Саналар
21.12.2024
Баннер
Султонга йўл бўлсин...
PDF Босма E-mail

Буюк ҳукмдорларидан Султон Маҳмуд Собуктакин Ғазнавийлар давлатининг илм ва салоҳиятда тенгсиз ҳукмдорларидан эди. У бутун ҳаёти мобайнида дини исломни ёйишда ўз шижоатини аямади. Унинг дин ва маърифат пешволарига бўлган муҳаббати чексиз эди. Шу сабабли уларнинг зиёратларига борар, уларнинг тавсия ва иршодларига кўра ўз тадоригини кўрар эди.

Бир сафар вазирлари ва амирлари билан биргаликда замонасининг кўзга кўринган авлиёларидан шайх Абул Ҳасан Ҳарақоний ҳазратларини зиёрат қилишга борди. Одамларидан бир нечтаси шайх олдига олдинроқ бориб унинг олдига Султон Маҳмуд келаётганини, бориб уни кутиб олиши кераклигини айтишади. Шайх уларнинг гапларига парвосига ҳам келтирмабди, ҳатто жойидан қимирлаб ҳам қўймабди. Султон ва одамлари шайх эшиги олдигача яқинлашдилар. Бош вазир ялингудай бўлиб «Эй дин пешвоси, ҳеч бўлмаса подшойи салтанатни эшигингиз олдида кутиб олинг», деди. Ҳарақоний бу гапга ҳам ижобат қилмади. Вазир энди баланд овозда «Эй муборак зот, сен Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 59-оятида «Эй мўъминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» деганини, унутдингми?», деди.

Шайх Ҳарақоний жавоб тарзида: «Биз сен айтганинг Аллоҳ амрининг «Аллоҳга итоат қилингиз» деган жойигача тўлиқ амал қилмаяпмизки, ҳали навбат Пайғамбарга ҳам етиб келмади, султонга йўл бўлсин....»

Султоннинг ушбу гапга заррача ҳам жаҳли чиқмади ва у ҳам индамайгина муридлар орасига суқулди. Зиёратдан сўнг атрофдагилари билан шайхга чуқур ҳурмат бажо қилиб саройга қайтиб кетди.

Ирода Тўрахонова тайёрлади



 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин