Саналар
29.03.2024
Баннер
Буюк ипак йўлининг пайдо бўлиши ва ривожланиши
PDF Босма E-mail

Қадимги халқларнинг турли томонлама ривожланишида савдо ва транзит йўлларнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Мил. авв. III минг йилликка келиб, Ўрта Осиёнинг кўпгина ҳудудлари қадимги аҳоли томонидан ўзлаштириб бўлинган эди. Чўл ва дашт ҳудудлардаги кўчманчи чорвадор аҳоли воҳалардаги ўтроқ аҳоли билан ўзаро алоқаларни бронза даврига келиб янада ривожлантирадилар. Тарихий адабиётлардан маълум бўлишича, Буюк ипак йўли ташкил топмасдан анча илгариёқ Қадимги Шарқ ва Ўрта Осиё ҳудудларида ўзаро алмашинув йўллари мавжуд эди.
Бронза давридаги (мил. авв. III—II минг йилликлар) ана шундай йўллардан бири «Ложувард йўли» деб аталиб, унинг бир тармоғи Бадахшон, Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларини Хоразм, Сўғд, Марказий Қозоғистон ва Урал билан боғлаган. Яна бир тармоғи эса, Бақтрия ва Марғиёнани Месопотамия билан боғлаган. Бу йўл Помир тоғларидан бошланиб, Эрон, Олд Осиё, Миср орқали ўтган. Бадахшон Ложувардининг Ҳинд водийси, Месопотамия ва Мисрдан топилиши бу қимматбаҳо тошнинг Қадимги Шарқда ниҳоятда қадрланганлигидан далолат беради.
Қадимги йўллардан яна бири, Эрон аҳмонийларининг йўли бўлиб, бу йўлнинг бир тармоғи мил. авв. VI—IV асрларда кичик Осиё шаҳарларини ҳамда Ўрта Ер денгизи бўйидаги Эфес, Сарди шаҳарларини Эроннинг марказларидан бири Суза билан боғлаган бўлса, яна бир тармоғи Эрон-Бақтрия орқали Сўғдиёна, Тошкент воҳаси ва Қозоғистон ҳудудларидан ўтиб Олтойгача борган. Тарихий адабиётларда бу йўл «шоҳ йўли» деб аталади.
Мил. авв. 138 йилда Хитой императори У-Ди Чжан Цянни Ўрта Осиё ерларига жўнатади. Элчи Чжан Цян (мил. авв. 138-126 йилларда) Хитойнинг хуннларга қарши кураши учун иттифоқчи излаб келган эди. Мил. авв. II-I асрларга келиб, Чжан Цян юрган йўлларда Хитойни Ўрта ва ўарбий Осиё билан боғлайиган карвон йўли пайдо бўлади. Бу йўл Буюк ипак йўли деб аталиб, умумий узунлиги 12 000 км дан иборат эди. Илк ўрта асрларга келиб, Ипак йўлининг янада ривожланганлигини кузатиш мумкин. Ўз даврида ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган бу йўлнинг дастлабки тармоғи Хитойдаги Сиань шаҳридан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопотамия орқали Ўрта Ер денгизигача чўзилган.

Буюк ипак йўлининг тармоқлари

Хитойнинг Аноси шаҳрига келиб, Ипак йўли бир неча тармоқларга бўлиниб кетган. Хусусан бир тармоқ Аноси-Хами-Қошғар орқали Қўқонга, ундан эса Тошкентга ўтган. Бу ердан Жиззах ва Самарқанд орқали Бухорога келган йўл Урганч орқали Гурьевга, у ердан Оқсарой орқали Қора денгиз бўйларига чиққан. Яна бир тармоқ эса Дунхуан орқали Хўтанга, ундан Лохурга ўтиб кетган.
Ундан ташқари Бухорога келиб, бу тармоқ иккига бўлинган. Жанубий йўналиш Бу-хоро-Қарши-Термиз орқали Нишопурга ўтган ва Ҳирот орқали Ҳиндистонга ўтиб кетган. Нишопурдаги тармоқлардан бири Теҳрон-Қазвин-Ҳамадон-Боғдод-Палмира йўналиши бўйлаб Ўрта Ер денгизи бўйидаги Тир шаҳригача чўзилган. Умуман олганда Ипак йўлининг жанубий тармоғи Ўзган орқали Ўшга ўтиб, Қува — Марғилон-Қўқон орқали Хўжанд, Самарқанд, Бухорога ўтган. Шимолий йўналиши эса, Хазар хоқонлиги ва Булғор давлати орқали Киев Руси ва Европа мамлакатларига бориб, бу тармоқ VI асрдан бошлаб ривожлана бошлаган. Ипак йўлининг асосий карвон йўлларидан ташқари ички савдо йўллари ҳам мавжуд эди.

Буюк ипак йўлининг аҳамияти

Ўрта Осиё ҳудудларида антик даврдан бошлаб, ривожланиш жараёнлари Буюк ипак йўли билан узвий боғлиқдир. Хусусан, мил. авв. II асрдан бошлаб Хитой ва Ўрта Осиё тарихий-маданий вилоятлари билан савдо ва маданий алоқалар ривожланиб борди. Фарғона, Сўғд ва Бақтрияга ипакчилик кириб келди. Карвон йўли ривожланиб борган сари савдо-сотиқ ва маданий алоқалар ривожланиб борди. Кушонлар ва эфталитлар даврига келиб (I-VI асрлар), Ўрта Осиё орқали ўтувчи Ипак йўли тармоқлари назоратини маҳаллий сўғдий аҳоли қўлга оладилар. Қўшни давлатлар ҳам Ипак йўлидан манфаатдор бўлганлиги сабабли илк ўрта асрларда Эрон ва Византия ҳукмдорлари сўғдийлар билан қонли курашлар олиб бордилар.
Милоднинг бошларида қадимги дунёнинг илғор маданиятли давлатлари асосан тўрттага: Рим, Парфия, Хитой ва Кушон давлатларига бўлинар эди. ўарбда Британ оролларидан шарқда Тинч океани соҳилларигача чўзилган бу забардаст салтанатлар инсоният тарихида биринчи бўлиб «Буюк ипак йўли» деб номланувчи йўл билан боғландилар. Ипак йўли ривожланиб борган сари подшоларнинг ўзаро элчилар юборишлари, бир-бирларига ҳар хил совғалар инъом этишлари анъанага айланди. Савдо-сотиқ мисли кўрилмаган даражада ривожланиб борди. Шунингдек, Шарқ билан ўарб маданиятининг бир-бирига таъсири кучайди. Давлатлар ривожланишидаги кўплаб маданий ўхшашликлар ҳам шу туфайли юзага келди.
Буюк ипак йўли бўйлаб кўплаб карвонсаройлар, шаҳарлар барпо этилди. Бу йўлдан бораётган савдогарлар кўпинча йўлнинг охиригача бормас эдилар. Ўрта Осиё вилоятлари бу йўлнинг ўртасида жойлашганлиги сабабли савдогарлар Хоразм, Самарқанд, Термиз ва бошқа ҳудудларда ўз молларини сотиб, маҳаллий маҳсулотларни харид қилар эдилар. Ўрта асрлар Ўрта Осиё бозорларида четдан келтирилган кўплаб маҳсулотлар мавжуд эдики, ҳозирги кунда ипак йўли устидаги кўҳна шаҳарлар ва манзилгоҳлардаги археологик қазишмалар натижасида топилаётган топилмалар фикримизнинг далилидир.
Мил. авв. II асрда пайдо бўлиб, милоднинг XVI асрига қадар фаолият кўрсатган Буюк ипак йўли шу давр ичида Шарқ ва ўарб халқларининг кенг миқёсидаги ўзаро маданий ва иқтисодий алоқалари тарихида катта аҳамиятга эга бўлди. Бу йўл орқали алоқалар қилган қадимги халқларнинг ўзаро ҳамкорлик, алмашинув ва маданиятла-рининг бойиб бориши, тинчлик ва тараққиёт учун асос бўлиб хизмат қилди. Ўзбекистон ҳудудлари бу йўлнинг чорраҳасида жойлашган бўлиб, бу ерга турли мамлакатлардан савдогарлар, ҳунармандлар, олимлар ва меъморлар ташриф буюрган-лар.
ЮНЕСКО томонидан «Буюк ипак йўли-мулоқот йўли» дастурининг ишлаб чиқилиши Евросиёдаги 30 дан ортиқ етакчи давлатларнинг 2000 йилга қадар илмий-маданий фаолияти учун йўналиш бўлди. Республикамиз ҳудудларида ҳам илмий экспедициялар ташкил этилди. Бунинг натижасида кўпгина тарихий-маданий обидалар ўрганилди, қадимги йўллар ва йўналишлар аниқланди, миллий ва маънавий бойлигимиз ҳамда анъаналаримиз ўрганилди. Жуда кўпчилик тадқиқотчилар иштирок этаётган «Буюк ипак йўли-мулоқот йўли» дастурининг асосий вазифаси Шарқ ва ўарб халқлари ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатган ҳамда ривожлантирган бу йўлни халқларнинг биродарлик, ўзаро ҳамкорлик ва самимий мулоқот йўлига айлантиришдан иборатдир.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин