Ўтган асрнинг охирларидан бошлаб ҳозирги кунга қадар «Авесто» маълумотлари (вилоятларнинг Арёшаёна бўйича бирлашиши) Геродот ва Гекатей асарлари («Катта Хоразм»), шунингдек, Ктесийнинг қадимги Бақтрия подшолиги ҳақидаги маълумотла-ри ва ниҳоят археологик тадқиқотлар натижалари Ўрта Осиёда илк давлат уюшмаларининг пайдо бўлиши муаммоларини ўрганиш учун асос бўлган бўлишига қарамасдан, қадимги давлатлар ҳудудлари, шакллари, бошқарув тизими ва санаси билан боғлиқ бўлган мавзуларнинг айрим йўналишлари ҳамон илмий баҳсларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий-иқтисодий аҳволни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, мил. авв. I минг йилликнинг бошларига келиб, Ўрта Осиёнинг нисбатан ривожланган ҳудудларида илк давлат уюшмалари пайдо бўла бошлайди. Мил. авв. IX-VIII асрларга келиб, Бақтрия (Жанубий Ўзбекистон, Жанубий Тожикистон, Шимолий Афғонистон) ҳудудларида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган сиёсий бирлашмалар ташкил топади. Ўша даврда Марғиёна ва Сўғдиёна қадимги Бақтриянинг айрим қисмлари бўлганлиги ҳақида турли маълумотлар бор. Бақтрия Шарқдаги энг муҳим ҳарбий ва иқтисодий марказлардан бири бўлиб, аҳолининг, қудратли шаҳарлар ва қалъаларнинг кўплиги, табиий хом ашёга бойлиги, муҳим марказий савдо йўллари чорраҳасида жойлашганлиги, ҳунармандчиликнинг равнақи шундан далолат беради. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар «Катта Хоразм», «Қадимги Хоразм» масалаларига бирмунча аниқликлар киритди. Археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, Хоразм тупроғида мил. авв. VIII-VII асрларга оид пахса ёки хом ғишт турар жойлар аниқланмаган (турар жойлар ярим ертўлалардан иборат). Қадимги Хоразм давлати мил. авв. VI асрда Амударёнинг ўрта оқими қисмидан Оролга яқин бўлган ерларда вужудга келган. Бақтрия ва Хоразм давлатининг ҳудудий чегаралари Ўрта Амударё оқимидаги ерлар орқали ўтган. Хоразмнинг йирик суғориш иншоотлари мил. авв. VI-V асрларга оиддир. Ўлкада бу даврларга оид кўпгина шаҳар ва қишлоқлар ха-робалари очиб ўрганилган. Улардаги топилмалар, манзилгоҳлар, хом ғишт ва пахса-дан қад кўтарган бўлиб, аҳоли деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Шаҳарларда ҳунармандчилик ривожланган. Қадимги Сўғдиёна, Зарафшон ва Қашқадарё воҳаларида жойлашган бўлиб, жану-би-шарқда Бақтрия, шимоли-ғарбда Хоразм билан чегарадош бўлган. Сўғдиёна ҳақида «Авесто», аҳмонийлар даври, миххат ёзувлари ва юнон-рим тарихчилари маълумотлар берадилар. Қашқадарёдаги бир қатор турар-жойлар ва уй-қўрғонлар қолдиқлари мил. авв. IX-VIII асрларга оиддир. Сўғдиёнада Афросиёб, Ерқўрғон, Узунқир каби йирик шаҳар марказлари ҳамда қўшни вилоятлар ва давлатлар билан ўзаро иқтисодий ва маданий алоқалар ривожланади. Ўзбекистон ҳудудларидаги энг қадимги давлатлар ҳақида зардўштийларнинг муқаддас диний китоби «Авесто», аҳмонийларнинг миххат ёзувлари (Бехистун, Нақши Рустам, Суза, Персепол) юнон-рим тарихчиларининг (Геродот, Гекатей, Курций Руф, Арриан, Страбон ва бошқалар) маълумотлар беради. Сўнгги йилларда қадимги Бақтрия, Сўғдиёна ва Хоразм ҳудудларида олиб борилган археологик тадқиқотлар кўп ҳолларда ёзма манбалар маълумотларини тасдиқлайди. Мил. авв. 559 йилда Эронда подшо Кир II аҳмонийлар давлатига асос солади. Мил. авв. 545-540 йилларга келиб аҳмоний подшолари Ўрта Осиёдаги Парфия, Марғиёна, Бақтрия, Сўғдиёна каби вилоятлар ва кўчманчи қабилалар устидан ўз ҳукмронликларини ўрнатдилар. Ўрта Осиё халқлари босқинчиларга қарши мардона-вор кураш олиб бордилар. Хусусан, кўчманчи массагет қабилалари аҳмонийларнинг катта қўшинларини тор-мор этдилар (мил. авв. 530 йил). Бу жангда форс подшоси Кир II ҳам ҳалок бўлди. Шунингдек, мил. авв. 522 ва 519-518 йилларда Марғиёнада ҳамда саклар ўлкасида форсларга қарши қўзғолонлар кўтарилади. Бу даврда қадимги Бақтрия аҳолисининг асосий машғулоти деҳқончилик эди. Қалаимир, Кучуктепа, Қизилтепа, Қизилча, Бандихон каби мил. авв.VI-IV аср ёдгор-икларидан кўплаб меҳнат қуроллари топилган. Деҳқончилик сунъий суғоришга асосланган. Бу ҳудудларда ундан ташқари чорвачилик, кулолчилик, темирчилик ва бадиий ҳунармандчилик (Амударё хазинаси) ҳам ривожланади. Мил. авв. VI-IV асрларда Сўғдиёнада кўплаб шаҳар ва қишлоқлар бўлиб, улар форс подшоларига катта-катта солиқлар тўлаб турганлар. Хусусан, бу даврга оид Узунқир, Ерқўрғон, Афросиёб, Лолазор, Хўжа Бўстон, Сангиртепа, Чордара, Қўрғонча, Кўктепа каби 50 дан зиёд ёдгорликлар ўрганилган. Бу ҳудудлардан топилган кўпгина топилмалар аҳолининг деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланганидан далолат беради. Шунингдек, савдо-сотиқ ва ўзаро алоқалар ҳам анча ривожланади. Бу даврда Хоразм ҳудудларида ҳам йирик-йирик манзилгоҳлар мавжуд эди. Қишлоқларда деҳқончилик, шаҳарларда эса ҳунармандчилик ривожланган эди. Жонбосқалъа, Кўзалиқир, Тупроққалъа кабилар маданий марказлар ҳисобланган. Ўзбекистондаги энг қадимги маҳаллий ёзув намуналари ҳам Хоразм ҳудудларидан (Тупроққалъа, мил. авв.IV аср) топилган. Мил. авв. 329 йилга келиб, македониялик Искандарнинг Ўрта Осиёга юришлари бошланди. Искандар қўшинлари Сўғдиёна ва Уструшона ерларида жуда қаттиқ қаршиликка дуч келди. Жангларда Искандарнинг ўзи ҳам бир неча марта ярадор бўлди. Мил. ав.. 329-327 йиллар давомида маҳаллий сўғдий аҳоли Спитаман бош-чилигида юнон-македон босқинчиларига қарши кураш олиб бориб, уларга жуда катта талафот етказди. Искандар қўшинлари ҳеч қачон Сўғдиёнадагидек қаршиликка учра-маган эди. Мил. авв. 323 йилда македониялик Искандар вафот этганидан сўнг Ўрта Осиё ер-лари Салавка ҳукмронлиги остига ўтади (мил. авв. 306 йил). Салавкийлардан бўлган Антиох I даврида (мил. авв. 280-261 йй.) Ўрта Осиё вилоятларида тинч ҳаёт бошланиб, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ анчагина ривожланади. Ўрта Осиё ерлари салавкийлар давлатининг муҳим қисми бўлиб, ҳарбий-стратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга эди. Ўрта Осиё вилоятларининг салавкийлар давлати тарки-бига кирган даври юнон-македон юришлари пайтида вайрон бўлган ишлаб чиқарувчи кучларнинг ва бақтрияликлар, сўғдийлар ҳамда пафияликларнинг босқинчиларга қарши курашда бирлашув даври бўлди. Мил. авв. III асрнинг ўрталарига келиб, салавкийлар давлатида тахт учун ўзаро курашлар авж олиб кетди. Натижада дастлаб Парфия, кейин эса Юнон-Бақтрия дав-латлари салавкийлардан ажралиб чиқди. Мил. авв. 250 йилда биринчи Юнон-Бақтрия подшоси Диодод ўзини ҳукмдор деб эълон қилди ва тангалар зарб этди. Тангашунос-лик маълумотларига кўра, мил. авв. III асрнинг охиригача Юнон-Бақтрияда бир неча подшолар ўтганки, улар ёзма манбаларда эслатилмайди. Мил. авв. II аср бошларига келиб Деметрий, Евкратид каби подшолар Юнон-Бақтрия ерларини жанубга томон кенгайтириб борадилар. Мил. авв. II асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб кўчманчи қабилаларнинг ҳужумлари ва ўзаро курашлари натижасида Юнон-Бақтрия подшолиги қулатилади.
|