Саналар
21.12.2024
Баннер
Вақт келмадими?
PDF Босма E-mail

Табақайи мунавварайи миллияси (яъни интеллигенцияси) бўлмаган бирор-бир миллат йўқдир.
Немис, франдуз, инглиз каби буюк миллатлардан ибрат олган поляк, чех каби мутамаддун қавмларни ҳам қиёсга олмас эсак, Русиянинг шимолидаги бир ҳовуч финланда ва жанубидаги ярим хрвуч арманиларда ҳам «табақайи мунавварайи миллия» кўрмоқдамиз... Кўрмоқдамиз-да, суқланиб ва ҳасратда қолиб, ўз миллатимизнинг бундан маҳрум эканлигига қонли ёшлар тўкмоқдамиз.
Бир милйўн армани орасида бир неча юз зиёли миллатчилар борлиги ва муҳаббати миллиялари, жиддият ва фаолият ва ихлослари ила Усмонли ва Русия каби икки буюк ҳукуматнинг тасарруфида бўлган бир неча вилоятларни бир-бирига қарама-қарши қилишга муваффақ бўлганлари ҳолда йигирма милйўн Русия мусулмонлари ёки ўн саккиз милйўнлиқ Русия турклари орасида етти-саккиз жиддий миллиятчи бўлмаганига таассуф оздир, оташларга кириб, ёнишимиз керак.
Бундан йигирма, ўттиз, қирқ йил аввал миллатимизнинг бошида турган, русларнинг таъбиринча, «образованнне мусульмане» (табақайи мунавварамиз) тилга олинар эди. Булар икки генерал, уч пўлкўвник, беш қапитан, етти ясавул пўдпўручик, ўн икки ғубернски секретар, йигирма қолижаский регистратур ила буларга йўлдош бўлган қирқ-эллик соҳиби медал ва хилъат афандилардан бўлар эди.
Ушбу табақа учун миллат надир ва миллат учун булар надир? Бу — ҳар бирингизга маълум.
Ичкари Русияда, Қримда ва Кавказда бу табақадан миллатга ёдгор қолган бир нарса йўқдир. На иш, на ёзув, на илм ва на яхши от.
Нима бўлганда ҳам, жаноби Ҳақ бу табақанинг тақсиротини афу этиб, қайта пайдо бўлишларини ўзи насиб айласин. Фалон бекнинг мадрасаси, фалончи етиштирган одамлар, фалон князнинг асари адабияси ё таржимайи фаннияси ёки ҳиммати илмияси ўлароқ «бир нарса» кўрилмади. Миллат фоидасига қилинган фалон «бир иш» эшитилмайди.
Бу марҳумларнинг тўғридан-тўғри ўғил ва авлоди бўлмаса-да, ворислари, деб ном олган ёшларимиз ва ёш табақайи мунавварамиздан буюк ишлар, нафъли амаллар, миллатни тараққий ва юксалишига олиб борувчи тадбирлар кутилмоқда. Ажабо, булар мансуб бўлган миллатларига қандай хизмат қилишлари мумкин?
Бунга жавоб берадиган даражада бирор-бир асар ва адабиёт йўқдир. Матбуъ суратда маслаки миллия музокара қилинмади. Бу ҳолда таҳсили олия кўрган жавонларимиз ва бошқа бир суратда касби маълумот этмиш одамларимиз бир мажлис, бир ижтимоъ қилиб, жиддий бир маслак ва тарзи ҳаракат таъйин этсалар яхши бўлмасмиди?
Ҳар вилоятда бир неча зиёли ёки маълумотли мусулмон бор. Аммо булар бир-бирини билишни истамай, пароканда умр ва фикр юритмоқдалар... Биз, зиёли мусулмонлар, жуда озмиз. Лекин жумламиз уч-беш кун бир маҳаллада ижтимоъ ва мажлис қилсак, «бир қанча» эканлигимизни кўриб, кўнглимизни очар, фикримизни     этардик.
Миллатимизга букун нима керак? Миллатимизга эрта ва индин нима керак бўлади? Бугун нима қилиши керак, нима қилмаслиги керак? Миллат нима истайди ва нимани истамайди каби бир қанча масалалар музокара қилинарди ва шубҳасиз, фоидаси ҳам кўринар эди.
Оддий ва содда аҳоли, яъни тужжору уламо ва оддий косиблар икки-уч маротаба «умумий мажлис»лар ўтказиб, Мақарияда, Петербургда «шўройи уммат»ларга юзлаб келдилар. Бир турли мушоваралар қилиб, қарорлар қабул қилдилар... Биз, зиёлиларга буларнинг ҳиммати намунайи им тисол бўладиган ҳоллардандир.
Миллат уйғонади, иш бошлайди. Бизлар... қўрқаман, ҳозир нима лозим. Ё мавзудан четда ёки янглиш йўлларда юрмокдамиз.

«Таржимон» г., 1907 й., 12-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин