Саналар
23.09.2018
Баннер
Хотираларимдан. Мунаввар Қори
PDF Босма E-mail

Cиёсий қатағонлик «социализм қуриш» учун коммунистик фирқа олиб борган кураш жараёнидаги энг аянчли фожеа, битмас-туганмас жароҳат, мудҳиш сиёсат, умуммиллий зулм ва зуғум сифатида тарихда қолди. Унинг мазмуну моҳияти ва сир-асрорлари тўла очилиши учун ҳали кўпгина вақт, илмий-ижодий изланиш, ақл-заковат сарфлашга тўгри келади.
Муҳтарам китобхон! Қўлингиздаги «Хотираларимдан» номли рисола ўз вақтида миллатимизнинг маънавий отаси ҳисобланган Мунаввар Қори Абдурашидхонов қаламига мансуб. Унда 20-йилларда миллий-озодлик ва истиқлол учун кураш олиб борган «Иттиҳоди тараққий», «Бирлик», «Миллий иттиҳод» ва «Миллий истиқлол» каби ошкора ва яширин ташкилотлар тарихи ёритилган.

***

Қўлингаздаги рисола буюк миллатпарвар, Ватан истиқполи йўлида шахид ўтган Мунаввар Қори Абдурашидхоновдан қолган мерос. У Туркистондаги жадидчилик ҳаракати тарихига оид каттагина асарнинг учинчи қисми бўлиб, «Хотираларимдан» деб номланган.
Муаллифнинг ўзи кўрсатишича, хотиранинг биринчи қисми жадидчиликнинг майдонга келишидан 1917 йил февраль инқилобигача бўлган даврни ўз ичига олади. Иккинчиси 1917 йил февраль-октябрь, учинчиси эса шўро даврини (1917—1929 йиллар) қамраб олган. Биз мана шу учинчи қисмининг русчага таржима қилинган нусхасини қўлга киритдик ва ўзбекчага ағда-риб ҳукмингизга ҳавола этишга жазм қилдик.
Дарҳақиқат, унда жадидчиликнинг шўро давридаги бизларга номаълум бўлиб келган маориф ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси, энг муҳими, МИЛЛИЙ ИСТИҚЛОЛ учун мустабид комфирқа сиёсатига қара-ма-қарши олиб борган ошкора ва ноошкора кураши тарихи ёритилган.
Рисола шўро даврида илмий жамоатчилик кўзидан нари сақланган тарихий ҳужжат ва воқеаларга бой. Улар шўро адабиётида фақат бир томонлама мақтов ва улуғлаш билан кўрсатиб келинган коммунистик босқиннинг моҳиятини тўгри кўрсатишга ёрдам беради.
Китобнинг ёзилиш тарихи ва жойи ҳам ўзгача. Мунаввар Қори уни 1929—1930 йилларда қамоқхонада боши устида сиёсий қатағонлик ойболтаси кўтариб қўйилган аянчли бир пайтда ёзган.
Бу рисола миллий-озодлик кураши, миллий уйғонишда маънавий куч-қувват ва илҳом манбаи бўлган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, миллий демократик ҳаракат — жадидчилик ва унинг йирик намояндаси Мунаввар Қори ҳақида анча кенг маълумот беради.
Мунаввар Қорига 1915 йилдаёқ Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўз хатларида «Маънавий Қори отамиз... ҳазратларина», — деб мурожаат қилган. «Инқилоб» йиллари-да эса кўча намойиши ва катта митинг ҳамда йиғилишларда «Яшасин Мунаввар Қори! Яшасин миллат!» деган марш оҳангида ашула айтилган. Бухорода Фрунзе бошчилигида қизил армия давлат тўнтариши ясаб, манғитлар сулоласи — Амир Олимхон авлодларига тегишли салкам икки асрлик олтин хазинаси ва шаҳар аҳолисининг бойликлари таланиб, коммунистик мустамлака зуғуми бошлангач, Фитрат Мунаввар Қорини қучоқлаб йиғлайди: «Биз бундай инқилобни хоҳламаган эдик. Биз фақат амирни ағдариб адолатли жамият барпо қилмоқчи эдик...».
Китоб мустабид шўро тузуми даврида аввал бироз муддат улуғланган, кейинроқ эса, қатағон қилинган буюк истиқлолчи боболаримизнинг армону ҳасратлари, биз билмаган жасоратга тўла кураш тарихи саҳифаларига бойдир. Шунингдек, ундаги Мунаввар Қорининг бошқа маъруза, шеър ва мақолалари ҳамда замондошларининг унинг ҳақдаги фикр-мулоҳазалари китобхонлар эътиборини ўзига тортади, деган умиддамиз.

Нашрга тайёрловчидан.


МИЛЛАТИМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ ОТАСИ

«Асоссиз тарзда репрессияларга дучор бўлган кишиларнинг ор-номуси, қадр-қиммати, покиза номини тиклашни, уларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплашни ўзимизнинг биринчи галдаги бурчимиз деб биламиз». И. А. КАРИМОВ

1878 йили Тошкент шаҳридаги нуфузли оилалардан бирида учинчи ўғил дунёга келди. Унга яхши ният билан падарибузруквори — мадраса мударриси, элга таниқли Абдурашидхон ва волидаи меҳрибони Хосиятхонлар Мунаввар, яъни нурга тўлган ва нур билан ёритилган деган маънони англатувчи исм қўядилар. Мунаввар етти ёшлигида отаси Абдурашидхон ҳаётдан кўз юмади. Чирқиллаб қолган Аъзамхон, Муслумхон ва Мунавварларнинг еб ичишию кийиниши, таълим ва тарбияси Хосиятхон отин елкасига тушади. У ўз даврининг ўқимишли ва фозила аёлларидан бўлиб, жигаргўшаларига дастлабки савод ва бошланғич таълимдан сабоқ беради. Аъзамхон билан Муслумхон ҳаётдан ўз ўринларини ота касби — мадраса мударриси бўлиб етишиш билан топади. Муслумхон (1875—1954) масжидда умр бўйи имомлик қилади. Аъзамхон 1919 йилда вафот этади.
Мунаввар ёшлигидан ўткир зеҳнли, акалари қатори илмга чанқоқ бўлди. У дастлаб Тошкентда Юнусхон мадрасасида ўқийди. Кейин эса ўн ёшидаёқ, Бухорога бориб, у ердаги мадрасалардан бирида ҳадис ва фиқҳ илми таҳсилига берилади. Тошкентга қайтиб, Дархон маҳалла масжидида имомлик қилади.
У диний, дунёвий ва ижтимоий-сиёсий мазмундаги китобларни, журнал ва газеталарни севиб ўқийди. Айниқса жадидчиликнинг «отаси» Исмоилбек Гаспирали Кримда чоп этаётган «Таржумон» (1881—1914) газетаси Мунавварнинг миллатчи ва халқчил бўлиб етишига катта таъсир қилади.
Мунаввар Қорининг шогирдларидан бири Лазиз Азиззоданинг ёзиб қолдиришича, инқилоб арафасида Туркистонга, жумладан, Тошкентга Урусия, Туркия, Миср, Эрон ва бошқа шарқий мамлакатлардан юзлаб турли хил илғор руҳдаги журнал, газета ва тўпламлар келиб турган. Улар зиёли ва ёшлар орасида, мадраса-ларда қўлдан-қўлга ўтиб ўқилган. Булардан Мунаввар ҳам баҳраманд бўлгани шубҳасиз. У туркий тиллардан ташқари, рус, форс тилларини ҳам яхши билган.
Мунаввар ёшлигидан Ватан тақдири, халқнинг ижтимоий турмуши, «оқ пошшо» ва унинг ўлкадаги мустамлакачилик, руслаштириш ва дини исломни бузиш сиёсати ҳақида ўйлай бошлайди. У Ватан озодлиги, иқтисодий ва маданий тараққиёти маорифга боғлиқ эканлигини жуда эрта тушуниб етади. Мунаввар Қори ўтган асрнинг 90-йилларида Исмоилбек Гаспирали томонидан Қримда асосланган «усули жадид» — «усули савтия» (товуш усули)даги янги мактабни очишга бел боғлайди. Аммо унга чор ҳарбий маъмурияти, рус зиёли миссионерлари, маҳаллий мусулмон диний мутаассиблар қаршилик қилади.
Жуда катта меҳнат ва турли таъқибларга бардош бериш эвазига, Мунаввар Қори 23 ёшида (1901) Туркис-тонда биринчилар қатори жадид мактабини очишга муяссар бўлади. Унда болалар ўқиш-ёзишни икки йилда ўрганади. Бунинг учун қадим — эски анъанавий мактабларда эса беш йил вақт сарфланар эди. Ўз меҳнатидан тўла маънавий қониқиш ҳосил қилган ва илғор усулнинг моҳият-оқибатини чуқур ҳис этган Мунаввар Қори бутун умрини халққа маърифат тарқатишга, буюк давлатчилик шовинизмининг хилма-хил найрангларига қарши курашга бағишлайди. Инқилобдан олдин у бу «қилмиши» учун бир неча бор чор амалдорлари томонидан таъқиб қилинади, сургун қилиниши ҳақида огоҳлантирилади, аммо булар уни сира чўчита олмайди.
Мунаввар Қорининг маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий фаолияти биринчи (1905—1907 йй.) ва иккинчи (1917 йил февраль) рус демократик инқилоблари даврида янада юксакликка кўтарилади. Бу даврда у фақат жадид мактабларини ташкил этиш ва уларда ёшларни ўқитиш бидан чекланмай, фаол адиб, журналист, ношир, олим, сиёсий раҳбар сифатида Туркистондагина эмас, балки Ўрта Осиё ва Россия мусулмонлари орасида катта обрў қозонади.
Мунаввар Қори жадид мактаблари учун янги товуш усулида дарсликлар — «Адиби аввал» («Биринчи адиб», 1907 йил) алифбе ва «Адиби соний» («Иккинчи адиб», 1907 йил) ўқиш китобларини чоп эттиради. Булар ўлкадаги асосий дарсликлар сифатида октябрь тўнтаришидан сўнг ҳам кенг қўлланилади.
Мунаввар Қори миллатнинг юксалиш ва уйғониши фақат мактабгагина боғлиқ, деб тушунмайди. У кенг халқ оммасини дунё воқеаларидан, ўз ижтимоий аҳволи ва сиёсий воқеалардан хабардор бўлиши зарурлигини тушуниб, газета-журнал ва бадиий-илмий тўпламлар нашр этишга катта эътибор беради. Дастлаб 1906 йилда Исмоил Обид муҳаррирлиги ва ҳамкорлигида Тошкентда «Тараққий» газетасини нашр эттиришга муваффақ бўлади. Аммо бу газета тез орада чор ҳукумати амалдорлари томонидан ман этилади. Мунаввар Қори шу йили ҳарбий ҳокимиятдан ўзи газета чиқаришга рухсат олади ва октябрь ойининг бошларида «Хуршид»ни нашр этади. Саккиз бетлик бу газета идораси Тошкентнинг Занжирли маҳалласида макон топган эди. Бу газета ҳам ўз саҳифаларида ислом дини, яъни шариатга оид масалалар билан бир қаторда халқнинг аҳволи, иқтисод ва сиёсат муаммоларини ёритгани учун мусодара қилинади. Ундан сўнг Мунаввар Қори яна ўз дўст ва маслакдошлари Абдулла Авлоний, Аҳмаджон Бектемир, Муҳаммаджон Жалил номларидан газеталар чи-қаришга рухсат олади. Мунаввар Қорининг 1908 йили «Ер юзи» геофафия дарслиги, «Тажвид» (Қуръони каримни ўқиш усулини ўргатувчи) китоблари босилиб чиқади. Шу йили у яна жадид шоир ва ёзувчилари асарларини тўплаб «Сабзавор» номи билан чоп эттиради. Булар жадид мактабларида дарслик сифатида қўлланилди. Мунаввар Қори бошлаган янги мактаб усули Туркистонга тез ёйилади. Унинг ташаббускор жон-куярлари «тараққийпарварлар» деб ном олади. Мунав-вар Қори эса уларни бирлаштирувчи раҳбар ва йўлбош-чига айланади. Унинг мактаби эса жадид мактаблари учун илмий-услубий ва амалий тажриба маркази бўлиб хизмат қилади.
1917 йилда Мунаввар Қорининг матбуот соҳасидаги фаолияти кўзга алоҳида ташланади. Унинг муҳар-рирлигида «Хуршид» (1906), «Нажот» (1917) ва «Кенгаш» (1917) каби жадид газеталари нашр этилади. Мунаввар Қори жадидларнинг рус подшоси ҳукмронлиги давридаги газетчиликдаги хизматига баҳо бериб шундай деган эди: «Жадидлар полисанинг қўрқинчи қаттиқ бўлса ҳам, қийинчиликларни ўз устига олиб, газет чиқарди ва уни халққа тарқатди»[1]. Октябрь тўнтаришидан сўнг Мунаввар Қори янги мактаб, ўрта махсус ва олий таълим ташкилотчиларидан бири сифатида фа-олият кўрсатади. Бу борада унинг ўзи 1927 йилда Тош-кент ркруг маданиятчилари қурултойида шундай дейди: «Ўктабрдан кейин жадидлар... мактабларини хуку-матга бериб, ўзлари шўро муассасаларида ишлай бошладилар» [2].
Мунаввар Қори ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети пойдеворини қўйган кишилардан бири. 1918 йил 9 апрелда унинг уйида тўпланган зиёлилар фақат рус тилликлар ўқиши мумкин бўлган Туркистон Халқ дорилфунуни очиш ҳаракати бошлангач, Мусулмон халқ дорилфунунини ташкил этиш мақсадида 9 кишидан иборат ташкилот комиссиясини тузади. Унга Мунаввар Қори (раис), Бурҳон Ҳабиб, Исо Тўхтабоев, Содиқ Абдусатторов, Муродбек, Муродхўжа, Мухтор Бакир, Абдусами Қори Зиёбоев ва бошқалар кирган эди. Комиссия Мусулмон халқ дорилфунунини ҳам русча Туркистон Халқ дорилфунуни каби уч босқичда ташкил этади: юқори босқич — дорилмуаллимин (ўқитувчилар институти); ўрта босқич — ўрта ҳунар мактаблари; қуйи босқич — бошланғич мактаблардан иборат бўлади. 3 май куни Мусулмон халқ дорилфунуни раҳбариятига сайлов бўлиб ўтади. Унда Мунаввар Қори раис (ректор), Исо Тўхтабоев ректорнинг биринчи, Бурҳон Ҳабиб иккинчи ўринбосарлари, Абдусами Қори Зиёбоев хазинадор, Мухтор Бакир саркотиб этиб сайланади.
1918 йил 12 май куни эса Эски шаҳар даҳасидаги Викула Морозовнниг собиқ магазини биноси (ҳозирги Ўзбек ёш томошабинлар театри)да Мусулмон халқ дорилфунунининг тантанали очилиш маросими бўлади. Уни Мунаввар Қори қисқача кириш сўзи билан очиб, мусулмонлар чоризм даврида рус йўқсиллари билан биргаликда ярим аср қулликда яшагани, бугунги озодлик ва тантана катта талофатлар билан қўлга киритилганлигини айтди. Шундан сўнг бу курашда ҳалок бўлганларга бағишлаб, Қуръони каримдан тиловат ўқилиб, фатво берилади. Мусулмон дорулфунуни Мунаввар Қори раҳбарлигида ўз даврининг катта билим масканига ай-ланади. У 15 демократик маданий-маърифий ташкилот вакилларидан уюшган 45 кишилик кенгаш томонидан бошқарилади. Унда ишловчи муаллимлар сони 180 нафарга етади. Унинг 1918 йил 31 майдан бошлаб, «Халқ дорилфунуни» газетаси чиқади. У дастлаб ҳафтада бир марта, кейин эса (5-сонидан бошлаб) ҳафтада икки марта чиқади. «Халқ дорилфунуни» бутун Туркистон ўлкаси бўйлаб тарқатилар эди.
1918 йил 2 июнь куни Мусулмон халқ дорилфунунининг юқори босқичи дорилмуаллимин (ўқитувчилар институти) ишга тушади. Унда Абдурауф Фитрат она тилидан, Камол Шамси арифметика ва немис тилидан, Раҳимбоев арифметикадан, Абдураҳмон Исмоилов санъатдан, Ризаев маданият тарихи ва сиёсий иқтисоддан, Мунаввар Қори (дорилмуаллимин мудири — ректори ҳам эди) она тилидан дарс беради.
Русча Туркистон халқ дорилфунуни ва унинг бўлими Мусулмон халқ дорилфунуни тўла маънодаги олий ўқув юрти бўла олмаса-да, бўлажак давлат университети ҳозирги — Ўзбекистон Миллий университети учун моддий-техникавий ва илмий-педагогик асос бўлди.
Мунаввар Қори мустамлакачиликка қарши «Чор ҳукуматини йиқитиш жадидларнинг тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат бўлиши яширин эмас» [3], дейди. Мунаввар Қорига рус демократик февраль инқилоби зулматдан ёруғлик-ка чиқиш, жаҳолат устидан адолат тантана қилишидек бўлиб кўринади. У дастлаб октябрь тўнтаришининг номиллий моҳиятини тўла тушуниб етса-да, халққа берилган эркинликлар ва шиорларни маъқуллайди, ижтимоий-сиёсий фаолиятга берилади. 1917 йил март ойининг бошларида Мунаввар Қорининг катта сайъ-ҳаракати билан Тошкентда мусулмон халқлари шўроси — «Шўрои исломия» ташкил топди. Мунаввар Қори унинг раиси ўринбосари этиб сайланади. Апрелнинг ўрталарида Туркистон мусулмонларининг биринчи умуммусулмон ўлка қурултойи чақирилади. Унда 150 нафар энг фаол вакиллар қатнашади. Мунаввар Қори шу тарихий анжуман раёсатига раис этиб сайланади. Унинг раҳбарлигида қурултой ўша даврнинг 16 та энг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, тегишли ижобий қарорлар қабул қилади. Булар орасида Туркистоннинг сиёсий жиҳатдан ўзини бошқариши, бўлажак ҳукумат, уруш, мардикорликка олинганлар, таъсис қурултойини чақириш, Туркистонда «Шўрои исломия»нинг Бутун Туркистон Миллий марказини тузиш, ер, сув ва бошқа масалалар бор эди. «Шўрои исломия»нинг шу биринчи қурултойида Туркистон мусулмонларининг Миллий маркази сайланади. Унга Мунаввар Қори (раис муовини), Мустафо Чўқаев (раис), Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқалар киради.
1917 йил ёзида Тошкент шаҳар Думасига ўтказилган сайлов олди мавсумида Мунаввар Қори мусулмонлар митинги ва йиғилишларда оташин нутқлар сўзлаб, уларни сиёсий фаолликка чақиради, натижада мусулмонлар катта ютуқни қўлга киритади. Думага сайланган 112 депутатдан 76 нафарини маҳаллий халқ вакиллари ташкил этади. Улар орасида Мунаввар Қори ҳам бор эди.
Мунаввар Қори Думада Тошпўлатбек Норбўтабеков, Миён Бузрук Солиҳов, Султонхўжа Саидхўжаев ва бошқалар билан ҳамкорликда маҳаллий халқ манфаати, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилади. Унинг талаби билан Дума депутатларидан тузилган Тошкентда университет ташкил этиш комиссияси таркибига Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Содиқ Абдусатторов киритилади.
Мунаввар Қори халқ маъорифини европача замонавий ва шарқона исломий билимлар мажмуи асосида бошланғич, ўрта ва олий таълимдан иборат уч босқичли тизимини ривожлантириш тарафдори бўлади. Унинг ўзи икки босқичли жадид мактабини ташкил этган эди. Унинг биринчи босқичи тўрт йиллик бўлиб, болаларга умумий диний ва дунёвий билимлар асосини беради. Иккинчиси эса етти йиллик эди [4]. У ўша вақтда яширин ва расмий рухсат билан кўплаб ташкил этилаётган жадид мактаблари учун устоз (муаллим) ва кичик-кичик маҳалла масчитларига имом ҳамда идораларда иш юритувчи ходимлар тайёрлайди. Шунингдек, бу мактабни тугатганлар олий таълим олиш учун мадраса ва европача университетларда ўқишни давом эттириши мумкин бўлди.
Миллат эрки ва Ватан озодлиги фидойиси бўлган Мунаввар Қори фаолиятидаги кўзга кўринарли асосий томонлардан яна бири унинг жадид олий таълимига асос солиш ва олий малакали кадрлар тайёрлаш учун курашдан иборат бўлди. Бу соҳада у мустамлака сиёсати ва маҳаллий мутаассиблик каби икки томонлама қаршиликка тўғри келади. Шунга қарамай, Мунаввар Қори ўз маслакдошлари билан биргалиқда мадраса соҳасидаги ислоҳотда сезиларли ўзгариш қилолмагач, иқтидорли мусулмон фарзанддарини Россия, ҳозирги Озарбайжон ва Татаристон, Туркия ҳамда Германияга ўқишга юборишда маълум ютуқларни қўлга киритади.
1909 йилда Тошкентда Мунаввар Қори ўз дўстлари Тошхўжа Туёқбоев, Низом Қори Мулла Ҳусанов, Мулла Абдулла Авлонов (Авлоний), Баширулла Асадуллахўжаевлар билан ҳамкорликда «Кўмак» номли мусулмон хайрия жамиятини ташкил этади. Унинг маҳаллий рус маъмурияти томонидан 1909 йил 26 майда расман тасдиқланган Уставида кўрсатилган асосий фаолият мазмунидан бири таълим берадиган муассасаларга ёрдам бериш, олий ва ўрта ўқув юртларида таҳсил олувчилар учун стипендиялар ажратишдан иборат бўлган.
Шу йили Бухоро жадидлари ҳам «Тарбияи афтол» жамиятини ташкил этади. Бу хайрия жамиятларининг Истамбулда махсус бўлими ҳам бўлган. Уни шу ерда ўқиган Фитрат ва бошқалар ташкил этади.
Бу жамиятлар, маълум ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, расмий ва норасмий равишда шўро ҳокимиятининг дастлабки беш йиллигигача фаолият кўрсатган. Ҳозиргача топилган ёзма манбаларга кўра, 1911 йилда Туркияда 15 киши, 1912 йилда 30 киши, 1923 йилда Германияда эса 70 кишидан ортиқ Туркистон ва Бухоролик ҳамюртларимиз ўқигани маълум.
Мунаввар Қори шўро ҳокимияти даврида, дастлаб, Тошкентдаги эски шаҳар маорифи бўлими мудири, Туркистон ҳукумати олий органи — Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси аъзоси, Маориф Халқ Комис-сарлиги коллегияси аъзоси, Бош Вақф Бошқармасида бўлим мудири, оддий ўқитувчи, газета муҳаррири бўлиб ишлайди. 1919 йил январда Тошкентда шўроларга қар-ши Осипов уюштирган исёндан сўнг жуда оғир сиёсий вазият юзага келди. Шу воқеалар муносабати билан уламолар тараққийпарвар жадидлардан ўч олиш мақса-дида ҳатто уларни калтаклайдилар. Бунга жавобан Мунаввар Қори ўз сафдошлари билан келишиб, «Бирлик» уюшмасини ташкил этади. Бундан мақсад фирқали ва фирқасиз, зиёли ва оддий фуқаро ҳамда ёшларни бирлаштириш орқали комфирқа таркибида кўпчиликни ташкил этиш эди. Уни ташкил этиш маросимида иштирок этган Тангриқулхўжа Мақсудов шундай ёзади: «Мана шу йиғилишда Саъдуллахўжа Мунаввар Қорини кутиб олиш чоғида у билан ўпишиб, ўзини эсер деб таништиради ва Ватан учун ишлашга ҳамиша тайёр эканлигини айтади. Бу йиғилишда «Изчилар» номли мусиқа оркестри ҳам бўлиб, мусиқачилар Акмал Икромов бошқарувида «Яшасин Мунаввар Қори, Яшасин миллат!» деган ашулани айтадилар». Мунаввар Қори инқилоб ва шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларида миллатнинг маънавий-мафкуравий отаси, сиёсий раҳбари даражасига кўтарилади. Миллат ва Ватан манфаати йўлида 1918 йилда комфирқа сафига киради. Мусулмон коммунистик ташкилоти ташкил топишида унинг таъсири ҳам кучли бўлди. 1919 йил март ойида РКП(б)
Марказий Қўмитаси розилиги билан II ўлка фирқа конференциясида РКП(б)нинг Мусулмон бюроси — «Мусбюро» тузилди. Унга Т. Рисқулов раис, Мунаввар Қори, Н. Хўжаев, А. Муҳитдинов, Ю. Алиев ва Ю. Ибрагимовлар аъзо бўлиб сайланди.
Уларнинг таъсирида Мусбюро туркий ва бошқа мусулмон халқларини бирлаштириш ва улар манфаатини ҳимоя қилиш соҳасида қатор ишларни амалга оширади. Бунинг натижаси ўлароқ Туркистон мусулмон коммунистларининг III конференцияси ва номусулмон Туркистон коммунистларининг V конференцияси (1920 йил, январь) Мусулмон фирқа ташкилотини «Турк коммунистик фирқаси», Туркистон Мухтор республикасини эса «Турк мухтор республикаси» деб номлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Бироқ бунга мустамлакачилик сиёсатини янгича шаклда давом эттираётган Марказий фирқа ва ҳукуматнинг Туркистондаги ишонч ва таянчи Турккомиссия раҳбарлари, аниқроғи, Фрунзе қарши чиқади. Шунинг учун ҳам Турккомиссия махсус тузилган комиссия хулосасига кўра мусулмон коммунистларининг хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинган юқоридаги қарорларни бекор қилади. Т. Рисқулов бошлиқ мусулмон коммунистик ташкилот раҳбарлари, шу жумладан, Мунаввар Қори ҳам «миллий оғмачилик»да айбланиб бадном қилинади. Бу эса «ленинча миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи» ҳақидаги шиор коммунистик мустамлакачиликнинг ниқоб пардасидан бошқа нарса эмаслигини исбот қилади..
Бухорога қизил армия бостириб кириб, босиб олгач, Мунаввар Қори Туркистон шўролари Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан Бухоро ҳукуматига ёрдамчи ходим сифатида ишга юборилади. Унинг бу ерга келиши билан Бухоро яширин миллий-озодлик ҳаракати марказига айланади. Аҳмад Заки Валидий бошчилигида яширин «Туркистон миллий бирлиги» қўмитаси (Ўрта Осиё Миллий Мусулмон жамиятлари федерацияси) тузилади. Унинг асосий вазифаси Туркистон, Бухоро ва Хоразмни коммунистик босқиндан озод қилиш, «босмачилик уруши»га ташкилий тус беришга қаратилади.
Мунаввар Қори «Туркистон миллий бирлиги» ҳаракатининг асосий фаолларидан бирига айланади. Шунинг учунми, у Бухородан тез орада Тошкентга чақириб олиниб, 1921 йилда давлат тўнтариши ясашда гу¬мон қилиниб, бир гуруҳ кишилар қатори қамоққа олинади. Орадан бироз вақт ўтгач, у Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитасининг авф этиши (амнистияси) асосида қамоқдан озод қилинади.
Мана шундан сўнг унга фирқавий ва маъмурий тазйиқ борган сайин кучайиб боради. Ниҳоят у Комфирқа сафидан чиқишга мажбур бўлиб, шундай дейди: «Мен ўзимни ўзбек халқим учун фойдали ҳисоблаганим учун коммунистик партияга кирдим, агар менинг халқим фойдаси учун қайси бир партияга кириш лозим бўлса, мен ўшанга ўтавераман»[5].
Мунаввар Қори ўзбек миллий театри асосчиларидан бири сифатида ҳам катта обрў ва эътибор топган. У ўз фикрдошлари билан ижодий хамкорлиқда 1914 йилдаёқ «Турон» труппасини тузган эди. Бу труппа беш йил фолият кўрсатади.
Мунаввар Қорининг маданият ва маориф, ижтимоий-сиёсий ҳаёт соҳасидаги хизматларига шоир Тавалло бир шеърида баҳо бериб шундай дейди:
Чўҳ мунаввар этди оламни Мунаввар Қоримиз, Кўрдимиз равшанлиғидин феълимиз, атворимиз. Ибрат олинг ёшлар, деб тўқци кўздин ёшлар, Нутқида таҳрир этиб, бизларни йўқу боримиз. Чин кўнгилдан биз эшитдук, чин экан айтган сўзи, Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқроримиз.
Мунаввар Қори илмий-ижодий ёшларни тарбиялашга катта эътибор беради. Уларга маънавий оталик қилади. Бу ўринда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг 1915 йилда унга ёзган хати диққатга сазовордир: «Ассалому алайкум! Маънавий Қори отамиз ҳазратларина!» Устоз эса ўз шогирди Ҳамзага меҳр ила ёзилган жавоб хатларидан бирида (1916): «Ҳурматли Ҳамза афанди! Эшон ва бойларнинг малъун ва аблаҳликларини очиқдан-очиқ «малъун», «жоҳил», «хоин», «палид», «нобакор» каби сўзлар ила эмас, қилғон ишларининг ёмонлиги ила кўрсатилса яхши бўлур эди»,— деб маслаҳат беради.
Бу ўринда Мунаввар Қори бадиий ижодиёт соҳасида Ҳамзага жуда тўғри маслаҳат беришдан ташқари шу нарса аниқ сезилиб турубдики, у динга эмас, балки, диндан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган диндорларга қарши бўлган. Мунаввар Қори бутун халқ ва айниқса ёшларни имони бут бўлиш билан бирга ўта хавфли душман — ижтимоий-сиёсий «ялқовлик» ва «нодонлик»дан сиёсий фаоллик ва миллий уйғонишга чақирган эди. Бунга унинг болаларга қарата ёзган қуйидаги шеъри мисол бўла олади:

ЯЛҚОВЛИК ЁВИМИЗДИР [6]

Қўзғолингиз, эй ўртоқлар!
Келди бизга ишлаш чоғи,
Биз барчамиз ёш ишчимиз,
Ишхонамиз мактаб боғи.
Туринг тезроқ иш бошлайлик,
Ялқовликни биз ташлайлик!
Кўкдан булут ёмғир сочар,
Сувлар оқар, ўтлар ўсар,
Қушлар учар, озиқ излар,
Бутун дунё тинмай ишлар.
Сиз ҳам туринг, эй ўртокдар,
Юрт обрўсин ёшлар сақлар...
Тирик бўлсанг, қўзғол ўртоқ,
Қўлга ишни тез ол, ўртоқ!
Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб,
Сендан иш кутадир,
Сенда кўргач ишсизликни,
Ҳасрат чекиб, қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни,
Айт ёвингга сўнг сўзингни.
Ёвинг кимдир, биласанми?
Нодонликдир, ялқовликдир,
Ёвга қарши курашмаслик —
Қўрқокдиқдир, анқовликдир.
Иш қиличин тур, қўлга ол!
Ёвга қарши чиндан қўзғол!

Минг бор афсуски, бу улуғ зот шўро тарихида «халқ душмани», «миллатчи» (бир миллатни иккинчисига қарама-қарши қўйиш маъносида), «маҳаллий буржуазия идеологи» деб таърифлаб келинди. Унга нисбатан ёш авлодда нафрат туйғусини тарбиялашга ҳаракат қилинди.
Мунаввар Қори бор-йўғи 53 баҳорни кўрди. Шундан 39 йили «инқилоб»дан олдинги чоризм мустамлакачилиги азоби остидаги болалик, балоғат ва фаоллик даври бўлса, қолган 14 йили қизил империя ва ленинча қатағонлик сиёсати томонидан маънавий хўрланиш замони бўлди. Умрининг охирги икки йилида у ҳарбийлаштирилган сиёсий бошқарма қамоқхоналарида ўз халқи озодлиги ва мустақиллиги учун ўлимга қарши тик туриб курашди. Бизларга насиб бўлган сиёсий ва миллий мустақиллик нашидаси унинг учун улкан армон бўлиб қолса-да, у бу ёруғ кунларнинг келишига комил ишонч билан шаҳид ўтиб жаннати бўлди.
Айтиш мумкинки, Мунаввар Қорининг шўро давридаги кураши ва ҳаёти ойболта остида ўтди. Агар дастлабки икки-уч йили ҳисобга олинмаса, у коммунис¬тик мустамлака даврида сира ҳам рўшнолик кўрмади.  Доимо таъқиб ва кузатув остида яшади. Унинг ўзи ёзишича, октябрь тўнтаришидан сўнг комфирқа олиб борган сиёсатга қўшила олмайди.
Аммо у рус халқига нисбатан тўғри муносабатда бўлади. Унинг инқилобдан олдинги рус маърифатпарпар ва демократларининг ғояларидан воқиб бўлганлиги шубҳасиз, албатта. Шунинг учун ҳам у 1927 йилда жадидчиликни ҳимоя қилиб, Тошкент округи маданиятчилари қурултойи минбаридан туриб ушбу оташин ва қалб сўзларини айтган эди: «...Бир мажлисда рус мустамлакачилари билан курашамиз деган эдим. Агар борди-ю, рус ўртоқлар шу гапимга араз қилиб, «ол мамлакатингни, ўзинг идора қил» деса мен уларнинг оёғига ёпишиб, энг аввал айтар эдимки, биз сиз билан эмас, Сизнинг бойингиз, уломойингиз ва мустамлакачиларингиз билан курашамиз, дер эдим» [7].
Шу ерда буюк рус демократлари рус ҳукуматининг бошқа қўшни халқларга нисбатан олиб борган босқинчилик сиёсати ҳақида айтган доно фикрларини эсламоқ ўринлидир. «Кимларки, — деган эди А. И. Герцен, — рус халқини рус ҳукуматидан ажрата олмас экан, улар ҳеч нимани тушунмай ўтадилар». Ф. М. Достоевский эса ундан ҳам ошириб, «Ҳақиқат Россиядан улуғдир»[8] дейди.
Кўриниб турибдики, Мунаввар Қорининг дунёқараши рус демократлари билан ҳамоҳанг бўлган.
Мунаввар Қорининг бевосита ташаббуси ва раҳбарлиги билан 1917 йилдан то 1929 йилгача бир неча ижтимоий-сиёсий миллий ташкилотлар ташкил топади. Мунаввар Қори шўро ҳукумати ва коммунистик фирқа миллий сиёсатининг ёлғончилик, маҳаллий манфаатга зид моҳиятини тушиниб етади. Шунинг учун ҳам у миллий ўзликни сақлаш ва миллий мустақиллик мафкурасини ҳимоя қилиш ҳамда раҳбар фирқа ва ҳукумат органларини «миллийлаштириш» ишларини олиб борувчи расман ошкора ва яширин бир қатор ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий миллий ташкилотларга ғоявий раҳбарлик қилади. Масалан: «Кўмак» (1909—1923), «Иттиҳоди тараққий» (1917-1920), «Шўрои исломия» (1917—1918), «Миллий иттиҳод» (1921-1925), «Миллий истиқлол» (1926—1929), «Туркистон миллий бирлиги» (1920—1923). Булар шўро ёзма тарихига киритилмасдан яширин сақланиб келинди, ҳужжатларда «аксилинқилобий», «аксилшўравий», «но¬халқчил» ташкилотлар сифатида қайд қилинди. Мунаввар Қорининг қамоқхонада ёзган «Хотираларим» асарида шундай сўзлар бор: «Менинг ёзган китобларим ва мафкурамга нисбатан 1925 йилдан бошлаб матбуотда жуда кучли ҳужум бошланди... Табиий равишда, мен уларга тоқат қилаолмадим. Шу сабабдан Тошкентни бутунлай тарк этиб кетишга, Московга бориб, у ерда қолган умримни ўтказишга... азму қарор қилдим». Шуни айтиш керакки, Мунаввар Қоридек элга танилган, халқнинг маънавий отаси ва йўлбошчиси бўлган кишининг ўз Ватанидан безиб кетишга «азму қарор» қилганлиги осонликча бўлмаган, албатта. Дарҳақиқат, Мунаввар Қори 1926 йили Москвага кетади. У ердаги Шарқ халқларини ўрганиш институтида ўқиш ва илмий ишга қолишга ҳаракат қилади. Аммо уни «расмий йўлланма билан қабул қилиш» мумкинлигини айтиб, Тошкентга қайтаришади. Акмал Икромов Москванинг ўзида йўлланма беришга ваъда ҳам беради. Лекин ваъда ваъдалигича қолади. Мунаввар Қори Узбекистон халқ маорифи комиссарлигидан «Сизнинг аризангизни рад қилишга қарор қилинди, ўрнингизга бошқа киши юборилади» деган жавоб олгач, Афғонистоннинг Тош-кентдаги ваколатхонаси орқали хорижга ўтиб кетишга ҳаракат қилади. Аммо бу амалга ошмайди. 1928 йили ёшларни миллатчилик руҳида тарбиялашда айбланиб Мунаввар Қори мактаб ўқитувчилигидан ҳам ҳайдалади. Озгина вақт Самарқанд шаҳар музейида илмий ходим бўлиб ишлайди. Кейин Тошкентдаги Эскилик ва санъат ёдгорликларини сақлаш қўмитаси вакили лавозимига ўтказилади. Бу охирги иш жойи бўлиб, унда ҳам кўп ишлаш имкони бўлмайди. Уйда ишсиз ўтириб қолади. Унинг ўзи ёзишича, ҳар куни 9—10 соатлаб уйда қўлқоп ва пайпоқ тўқийди. Уларни сотиб тирикчилик ўтказади. Бу даврда унинг хотини Лаъзизахон тиббиёт билим юртида ўқиши сабаб, бирор жойда ишламас эди. 1928 йилнинг бошларида СССР Халқ Комиссарлари кенгаши қошидаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармасининг Ўрта Осиёдаги мухтор вакили Бельский Мунаввар Қорини чақириб, жадидчилик ҳақида у пайдо бўлганидан бошлаб то ҳозиргача ёзиб келишни  талаб қилади. Шундан сўнг у, бир томондан, «бўлиб ўтган воқеаларни тадқиқ қилиш ва тари-хий материал қолдириш» мақсадида, иккинчи томондан эса, ҳукумат олдида ўз «сиёсий мавқеини яхшилаш» умидида «Хотираларим»ни ёзишга кири¬шади. Унинг Афғонистонга ўтиб кетиш мақсадидан қайтганлигининг сабабларидан бири ҳам мана шу бўлган эди.
Мунаввар Қори жадидчилик ҳақида пайдо бўлганидан бошлаб февраль инқилоби ва октябрь тўнтаришигача ҳамда шўро давридан иборат уч қисмда ёзиш режасини тузиб, Бельский ва Агидуллин (ГПУнинг кат-та ваколатли вакиллари)га кўрсатади. Уларга режа маъқул бўлади. «Хотираларим»нинг биринчи қисми ёзи-либ, иккинчиси ҳам тугай деб қолган бир пайтда ГПУ томонидан Мунаввар Қори қамоққа олинади.
Ушбу воқеа 1929 йил 6 ноябрга тўғри келди. Бу кун бутун ўзбек зиёлилари учун тарихда қора кун бўлиб қолди. Чунки шу куни бирдан 26 нафар зиёли, ноябрь-декабрь ойларининг ўзида эса, 38 киши қамоққа олинади. Умуман, 1931 йилнинг бошларигача Мунаввар Қори бошчилигидаги «аксилинқилобий ташкилот» — «Миллий истиқлол» аъзоларидан 87 киши озодлиқдан маҳрум этилади. Уларнинг ҳаммаси бир жиноий иш — РСФСР жиноий кодексининг 58-моддаси ва ундаги турли хил бандларда белгиланган «аксилинқилобий ҳаракат ва фаолият»да, яъни, бизнингча, миллий-озодлик ва истиклол ҳаракати ташкилотчиси ва фаоллари сифатида жиноий жавобгарликка тортилади.
Мунаввар Қорининг қамоққа олиниши вақтида уйида ўтказилган тинтув ҳақида унинг жияни (кичик акасининг ўғли) Муҳаммадхон Муслумхон ўғли Абдурашидов шундай эслайди: «Уч ака-ука Аъзамхон, Муслумхон ва Мунаввархон бир ҳовлида жуда иноқ яшашган. Ҳовлимиз жуда катта эди. Амаким унинг ярмида янги усулдаги мактаб очиб, болаларни ўқитган. Бу мактаб шўро даврида бирин-кетин «Мухторият», «Биринчи май» ва «Ленин» мактаби деб аталган. Амакимларнинг катта хотини Муборакхон опоқидан икки ўғли бўлиб, улар ёшлигида вафот этиб кетган экан. Шундан сўнг фарзанд ниятида амаким иккинчи хотини Лаъзизахонга уйланади. Улардан фарзанд бўлмаган.
Эсимда бор, 1929 йили ноябрь ойлари бўлса керак, тонг отар чоғида ҳовлимизга ГПУнинг қуролланган ходимлари бостириб кирди. Уларнинг бир қисми ҳовлидан ҳеч кимни ташқарига чиқармай, ҳатто ҳожатга борганлар орқасидан ҳам кузатиб турди. Бошқалари эса, уйда тинтув ўтказиб, жуда кўп китоб, газета, қўлёзма ва расмларни қоплаб олди. Тинтув эрта тонгдан номози асргача давом этди. Соқчилардан бири томга чиқиб тинтув ўтказиш вақтида чийлампа қилиб қўйилган айвон шипига осилиб қолгани эсимда. Унинг танасининг бесўнақайлиги ҳозир ҳам кўз олдимда турибди» [9].
Бу ўша вақтда ўн яшар бўлган, кейин эса коммунистик қатағонлик мавсуми даврида 8 йил қамалиб ундан озод бўлганидан кейин ҳам узоқ йиллар ўз Она шаҳри Тошкентда яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилган миллатпарвар ажойиб бир инсоннинг хотираси [10].
Мунаввар Қорига қамоқхонада одатдагидан бошқачароқ тергов усули қўлланилади. Дастлабки пайтларда унга жадидчилик ҳақидаги «Хотираларим»нинг учинчи қисмини ёзиб тугатиш учун «қулайлик» яратилади.
Мунаввар Қори ва унинг шерикларини сўроқ қилиш бир йилдан ортиқ давом этади. Ниҳоят Мунаввар Қори бошлиқ 87 кишининг «жиноий иши» 1931 йил 25 апрелда Москвада СССР Халқ Комиссарлари ҳузуридаги Бирлашган сиёсий бошқарманинг (судлов) коллегияси мажлисида кўрилади. Айзенберг деган кимсанинг 20 минутлик маърузаси бўйича 87 кишидан 15 таси, шу жумладан, Мунаввар Қори ҳам олий жазо — отиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Қолганлари узоқ муддатли сургунга юборилди. Уларнинг аксарияти сургундан қайтиб келмай, совуқ ўлкаларда ҳалок бўдди.
Мунаввар Қори қачон ва қаерда қатл қилинган? Бу саволга ГПУ ходимларининг ўзлари ҳам кейинчалик аниқжавоб топа олмаган. 1957 йили коммунистик қатағон даври сирлари очила бошлагач, 87 киши ҳақидаги тергов ҳужжатлари қайта ўрганилиб, улардан фақат 26 кишигина Ўзбекистон ССР Олий судининг Восиқова раислигида ўтган яширин судлов коллегиясида (5 сентябрда) оқланади. Шу коллегияга тайёрланган хулоса (ҳужжат)да шундай сўзлар ёзилган: «Абдурашидхонов М. Қ., Тиллахонов С, Икромов Г., Каримов М., Мусабоев Т., Мақсудов Т. X., Шораҳмедов Н. ва Аҳрорий С. А. ҳақидаги ҳукм қачон ижро этилганлигини текшириш жараёнида аниклашнинг иложи бўлмади». Шуни айтиш лозимки, бу ҳур фикрли зотларнинг тақдиру такомили маълум. Истиқлол қурбони бўлди. Аммо уларнинг шаҳид бўлган куни, муборак қони тўкилган жой — пок хоклари макон топган азиз замин ҳамон аниқ эмас.
Шу нарса маълумки, «Вечерняя Москва» газетасининг 1992 йил 25 май сонида Мунаввар Қори ва яна тўртта ватандошимиз Москвада отилгани ҳақида хабар босилди. Лекин шунга қарамай, бошқа маълумотлар бу тўғрида ҳали жиддий илмий тадқиқот ва изланиш¬лар олиб бориш зарурлигини тақозо этмоқда. Ҳужжатлардан маълумки, кўп кишилар қамоқхонадаёқ ҳалок бўлган.
Мустабид ва шовинизм ботқоғига ботган коммунистик сиёсат ўз миллати, Ватани озодлиги, мустақил бўлиши учун курашган Мунаввар Қорини ном-нишонсиз йўқотиш, тарихдан ўчириб ташлашга ҳаракат қилди. Аммо бунинг иложи бўлмади. Чунки, у ўз халқи қалби қаърида, тарих саҳифаларида абадийликка муҳрланган эди. Бошқача айтсак, Мунаввар Қорининг ҳаётий фаолияти, тарихий хизмати ҳақиқат ва адолат мисол чопса чопилмас, кўмса кўмилмас, ёқса ёқилмасдир.
Биз ҳозирги пайтда Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг улкан саъй-ҳаракати ва жасорати ила тобора мустаҳкамланиб бораётган истиқлол, ижтимоий адолат ва демократия шарофати билан Мунаввар Қори «Хотираларим» асарининг учинчи қисмини қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Асар жадидчилик ҳаракати ва унинг кураш фаолияти ҳамда коммунистик фирқанинг унга қаратилган сиёсатига бағишланган. Унинг ёзилиши ҳақида Мунаввар Қорининг ўзи асарининг учинчи қисмидаги «Менинг сиёсий бошқармага берган ваъдам» бўлимида тўла маълумот беради.
Бу ерда азиз китобхонларни масаланинг бошқа бир томони ҳақида оддиндан огоҳ қилмоқчимиз.
Асарнинг бизнинг қўлимиздаги қисми ўзбекчадан рус тилига таржима. У ўзбекча «Хотираларимдан» деб номланган. Шу боисдан биз унинг тўла номи «Хотираларим» бўлса керак деган тўхтамга келдик.
«Хотираларимдан»да жадидчилик ҳаракати ва жа-дидларнинг шўро давридаги кураши ҳақида, шу вақтгача бизлар билмаган тарихий воқеа ва ҳужжатлар ўрин олган. Бу ҳужжат 1929 йил ноябрь — 1930 йил июль ойларида қамоқхонада ёзилган ва муаллифнинг устидан қатлиом ҳукми чиқарилиши учун асосий айбнома бўлган. Унинг бош қисмида Мунаввар Қори терговчиларни бироз чалғитишга ҳаракат қилади. Бироқ, бунинг иложи бўлмаслигини англаган ҳолда, дарҳол бор ҳақиқатни очиқ-ойдин ёзади. Буни Мунаввар Қори «сирни» очиб, ўзи ва бошқаларнинг умрига завол бўлган экан, деган маънода тушунмаслик керак, албатта. Чунки, у мустабид коммунистик сиёсат исканжасидан ҳеч ким омон қолиб, чиқиб кетаолмаслигини, шунингдек, коммунистик ҳукмронлик ҳам узоққа бормаслигини яхши билган. Шунинг учун миллат ва Ватан озод бўлиб ўз истиқлолини қўлга киритишига ишонч ҳосил қилган ҳолда бор ҳақиқатни тарих учун, келажак авлод учун онгли равишда тўғри баён қилади.
Қамоқхонадаги маҳбусларни ҳам махсус мурожаатнома ёзиб, уларни бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишга даъват қилади. «Маҳбусларга қарата ёзган мурожаатимда, — дейди Мунаввар Қори, — уларни менинг йўлимдан бориб терговга тўғри жавоб беришига чақирдим». «Миллий истиқлол» ташкилотининг фаолларидан бири Салимхон Тиллахонов эса терговга берган маълумотида шундай дейди: «Мунаввар Қори қамалишидан 2—3 ой олдин ташкилотнинг ҳар хил кишилар қўлида сақланаётган архивини тўплаш зарурлигини менга айтиб бу архив материалларини эътибордан четроқда бўлган қишлоқларга тарих учун яшириб қўйишни уқтирган эди».
Ҳозирча, «Хотираларимдан» миллатга маънавий ота бўлиб мустақиллик учун ўзини аямай, халқим деб ҳақ йўлида тик туриб шаҳид бўлган Мунаввар Қори ижодий меросининг бирдан-бир каттагина парчаси, холос.
Биз бу жадидчилик ҳаракатининг шўро давридаги фаолиятига оид топилдиқ ҳозир ҳақиқат нуқтаи назаридан қайта тикланаётган она тарихимиздаги «оқ» ва «қора» доғларнинг тугатилишига бироз бўлса ҳам ҳисса қўшади деган умиддамиз. Шунинг учун ҳам уни ўз аслиятида бўлмаса-да, русчадан ўзбекчага ағдариб, азиз китобхонлар билан бирга баҳам кўришга шошилдик. Шунингдек, китобни мутолаа қилиш пайтида у қандай шароит ва сиёсий муҳит ҳамда мақсадда ёзилган-лигини ҳам унутмаслик керак.

Сотимжон Холбоев



ХОТИРАЛАРИМДАН

МКНИНГ СИЁСИЙ БОШҚАРМАГА БЕРГАН ВАЪДАМ

Бу 1928 йилнинг бошларида бўлган эди. Мени бошлиқ (СССР Бош сиёсий бошқармаси бўлимининг Ўрта Осиёдаги Мухтор вакиллиги бошлиғи) ўртоқ Бельский ўз олдига чақириб, жадидимиз пайдо бўлганидан буён бўлиб ўтган воқеаларни кенг ва ҳужжатлар асосида ёритишимни алоҳида огоҳлантирди. Менга саволлар битилган бланка берди. Ундаги саволларнинг бир қисмига ўзим жавоб бераолмасамда, иккинчи қисмига эса бошқаларнинг ёрдамисиз жавоб бериш анча мушкул кўринди.
Унинг таклифини мен катта қувонч билан қабул қилдим, чунки шу баҳонада бўлиб ўтган воқеаларни тадқиқ қилиш ва тарихга молик бирор нарса қолдириш мумкинлиги туғилди. Шу билан бирга бу ишни бажарсам менинг ҳукумат олдидаги сиёсий мавқеим яхшиланармикан деган умид ҳам пайдо бўлди. Афғонистонга кетмаслигимга, биринчидан, Бачи Соқов қўзғолони, иккинчидан эса мана шу таклиф сабаб бўлган эди.
Ёзмоқчи бўлганларимнинг режасини тузиб, ўртоқ Бельскийга кўрсатдим. Бельский ва Агидуллин мен тузган режани мақсадга мувофиқ деб маъқуллади. Режада мен ёзиладиган хотирани уч даврга бўлган эдим. Биринчиси жадидизм пайдо бўлганидан то февраль инқилобигача, иккинчиси февраль инқилобидан октябргача, учинчиси эса октябрь инқилобидан ушбу хотиранинг тугашигача эди.
Мана шу режага кўра ўз хотираларимни ёзишга киришдим. 1929 йилнинг бошида унинг биринчи қисми, яъни 1917 йилгача бўлган хотираларимни ёзиб топширдим. Иккинчи қисмини 1929 йили ёзишга ки-ришдим. Аммо менда ёзиш учун вақт жуда оз эди, сабаби, бу вақтда мен ишсиз эдим. Менинг оиламда ўзимдан бошқа бирорта ҳам ишлаб пул топадиган киши йўқ эди, хотиним эса бу вақтда (тиббиёт билим юртида) ўқир эди. Ҳар куни уйда 9—10 соатлаб ўтириб, пайпоқ ва қўлпоқ тўқиш ва шу билан 2—3 сўм пул топиб оила тебратишга мажбур бўлдим.
Шундай ўта бир чекланган пайтда мен хотираларимни тез орада ёзиб тугата олмаслигим ўз-ўзидан аён эди. Шунинг учун (1929 йилнинг августларида бўлса керак) бу тўғрида Сиёсий бошқарманинг Шарқ бўлими бошлиғи ўртоқ Агидуллинга мурожаат қилиб, ўзимнинг оилавий аҳволим ҳақида очиқ-ойдин сўзлаб бердим.
Агар хотира ёзишни тез орада тугатиш зарур бўлса, менга ёрдам беришлари кераклигини айтдим. Шунда у «Сизга қандай ёрдам бермоқ керак?» — деб сўради. Унга эса мен шундай дедим: «Менга маънавий ёрдам керак. Мен нафақа олиш учун ариза берганман. Агар сизлар томондан бироз таъсир бўлса мен нафақа оламан. Бу билан менинг ҳаётим бирозгина бўлса ҳам таъминланади».
Ўртоқ бошлиқ ёрдам беришга ваъда бериб, ёзганларимни оз-оздан бўлса-да, кўрсатиб туришимни талаб қилди. Бу пайтда мен иккинчи қисмни охирлаштириб қўйган эдим. Бошлиқнинг буйруғи билан мен бу қисмни тугалланмаган бўлмаса ҳам унга топширдим.
Ўртоқ бошлиқнинг ёрдамини кутиш билан бирга учунчи қисм учун материал излай бошладим. Аммо менинг қамоққа олинишим сабабли бу амалга ошмай қолди.
Мен октябрь инкилоби арафасида ташкил топган «Иттиҳоди тараққий» (11) (Тараққийпарварлар жамияти) ҳақида ёдимда қолганларини олдин ёзиб берган эдим.
Жамият дастурини Усмонбек билан Ҳайдар Афандилар (12) тузган. Мен уни (туркчадан) ўзбек тилига ағдарганман. 1917 йил августининг охирларида бўлса керак, менинг уйимда тараққийпарварларнинг Усмонбек раислигида бўлиб ўтган йиғилишида бу дастур қабул қилинди. Йиғилишда уч кишидан иборат раёсат ҳам сайланди. Унга раис қилиб Усмонбек, раҳбар бўлиб эса Ҳайдар Афанди сайланди. Учинчиси маҳаллий кишилардан бўлиши керак эди. Уни танлаш Усмонбек билан Ҳайдар Афандининг ўзларига топширилди. Мен октябрь инқилобигача бу жамият ишида қатнашиб келдим. Руҳонийлар ила бу жамият орасида келишмовчиликлар бўлиб турар эди.
Давлат (шаҳар) думасида бизлар эсер ва социал-демократлар билан иттифоқ тузган бўлишимизга қарамай, руҳонийларнинг вакиллари кўпчиликни ташкил этарди. Жамият октябрь инқилобидан кейин ҳам ўз ишини давом эттирди. Унинг аъзолари, дастурда кўрсатилгандек, бизнинг манфаатларимизга қарши бўлмайдиган ҳамма фирқаларга кириш ҳуқуқига эга эди. Шунинг учун баъзи бировлар большевойлар, бошқалар эса эсерлар фирқаларига кирди. Мен ҳам бирор фирқага кириш истагида Ҳайдар Афанди орқали раёсатдан ижозат сўрадим. Раёсат менга ҳали ҳукумат мустаҳкам эмаслиги ва унинг яшаб қолиш-қолмаслиги даргумон бўлиб турганлигини баҳона қилиб, бироз сабр қилишни маслаҳат қилди.
Бу вақтда мен маориф соҳасида ишлар эдим. Шундай қилиб, мен 1919 йил, яъни январ воқеаларигача (13) шу жамият раҳбарлигида бўлдим. У ўтган вақт давомида шўрога қарши фаолият кўрсатган эмас, аксинча ўз режаларини ҳаётга тадбиқ этиш учун Шўро ҳукума-тини энг муносиб ҳукумат деб билади. Жамиятнинг режалари қуйидагилардан иборат эди:
1) ёшларни аъзоликка жалб қилиш;
2) руҳонийлар билан кураш олиб бориш (14);
3) оқларни аниқлаш ва уларни имконияти бўлганида ҳукумат қўлига топшириш;
4) мактаб ишларини тартибга солиш;
5) турк ҳарбий асирларига ёрдам бериш ва уларни мактабларга ишга жойлаштириш.
Боку турклар томонидан босиб олинганидан кейин бизнинг «Иттиҳоди тараққийпарвар» жамиятимиз «Иттиҳоди тараққий» деб номланди. Охирги «парвар» сўзи олиб ташланди. Энди эса бу уюшма тараққиёт маъносини олади, олдин тараққийпарварлар уюшмаси эди. Шунинг учун кўпчилик бунга жиддий аҳамият бермайди, чунки жамият номига олдин ҳам «парвар» сўзи қўшиб айтилиши керак бўлса-да, «Иттиҳоди тараққий» деб номланар эди.
Мен бу ўзгаришнинг сабабини сўраганимда Ҳайдар Афандим шундай деб тушунтирди: «Бокуни «Иттиҳоди тараққий» жамиятини бошқарувчи турклар эгаллади. Шунинг учун алоқа қилиш осон бўлишини назарда тутиб, жамиятни «Иттиҳоди Тараққий» деб номладик». У яна олдинги раис Усмонбек кетиб қолганлиги, унинг ўрнига «Иттиҳоди тараққий» тарафдори бўлган Зиябек келганлигини ҳам айтди...
Менинг оқларга қарши олиб борган ишларимдан бири: 1918 йилда бир куни менинг олдимга Назаров С. исмли ўрис келиб, бир неча кун жой бериб туринг, деб илтимос қилди. Мен рози бўлдим. У меникида икки кун турди. Бу орада менга унинг шўро ҳукуматига қарши киши эканлиги маълум бўлди.
Ҳукуматнинг амалдаги қонунига асосан, мен бу тўғрида шўро вакилига хабар бердим. Бу пайтда Эски шаҳар қўшин (отряди) бошлиғи Низомиддин Хўжаев эди. Уни бошқа хонадонга (квартирага) кўчириш баҳонасида бир кузатувчи билан шаҳарга жўнатдим. Хадра-да уларни Низомитдин Хўжаевнинг одамлари кутиб турар эди. Шу ерга келганида кузатувчи ишорасига кўра Назаров қўлга олинди.
Бир неча воқеалар бўлиб ўтганидан кейин, ҳаммада шўро ҳукумати мустаҳкамланиши ва яшаб қолишига тўла ишонч ҳосил бўлгач, жамият ҳаёти ва унинг келажақда иш олиб бориш-бормаслиги масаласи бизларни қизиқтирмай қўйди. Бунга зарурият ҳам йўқ эди. Мен большевиклар фирқасига киришга қарор қилдим. Жамият раёсати бунга қаршилик қилмади, аксинча қуйидаги мазмунда қарор қабул қилди: «Шўро ҳукуматининг яшаб қолишига шубҳа барҳам топиши муносабати ҳамда жамиятнинг ғояларини (ғафлатга қарши маданият учун кураш) ҳукумат билан иттифоқда амалга ошириш осон ва мақсадга мувофиқ эканлиги туфайли у тугатилсин, унинг аъзолари Мунаввар Қори ва бош-қаларга бошланган ишни давом эттириш учун боль-шевойлар фирқасига киришга рухсат этилсин!» (15).
Шу пайтдан бошлаб мен жамиятдан чиқиб, фирқа сафига кирдим. Жамиятнинг тарқалиб кетишига қуйидагилар ҳам сабаб бўлди:
1) Аъзолар ўртасида интизомнинг бўшашиб кетиши;
2) Туркия мағлубиятга уч-раши билан «Иттиҳоди Тараққий» тарафдорларининг раҳбарлик лавозимларидан олиб ташланиши;
3) Маблағнинг йўқлиги;
4) Жамият раёсати ва аъзоларига нисбатан ишончсизлик муносабатининг кучайиши.
Ҳозирда унинг дастлабки пайтларидан иш бошлаган кишилардан мендан бошқа бирортаси ҳам қолмади. Унга кейинги пайтларда кирганлардан қуйидагиларни биламан: Саъдулла Хўжа, Отахон (16), Убайдулла Хўжаев (17). Жамиятнинг Тошкентдаги аъзолари кўп эмас эди. Уларнинг сони 50 га етмасада, обрўси жуда юқори даражада бўлган. Жамият тарқалганидан фақат унинг аъзоларигина хабардор эди. Шунинг учун ҳам ундан кўпчилик кишилар бехабар бўлган.


ЯНВАРЬ ВОҚЕАЛАРИ ВА «БИРЛИК» УЮШМАСИ

Январь воқеалари муносабати билан уламолар фир-қаси бир неча соат ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, ғалаба қозонди. Бу имкониятдан улар бутунлай тараққийпарварлардан ўч олиш учун фойдаландилар. Та¬раққийпарвар большевойлар фирқасига аъзоми, аъзо эмаслиги сўраб суриштирилмай, излаб топилиб кал-такланаверди.
Бу шуни кўрсатдики, тараққийпарварлар билан большевойлар фирқаси аъзоларининг манфаатлари бир-бирига яқин. Шунинг учун «Бирлик» уюшмасини ташкил этиш лозим деб топилди. Бу тараққийпарварлар аъзоларидан фирқага кирган ва кирмаганларни бирлаштирар эди. Эски шаҳардаги босмахона (ўша пайтда штаб эди) биносида уч юзга яқин киши, фирқа аъзолари, фирқасиз хизматчилар ва тараққийпарварлар тўпланиб, «Бирлик» жамиятини ташкил этдилар (18).
Бу йиғилишда бир-биримизга ёрдам беришга кели-шиб олдик. Бирлашишдан мақсад ёшларни большевойлар фирқасига жалб қилиш ва уларни турли кутилмаган воқеаларга тайёрлашдан иборат эди...
Жамият 2—3 йил яшади. Ёшларнинг кўпчилиги фирқага кирганидан кейин, у ўз-ўзидан тугаб кетди. Энди унинг учун зарурият ҳам қолмаган эди. Шу вақтда Москвадан Мустафо Субҳий, Мавлавий ва Габировлар ке-лади. Улар Шайҳонтоҳурда катта митинг чақириб, «Шарқ озодлиги» уюшмасини ташкил этади. Бунга фирқа ва фирқасизлар аъзо бўлади. Бу жамият шўро ҳукуматини қўллаб-қувватловчи руҳда ташвиқот олиб бориб, уни омма билан яқинлаштириш ва мусулмонларни Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон олдида обрўсини кўтаришга ҳаракат қилади.
Жамият дастурини ўқиган эмасман, шунинг учун унда нима ёзилганини билмайман. Жамиятга Мустафо Субҳий бошчилик қилган.


VIII ҚУРУЛТОЙ ВА «МИЛЛИЙ ГУРУҲ»

«Иттиҳоди тараққий» тарқатилганидан кейин тараққийпарварларнинг кўпчилиги фирқага кириб сидқидилдан ишлай бошлади. Бу вактда ҳозиргидек синфий онг унча ривожланмаган эди. Ўрисларнинг ўзи маълум даражада мустамлакачилик кайфиятида бўлдилар.
Маҳаллий коммунистларга марказдан юборилган Кобозев (19) раҳбарлик қилди. Шу пайтда VIII қурултой чақирилди (20). Унда маҳаллийлар билан овруполиклар ўртасида душманлик муносабати пайдо бўлди. Фаоллар ва «миллий»лардан иборат икки гуруҳ юзага келди. Биринчи гуруҳни Казаков, иккинчисини эса Ко¬бозев бошқарди. Ҳар бир гуруҳнинг ўзи алоҳида-алоҳида мажлис чақирди. Кобозев маҳаллийларга, Казаков оврупаликларга раҳбарлик қилди. Бу пайтда Оренбург темир йўли тозаланиб, ҳукумат вакиллари кела бошлади. Кобозев ғалаба қозониб, жумҳурият раиси бўлди. Марказдан Элиава бошчилигида Турккомиссия келди. Маҳаллий коммунистларнинг руҳи анча кўтарилиб, ишга киришиб кетди. Аммо бу кўрсатилган миллий гурўҳнинг «миллий» номи Москвага янги ҳукумат таркиби миллатчилардан иборат деган хулоса чиқаришга баҳона бўлди. Шунинг учун ҳам бироздан кейин унга ҳужум бошланиб, оқибат натижада тарқатиб юборилди. Бир гуруҳ коммунистлар «Рисқуловчилар» деб номланиб, қувғин қилина бошланди. Командировкага юбориш баҳонасида ишдан бўшатиш кучайди. Мен бу вақтда Маориф Халқ Комиссарлиги аъзоси ва турк бўлими раиси бўлиб ишлардим. Бошқалар қатори мен ҳам ишдан олиндим.
Менимча, «раҳбарликдаги ташкилотлар» деган фалсафанинг маъноси мана шундан иборат. Аслида эса, бу пайтда коммунист ва коммунист бўлмаган хизматчилар орасида ҳеч қандай «ташкилот» йўқ эди. Ҳамма софдиллик билан хизмат қиларди. Юқорида кўрсатилган ҳукумат таркибидагилар тарқатиб юборилганидан кейин маҳаллий коммунистларнинг ўрисларга нисбатан муносабати ёмонлашди. Энди уларнинг ҳамма орзу-умидлари марказдан келадиган Турккомиссияга қаратилишидан бошқа иложи йўқ эди.


ШАРҚ ХАЛҚЛАРИ ҚУРУЛТОЙИ ВА АНВАР ПОШО БИЛАН БЎЛГАН ВОҚЕА

Бу вақтда Шарқ халқларининг Қурултойи (21) чақирилди. Унга турли миллатлардан фирқали ва фирқасиз делегатлар сайланиб, Бокуга Гиллер раҳбарлигида юборилди.
Гиллер йўлда ўзини ёмон тутди. У ўз котибаси билан алоҳида купени эгаллаб, ўзларига 3—4 хил таомдан иборат яхшигина нонушта ва тушликлар буюрар эди. Бошқа делегатларга эса бу вақтда фақат биттадан таом бериларди. Шу туфайли ҳамма делегатлар унга нафрат билан қарайдиган бўлдилар. Бокуда қурултой очилишига тайёргарлик кўрила бошлади. Ҳар қайси давлат делегатларига ўз ораларидан раёсат ва фракция аъзоларини сайлаш топширилди.
Иккинчи куни Зиновьев (22) қурултойга ўзи билан бирга Анвар пошони (23) олиб келди. Курултойда Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг вакиллари ҳам қатнашади.
Делегатларнинг кайфияти жуда юқори эди. Эрон, Афғонистон ва Туркияда шўро ҳокимияти ўрнатилади, деб ишонарди ҳамма. Зиновьевни кутиб олиш учун чет эл делегатларидан бошқа ҳамма вокзалга чиқди. Унинг поезди мусиқалар остида, тантанавор кутиб олинади, ҳамма у билан учрашиш ва фикр алмашиш умидида эди. Аммо у узоқдан туриб саломлашгач, автомобилга ўтириб шаҳарга жўнаб кетади. Бундан кўпчилик норози бўлиб қолди.
Иккинчи куни фракциялар мажлиси бўлди. Курултой раёсатига Рисқулов (24) ва мен кирдим. Шу сабабли қурултой охиригача Зиновьев билан тез-тез учрашиб туришга тўғри келди. Қурултойнинг биринчи мажлиси жонли ўтди. Делегатлар номидан Англияга норозилик эълон қилинди. Анвар пошонинг қурултойда қатнашиши албатта сезилиб турди. Қурултойда маъруза вақтида ҳам делегатлар навбат билан унинг ложасига кириб, қўлларини ўпиб, тавоф қилдилар. Анвар раёсатга мурожаат қилиб, сўз сўради. Бу масала икки кун муҳокама қилинди. Қурултой ва фракциялар кенгашларида Анвар пошо илтимосига рад жавоб қилинди. Шундан сўнг у ёзма равишда илтимос қилди. Афанди Зода Анвар пошонинг илтимосини қурултой аҳлига ўқиб эшиттирди. Шу туфайли Зиновьев билан раёсат ўртасида сезиларли ихтилоф юзага келди. Зиновьев ўзи Анварни курултойга бошлаб келиб, унга сўз бермай, жуда катта хатога йўл қўйди. Шундан сўнг делегатлар билан учрашув вақтида ҳам Зиновьев улар билан дўстона муносабатда бўлмади. Бу ҳолат эса чет эл ва шўро ҳукумати делегатларининг унга бўлган муносабатини ўзгартириб юборди. Ҳурмат-эҳтиром ва самимият бутунлай йўқолди. Туркистон делегатлари ҳам Зиновьевдан норози бўлдилар. Қурултой ўз ишини Шарқ халқлари кенгашига вакиллар сайлаш билан тугатди. Мен ҳам бу кенгаш таркибига кирдим. Қурултой ёпилгандан сўнг Туркистон коммунистлари Рисқуловдан нима учун ишни ташлаганлиги тўғрисида баёнот беришни талаб этди. Рисқулов бу тўғрида Зиновьев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда маъруза қилди, у айтилган сўзларни асосли деб тан олди. Шу йиғилишда Москвага делегация юбориладиган бўлди. Делегация таркибига Рисқуловнинг ўзи ва Жўрабоев кирди.
Улар Москвага жўнаб кетди, бизлар эса Тошкентга қайтдик.
Бокудалигимда Анвар пошо билан икки марта учрашдим (25). Биринчи марта курултой мажлисида мен раёсатда икки-уч киши билан ўтирган эдим, Анвар индамай келиб, ўз илтимосномасини менга берди. Орамизда ҳеч қандай сўзлашув бўлмади. Унинг хатини мен Зиновьевга бердим. Иккинчи марта уни Доғистон вакиллари ва бир неча туркистонликлар жойлашган денгиз қирғоғидаги уйда кўрдим. Бир куни Анвар пошо келиб араб тилида суҳбат ўтказади, деган хабарни эшитиб, уни иккинчи қаватда кутиб турдик. Бироздан сўнг Анвар пошо келиб, бизлар билан 15 дақиқа суҳбатлашди. У айтдики, шўро ҳукумати Шарқ халқларининг фойдасига катта ишларни қилмоқда. Шунинг учун ҳам уни қадрлаш ва қўллаб-қувватламоқ лозимдир. Яна у шўро ҳукуматидан фойдаланиб, ўз болаларингизни ўқитингиз деб бизга маслаҳат берди.
Заки Валидий билан мен бир марта учрашдим. У қурултойга қўйилиши тўғрисидаги ўз аризасини Зиновьевга беришимни мендан илтимос қилди. Мен рад этдим, кейин у буни Жонузоқов орқали амалга оширди. Эшитишимча, Зиновьев хатни жавобсиз қолдирган. Бизлар Тошкентга қайтиб келдик. Бу пайтда фирқа қурултойи (26) бўлаётган эди. Мен бу қурултойга Шарқ халқлари кенгашидан делегат қилиб белгиланган эдим. Бу тўғрида фирқа қурултойига телеграф орқали хабар берилган.
Фирқа қурултойида бизнинг вакил Гиллер Шарқ халқлари қурултойи якунлари тўғрисида маъруза қилди. У Боку йўлида делегатлар билан ўзи ўртасида бўлган келишмовчиликларга ҳам тўхталди. Ҳамма айбни делегатларга ағдариб, уларни миллий оғмачиликда айблади. Шунинг учун бўлса керак, фирқа қурултойи иши давомида менга Шарқ халқлари кенгаши юборган телеграмма тўғрисида хабар берилмади. Телеграммани мен қурултойдан кейин Бухорода олдим.


БУХОРО ВОҚЕАЛАРИ

Биз Бокудалигимизда Бухорода инқилоб бўлди. Амир қочиб кетди. Ҳокимият ёш бухороликлар қўлига ўтди. Бу вақтда Туркистонда гуруҳбозлик кучли эди. Гоҳ улардан бири, гоҳ иккинчиси ғалаба қиларди. Мағлуб бўлганларни ғолиблар Хоразм ва бошқа шу каби ўлкаларга юборишарди. Буни бизлар «фахрли бадарға» деб атардик.
IX қурултойдан (27) сўнг Рисқулов гуруҳи бутунлай енгилди. Тўрақулов (28) гуруҳи ғалаба қилди. Бизлар (Рисқулов тарафдорлари) мағлублар қаторида «командировка» олишимиз керак эди. Шу сабабли Бокудан қайтганимдан кейин мени Шоҳид Аҳмадиев Маориф Халқ Комиссарлигига чакириб Бухоро Халқ Маорифига, Қори Йўлдош ихтиёрига юборди. Мени у коллегия аъзоси қилиб тайинлади. Шу билан бирга менга Бухорони озиқ-овқат билан таъминлаш вазифасини ҳам юклади. Вазифам аниқ бўлгач, мен Тошкентдан оиламни кўчириб келиб ишга киришиб кетдим. Орадан тўрт ой ўтгач, адашмасам 20 март бўлса керак, Туркистон МИҚ мени Тошкентга қайта чақириб олиб, илмий кенгаш аъзоси қилиб тайинлади. Бир неча кундан кейин, 31 март куни Тошкентда бошқалар қатори мени ҳам қамоққа олишди.


БУХОРО ВОҚЕАЛАРИ ХУСУСИДА

1920 йили Бухоро арки олдидаги майдонда октябрь байрамига бағишланган катта митинг бўлиб ўтди. Марказ вакили (Куйбишев бўлса керак) нутқ сўзлаб, Москва мустақил Бухоро Халқ жумҳуриятини тан олганлигини тантана билан эълон қилади. Ундан сўнг сўзга чиққан Мирза Қори Муҳиддинов митинг бўлиб турган майдон «Бухоро мустақиллиги майдони» деб номланганлигини эълон қилади.
Файзулла Хўжаев октябрь байрами ва Бухоро мустақил бўлганлиги билан табриклаб нутқ сўзлайди. Шу кундан бошлаб ёш бухороликлар «мустақиллик» сўзини тез-тез қўллайдиган бўлдилар ва унга эришишга ҳаракат қила бошладилар.
Бухороликлар орасида норозилик кучайиши туфайли Турккомиссия Бухоро ички ишига аралашмайдиган бўлди. Бухороликлар «бу инқилобми ёки босиб олишми?» деб сўрардилар. Бу норозилик тобора авж олади. Бирмунча вақт ўтгач, Бухорога Турккомиссия аъзоси Сафаров келади (29). У мени Ревкомга чақириб, Бухоро ходимлари орасидаги вазият ҳақида сўради. Бу ерда бош қўмондон Зиновьев ва таржимон Еникеев ҳам бор эди.
Сафаров мендан бухороликлар инқилобга қандай муносабатда эканликлари ва Шарқий Бухоролйклар нима учун амирни қўллаб-қувватлаётганликлари сабабини ҳам сўради. Мен ҳеч нимани яширмай, бухороликлар мустақилликка интилаётганликлари ва улар ҳозирги аҳволдан норози эканликлари, шунинг учун улар «бу инқилобми, ёки босиб олишми?» деган саволни ўртага ташлаётганликларини айтдим. Мен яна шуни ҳам таъкидладимки, Шарқий Бухорода (Қизил Армия) бўлинмалари отларни масжидларга боғлаб қўйиб, ўзлари эса уйма-уй юриб талончилик билан шуғулланмоқда. Шундан сўнг Сафаров Ревком мажлисини чақириб, ҳукумат вакилларини қаттиқ ҳақорат қилади.
Сафаров жўнаб кетганидан сўнг ҳукумат вакиллари ўзаро йиғилиш ўтказиб, Москвага хат ёзади. Унда агар Сафаров ўз муносабатини ўзгартирмаса, бизлар ҳаммамиз ишлашдан бош тортамиз, деб огоҳлантирилади. Москва бу огоҳлантирувни олганидан сўнг Сафаровга Бухоро ички ишларига аралашмасликни тавсия этади. Мазкур воқеалардан сўнг Бухорода турклар раҳбарлигида «Бухоро истиқлоли» жамияти ташкил топади.
Бу жамиятнинг асосий мақсади унинг арбобларидан бири Ҳошим Шоиқнинг сўзларига кўра, қуйидагилардан иборат бўлган: Бухоро мустақиллиги ва инқилобчилигини ҳимоя қилиш, иккинчидан эса, Шарқий Бухоро ва қишлоқлар оммасини жамият номидан инқилобий ҳаракат билан боғлаш, чунки бу вақтда Бухорода коммунизм номидан иш олиб бориши мумкин эмас эди. Мен Ҳошимдан жамият орқасидан ким эргашади, деб сўраганимда, у шундай деб жавоб берди: «Бухоро мустақиллиги ва инқилобчилигига меҳр-муҳаббати бор бўлган барча бухороликлар».
1929 йил 18 декабрь

Менинг ёзган китобларим ва мафкурамга нисбатан 1925 йилдан бошлаб матбуотда жуда кучли ҳужум бошланди. Буларнинг айримларида бир оз ҳақиқат бўлса-да, кўпчилиги ҳеч қандай асосга эга эмас эди. Табиий равишда, мен уларга тоқат қилолмадим. Шу сабабдан Тошкентни бутунлай тарк этишга, Москвага бориб, у ерда қолган умримни ўтказишга, рус тилини ўрганиб, бирор иш билан шуғулланишга азму қарор қилдим.
1926 йилнинг охирида ўз оилам билан расман алоқани узиб, Москвага жўнаб кетдим. Йўл-йўлакай, Қизил Ўрдада тўхтадим. У ерда ўртоқ Рисқуловни учратиб, унга ўз мақсадимни айтдим. У менинг мақсадим¬ни маъқуллаб, ёрдам беришга ваъда қилди. Шундан сўнг Қозон ва Нижний Новгород орқали Москвага келдим. Бу ерда Тўрақулов билан учрашдим. У ҳам менинг Москвада яшаб қолишимни маъқуллади. Шу орада (Туркистон) Халқ Комиссарлари Кенгаши раисининг ўринбосари Рисқулов Москвага келди.
Уларнинг ёрдамида мен Шарқ халқларини ўрганиш қўмитасида ишлаш ва унинг институтида ўқишга қарор қилдим. Кўмита раёсати мени яхши қабул қилди. Мени Ўзбекистонга ажратилган учта жойдан бирида расмий йўлланма билан қабул қилишмоқчи бўлди. Қўмита раиси бу пайтда Москвада бўлган Акмал Икромовга хат ёзиб, менга махсус йўлланма беришини илтимос қилди. Ўзим ҳам Акмал билан шахсан учрашиб, ёрдам беришни илтимос қилдим. Мен Акмал Икромовга Ватандан ташқарида яшашга қатъий қарор қилганлигимни ва энди ҳеч ҳам Ўзбекистон тупроғига қадам қўймаслигимни айтдим. А. Икромов эса, шундай деди: «Агар Сизнинг Ўзбекистондан бадарға бўлишингизга зарурият бўлганида буни биз ўзимиз амалга оширган бўлар эдик. Сиз Ўзбекистонга қайтинг. Мен ўзим Сизга йўлланма топаман».
Бу вақтда менинг «миллатчи» сифатида бадном қилган ўша ватан ва ўша миллатдан бутун умрга алоқани узиб, шўро ҳукумати пойтахтида яшаш, қўлимдан келганича илмий иш билан машғул бўлишга ва ниҳоят шу ерда қазо топишга қарор қилганлигим қатъий ва узил кесил эди (30). Шу мақсад учун расмий равишда ўз оилам билан алоқани узган, ҳовлимни оила аъзоларимга бўлиб берган, шунингдек, унинг бир қисмини эса маориф учун хайру эҳсон қилган эдим.
Икромов берган ваъда бўиича Тошкентга қайтиб, у ердан Самарқандга ўтдим. Шарқ халқларини ўрганиш қўмитаси берган хатни маориф халқ комиссариятида қолдирдим-да, яна Тошкентга бориб, ўз ишларим билан машғул бўлдим. Бир ойдан сўнг маориф халқ комиссарлигидан хабарнома олдим, унда мана бу сўзлар ёзилган эди: «Сизнинг аризангизни рад қилишта қарор қилинди, ўрнингизга бошқа киши юборилади». Кутилмаган бу жавоб мени бутунлай умидсизлантириб қўйди. Бу пайтда ўқув мавсуми бошланган эди. Мен яна ўқитувчи бўлиб ишга киришга мажбур бўлдим. Бироқ мен учун ҳаёт Тошкентда кундан-кунга оғирлашиб борди, менга бўлган тажовузлар тўлқини олдинги жабр-зулм ва руҳий эзилишлардан ҳам ортиб кетди. Буларга жавобан мен мақолалар ёзсам, улар матбуотга етиб бормас эди. Бу маломатлар менинг мафкурам чегарасидан чиқиб, оилавий ҳаётимни ҳам оёқ ости қила бошлади. Менинг ўз мафкурам ва шахсий оилавий турмушимга нисбатан бўлган ҳужум ҳаддан ташқари салбий эди. Манангулар, ниҳоят, менда қандай йўл билан бўлса-да, Ўзбекистондан чиқиб кетиш фикрини уйғотди. Бу фикр менда тобора ортиб борди. Менинг бутун вужудимни эса, қаергадир кетиб, ўша ерда ишда қолиш масаласи қамраб олди. Агар мен йўлланмасиз Москвага кетганимда яшаш жуда қийин бўлар эди. Бордию, Қозоғистон ёки Туркманистонга кетганимда ҳам барибир менга тинчлик беришмасди. Татаристон ва Озарбайжонда эса мен каби одамларга иш топилиши амри маҳол эди.
Мен жуда кўп ўйлай-ўйлай, юз берган аҳволдан чиқишнинг энг мақбул йўли Афғонистонга чиқиб кетиш ва у ердаги афғон ўзбекларининг қолоқ маорифи таркибидаги мактабларда ишлаш бирдан-бир тўғри йўл деган фикрга келдим. Мен учун энг севимли ишим, бу — ўқитувчилик эди. Афғонистонда мен каби ўқитувчиларга талаб кучли эканлигини билганим учун у ерда яшашни мақсадга мувофиқ деб топдим. Лекин у ерга қандай қилиб бориш мумкин эди? Қочиб кетиш нотўғри эди, чунки бу ерда бўлганидек, у ёқда ҳам ушлаб олиш эҳтимолдан ҳоли эмас эди. Бундан ташқари, мен қочоқликни истамас эдим. Шунинг учун афғон консули билан танишишга, агар имконият бўлса унинг илтимосига кўра расмий равишда Афғонистонга кетишга қарор килдим. 1927 йилнинг ноябри ёки декабрида кўчада тасодифан Мозори Шарифлик Мансур Хон деган бир афғонни учратиб қолдим, унинг афғон консули билан яқиндан алоқаси бор эди. Маҳаллий савдогарларнинг кўпчилиги билан олдиндан алоқаси бўлган бу ёш афғон йигити менга ҳам таниш эди. Ундан мен афғон консули билан таништириб қўйишни илтимос қилдим. 10—15 кундан кейин мен яна Мансур Хонни Ўрдадаги Қизил чойхонада учратиб қолдим. Уни бир пиёла чойга таклиф килиб, ўз илтимосимнинг натижасини сўрадим. Мансур Хон менинг илтимосимни консулга етказгани, у эса мен билан гаплашишга рози бўлганлигини айтди. Шу билан бирга у консул билан мени уйига чақириб, ўша ерда таништириш режаси борлигини ҳам айтди. 3—4 кундан сўнг Мансур Хон менинг йўқлигимда уйимга келиб хат қолдириб кетиб¬ди. Хатда у қайсидир кун (аниғи эсимда йўқ) кеч соат 7—8 ларда уйда кутиб туришимни кўрсатибди. Белгиланган вақтда мен уйда Мансур Хонни кутиб турдим. У тахминан соат 8 да келиб, мени 1-Қиёт кўчасидаги уйга олиб борди. Бу ерда кичкинагина хонада жуда ориқ бир киши ўтирар эди. Мансур Хон мени у билан таништирди. Соғлиқ-саломатлик тўғрисида гаплашиб ўтирдик. Кейин мен унга ўз мақсадимни билдирдим. У менга ҳозирги пайтда Афғонистонда ўзбек ўқитувчиларига талаб катта бўлганлиги, яқинда Кобулдан хат олганлиги, унда ўқитувчилар топиш илтимос қилинганлиги, агар топилса, бир эмас, бир нечасини Афғонистонга юборишга тайёр эканлигини айтди. Шундан сўнг у мендан бу ердан у ёққа борадиган ўқитувчилар топиладими, деб сўради. Мен унга, агар тегишли давлат ташкилотларининг расмий рухсати орқали бўлса, бир неча ўқитувчи топиш мумкин, норасмий йўл билан ҳеч ким рози бўлмайди, чунки уларнинг бу ерда оиласи бор, барибир уни йўқлаб туришлари керак, норасмий йўл билан кетса, улар қайтиб келолмаслигини айтдим. У мендан бу ердаги маданий ривожланиш ҳақида сўради. Маданият кутилганидан ортиқроқ даражада, жуда тез ривожланаётганлигини айтдим. У менинг фикримни тасдиқлаш билан бирга амир бошқараётган Афғонистонда ҳам маорифга катта эътибор берилмоқда деб айтди. Афғонистонга ўқитувчиларни юбориш масаласида у аввал, Кобулга хат ёзиши, жавоб олганидан кейин эса махсус рухсатнома олиш учун ҳаракат қилишини билдирди. Менинг тўғримда эса, агар мен норасмий кетишга рози бўлсам ёрдам беражагини тушунтирди. Мен рухсат олмай туриб кета олмайман ва қўрқаман дедим...
Шундай қилиб, мени ва ўқитувчиларни (Афғонис-тонга) юбориш масаласи Кобулдан жавоб келгунича очиқ қолдирилди. Кейин эса иккинчи марта Бачи Соқов қўзғолони бостирилгунча кечиктирилади. Бачи Соқов ғалаба қозонганидан кейин эса бу масаладан бутунлай воз кечиб, нафақа олишга ҳаракат қила бошладим. Мен нафақа олганимдан кёйин, уйдан ҳеч қаёққа чиқмай, оммадан ажралган ҳолда ўз хотираларимни ёзиб тугатаман деб ўйлаган эдим. Аммо менинг бу режам амалга ошмади.
Наманган ташкилоти вакили иккинчи марта келганида маҳаллий ерлик ва овруполиклардан ташкил топган қандайдир ташкилот кишилари Фарғонада ташвиқот олиб бораётганлигини айтди ва улар билан боғланиш керакми деб сўради. Мен қуйидагиларни ҳисобга олиб улар билан алоқа қилмаслигини маслаҳат бердим: агар бу ташкилотда овруполиклар қатнашаётган бўлса, бу оқ гвардиячи ташкилот бўлади. Туб жойликларнинг соддалигидан фойдаланиб, бу ташкилот уларнинг пулини ўмаришга ҳаракат қилади ёки уларни алдаб, бирор қўзғолонга тортиши мумкин эди.
Фарғона халқи жуда қизиққон бўлади, жаҳли тез, шунинг учун осонгина қармоққа илиниши ва эндигина тикланаётган Фарғона хўжалигини вайрон қилиши ва уни қон билан қориши мумкин. Мана шу даҳшатларни ҳисобга олиб мен унга юқоридаги маслаҳатни бердим. Уни яна қўрқитиш мақсадида ГПУ (Бош Сиёсий бошқарма) деган ташкилот борлиги ва у бундан бехабар бўлмаслигини ҳам айтдим. Балким, омма кайфиятини синаш учун бу хабарни тажриба сифатида ГПУнинг ўзи ҳам тарқатган бўлиши мумкин. Шунинг учун эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидладим...
1917—1918 йилларда мавжуд бўлган «Иттиҳоди тараққий» жамиятининг айрим тармоқлари жойларда, масалан, Наманганда ҳам ташкил топган эди. Унинг аъзолари кимлар бўлганлигини билмайман, аммо уларнинг орасида Зайнуддин Қори ва Ғофуржонов борлигини билардим. Эсимда, ўша пайтда Тошкент, Фарғона ва Наманган ўртасидаги алоқа Сирожиддин Хон ва Наби орқали амалга оширилган эди. Лекин «Миллий иттиҳод» жамияти даврида ким орқали алоқа олиб борилгани эсимда йўқ, аммо жамият мавжуд бўлиб, Тошкент билан алоқада бўлганлигини эшитганман. Ўзим эса 1917 йилдаги қурултойда мухторият эълон қилинганидан кейин Фарғонада бўлмадим. Зайнуддин Қорини охирги марта 1920 йилда Бокудаги Қурултойда учратган эдим. Орадан 6—7 йил ўтгач, бир киши Зайнуддин Қорининг хати билан олдимга келди. У менга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди: «Эски ташкилот ишлаяптими, унинг маркази қаерда? Афғонистон орқали ҳажга борадиган кишиларга афғон консулидан ижозатнома (виза) олишга ёрдам бера оласизми?» ва ҳоказо. Умуман у ташкилотга тегишли саволларни берди. Мен бу саволлар кимдан, бир Қори акамдан эмасми деб сўрадим.
У бу саволларга биргина Қори номидан эмас, балки бутун бир ташкилот 5—6 кишидан деб айтди. Шунда мен ундан Ҳожи аканинг мақсад ва нияти тўғриси¬да сўрадим (31). Ҳожи ака Ҳиндистонда, сўнг Маккада ҳажда бўлган экан. Ҳиндистонда яшаб, ўқитувчи бўлиб ишлаган олим кишилардан, ҳозир эса у иш масаласида жуда қийин аҳволда, шунинг учун ҳам четга кетиш ҳаракатида экан.
Бу вақтда мен ўқитувчилар масаласида Афғонистон консули билан гаплашиб олган эдим. Шунинг учун Афғонистон ҳозир ўқитувчиларга муҳтож, ижозатнома олиш мумкин, ҳожи менинг олдимга келса ёрдам бераман деб ваъда бердим. Ташкилот масаласида мен у билан аллақачон алоқани узганман, шунга қарамай, агар жуда зарур бўлса, бу тўғрида кейинги учрашганимизда бирор нарса айтиш мумкин дедим. Мен уларни умидсизлантирмаслик ва қуйидаги сабабларга кўра ташкилот тугатилганлигини айтмадим:
Унинг гапидан аниқ бўлдики, Наманган ташкилоти ҳали мавжуд, у ишлаб турибди. Агар мен бу ер (Тошкент)даги ташкилот тугатилган деб айтсам ҳам, барибир Наманган ташкилоти фаолиятини тугатмай, ўз ифлос ишини давом эттиравериши, унга янги-янги кишиларни жалб этавериши мумкин эди [32]. Бу ташкилот менга ёқмади. У эшон, мулла ва савдогарлардан тузилган бўлиши мумкин, чунки унинг бошида Зайнуддин Қори турибди. Мен улар билан, бу ташкилот билан яқинроқ танишиш, унинг таркибидаги зиёлиларни турли бахтсизликлардан асраш ва уни ГПУ олдида фош қилиш, шу билан ГПУ ишончини қозониш мақсадини кўнглимга туккан эдим... [33].
Мен 1904 йилдан 1921 йилгача, яъни қамоққа олинган кунга қадар, маҳаллий халқ орасидаги ташкилотлар ишида фаол қатнашдим. Уларнинг кўпчилигида раҳбар бўлдим, 1921 йилдан то Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ўтказилгунча ташкилотларнинг бирортасида ҳам қатнашмадим. Ташкилотларнинг борлиги ва ишидан хабардор бўлсам-да, уларнинг ишига аралашмадим. Шунингдек, ташкилотларнинг ишида қатнашиш ҳеч кимга ҳам ман қилинмаган эди. Умуман, ташкилотлар масаласида менинг қулоғим кар, кўзим кўр эди.
Миллий қайта чегараланишдан кейин мен ҳар қандай советларга қарши хуфия ҳаракатга муросасиз бўлдим [34]. Менимча, ўша пайтда қандайдир яширин ташкилот тузишнинг ҳеч иложи бўлмаган, чунки бирорта ҳам яширин ташкилот ГПУ эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди.
1929 йил 20 декабрь

Мен Бухородалигимда Тошкентда олдинги «Иттиҳоди тараққий» ўрнига «Иттиҳоди миллий» [35] ташкилоти барпо этилганлиги тўғрисида хабарнома олдим. У турк тилида ёзилган бўлиб, Ҳайдар Афандига тегишли эмас эди, чунки менга унинг дастхати жуда яхши таниш. Бу хабарни мен Саъдулла Хўжа, Қушбегиев ва Али Расуловларга бердим, улар ҳам бундан хабари борлигини айтдилар. Бу ташкилотнинг раҳбарлари ким, у қандай дастур асосида ишлашини, ўз низомига эга ёки собиқ «Иттиҳоди тараққий» низоми бўйича ишлайдими, менга юборилган хатни турк тилида ким ёзган — буларни бирортамиз билмас эдик.
Мен бу ташкилот бошида Ҳайдар Афанди ва Садриддинхон турган бўлса керак деб гумон қилдим ва Ҳайдарга «Иттиҳоди миллий»нинг дастури ва низомини юборишни, унинг марказий қўмитасига кимлар кирганлиги тўғрисида хабар беришни илтимос қилиб хат ёздим. Ҳайдар Афанди жавоб хатида ҳақиқатдан ҳам Тошкентда бундай ташкилот ташкил этганлиги, лекин унинг марказий қўмитасига кимлар кирганлигини аниқ билмаслигини, аммо бу ташкилот атрофида собиқ «Иттиҳод ва тараққий»нинг аъзолари уймаланишаётганлиги сабаб, унинг марказий қўмитаеига Садриддинхон ва Муса Бегиев кирган бўлишини тахмин қилиб, хабар берди. Бу вақтда Бухородаги туркистонликлар «Иттиҳоди миллий» ташкилотининг маркази ҳақида мажлис ўтказиб, унда марказни Тошкентдан Бухорога кўчириш керакми ёки Тошкентга бўйсиниб, бу ерда унинг филиалини ташкил қилиш керакми деган масалани муҳокама қилди. Узоқ тортишувлар натижасида Марказий қўмитани Тошкентдан Бухорога кўчиришга, Тошкентда эса унинг фақат вилоят бўлимини қолдиришга қарор қилинди. Бухорода Марказий қўмита ташкил этилади. Унга Саъдулла Хўжа ва Қушбегиев киради. Мен Садриддинхонга хат ёзиб, бизнинг қароримизни бажаришни ва ташкилотнинг муҳри, низо-мини юборишни таклиф қилдим. Садриддиндан жавоб бўлмади, Бухоро Марказий қўмитаси муҳрни ҳам, ни-зомни ҳам ололмади. Бу ҳолат бизда Тошкент марказига нисбатан ишончсизликни уйғотди. Бухоро Марказий қўмитаси икки-уч марта мажлис ўтказиб, ташкилотнинг дастури ва низомини ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилади. Бу вақтда бухороликлар билан тошкентликлар муносабати анча таранглашади: бухороликлар «Бухоро мустақиллиги» («Бухоро истиқлоли») байроғи, туркистонликлар эса «Иттиҳоди миллий» («Миллий уюшма») байроғи, остида ҳаракат қилади, шу билан бирга икки томонда ҳам кўпчиликни коммунистик фирқа аъзолари ташкил этади. Ўша вақт-да бизлар фирқага мансублик ҳеч вақт миллий-озодлик ҳаракатига тўсқинлик қилмайди деб ўйлар эдик. Бир куни мени Ҳошим Шоиқ уйига чақирди, Заки Валидов шу ерда экан. Мен Заки билан сўрашдим. Одатдаги салом-алик ва ҳол-аҳвол сўралгандан сўнг, у Бухорога бундан 20 кун олдин келгани, бу вақт ичида кўпчилик (Бухоро давлат арбоблари) билан танишиб улгургани, ички ишлар Комиссари Ҳамид Орипов уни турар жой ва зарурий озиқ-овқат билан таъминлагани ҳақида сўзлаб берди. У мендан Боку шаҳридаги Шарқ халқлари қурултойида аризасини ўртоқ Зиновьевга бериб қўймаганим учун хафа бўлганлигини ҳам айтди. Гап шундан сўнг ташкилот масаласига кўчди. Заки Ҳошим Шоиқ орқали «Бухоро истиқлоли» ҳақидаги мукаммал маълумотга эга бўлганлигини айтди. Менга эса «Миллий иттиҳод» ҳақида тўлароқ ахборот олишга чақиртирилганимни ҳам билдирди. Мен «Миллий иттиҳод» яқинда Бухорода ташкил топганлигини, ҳозир Бухоро билан Тошкент ўртасида Марказ учун кураш кетаётганлигини, бизга Тошкент марказига ким раҳ-барлик қилаётганлиги, низом ва муҳр юборилмаган-лиги сабаб бу иш билан банд эканлигимизни айтдим. Тошкентликлар билан бухороликлар ўртасидаги муносабат яхши эмаслигини Ҳошим Шоиқ ҳам тасдиқлади. Шундан сўнг Заки Бухорода бир оз муддатга қолиши, агар Бухоро ҳукумати Москвадан уни авф этишни илтимос қилса, у ўз хатти-ҳаракати учун тавба-тазарру қилиб, очиқ ишлашга ўтиши, акс ҳолда эса чет элга кетишини айтди. У яна «Миллий иттиҳод» ва «Бухоро истиқлоли» марказларининг ҳар иккаласидан вакил кирадиган «Марказлар маркази»ни тузиб, ҳамма мав-жуд ташкилотларни бирлаштириши, бухороликлар билан тошкентликлар ўртасидаги муносабатни яхшилаш нияти борлигини ҳам билдирди. Унинг сўзига қараган-да, бу тадбир бухороликлар билан туркистонликларни муросага келтириш ва икки ташкилот фаолиятини уйғунлаштириши мумкин эди.
Ҳошим Шоиқ Заки Валидовнинг бу фикрини бу-хороликлар бутунлай қўллаб-қувватлайди деган фикр¬ни билдирди. Мен ҳам ўз розилигимни баён қилдим ва шу билан Заки Валидов билан бўлган биринчи суҳбат тугади. Шундан сўнг «Миллий итгиҳод» учун махсус дастур тузишга эҳтиёж қолмади. Бир ҳафта, 10 кундан кейинми, Заки бухорликлар билан туркистонликлар-нинг бирлашган йиғилишини чақиради. Унда қатнаш-ганлар: Файзулла Хўжаев, Саъдулла Хўжа, Турсун Хўжаев, Мирзо Қодир, мен, Ҳошим Шоиқ, Заки Валидов ва Қушбегиев бўлди, бошқаларни ҳозир эслай олмадим. Орипов чақирилмаган эди, чунки унга Заки Валидовдан бошқа ҳеч ким ишонмас эди. Мана шу йиғилишда Заки Валидов ўзи тузган дастурни ўқиб берди. Унинг тўла мазмуни ҳозир эсимда йўқ, лекин унда Москвадан Бухоро мустақиллиги, Туркистон эса ҳақиқий мухториятга эга бўлиши, омма билан алоқа масаласи коммунистик рухда кўрсатилган эди. Бироқ, Заки Валидовнинг дастурини йиғилиш қабул қилмади. Ҳамма бу умумий мазмунга эга бўлган дастур билан ишлаш учун ҳали вақт борлигини айтди. Валидовга Туркистон ва Бухоронинг реал маданий имконияти ва икки мамлакат халқлари кайфияти ва аҳволини қатьий ҳисобга олувчи бошқа дастур тузиш таклиф этилди. Икки-уч кундан кейин Заки ва Ҳошим Шоиқ мени Мирза Қори Муҳитдиновнинг уйига таклиф қилди. Зиёфатда бизлардан ташқари яна икки-уч киши бор эди. Зиёфат тугагач, улар ва Мирза Қодир кетади. Ҳошим Шоиқ ва Заки Валидов билан қолдик. Заки ўз дастури ҳақида гапириб, уни қабул қилинмаганлигига норозилигини билдирди. Кейин у Жамол Пошодан «Халоси Ислом» жамияти томонидан тузилган дастурни сўраб олиш нияти борлигини айтди. Жамол Пошо бу пайтда Афғонистонда эди. Дастур Шарқнинг маданий қолоқ мамлакатлари Арабистон ва Ҳиндистонга мўлжаллаб тузилган эди. Заки бу дастур асосида «Марказлар маркази» дастурини тузишни режалаштиради. Унинг фикрича, Бухоро ва Туркистон Арабистон ва Ҳиндистон мамлакатлари даражасида. Шунинг учун дастур Туркистон ва Бухорога тўғри келади. Бизлар унинг фикрини маъқулладик. Бўлиб ўтган мана шу йиғилишда Ҳошим Шоиқга Жамол Пошога хат жўнатиш учун Афғонистоннинг Бухородаги консуллиги билан келишиш вазифаси топширидди. Валидов хатни рақамлар ёрдамида ёзишини айтди. Кейин мен Ҳошим Шоиқ билан уйга кетдик. Заки эса бу ерда тунаш учун қолди.
Кейинги куни кечқурун Ҳошим Шоиқ Заки қўли билан сонлар ёрдамида ёзилган  хатни олиб келиб шундай деди: «Бу хатда Жамол Пошога «Халоси Ислом» ташкилоти дастурини юбориши илтимос қилиб ёзилган, унга Сиз ҳам имзо чекинг». Хатга Заки Валидов имзо қўйган эди. Мен ҳам уни имзолаб Ҳошим Шоиқга қайтардим. У хатга қўл қўйганми йўқми билмадим, мен қўл қўйганда унинг имзоси йўқ эди. Бугун, деди Ҳошим Шоиқ кетиш олдидан, у ёққа (Афғонистонга) бир киши кетади, хатни унга бераман. Мени 10—15 кундан кейин Туркистон марказий ижроқўми чақириб қолди. Бухорони ташлаб кетдим. Бухорода бўлган чоғимда, юқорида кўрсатилганидан гашқари, «Миллий иттиҳод» маркази деб номланган гашкилотнинг яна 2—3 та мажлиси бўлди. Буларда умумий гаплардан ташқари бирорта жиддий масала кўрилмади.
«Миллий иттиҳод» марказий қўмитасига мен юқорида кўрсатган уч киши кирган бўлса-да, унинг мажлисларида доимий равишда Саъдулла Хўжа, Қушбегиев, Юсупалиев, Отахон ва Али Расулов қатнашар эди. Мажлис расмий характерга эга эмас, балки тушлик, кечки овқат ва бошқа шу каби кўринишда ўтарди. Қарорлар ҳам ёзма равишда қабул қилинмас эди. Ташкилотга янги аъзолар ҳам қабул қилинмаган, унинг аъзолари Бухорога келган олдинги «Иттиҳод ва Тараққий»нинг аъзоларидан иборат эди...
1929 йил 22 декабрь

давоми бор...

(Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: тарих фанлари номзоди, доцент С. Холбоев
Тақризчилар:    тарих фанлари доктори, профессор К. Оқилов, тарих фанлари доктори Ҳ. Бобобеков, филология фанлари номзоди, доцент М. Олимов)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин