Саналар
24.11.2017
Баннер
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Ғалла, аскарлик, ер ва тазминоти ҳарбия (1918)
PDF Босма E-mail

ҒАЛЛА, АСКАРЛИК, ЕР ВА ТАЗМИНОТИ ҲАРБИЯ

Тошкандда бўлатурғон маориф қурултойиға қўшулмоқ учун Самарқанд анжумани маориф жамияти тарафидан бормоқчи эдим. 15 инчи июлда Самарқанд мусулмон шўросиға бориб, Тошкандға бормоғимни билдуриб, агарда ғалла тўғрисинда менга бирор иш тобшурилса, бир жой(и) кегуришимни ифода этдим. Мусулмон шўроси ҳам ғаллаларнинг забти ва қўлға олинишиға муқобил экан. Шунинг учун аввало маним фикримни эшитиб, фойдали билиб, сўнгра ман билан Тошканддаки Ниёзуф отиға мандат (ваколатнома) бердилар.

16нчи июлда Тошкандга кирдим. Йўлда вагўнда одам кўблиги учун ўтуриб бордик. Онда бориб Ниёзуф билан бирга ҳозирги Туркистон "ҳукуматининг раиси Тобулин афанди ҳузуриға кирдик. Ва ушбу тубандаги масъалалар тўғрисинда сўйлашдук: 1) ғалла; 2) аскар олиш; 3) тазминоти ҳарбия; 4) ер ва сув масъаласи.

Ҳозирги ҳукумат ва ҳам Туркистон мусулмонларининг нафъи нуқтаи назаридан юқоридаги масъалалар хусусинда эътидол ва осон йўлларни кўрсатиб, таклиф этдим ва ўзимни йигирма йиллик муҳаррирлик ва журналистлик, 25 йил халқ ишига аралашиб ва бир неча дафъа саёҳат этиб, дунё ва мусулмон, хусусан, Туркистон мусулмонларининг тирикчилигиға ҳосил этган тажрибам юзасиндан хулоса ва салоҳияти ватан ва Туркистоннинг тинчлиғи номиға бир хейли таклифотда бўлдум. Туркистоннинг ҳозирги дохилий ва хорижий душманлари аҳволини ва халойиқнинг аҳволи руҳия ва эътиқодия ва маишиясиға бир оз бўлса ҳам аҳамият бермак ва риоя қилмоқ кераклигини билдирдим.

Тобулин афанди бу сўзларға аҳамият бергандек кўрунди. Ниёзуф билан Жўрабойуф афандилар ҳам ҳозир эдилар ва маним сўзларимни таҳийя этдилар. Юқоридаги масъалалар тўғрисинда таклифларимнннг хулосаси шу эди:

Биринчи, ғаллани тамоман ва ўзиға заруридан бошқасини ҳукумат бутун ўз қўлиға олиб, ғалла олиш ва сотишни, ғалла бозорини, ҳатто, хусусий нонвойхоналарни манъ қилмоқ ва бу ҳақда лойиҳа тузмак учун мамлакат озуқа комитетлари тарафиндин сиезд чақирилғон экан. Бул тўғринда маним таклифим шу бўлдики. Бозор очиқ бўлсун, аммо вилоят ва уезддан ғалла чиқорилмасун ва омбордорларнинг ғалла олиши манъ қилинсун. Такса (қатъий баҳо) асло бўлмасун. Фақат ғалла эккан деҳқонлар бир ботмон экилган ердан тўрт пуд ғалла такса юзасиндан берсунларким, бу ҳам, аввало, дафтар бўлуб, сўнгра берилсун.

Иккинчи, аскар масъаласидирки, бу ҳар нарсадин муҳим ва мунинг умумий бўлуши лозим. Аммо мусулмонлар ҳануз шунга ўрганмаган ва ҳам дохили фитначилар қора халқнинг фикридан фойдаланиб, эҳтимолки, баъзи бир фитналарға сабаб бўлсалар. Ва ҳам номаълум ва сиёсатан фикри билкулли нотўғри кишилар қўлиға яроқ ўтуб, эҳтимолки, кутулмаган ёмон ҳодисалар пайдо бўлса. Шунинг учун таклиф қиламанки, то халқ ўрганиб, бироз аҳвол ўзгаргунча умумий аскар олинмай, кўнгилли тариқинда тарғиб ва ташвиқ билан ҳам халқнинг аҳволиға қараб олинса эди. Чунки...

Учинчи, тазминоти ҳарбия масъаласидирки, бу Туркистоннинг ҳар ериндин зиёда Самарқандда ҳукм сурди ва Самарқанднинг бойлари бошқа жойлардан оз бўлса ҳам рус, яҳудий, мусулмонлар ёлғиз Самарқандда саккиз миллийун қадар тазминот ва уч-миллийун қадар очлиқ солиғи бердилар ва бу қаторда баъзи камбағал ва паст ҳолли кишилар ҳам жабр кўрдилар. Мунинг тақсими устинда баъзи бир одилсиз ва инсофсиз кишилар туруб ришватхўрликлар ҳам бўлиб ўтди. Хулоса: ҳар ҳолда Самарқанддин янгидин тазминоти олинмаса эди. Чунки ҳозирда маъишат ва сиёсат осойишталикни талаб этадур. Халқ ҳам очлиқ ва қимматчилиқ ва шунга ўхшаш оғирлиқлардан ҳориган ва асабийлашгандур. Оқча керак бўлса, бошқа йўллар билан солиғ тариқинда тўпланмоғи мумкиндур.

Тўртинчи, ернинг тақсими масъаласидурки, баъзи бир агарчи кичик деҳқонларники бўлса-да, тақсим қилинмоқчи ва балки тақсим бошланибдур. Баъзи бир кичик деҳқонларнинг ғалласини ҳам тамоман забт қилмоқға қарор қилғон жойлар ҳам бор экан. Ҳолбуки бул бобда ҳануз Марказий Туркистон ҳукуматидан бир амр йўқ экан. Шунинг учун бу ишларни Марказий ҳукуматнинг чиқарғон қонунидан сўнгра қилинса эди. Мана ушбу ишлар ҳам ҳозирги ҳукуматнинг сиёсатиға зарарликдур. То таъқиқланиб Туркистоннинг умум халқи ва ери истатистиқ ҳисоби-ла рўйхат бўлиб, қонуний бир қарор чиқарилғунча, кичик деҳқонларнинг ва кичик тегирмон ва кичик корхона ва устахоналарнинг «нотсиёлизатсия» си (ёинки тақсими) мавқуф (тўхтатиб) қолдурилса эди. Ҳолбуки, Туркистонда, бохусус бизнинг Самарқандда ери кўб киши ниҳоятда оз бўлуб, ерлар аксарияти ила деҳқон ва майда мулкдорлар қўлиндадур.

Ҳозирги ҳукуматнинг раиси Тобулин афанди билан музокарамиз икки дафъа бўлуб, бир соатдин зиёда чўзилди. Тобулин афанди юқоридаги масъалаларнинг муҳимларини ёзиб олиб, яхши ваъдалар берди. Ғалла иши сиездида бўлур, деди. Самарқандда аскарнинг кўнгилли равишда олинишиға ва янгидин тазминот олинмаслигига ва ҳам ер тақсимини мавқуф қолишиға фикри бирлигини сўйлади. Ва бу тўғрида тадбирлар кўрарға ваъда этди. Ва ҳозирғи тақсимнинг нотўғрилигини сўйлади. Самарқанддаги доираларға бул тарзида қоғоз юбормакни ҳам ваъда этди. Хулоса: сўзимни яхши тинглади ва яхши қаради. Ман шундай билдимки, маъқул сўзни болшавик ҳукумати эшитар экан, айб ўзимиздаки қўшулмаймиз ва узулуқ йўриймиз.

Ғалла тўғрисиндаки ишни тамом этмак учун Ниёзуф билан «Туркистон ўртоқ қурултойи»ға бордик. Кўб музокара ва сўзлардин маълум бўлдики, бир қисм аъзоларининг фикри шулки: Туркистон бутун ғаллаларни эгасининг ва деҳқонларнинг ўзига кифоя қилатурғон овқатиндан бошқасини бир ерда жамлаб, сўнгра ҳар кимга муқарраридек бир қадоқдин якун ва оз бермакчи ва бутун ғалла бозорини, ҳатто, хусусий нонвойхоналарни беркитмакчи эканларки, бу ишларни аввалдан «пализатсия» номини эшитгандин маълум бўлуб эди. Мунинг Туркистон аҳлининг маъишатига тўғри келмаслиги ва ғаллаларнинг ер остиға кириб кетиши, Бухоро ва бошқа тарафдин келмаслиги, хулоса: нарх ниҳоятда кўтарилиб, камбағалларға ва балки бутун халойиқға зарар ва машаққат бўлурға мунй бир неча дафъа такса тайинланганда натижаси кўрулди. Агарда ғалла олинмоқчи бўлунса, уйлар ва ҳовлилар ахтарилиб маъмурлар билан халқ орасинда баъзи кутилмаган ҳодисалар чиқиб қолса ажаб эмасдур.

Хулоса: кўб сўйланганум сўнгра бизнинг таклифимиз бироз ўзгартирилиб икки кунги мажлисдан сўнгра шул равишда қабул қилинди. Чунончи, бир дисатин (яъни- тўрт таноб) ғача экин эккан киши ҳеч нима бермайдур. Бир дисатиндин ўн дисатинғача ҳар дисатинасидан тўрт пуддин берадур. Ўн дисатиндин 50 дисатинғача экканлар ҳар дисатинасидан саккиз пуддин, юз дисатиндин ортуқ экканлар ҳар бир дисатиндан 10 пуддин берарлар. Ва бу олинғон ғаллалар муфт—тегин олинмайдур, балки такса тайинланиб пул тўлаб олинур. Ушбу таклифим унга мақбул 37 кишининг товуш ва икки кишининг бетарафлиги ила қарор берилур. Нархига келгунча ихтилоф бўлди. Бошқалар 30 сўмдин 15 сўмғача таклиф этибдурлар ва эҳтимолки ҳар вилоятнинг таксаси бошқа бўлса ва маҳаллий шўроларға такса иши ҳавола қилинса. Мана биродарлар, Тошкандға бориб қилғон ишимиз шудир. Бу майда-чуйда ғаллаларни розилик билан берсак керак. Ўшандоқ онбордорларнинг ғалла олмоқидин ўзларини сақламоқлари керакдур. Чунки онбордорларнинг ғалласини, эҳтимолки, тамоман забт қилинса.

Маним юқоридаги таклифим бутун Туркистон учун қабул қилинди ва ўз фикримча, Туркистонли ватандошларимнинг буни жон ва дилдин қабул этиб, тезлик билан беришлари лозимдур. Агарда умумдан ғаллани олмоқға қарор бўлинса эди, ман халқнинг устиға бўлатурғон кулфат ва оғирлиқдин ниҳоятда қўрқар эдим. Ҳар кимнинг уйи охтарилур эди ва балки ёмон ҳодисаларға сабаб бўлуб, моли ва жони кўб зарар бўлишини ўйлардим. Лекин, алҳамдулиллоҳ бу таклиф қабул қилинди ва Туркистон учун миллиардларча зарар ва балки бизнинг андоза фикриямиз ҳам ташқари зарар ва кулфатларнинг йўлини бу таклиф ва қарор боғлади. Агарда умум тарафиндан бу таклиф ва қарор яхшилиқ билан қабул этилиб, кам ва зиёдасиз ижро қилинса, ўзимни хушбахт санар эдим. Муҳтарам уламо, ҳазрати ва аҳли фикр бу таклифни аҳли халқға тушунтуруб тездан ўрунға келтирмакликнинг нафъини халойиқға онглатсалар эди. Шуни ҳам билмак керакким, бир десатин, яъни тўрт танобғача экилган ғалладан ҳеч бир нарса олинмайдур. Мева ва бедазор, ер олмаси (картошка), сабзи ва бошқа шуларға ўхшаш нарсадин олинмай, фақат ғалла, яъни дони экилган ерлардин олинадур. Туркистоннинг баъзи ерларинда бир десатин 4 таноб ва баъзи ерларда 6 таноб ҳисобланадур. Аммо ҳозирғи қоидаға десатин ҳисоби ила яъни бир танобни 300 соржин ҳисоблаб олинур. Бир таноб 400 соржинлик жойлар бир ярим танобға бир пуд ғалла термарлар. Бир десатин 3400 мураббаъ (квадрат) соржундур.

Фикримча, лозимки ҳар даҳа ва қишлоқ учун махсус комиссия сайлануб, ҳар кимнинг неча таноб ерда нима эккани, аввало, рўйхати ва ўлпон солиқ дафтаридек рўйхат бўлуб, уезд комиссориянинг ва бу тўғридаки алоҳида бош комиссиянинг мустаҳкам этишидан сўнгра, ғаллани йиғиштуруб, ҳар бир деҳқонға махсус дафтарда босма санад (ҳужжат) берилса эди. Токи, хиёнат бўлмасун. Албатта, бу иш тўғрисинда ҳар уезд ва вилоят учун алоҳида бош комиссия тайинланса лозим. Ҳар вўлустнинг ғалласи ўзинда тўпланиб керакинча бошқа жойларға олинур.

Биз ҳозир бўлғон Тошканддаги Туркистон ўлкаси ўртоқ қурултойиға ҳар уезд шўроларидин уч нафардин киши чақирилғон экан. Сирдарё ва Фарғонадин бир неча нафар мусулмон бор эди. Аммо бизнинг Каттақўрғон, Хўжанд, Жиззах ва Самарқанд уездиндин биргина нафар ҳам мусулмон йўқ эди. Демакки, ҳануз халқимиз уйқуда бўлуб, ўз нафъи ва зарури учун қайғурмай, болта келгунча кундадек ётадур. Устиға бир йуқни қўйғондан кейин дод дейурга ул вақтда иш ўтган бўлур. Бу ёмон одатни ташламоқ керак. Замон бошқа замондур.

Тошканднинг барча расмий комиссорияти ва ҳукумат доиралари ҳозирда қайнайдур. Ҳар биринда Туркистон учун зокун (қонун) лойиҳалари тузилмоқдадур. Бир неча мажлисға каминани таклиф этдилар. Баъзисиға боролдим. Мусулмон тилини русий ҳукумат тили этмак мажлисиға ва ҳам Туркистон учун миллий комиссориятлар қонунининг музокараси мажлисиға бир неча дафъа бордим ва лойиҳалари боб-боб ўқулуб, бизнинг таклиф ва тасҳиҳларимиздин баъзнси қабул қилинди. Агарда одам бўлса, миллат нафъиға ишланатурғон ишлар кўб экан.

Туркистон мактаб ва мадрасалари, вақф ва қозихоналар учун лойиҳалари тузилмакдадурки, бизнинг аҳли фикр ва донишларимизнинг иштирок этмаклари лозимдур. Мусулмон шўроларимизға вожибдурки, шундай ишлар учун одам — делегат талаб қилинғонда салоҳиятлик ва муносиб кишиларни сайлаб юборсалар. Ҳозирги ҳукуматга одам керакдурки, муни иш устундагилар ҳам сезибдурлар. Чунончи, ҳукумат аъзоларининг бир мажлисинда Эрон ва Афғонистон давлатлариға кўнсул юбормак масъаласи қўзғолиб, баъзи рус ва мусулмонлар бу хизмат учун мани муносиб кўруб юбормакчи бўлғонлар эканки, ман буни эшитиб, нохушлигим учун сафар машаққатини кўтара олмаслигимни баён этдим. Зотан мен мактаб ва мадрасалар учун бўлатурғон қурултойға борган эдим. Йўлларнинг боғланғони учун қурултой мавқуф қолди. Бовужуд шул бултурғидаги комиссияга бордим. Мадрасалар прўғроммасини кўруб бир оз зичлаштирмоқға таклиф этдим. Чунки мутасарруф прўғромдаки дарсларни мадрасаларға киргузмак билан ундай дарсларни айтатурғон мударрислар йўқдур... Фаннинг ибтидоий таълимини кўрмаган кишига киргузуб таълим бермакдин фойда чиқмайдур. Охиринда шуни моъал-таассуф иқрор этаманки: сиёсий, илмий, маиший ва аскарий йўлларда замон биздин кўб ишлар талаб этадур ва бу ишлар чун замонимиз мусоиддур. Аммо бизда ишлайтурғон одам ниҳоятда оз ва бори ҳам ишламайдур ва ёинки эгри кетадур. Бу фурсатлар ўтганларидек ўтуб кетар. Сўнгра пушаймонликдин бошқа қўлда бир нарса қолмас, масалан, ҳозирда аскарий ва илмий ишлардан қочамизким, бу, бир боланинг мактабдин қочғонининг ўзгинасидур.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 2 август.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин