ситсилиэнхоф қалъасида ўша пайтдаги катта учлик давлатлари раҳбарлари Сталин, Трумен ва Черчилл(1945 йилнинг 28 июлидан бошлаб унинг ўрнига К.Эттли иштирок этган)учрашишган ва уруш тақдирини ҳал қилишганди.

Шунинг учун ҳам туристлар Европанинг ушбу митти нуқтасини кўп бор зиёрат қилишни ўзларига катта ташвиш деб билмайдилар.

ГДР (Германия Демократик Республикаси — 1949 йил 7 октябрда ташкил топган) даврида халқаро меҳмонхона вазифасини ўтаб берган бефайз бино таъмирдан сўнг кўҳна чиройини яна бир бор намоён этди. Германиялар бирлашгач эса таништирув-тушунтирувларнинг ҳам оҳанги(тони) ўзгарди. Энди гидлар Қизил Армиянинг қудратига эмас, балки совет империясининг репрессив характерига катта урғу бера бошладилар. Умуман олганда, катталар учрашуви учун бу жойни танлаш тасодифан юз берган. Шартга кўра, улар Германия ҳудудидаги ва Берлин атрофидаги бирор-бир пунктда йиғилишлари керак эди. Сабаби пойтахт деярли харобага айланганди. Шундан келиб чиқиб, маршал Жуков(Совет Армиясининг бош қўмондони) ҳар томонлама қулай бўлган Потсдамни танлашни жоиз деб топди. Давлатлар делегатсиялари Ситсилиэнхоф қалъасидан унча узоқ бўлмаган дарё қирғоғида омон қолган бир нечта виллаларда қўним топишди.

Ғарблик меҳмонлар орасида уруш даврида АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматларини муваффақиятли бошқарган арбоблар йўқ эди ҳисоб. Франклин Рузвелтнинг 1945 йил апрелида вафот этиши муносабати билан америкаликларга собиқ витсе-президент Гарри Трумен (1945 йилнинг 12 апрелида президентликка сайланган) бош бўлиб келди. Ташқи сиёсат борасидаги тажрибасизлиги ва тор дунёқараши унинг рейтингда пастроқ ўрин эгаллашга мажбурлигини кўрсатиб қўйди. Эътиборли жаноб, таниқли бош вазир Уинстон Черчилл Ғарбий Европада Совет Иттифоқининг таъсири кучайиб кетишидан хавфсираган бўлса-да, муҳокама асносида Англияда бўлиб ўтган сайловлардан кейин ҳокимият ҳақида қайғуриш масъулияти унинг бўйнидан соқит қилинганлиги маълум бўлди. Чунки лейбористлар етакчиси Клемент Эттли урушдан сўнг ўтказилган биринчи сайловда кўп овоз йиғишга эришди. Ҳокимият тахтасидаги фарзин(Черчилл) янгиланди. Бу эса КПСС бош котиби Иосиф Сталинга нафақат мезбон сифатида, балки рақиблар кучсизланган дамдек олтин имкониятни туҳфа этди. Доҳийнинг келажакда ечимини кутаётган сиёсий муаммолар хусусидаги фикрлари кўпроқ кучга, тутган ўрни эса қудратлироқ нуфузга эга бўла борди.

Манфаатлар тўқнашуви олдинги конференцияларда зарурият юзасидан четга суриб қўйилгани рост. «Урушда агар дўст бўлсанг, қарор битта бўлиши керак» шиорига антигитлер коалицияси риоя қилиши, ўзбекчасига тушунтирганда бир ёқадан бош чиқариши шарт эди.

Кўп ўтмай уруш деярли тугади. Техникаларнинг асаббузар овозлари оз муддатга бўлса-да тинди. Энди навбат — ғоявий жангларга, бир-биридан ўтиш учун мусобақалашиб, тобора баландлаша бораётган сиёсий шовқин-суронларга етиб келганди.

Буюк Британия мустақиллиги ва колониал бошқарувини сақлаб қолиш ҳамда қитъада ўз обрўсини тиклаб олиш ҳаракатига тушди. Коммунизм дарғалари ҳудудларини немис босқинчиларидан батамом тозалаш, кутилаётган ҳужумларнинг олдини олиш ва Ғарбий Европадаги таъсирини кучайтириш билан овора бўлса, АҚШ эркин савдони қайта йўлга қўйиш ва Европа билан муносабатларни барқарорлаштиришдан манфаатдор эди. БМТнинг ташкил этилиши бу борадаги биринчи қадам вазифасини бажариб берди. Унда эҳтимоли бор янги жаҳон уруши маълум муддатга «зарарсизлантирилганди». Теҳронда ҳам, Ялтада ва Лондонда ҳам иттифоқчилар муҳокамаларидан сўнг тинчлик тўғрисидаги битимга имзо чекилгани маълум. Шундан бўлса керак, 1945 йилдан сўнг раҳбарларни ўз юртларида тиклаш ишларини олиб боришдан кўра, натсист тарафдорларини жазолаш кўпроқ қизиқтирган. Айниқса, Потсдамда бу ҳол кўзга яққол ташланди, у ерда адолатнинг қарор топишига астойдил ҳаракат қилинди. Давр тарозуси паллалари фақат бу билан мувозанатга келмасди, албатта. Ҳали олдинда чегараларни белгилаш ва бошқа географик масалалар кўндаланг турарди.

Конференция давомида Кенигсберг шаҳри, Германиянинг ғарбидан то поляклар мулки Лаузиттса-на-Нейсигача бўлган ҳудудларни СССР раҳбарлари ўзиники қилиб олишди. Туб ерликлар ўз жойларини кўчиб келадиган аҳоли учун бўшатиб беришлари зарур эди. Шунингдек, вайрон бўлган зоналарни қайта тиклаш учун Германия ҳукумати 10 млрд. рейхсмарк ҳисобида репаратсия(товон) тўлаши Потсдам ҳужжатларида қайд этилди.

Шунингдек, учта «д» сиёсати, яъни демилитаризатсия, декартелизатсия, денатсификатсия — фашизмни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган бўлиб, охир-оқибат демократизатсия(тўртинчи «д»)га йўл очиши лозимлиги тўғрисидаги қарорга Ситсилиэнхоф қалъасига ташриф буюрган давлат вакиллари имзо чекишди. Бу билан Германия халқаро муносабатлардан вақтинча маҳрум қилинди. Аслини олганда, коммунистлар ҳам, Ғарб ҳам, расмий қабул қилинган Потсдам меъёрларига ҳеч қачон адолат нуқтаи назаридан ёндашишмаган. Бу совуқ уруш даврида кўзга ёрқин ташланди. Натижа Германиянинг икки хил маънодаги мағлубиятини кўрсатиб қўйди. Биринчидан, ғолиблар мағлублар устидан бемалол ҳукм чиқаришлари мумкин эди. Энди ҳеч қандай «рейх бўриси» уларга халақит бера олмасди. Иккинчидан, ҳужжатлардаги охирги бандлар ҳам нафақат натсист ҳукумати инқирозидан дарак берарди, балки шарманда бўлган, товон тўлашдан чарчаган немис миллий ҳокимиятининг, ватанидан айрилган, қувғиндаги халқ кўз ёшларини жонли ифодаларди. Унинг устига, муҳокамаларда немислар ўзлари устидан чиқарилган ҳукмни жим ўтириб тинглашга маҳкум эдилар.

Потсдамда яна шунга келишилдики, Германия билан ғолиб давлатлар ўртасидаги алоқаларда янги ҳужумлар хавфи борлиги туфайли қатъий ва бешафқат методларга амал қилинди.

Катта учлик вермахтни узил-кесил йўқ қилишдан ташқари, ижтимоий ва маданий «қуролсизлантириш» ишларини ҳам жадаллик билан олиб борди. Бундан ташқари, декартелизатсия йўналиши орқали уруш пайтида молиялаштириш ишлари билан шуғулланган барча картел(ҳарбий-иқтисодий ташкилот, монополистик бирлашма)лар ёпиб қўйилди, герман иқтисодиётини марказлаштиришдан холи этиш, монополияларни йўқотиш ҳақида сўз юритилди. Дастурда сиёсий маданият узоқ муддат мобайнида реабилитация (қайта тикланиш) жараёнига тайёрланиб бориши ва янгича қиёфа касб этмоғи кўзда тутилганди. Табиийки, энг кўп йўқотишга учраган ва мисли кўрилмаган талофатдан зарар кўрган ҳамда шу орқали ғалабани таъминлаган Совет Иттифоқи Потсдам(Берлин) конференцияси баҳонасида Европанинг мутлақ гегемон давлатига айланди. Бошқалар Франциянинг Шимолий Африкадаги мустамлакаларини, кейинчалик Италияни душман исканжасидан халос этаётган ва 1944 йилнинг ёзида франтсузларга енгил нафас олиш насиб қилган бир пайтда, Қизил Армиянинг Европадаги таъсири ниҳоятда кучайиб кетди. Шунга яраша Москва томонидан бошқариладиган ер майдони ҳажми ҳам кенгайиб борди. Ўша пайтда жорий вазиятни Черчилл тинмай танқид қилган бўлса-да, Рузвелт келажак ҳамкорлигига путур етмасин дея СССР билан сан-манга боришни истамасди. Расмий келишувлар(хусусан, Потсдамда ҳам)нинг деярли ҳаммаси идеал қарама-қаршиликларни номигагина бекитиш учун хизмат қилган, холос. Чин маънода фикрлайдиган бўлсак, уруш давридаги ва ундан кейинги ҳар бир муҳокама аслида кўкараётган «совуқ уруш кўчати»даги кўз очаётган куртакдан бошқа нарса эмасди. Масалан, «демократизатсия» сўзи капиталистлар учун эркин овоз беришни англатган бўлса, Шарқда, таассуфки, якка ҳоким коммунистлар бунга йўл қўймасди. Ёки америкаликларнинг Германиядан катта миқдорда товон талаб қилмаганини олиб кўрайлик. Боиси келажакда немис халқи улар учун бош оғриқ, боқиманда бўлиб қолишидан чўчишган. Бироқ социалистлар мамлакатда ҳукм сураётган қашшоқликдан келиб чиқиб, яксон бўлган душман ҳудудидаги охирги мурватни ҳам ташиб кетишди.

Шунга қарамасдан, Сталиннинг учрашувдан кейинги яққол ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Трумен қўлида янги яратилган, синаб кўрилган атом бомбаси «Халқлар отаси»нинг кўп орзуларини чиппакка чиқарди. Совет разведка хизмати ҳаммасини синчковлик билан кузатиб борган бўлса ҳам бош котиб океан ортидагиларга муносиб жавоб беришни негадир жоиз деб топмади. Лекин ҳар икки томон ҳам умумнемис ҳукуматини назорат кенгаши асосида баҳоли қудрат бошқариб туришарди.

Ғарбликлар чегара масаласида юмшоқ ва яширин сиёсат олиб боришди. Собиқ Иттифоқ эса тузум хусусиятидан келиб чиқиб, ҳудудларни қатъий белгилаб олди ва ГДР ташкил топганини эълон қилди.

Умуман олганда, Берлин конференциясида имзоланган ҳужжатлар узоқ йиллар давомида тинчликни сақлаб туриш учун хизмат қилди. Аммо совуқ уруш даврида кунботар юрт вакиллари Потсдам келишувини қайтадан кўриб чиқишга уринишди. Улар КПнинг бир қатор мамлакатлар устидан юргизаётган назоратини кучсизлантирмоқчи эдилар. Бу ишни амалга оширишда 1989—90 йилларда рўй берган емирилиш ёрдам бериб юборди. Натижада Потсдамда қабул қилинган бир қатор ҳуқуқий меъёрлар ўз кучини йўқотган бўлса, бошқаларига ўзгартириш киритилди. Мисол учун, 2+4 шартномаси ва Берлин деворининг бузиб ташланиши (1989 йил охири), ГДР ва ГФРнинг 1990 йил 3 ноябрда ўзаро бирлашишига олиб келди. Сабаби федерал республиканинг сиёсий маданияти қўшнисиникига нисбатан анча илгарилаб кетганди. Иқтисодий ютуқлар демократик республикада истиқомат қилувчи аҳолини федералчиларга ҳавас қилишга ундади. Хуллас, бирлашув Ситсилиэнхофда амалга татбиқ қилинган барча санктсияларни бекор қилди. Демак, 1945 йилнинг 17 июлидан 2 августигача Берлин яқинидаги собиқ Гогентсоллернлар саройида ташкил этилган конференцияда «Герман милитаризми ва натсизми тикланиши ёки қайта ташкил этилишининг абадий олдини олиш учун» муҳим ҳуқуқий нормативлар кучга кирганди.

Саиджон Махсумов тайёрлади

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин