Саналар
21.12.2024
Баннер
Тарихни қайта ёзиш ҳақида
Муаллиф:    18.03.2010 10:36    PDF Босма E-mail

 

Охирги пайтда тарихчилармимиз ўртасида Ўзбекистон тарихини қайта ёзишлари ҳақида, ўтмишда юртимиз тарихини ёзишда сохтакорликка йўл қўйилгани ҳақида, кимлар нима қилгани-ю, қайси давр ҳақида қанча саҳифа ёзилганини, аслида эса бошқача бўлишлиги лозимлиги ва бошқа муоммоларда бир мунча баҳслар бўлиб ўтди.
Тарихи йўқ халқнинг истиқболи ҳам йўқ, дейди донолар. Лекин тарихнинг бўлиши бир гап, ўша тарих соҳиби бўлган халқнинг бу тарихни тушуниб етмоғи алоҳида бошқа бир гап. Шубҳасиз, биз улуғ ва шарафли тарихга эгамиз. Бу тарихнинг қадрини пастлатишга уринган ва уринаётган душманларимиз, сотқинларимиз борлиги ҳам шубҳасиз.
Аммо ана ўша шарафли тарихни халқимизга етарли даражада тақдим қилиндими? Йўқ, албатта. Бу ишни қилиш эса тарихчиларимиз елкаларидаги масулиятдир.
Ҳозирда тарихчиларимиз бу масъулиятни англаб етган кўринадилар ва уни адо этишга киришганлари кўриниб турибди.

Таъкидлаш лозимки, тарихчи бўлиш осон эмас, қадимдан тарихчилар икки ўтнинг орасида қолиб келганлар. Илмий омонатга содиқ қолганлари ҳукмнинг қаҳрига учраган, ҳукмнинг розилигига эришмоқчи бўлганлари эса илмга хиёнат қилганлар, тарихчи номига доғ туширганлар. Бу икки ўтнинг орасидан соғ чиққан тарихчилар эса жуда кам.
Бизнинг тарихчиларимиз мени кечирсинлар-у, аммо уларнинг мактабини илмий омонатга содиқ қолган, дея олмаймиз. Улар ўзлари хоҳламаган ҳолда дунёдаги энг ёлғончи, энг сохтакор, энг мунофиқ ва энг шарманда тарих мактабига кирдилар. Бу мактаб инсоният тарихидаги энг бузуқ фикрли кишилардан бўлмиш Маркс ва Ленин таълимотлари асосида ташкил топган, тарихни моддапарастлик асосида таҳлил қилишга мосланган эди.
Маълумки, тарих илми-бўлиб ўтган воқеаларнинг ўзи ёки уларни ривоят қилиш эмас, балки ўша ҳодисаларни инсоний ва ҳақиқат, инсоф нуқтаи назардан таҳлил қилишдир.
Бунда эса тарихчининг иймон-этиқоди, мафкураси, дунёқараши ва тафаккури муҳим ўрин тутади.

Коммунистик мафкура, эътиқод, дунёқараш ва тафаккур нимадан иборат экани бугун ҳеч кимга сир эмас. Ниқоблар йиртилди, бўёқлар ювилди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топди.
Коммунистик тарихчилар инсоният тарихини ўз мафкура, дунёқараш ва тафаккурлари юзасидан қайта кўриб чиқдилар. Уларнинг фикрича, бошқа масалалар каби тарих масаласида ҳам инсоният нотўғри йўлда юрган эди. Чунки, коммунистлар юзага келгунча тарихни Худога ишонган, динга эътиқод қилган, ёлғонни гуноҳ деб билган ва ниҳоят, инсон Аллоҳ яратган мукаррам жонзот бўлиб, бир куни келиб ўз қилмишларига жавоб беради, деб ишонадиганлар томонидан таҳлил қилинган эди. Коммунистлар эса бу нарсаларнинг ҳаммасига туфурдилар.
Ўзларини энг ақлсиз ва беҳаё ҳайвон-маймундан тарқалганликларини бутун дунёга фахр билан эълон этдилар. Бошқаларни ҳам ўзларига ўхшаб маймундан пайдо бўлган деб ўйлаб, инсоният тарихини маймунчасига таҳлил эта бошладилар. Қўҳна дунёда инсон иштирокида бўлиб ўтган ҳодисалар модда бирламчи туради, деган беъмани ақийда асосида фикр юритилди. Бу борада ёлғон, сохтакорлик, мунофиқлик ва бузиб кўрсатишда асло тап тортилмади.

Бу ҳам етмаганидек, социалистик лагерга қамалган халқларни ака халққа ва ука халқларга бўлиб қўйиб аканинг тарихи алоҳида торози билан, укаларнинг тарихи алоҳида торози билан ўлчанди. Бошқа нарсалар каби тарихга ҳам қолип ясалди. Ким шу қолипга тушса илмий асосда турган, қолипдан чиққан эса эскилик сарқитига берилган, миллатчилик дардига чалинган ёки буржуазия мафкураси таъсири остида қолган, деб эълон қилинди.
Биргина мисол келтирайлик. “Оға” халқнинг тарихий шахси Пётр подшоҳ, тараққиёт асосчиси, у қилган, бу қилган деб мақтаниб, охири бориб Буюк Пётрга айлантирилган. У ҳақда ҳар қанча мақтов бўлса, романлар ёзилса, кинолар яратилса мумкин. Аммо “ука”нинг тарихий шахси Амир Темур, қонхўр, феодал, қўйинки, ҳамма ёмонликларни ўзида мужассам қилган шахс. Унинг тўғрисида бир оғиз яхши сўз айтган кўрадиганини кўради. Бошқа нарсаларни ҳам шунга таққослайверинг.
Оқибатда, СССР тарихи, деб Россия тарихи ўқитилди. Рус тарихий шахслари мақталди, ўзимизникилар ёмонланди. Қуруқ бўлмасин учун ҳар бир халқда битта-иккита қолипга тушадиганларни қисқача эслатиб ўтилар эди. Кун ўтиши билан тарих ёлғонга тўла борди. Оқибат келиб ошкоролик сиёсати бошланганда биринчи бўлиб тарихчилар зарбага учрадилар. Ҳатто ўқув юртларида тарих дарслари тўхтаб қолди. Жамиятда тарихдаги оқ доғлар ҳақида гапира бошланди. Энди эса ҳамма ўз тарихини қайта ёзмоқчи.
Мен айтмоқчиманки, тарихчиларимиз ватанимиз тарихини қайта ёзишдан илгари, биринчи навбатда мазкур ўзлари мансуб бўлган тарих мактабидан воз кечишлари керак. Ҳар бир халқнинг тарихини ёзиш учун унинг ичида бўлиши керак. У халқнинг маънавий, руҳий ҳаёти билан яшамоғи, қадриятларини англамоғи лозим. Лекин ҳозирги ҳолатда тарихчиларимизда бу шартлар мавжуд бўлгани билан, мактаблари, устозлари бошқалигини унитмаслигимиз керак.
Шунинг учун ҳам тарихчиларимиз ўз мактабларини ўзгартишлари, тарихни инсоний соф руҳдан келиб чиқиб таҳлил этадиган мактабга аъзо бўлишлари шарт. Ана шундан сўнг, юртимиз, халқимиз тарихини қайта ёзиб чиқиш мезони ва асосларини аниқлаб олишлари мумкин бўлади.

Албатта бу иш осонликча кўчмайди. Умр бўйи ягона ҳақиқатни шу, деб айтиб келаётган нарсаларидан тониб, унинг аксини ҳақиқат, деб халққа айтиш ҳам осон эмас. Қайта қуриш йилларида “Фан ва турмуш” ойномасида “Ислом-илм демакдир” номли мақолам чоп этилгандан сўнг, тарихчилардан бири таҳрир ҳайъатига “Нима учун бу нарсани нашр этдингиз? Ҳамма ёқни расво қилдингиз-ку! Энди мен ўқувчиларимига нима дейман”, деб куюниб ёзган эди. У кишига жавобан мен: “Кўп хижолат бўлманг, ҳеч уялмасдан ўқувчиларингизга, шу вақтгача ёлғон гапириб, сизларни алдаб келган эдим дейсиз”, деб ёзгандим. Бу борада яна бир ҳодиса ўрнакли деб ўйлайман. Нисбатан ёш ёзувчилардан бири қайта қуриш даврида кекса ёзувчилардан бирининг олдига бориб дардини очибди. “Устоз, ёзганларимни ғалвирлаб кўрсам, ўттиз фоизи ҳам қолмай тўкилиб кетяпти-ю, нима деган одам бўлдик энди?” дебди. Устоз эса: “Сен ўттиз фоиз демоқдасан, мен китоб жавони олдидан ўтаётиб ўзимнинг китобларим рўбарўсига келганимда кўзимни юмиб, тескари қараб ўтмоқдаман. Биз қариб қолдик, аммо сен ёшсан, бундан буёқ ғалвирда турадиган қилиб ёзгин”, дебди. Менимча бу гаплар ҳаммага, жумладан, тарихчиларга ҳам тегишли.
Тарихни ёзишда манбалар муҳим ўрин тутади. Ҳозиргача юртимиз тарихини ўрганишда ғарбий манбалардан кенг фойдаланиб келинмоқда. Аслида эса, ўз манбаларимиз асос бўлиши керак. Ўзимизнинг қадимги тарихчиларимизнинг асарлари араб, форс тилида ёки ўз алифбомизда бўлганлиги туфайли айбдор бўлиб келганлар. Ажнабий манбалар ана ўша асл манбаларга таянганини айтишади-ю, аммо, ўз нуқтаи назаридан таҳлил қиладилар.

Биз ўз тарихчиларимиздан бевосита олсак жуда ҳам яхши бўлади. Имом Наршахий, Имом Табарий, Ибнул Асийр, Мирхонд, Хондамир, Шарафуддин Али Яздий ва бошқа улуғ тарихчиларимизнинг асарларида етарли маълумотлар бор. Ислом тарихчилик мактабининг кўзга кўринган олимлари бўлмиш бу тарихчилар, ўз кўзи билан кўрганларини ва кўрганлардан йиққан хабарларини сўраб-суриштириб илмий асосда ёзиб қолдирганлар. Баъзи вақтларда илмий омонат юзасидан бир ҳодиса тўғрисида бир неча хабарни ҳам келтирганлар. Ҳозирги тарихчиларнинг вазифаси эса, ўша хабарларни таҳлил қилишдир.
Чет эллик инсофли, ғаразсиз тарихчиларнинг илмий ишлари эса иккинчи даражали манба бўлади.
Юртимиз тарихидаги турли даврларни кетма-кет баён этишда Ислом даврига алоҳида эътибор берилса яхши бўлар эди. Чунки, тарихимизнинг энг кўп бузилган даври ҳам шу давр, энг гуллаб яшнаган даври ҳам шу давр. Тарихни сохталаштириш компаниясида айнан шу даврни кўпроқ бузишга алоҳида эътибор берилган. Юртимизда фан-маданият, илм-марифат, саноат ва хунармандчилик қўйин-ки, ҳаётнинг турли соҳаларида улкан ютуқларига эришилган, буюк алломалар етишиб чиққан бу даврни алоҳида эҳтимом билан ўрганишда келажагимиз учун ҳам катта аҳамияти бор.
Бу, бошқа даврларни ўрганиш керак эмас, ёки унча аҳамият бермаса ҳам бўлаверади дегани эмас. Даврларни яхши ўрганиш, уларни бир-бирига солиштириш орқали кўп фойдаларга эришилади.
Шунингдек, тарихий шахсларга ҳам алоҳида назар солиб чиқиш керак. Мисол учун Муқанна шахсини олиб кўрайлик. Уни халқимизга ҳам, бошқаларга ҳам буюк қаҳрамон, эл-юрт озодлиги учун курашчи, адолатпарвар шахс сифатида тушунтириб келинган. Унинг мадҳида бадиий асарлар ҳам битилган. Ҳозир ҳам, ҳатто олий мақом сиёсий маърузаларда ҳам “Биз Муқанна каби улуғ зотларнинг авлодимиз”, қабилидаги сўзлар айтилди.
Аслида эса, ўта бадбашара бўлганидан юзига ниқоб тутиб юргани учун “Муқанна” лақабини олган бу шахс худолик давосини қилган бир фирибгар бўлган. Имом Наршахий унинг кирдикорларини, фисқу фасодини ва нобакорлигини кўзи билан кўрганларга суяниб, батафсил мисоллар келтирганлар. Буни ҳамма билади. Имом Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китоби чоп ҳам қилинган. Аммо ҳеч ким ҳақиқатни айта олмайди. Нима учун? Чунки, Муқанна Ислом ҳукми даврида чиққан. Исломни ёмонлаш давлатнинг сиёсати. Демак, Исломга қарши чиққан одам ким бўлишидан қатъий назар яхши.
Ёки бу мисолнинг акси, юртимиз сиёсий ҳаётида Муқаннадан бошқа ижобий шахс ўтмаганидек. Ҳамма подшоҳлар, ҳукмдорлар золим, қонхўр, вахший бўлишган. Ҳазрати Алишер Навоий шоир-вазир бўлганлари ва “адабиётшунос”, “тарихшунос”лар томонидан режага мувофиқ қолипга солиб берилганлари туфайли учун бундан мустасно.
Демак, тарихий шахслар ҳақидаги ҳақиқатни бузмасдан кўрсатишга ҳам тарихчиларимизни кўп изланишлар ва баҳслар кутмоқда. Ҳа, албатта, ҳақиқий изланиш ва баҳсдан кейин одилона баҳо бериш керак. Олдинги тузум вақтида ёмон дейилганлар яхши, яхши дейилганлар ёмон деб хулоса чиқариш ҳам унчалик тўғри йўл эмас.

Менимча, Рус босқинига сабаб бўлган нарсаларни ҳам чуқур ўрганиш керак. Бу албатта Ислом оламининг умумий тушкунлигига боғлиқ нарса. Юртимиз мусулмон оламининг ажралмас қисми бўлиб келган. Лекин, ҳозиргача Русияга ихтиёрий қўшилиш ёлғони билан бизнинг юртимиздаги тушкунлик сабаби етарли даражада ўрганилган эмас.
Шунингдек, Рус босқинига қарши миллий озодлик ҳаракатини синчиклаб ўрганиш билан бирга сотқин ва хоинлар ҳаракатини ҳам ўрганмоқ лозим. Коммунистик босқин ва истибдод даврини ўрганишда халқимизга қарши қилинган ёвузликларни очиб ташлаш керак. Қанчадан қанча уламоларимиз, зиёлиларимиз, миллий озодлик курашчилари, ватанпарварларимизнинг ёстиғи- ни қуритиб, халқимиз гули бўлган инсонларни ваҳшийларча қириб ташлаган коммунистларнинг кирдикорлари фош қилиниши лозим. Шунингдек, коммунистларнинг мунофиқликлари, ёвузликлари ва адашганликлари халқ бошига қанчалар кулфатлар келтирганини ҳозирги ва келажак авлод тушуниб етмоғи лозим.
Хулоса қилиб айтганимизда, тарихчиларимиз олдида жуда қийин ва шарафли вазифа турибди. Мен уларга илмий омонатга содиқ бўлишлари зарурлигини эслатиш билан бирга ушбу савобли ишда катта муваффақиятлар тилаб қоламан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Тарих омонатдир" китобидан (1995 йил)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин