Саналар
26.06.2017
Баннер
Салжуқийлар
PDF Босма E-mail

Кишиликнинг энг қадимги маданий ўчоқларидан бири ҳисобланмиш Туркистон тарихий тараққиётнинг ўнқир-чўнқирларига қарамай доимо ўзининг сернуфуслиги билан кўзга ташланиб келган. Ва, табиий равишда ҳаёт шаҳар ва воҳалардан ташқарида — дашту биёбонларда ҳам қайнаган. Шунинг учун ҳам Туркистон халқлари ҳаётида ўтроқ, ярим ўтроқ ва кўчманчилик турмуш тарзи ёнма-ён, бир-бирига ғоятда боғлиқ равишда мавжуд бўлиб келган. Хоразм, Зарафшон, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё воҳа ва водийларида яшаган халқлар минг йиллар давомида асосан ўтроқ ҳаёт кечириб келган бўлсалар, атрофдаги чўлу биёбонларда, табиий равишда, кўчманчи, ярим кўчманчилар истиқомат қилган. Шу билан бирга кўчманчи муҳитдан ҳам вақти келиб қудратли сиёсий сулолалар етишиб чиққани ҳам маълум. Бу, айниқса, салжуқийлар сулоласи мисолида кўзга яққол ташланади.
Салжуқийлар туркий ўғиз қавми, таркибида дастлаб ҳозирги Жанубий Қозоғистон ҳудудига тўғри келадиган яйловларда, Сирдарёнинг ўрта оқимидаги ерларда кўчманчи ҳаёт кечирар эдилар. Аслини олганда худди шу вақтда салжуқийлар сулоласи ҳали шаклланмаган эди. Бошқача айтганда, салжуқийлар бу этник ном эмас. X асрда Балхаш кўлининг жанубидан то Қуйи Волгагача бўлган ҳудудда туркий халқлардан бўлмиш ўғизлар яшардилар. Улар кўплаб қабила ва уруғларга бўлинганлар. Ана шундайлардан бири — қиниқ уруғидан чиққан Салжуқ исмли шахс ўзининг фазилатлари, билимдонлиги, абжирлиги ва мардлиги орқасида обрў-эътибор қозониб боради ва бир қанча ўғиз қабилалари сардори, катта ҳарбий куч бошлиғи даражасига эришади. Табиий равишда бундай шахсларнинг бориб-бориб ўз давраси, таъсир доираси вужудга келади. Салжуқда ҳам шундай бўлган. Бу эса ўз ўрнида муайян қарама-қаршиликларни ҳам вужудга келтирган. Хуллас, иқтисодий-сиёсий рақобат натижасида Салжуқ ўз тарафдорлари билан юқорида тилга олинган Сирдарёнинг ўрта оқимларини тарк этиб, дарёнинг қуйи оқими чап қирғоғида жойлашган Жанд вилояти яқинига келиб ўрнашади. Бу воқеа тахминан X асрнинг ўрталарида содир бўлган. Шу орада улар ислом динини қабул қиладилар. Улар худди шу асрда Мовароуннаҳрни идора қилаётган сомонийлар, аниқроғи сўнгги сомонийларни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганларини биламиз. Салжуқийларнинг Мовароуннаҳр сиёсий ҳаётига фаол аралашуви айниқса сомонийларнинг қорахонийлар билан рақобати йиллари кучайди. Бу эса салжукийлар қарамоғидаги ўғиз қавмларининг Самарқанд, Бухоро, Кеш вилоятларига бориб ўрнашишлари учун шароит яратди. Улар ўз турмуш тарзларига кўра яйловлар, даштликларда ўрнашганликлари табиий. Шаҳар ва воҳаларда эса, аввалгидек, ўтроқ туркий аҳоли истиқомат қилаверган.
Ўғиз қавмларининг ҳаракати икки дарё оралиғи билан чекланиб қолмаган. 1075 йипи улярнинг Кир қисми (4000 оила) Маҳмуд Ғазнавийнинг розилиги ва бир неча шартлар билан Сарахс, Фарова ва Обивард атрофларидаги яйловларни ўзларига макон қиладилар. Шу тариқа улар Хуросонга қадам босадилар. Салжуқийлар ва ғазнавийлар ўртасидаги илк муносабатлар ҳақида биз ўтган бобларда ҳам тўхталиб ўтгандик. Салжуқийлар иложи борича Хуросонда мавжуд иқтисодий, савдо ва, албатта, сиёсий шароитлардан фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Бу ўз ўрнида шу вақтда ўлкада ҳукмдор бўлган Ғазнавийлар манфаатига зид келарди. Шу тариқа улараро зиддият пайдо бўлади. 1040 йилга қадар улар бир неча марта ўзаро тўқнашганлар. Охири эса кўрсатилган йили Дандониқонда салжуқийлар ғазнавийларни мағлубиятга учратадилар. Бу вақтга келиб Салжуқ аллақачон охиратга равона бўлган, унинг хонадони сиёсий фаолиятига эса наби-раси Тўғрулбек (1038—1063) бошчилик қиларди. Хуллас, 1040 йили Тўғрулбек Хуросон ҳукмдори деб эълон қилинади ва шу тариқа дунё салтанатлари тарихида яна бир қудратли сулоланинг расмий юксалиш йўли бошланади.
XI асрнинг мазкур 40-йилларидаёқ салжуқийлар Хоразм, Эрон, Кавказортига ҳарбий юришлар уюштирадилар. 1055 йили эса Тўғрулбек халифалик пойтахти Бағдодни эгаллайди ва ўз номига хутба ўқиттиради. Тўғрулбек ҳаётлигидаёқ салжуқийлар Эрон, Ироқ, Кавказорти ўлкаларини ўз таъсир доираларига тортган эдилар. 1071 йили эса кейинги салжуқий ҳукмдор Султон Алп Арслон (1063—1072) Кичик Осиёда Византия подшоси Ромен IV Диогенни енгиб, ўзини асирга олади. Бу ўз ўрнида салжуқийларнинг Кичик Осиё ва Яқин Шарқда мустаҳкам ўрнашиб олишлари учун катта замин тайёрлайди. Султон Маликшоҳ (1072—1092) замонида Самарқанд, Бухоро, Ўзганд (Фарғона) ҳам салжуқийлар қўл остида бирлашади. Шарқий Туркистондаги қорахонийлар ҳам салжукийлар устунлигини тан оладилар. Султон Маликшоҳ ҳукмронлиги даврида салжуқийлар салтанати Шарқий Туркистондан Ўрта денгизгача бўлган ҳудудни ўз ичига олтан.
Шу билан бирга, авваллари ҳам кўрганимиздек, ҳар қандай салтанатнинг ўз юксалиш босқичи бўлиши билан бирга парчаланиш, инқироз йўлига кириш даври ҳам бўлади. Салжуқийлар салтанатининг заифлашиб парчаланиш жараёни эса XI асрнинг иккинчи ярмида бошланади. Бундай жараён сабабини салтанатнинг ҳаддан ташқари улкан ҳудудда ястанганлиги, бунинг оқибатида уни бир марказдан туриб бошқарувдаги маълум қийинчиликларнинг вужудга келиши, расмий сулоланинг кўплаб намояндалари, маҳаллий ҳукмдорларнинг мустақилликка интилишлари, қарам ўлкаларнинг табиий равишда норозилиги, қаршилиги кабилар билан тушунтириш мумкин.
Қисқаси, XI асрнинг иккинчи ярмидаёқ салжуқий-лар хонадони вакиллари фаолияти билан боғлиқ Сурия, Ироқ, Анатўлия (Кўня), Кермон султонликлари юзага келади. Сулола ички низолари кескинлаша бориб, XII аср бошларидаёқ салтанат шарқий ва ғарбий қисмларга бўлиниб кетади (ашиналийлар, қорахонийларнинг ҳам ички низолар сабабли худди шундай қисмларга бўлиниб кетганини эслайлик). Шарқий қисм асосан Хуросон ва Мовароуннаҳрдан иборат бўлиб қолди. Унинг чегаралари, таъсир доираси қатъий бўлмай ўзгариб турган. Чунончи, Султон Санжар (1118—1157) қудрати авжига чиққан вақтларда ғарбий салжуқийлар (Эрон, Ироқ, Озарбаижон) унинг, яъни шарқий салжуқийларнинг сиёсий таъсирида бўлганлар. 1141 йили Мовароуннаҳрга шарқдан қорахитойларнинг бостириб кириши билан эса Султон Санжарнинг ҳам кучи қирқилди. Қорахитойларга қарши салжуқийлар қорахонийлар билан биргаликда лашкар тортган бўлсаларда, аммо мағлубиятта учрайди-лар. 30 минг киши, жумладан, 3—4 минг амиру амалдорлар ҳам ҳалок бўлади. Бу ўз ўрнида салжуқийларга қарам бўлган Хоразм сулолаларининг юксалиши учун шароит яратади. Худди шу ердан чиққан хоразмшоҳлар (ануштегинийлар) XII асрнинг иккинчи ярмида ғарбий салжукийларга зарба берадилар. Шарқий салжуқийлар фаоли-ятига эса Султон Санжар ўлимидан кейин чек кўйилади. Бошқача қилиб айтганда, XII аср охирига келиб Кичик Осиёдаги Анатўлия (Кўня) султонлигидан ўзга бирон-бир маконда расмий салжуқий хонадони қолмайди. Анатўлия (Кўня) султонлиги эса XIII аср ўрталарида мўғулларга қарамликка тушади. Аммо нима бўлганда ҳам худди мана шу салжуқийлар туфайли Кичик Осиёга туркий тилли қавмларнинг бориб ўрнашиши жараёни кучаяди ва бориб-бориб мазкур минтақада туркий давлат ва миллатга асос солиниши учун тегишли замин яратди. Шунинг учун ҳам ҳозирги Туркиядаги туркий тилли халқ Туркистонни ота юртимиз, яъни тарихий ватанимиз, деб эътироф этади.
Энди салжуқийлар даври давлат қурилиши масаласига тўхталсак. Давлат тепасида олий ҳукмдор мақомида салжуқийлар хонадони намояндаси турган. У Султон (Султон ул-аъзам) унвонига эга бўлган. Унинг номидан хутба ўқилиб, танга зарб этилган. Тахт отадан болага мерос сифатида ўтган. Мулк, ер-сув тақсимлаш, муҳим давлат ва бошқарув мансабларига тайинлаш, давлат кирим-чиқимларидан бохабар бўлиб туриш, қўл остидаги амалдорлар ва хизматкорлар фаолиятини назорат қилиб туриш унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари сирасига кирган. Шунингдек олий ҳукмдор ўз мансабдорла-ри, хизматкорлари уетидан тушган ариза ва шикоятларни, амалдорларнинг даромади, солиқ тўпловчилар, уларга бошчилик килувчиларнинг фаолиятини назорат қилиб бориши керак бўлган. Мамлакат ободонлиги, сунъий суғориш тизимларини барпо этиш, кўприклар қуриш, қишлоқларни обод этмоқ, экинлар аҳволидан бохабар бўлиш, қалъалар, янги шаҳарлар барпо этиш, олий бинолар қуриш, катта йўллар узра работлар (меҳ-монхоналар) бино этиш, мадрасалар очиш каби қатор савобли ва ҳар қандай давлат ривожи учун зарур бўлган тадбирларни амалга ошириш ҳам олий ҳукмдор зимма-сида бўлган. Низомул мулк ҳукмдорнинг фуқароларга муносабатини шундай белгилаган: «Подшоҳнинг бир ҳафтада икки кун зулм кўрганларни қабул қилмасдан иложи йўқ. У зулмкорни жазоламоғи, инсофга чақирмоғи, раиййат сўзларини ўз қулоғи билан воситачисиз эшитмоғи керак. Арзчилар энг муҳим сўзларини айтмоқлари, (ҳукмдор эса) улар бўйича ҳукм чиқармоғи лозим. Шунда мамлакатда подшоҳ эзилган ва адл ис-товчиларни ҳафтада икки кун қабул қилиб, уларнинг сўзини тинглар экан, овозаси тарқайди. Золимлар бундан чўчийдилар, қўлларини калта қиладилар».
Ғазнавийлар, қорахонийлар, сомонийлар мисолида кўрганимиздек, салжуқийлар бошқарув тизими ҳам иккига: даргоҳ ва девонларга бўлинган. Даргоҳдаги энг асосий хизмат ва вазифаларни кўрсатиб ўтамиз: улуғ ҳожиб — даргоҳдаги султонга энг яқин киши, даргоҳ билан девонлар ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштириб турувчи, расмий қабулларни уюштирувчи. Ҳорис амири (амири ҳорис) султон чиқарган жазо ҳукмларини ижро этиш билан шуғулланган. Саройдаги қурол-аслаҳа, айниқса, султонга тааллуқли нарсаларни сақлаш ишини салоҳдор олиб борган. Даргоҳ ишларини бошқарувчи хос вакил, султон байроғини тутувчи аламдор дейилган. Султон ва даргоҳ хавфсизлигини таъминлаш жанддорга юклатилган. Шунингдек даргоҳ фаолиятини таъминлашда жомадор, шаробдор, чашнегир (султоннинг овкатланишига масъул), сарҳанг, мирохур, таштдор каби мансабдорларнинг ҳам ўз ўрни бўлгани маълум.
Салжуқийлар бошқарув тизимида ҳам бош вазир хизмати алоҳида аҳамият касб эттан. У марказий бош-қарув (девони аъло) тепасида турган ҳолда мавжуд барча девонлар (вазирликлар) фаолиятига раҳбарлик қилган. Хазина, молия, солиқ, давлатга тегишли ишлаб чиқариш муассасалари ишини назорат қилиш унинг гарданида эди. Манбаларда бош вазирни раис ур-руасо (раисларнинг бошлиғи), саъид ур-руасо (бошлиқлар-нинг каттаси), деб таърифлашларига кўра айтиш мумкинки, унинг фаолияти мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги барча соҳаларга тегишли бўлган. Чунончи, у султон номидан қарам ўлкалар ҳукмдорлари, хори-жий давлатлар намояндалари билан мулоқот ва музокарада бўлиш ҳуқуқига эга эди. Иккинчи томондан, шунчалик кенг кўламда фаолият кўрсатиш унинг бир ўзига оғирлик қилгани табиий. Шунинг учун ҳам бош вазир ўзининг махсус вакиллари, назоратчилари орқали ҳам иш юритган. У хизматчиларни ишга олиш, уларга маош тайинлаш, ишдан бўшатиш каби ваколатларга ҳам эга бўлган. Хуллас, бош вазирнинг ҳақ-ҳуқуқи катта бўлган. Шу билан бирга у ер-мулк тақсимлаш борасида ҳуқуқсиз бўлган. Мазкур ваколат султон ихтиёрида қолган.
Шаҳзодалар ва маликалар ҳам ўз вазирларига эга эдилар. Аммо бу ҳол давлат манфаатларига зид эканли-гига ўз вақгида салжуқииларнинг бош вазири лавозимида фаолият кўрсатган машҳур Низомул мулк (1018 ёки 1020—1092) ишора этганди: «Қачонки, подшоҳлик иши аёллар ва гўдақлар қўлига ўтса, билгинки, подшоҳлик ўша хонадонни тарк этгай».
Девонлар тўғрисида сўз очарканмиз, уларнинг икки тоифага булинишини таъкидлаш лозим: сулолавий ва расмий девонлар. Номидан ҳам кўриниб турганидек, сулолавий девон ҳукмдор хонадон фаолияти билан боғлиқ бўлиб, унга тегишли мол-мулк, ер-сув, хазина ва бошқалар бошқаруви, ҳисоб-китоби, олйқ-солиғи каби вазифалар билан шуғулланган. Расмий девонлар куйидагилардир: девони туғро, девони истифо, девони иш-роф, девони арз. Туғро девони мазкур девонлар ичида энг муҳими ҳисобланиб, унинг бошлиғи бош вазир ўринбосари мавқеида бўлган. Бу девонда олий ҳукмдорнинг фармонлари, қарорлари, расмий ёзишмалари ва ҳужжатлари тайёрланиб, кейин унга муҳр бостириш-га тақцим этиларди. Жойларга расмий ҳужжатлар юбориш, улардан ҳужжатлар қабул қилиш, чет элларга мактублар юбориш, давлат ҳужжатларида махфийликни таъминлаш кабилар шу девон хизматчилари назорати остида эди. Бу девонга хизматга ҳар ким ҳам олинавермасди.
Кейинги вазирлик бу истифо, яъни молия девони. Давлат кирим-чиқимлари, солиқлар, бож ва бошқа молиявий даромадлар, уларни алоҳида рўйхатга олиш худди шу девон ихтиёрида мужассамлашган. Бу вазирлик жойлардаги бўлимлари орқали тегишли рўйхат ва миқдорларда солиқ йиғиш, қилинган ишларни алоҳида дафтарларда қайд этиш билан шуғулланган. Бўлимлар марказга ҳар бир тадбир, масалан, солиқ йиғиш бўйича алоҳида ва батафсил ҳисобот ёзиб берганлар. Истифо девони ҳақ-ҳуқуқлари нечоғлик бўлганлигини шундан ҳам билса бўладики, унинг хизматчилари (муставфийлар) ҳатто даргоҳ кирим-чиқимлари, хазинадаги аҳвол, мавжуд нақд пулнинг ҳисоби, давлат қарамоғида бўлганларга кетадиган харажат, маош, нафақа миқдори кабиларга ҳам тўғридан-тўғри аралашганлар, назорат қилганлар.
Яна бир вазирлик бу ишроф девонидир. Унинг бўлимлари вилоятлар ва шаҳарларда ҳам фаолият кўрсатган. Бир сўз билан айтганда, бу хизматнинг моҳияти давлат назорати тушунчасини беради. Бунинг исботини ишроф хизматининг фаолият доираси орқали ҳам билиб олиш мумкин: молия-солиқ ҳисобларини на-зорат қилиш ва текшириш, вақфга тегишли мулклар устидан умумий назорат олиб бориш, сулолага тегишли ер-сувлар, қимматбаҳо молия қоғозлари, зарбхоналар, амалдаги муҳрлар, бозорлар мутасаддилари, солиқчилар, қишлоқ оқсоқоллари ва бошқа амалдорлар устидан назорат олиб бориш. Назорат ўз ўрнида махфий ҳам бўлган.
Девони арз ўзига хос ҳарбий муассаса (ҳарбий вазир-лик) бўлиб, лашкарга мўлжалланган маош ва таъминот (озиқ-овқат ва кийим-кечак), ҳарбийларнинг рўйхати, янгиланиб туриши, ҳарбий қисмларнинг таркибий сони, уларга кетадиган харажатларнинг тури ва ҳажми, транспорт, ҳарбий юришлар чоғидаги таъминот, вақги билан ҳарбийлар кўригини ташкил этиш кабиларга масъул эди. Мазкур девон ва умуман девонлар тизими иши қандай йўлга қўйилганини қуйидаги мисол орқали яққол тасаввур қилиш мумкин. Лашкардаги бирон-бир хизматчининг маоши ошириладиган ё қисқартирилади-ган бўлинса, бу ҳақда, энг аввало молия-солиқ идоралари билан келишиб олиниши зарур ҳисобланган.
Маҳаллий бошқарув тизимига келсак, вилоят бошлиқлари (волий) ҳам ўз девонларига эга бўлганлар. Во-лийларни олий ҳукмдор тайинлаган. Улар бутун вилоят ҳаёти билан боғлиқ барча соҳаларга бошчилик қилганлар: молия, солиқ, суд, ҳарбий ишлар, жазо идоралари волий назорати, тасдиғи, измида фаолият кўрсатганлар.
Туман, шаҳар миқёсидаги бошқарув тизими ҳам вилоятларники каби бўлган, фақат ҳарбий фаолият бундан мустасно эди.
Салжуқийлар даври иқтисодий муносабатлар аҳво-ига келадиган бўлсак, албатта, биз бутун салтанат, яъни Мовароуннаҳрдан Ўрта денгизгача бўлган ҳудудда кечган иқтисодий муносабатлар тўғрисида фикр юритмай, асосий эътиборни мазкур масаланинг минтақага алоқадор томонларига тўхталиб ўтсак тўғри бўлади.
Шу маънода ўз даври учун катта аҳамият касб этган деҳқончилик ривожланиб бориб, бунга асосан сунъий суғориш тизимларининг кенгайиб, мукаммаллашиб бо-риши кенг йўл очиб берган. Чунончи, сув тўғонларини таъмирлаш, янгиларини қуриш, ер ости ва ер усти сув иншоотларини барпо этиш, деҳқончиликнинг илғор усулларидан фойдаланиш, сунъий сув ҳавзаларини яра-тиш каби тадбирлар ўша замон деҳқончилиги тараққиётидаги асосий омиллардандир. Ғаллачилик, боғдор-чилик, полизчилик, сабзавотчилик, пахтачилик, пиллачилик соҳаларидаги ютуқлар ҳам илгариги даврлар ва бошқа минтақалардан кам бўлган. Чунончи, Хоразм қовунлари, Журжон (Гургон) хурмолари, шакарқамиши, лимонлари, Нисо узумлари, беҳилари, бақлажонлари, Марв буғдойи нафақат минтақада, балки ундан ташқарида ҳам шуҳрат қозонган эди.
Деҳқончилик соҳасининг ривожи, албатта, ҳунармандчилик тараққиёти учун тегишли асос яратиб бера-ди. Салжуқийлар даври ҳам бундан мустасно эмас. Шунинг учун ҳам ёзма манбалар, археологик изланишлар натижалари берган гувохдикларга назар солинса, тўқимачилик (ип газлама, ипак, зиғирпоя толасидан тайёр-ланган матолар ишлаб чиқариш), кулолчилик (коса, хум, кўза, пиёла ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш), гиламчилик, заргарлик, ойнасозлик, темирчилик, кўн-чилик каби қатор соҳалар ҳам ички, ҳам ташқи талаб ва эҳтиёжларни қондириш йўлида тараққий этиб борган.
Яна бир муҳим соҳа бу савдо-сотиқдир. Савдо-сотиқнинг ривожланишида ишлаб чиқариш (деҳқончилик, ҳунармандчилик) билан бир қаторда улкан иқтисодий-савдо маконининг мавжудлиги ҳам муҳим ўрин тутган. Албатта, бундай маконни яратиш осон бўлмаган. Шаҳарларда бозорлар аҳволини яхшилаш, гартиб ўрнатиш, карвон йўллари хавфсизлигини таъминлаш, маълум масофаларда работлар, тўхташ жойлари бино этиш, пул муомаласини назорат килиш каби қатор муҳим тадбирларни доимо амалга оширишга |ўғри келган. Бунинг натижасида минтақанинг Урта ва Яқин Шарқ, Шарқий Европа, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакат ва ўлкалар билан савдо алоқалари гуркираб борган. 1087 йили Султон Маликшоҳ Шарқ ва Ғарб йўналишлараро савдони янада жонлантириш ниятида Хуросон ва Ироқ савдогарларини баъзи бир савдо гўловларидан озод этган. Савдо-сотиқда қуруқликдан гашқари Каспий денгизи имконларидан ҳам оқилона фойдаланишга интилингани маълум. Каспий денгизи орқали Туркистонга нефть маҳсулотлари келтирилганини биламиз. Ё бўлмаса Сирдарё қуйи оқими, ўнг қирғоғи ерларидан чиқадиган мушк, олтин, кумуш смбилар нафақат ташқи бозорда, балки минтақанинг ўзида ҳам ғоятда қадрланган. Умуман олганда, минтақа бозорларида қимматбаҳо мўйна, қоракўл териси, тузланган балиқ, морж қозиқ тишидан тортиб қуруқ мева, нафис матолар, қимматбаҳо тошлар, тақинчоқларгача топиш мумкин эди.
Пул муомаласига келсак, энг юқори даражадаги пул бирлиги ўрнида соф олтиндан зарб этилган динор (қизил динор) қабул қилинган. Таркибида олтиндан ташқари қўшимча металл аралашмаси бўлган ва маҳаллий аҳамият касб этган динор ҳам бўлиб, уни рукний деганлар. Шунингдек муомалада мис дирҳамлар ҳам бўлиб, улар асосан ички бозорга мўлжалланган. Салжуқийлар даврида ҳам чек, аккредитив, вексел туридаги нақд пулсиз муомала қилиш тизими амалда бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Салжуқийларнинг ташқи алоқалари ҳақида нима дейиш мумкин. Салтанатнинг Шарқий Туркистондан Ўрта денгизгача ястаниши географик жиҳатдан уларни тўғридан-тўғри тарихий Хитой ва Византия билан чегарадош қилиб қўйди. Хитой ҳам, Византия ҳам бундан хавфсираши турган гап эди. Шунинг учун ҳам улар ило-жи борича салжуқийларнинг заифлашиб боришидан манфаатдор эдилар. Бунда «чўғни бировнинг қўли билан ушлаш» сиёсатидан унумли фойдаланишга кўп ҳаракат қилинган. Чунончи, салжуқий Султон Маликшоҳ даврида Византия дипломатик йўллар билан Хитойни салжуқийларга қарши гиж-гижлаб, улар ўртасида уруш чиқаришга обдон ҳаракат қилгани маълум. Аммо Сун хонадонидан бўлмиш Хитой ҳукмдорлари урушдан кўра савдо алоқалари кўпроқ манфаатлироқ эканини англаган ҳодда «шайтон йўлидан» юрмайдилар. Византия бу билан тинчимай энди тўғридан-тўғри ғарбда, Европанинг ўзида салжуқийлар, аниқроғи «мусулмонлар хавфи»ни байроқ қилиб, уларга қарши курашга даъват кила бошлайди. Ваҳоланки, ислом динини эндигина қабул қитган салжуқийлар исломни ё унинг «хавфи»ни элтувчи куч бўлолмасдилар. Зеро, ислом дини зуҳуридан кейин дин байроғи остидаги бирон-бир юриш, истило йўқким, асл мақсади ва манфаати билан сиёсий, иқтисодий мўлжаллар билан уйғунлашмаган бўлсин. Демак, салжуқийлар Византия учун, энг аввало сиёсий, халқаро савдо муносабатларида катта рақиб ҳисобланарди. Одат-да, рақибни енгиш иши унга нисбатан кўпчилик фикри, яъни мафкурасини қарши қўйишдан бошланганидек, Византия салжуқийларнинг ҳарбий-сиёсий хавфига қарши мафкура, эътиқод омилини қўиди. Бундан Рим черкови ва бошқа Европа мамлакатлари иложи борича фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа XI асрнинг сўнги ўн йиллигида мафкура бўёқлари билан чапланган, аслида таъсир доиралар курашидаги бир ҳаракатгина бўлган салиб юришлари бошланган. Салибчиларнинг шарққа қараб ҳаракатларини киркишда салжуқийларнинг хизматлари катта бўлган.
Салжуқийлар ўз тобелигида бўлган юртларда фан ва маданият тараққиёти учун барча шарт-шароитни яратиб беришга интилганлар. Салжуқийлар хонадонига мансуб олий ҳукмдорми, шаҳзодами ё маликами, ҳаммалари мамлакатдаги бирон-бир шаҳарда бир ё бир нечта мадраса қуришни ўз вазифалари, деб билганлар. Вазирлар, амирлар, маҳаллий ҳокимлар ҳам урнак олиб иш тутганлар. Чунончи, тилга олганимиз машҳур вазир Низомул мулк ўз даврида кўплаб мадрасалар қурдирган. Ҳар бир мадрасада ўнлаб, юзлаб илм толиблари ҳам диний, ҳам дунёвий соҳаларда билим олганлар. Мадрасаларда ҳам табиий-аниқ фанлар ҳам ижтимоий-диний билимлардан таҳсил олинган. Ўқувчиларга ойлик нафақа бериб борилиб, жой билан ҳам таъминланган, уларни ўз даврларининг етук олимлари ўқитганлар, илм толибларининг ихтиёрида кўп минг жилддан иборат кутубхоналар бўлган. Баъзи бир мадрасаларда ўқувчилар сони минглаб бўлганини биламиз. Масалан, Низомул мулк томонидан асос солинган Низомия мадрасаларидан бирида олти минг нафар талаба яшаб, таълим олгани маълум.
Илму маърифатга бўлган анъанавий жиддий эътибор салжуқийлар даврида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади ва буни юқорида таъкидланган ўнлаб мадрасаларнинг барпо қилиниши орқали ҳам билиб олишимиз мумкин. Аҳвол ҳакиқатан ҳам шундай бўлганини ўша замонда яшаган буюк олимлар, шоирлар фаолияти ҳам тасдиқлайди. Баҳовиддин Абубакр Марвазий, Шарафиддин
Тусий, Абулҳасан Али Марвазий, Умар Хайём, Музафар Исфизорий, Заҳириддин Ғазнавий каби ҳандасачилар, юлдузшунослар, риёзиётчилар, Муҳаммад Илоқий, саййид Исмоил Журжоний, Фахриддин Розий каби табиблар, кимёгарлар, Муъизий, Анварий, Собир Термизий, Асириддин Ахсикатий, Рафъий Марвазий каби йирик шоирлар шулар жумласидандир. Одатдагидек, улар ўз замонларининг барча илмларидан хабардор бўлганлар. Масалан, Умар Хайёмни биз кўпроқ машҳур шоир, аниқроғи, тўртликлар устаси сифатида танйймиз. Ваҳоланки, у етук юлдузшунос ва риёзиётчи ҳам эди. Хайём иштирокида расадхона лойиҳаси чизилиб, сўнг бир йил ичида барпо этилган. Унда олиб борилган кузатишлар ва бошқа изланишлар натижасида 1097 йили Умар Хайём Султон Маликшоҳ топшириғига кура янги тақвим (календарь) тузади. Унинг аниқлиги Григорий календаридан ҳам юқори бўлишига қарамай амалда жорий қилинмасдан қолиб кетган. Бундан ташқари математика тарихида сонлардан бутун мусбат илдиз топишнинг умумий қоидасини биринчи исботлаб берган ҳам Умар Хайёмдир.
Ё бўлмаса, кутубхоналар аҳволини олайлик. Билим ва маърифат тарқатишда, буюк аждодларимиз тарихий-маданий меросини сақлашда катта аҳамият касб этган бундай муассасалар салжуқийлар даврида бир талай эди. Тарихчи ва сайёҳ Ёқут Ҳамавий (1179—1229) Марвда бўлганида бу ерда ўнта йирик кутубхона борлигини кўрган. Мазкур кутубхоналарда сақланаётган китоблар қиммати ва сони жиҳатидан дунёда бирон-бир кутубхона унга тенг келолмайди, деб ёзганди тарихчи.
Хуллас, салжуқийлар даври ва фаолияти ҳақида кўп ёзиш мумкин. Аммо бир нарса аниқки, Туркистондан чиққан намоянда сифатида салжуқийлар мазкур минтақанинг сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳадаги кўп асрлик тажриба ва анъаналарига суянганлар, баҳоли қудрат ўз фаолиятларида уларни давом эттиришга ҳаракат қилганлар.

Азамат Зиё

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин