Саналар
21.12.2024
Баннер
“Турон тарихига ёғдулар”
PDF Босма E-mail

Ҳар бир ватанпарвар киши ўз юртига бўлган меҳр-муҳаббатининг рамзи сифати, бу юртнинг тарихини ўрганади. Қўлидан келганлар эса, ушбу ўзи ўрганган нарсаларни келажак авлодларга ҳам қолдиришни ўйлайди, бунинг учун ҳаракат қилади.
Шундай уринишлардан бири Саййид Абдулмўмин ибн Саййид Акрамнинг “Турон тарихига ёғдулар” номли китобидир.
Китобнинг муаллифи Бухорода болшевиклар инқилобигача ҳукмдор бўлган манғит хонлари сулоласидандир. У кишининг отаси Саййид Акрамхон Музаффархон ўғли Бухоронинг охирги амири Саййид Олимхоннинг амакиваччасидир. Саййид Абдулмўмин ибн Саййид Акрамхон 1318 ҳ. санада отаси ҳоким бўлиб турган Ғузор вилоятида таваллуд топган. Ёшлигида мадрасани тамомлаб, сўнгра от чопиш, ўқ отиш каби ҳарбий машқларни ўрганди. Русияда коммунистлар давлат тўнтариши қилганда, қамоқлардан беш юз нафар австриялик асирлар қочиб, Бухоронинг шарқига келдилар. Уларнинг ичида харбий муҳандислар ҳам бор эди. Ўша ернинг ҳокими бўлган Саййид Акрамхон мазкур австриялик муҳандислардан бухоролик муҳандислар билан ҳамкорликда тўп-замбарак ясашни йўлга қўйишни таклиф қилади ва бу ишга ўз ўғли Саййид Абдулмўминни бош этиб тайинлайди. Иш юришиб, тўплар тажрибадан яхши ўтади. Муҳандисларни Амир Олимхон ишга таклиф қилади. Болъшевик-коммунистлар ҳужуми аввалида Саййид Абдулмўмин тоғда қамалда қолган аёллар ва ёш болаларни қутқаришга бош бўлади. Коммунистлар ҳужумини тўсиш учун истеҳкомлар қуришда иштирок этади. Ҳимоя чизиғига етиб келган Амир Олимхон Саййид Адулмўминга аёллар ва ёш болаларни Афғонистонга олиб ўтишни топширади. Афғонистонда бир қанча муддат яшагандан сўнг укаси Ҳошим билан кобуллик ҳожилар гуруҳида ҳажга боради ва ўша ерда яшаб қолади. Маккадаги Бухоро амирлиги тамонидан қилинган вақфларга нозирлик қилади. У киши яқинда Маккада вафот этди. (Аллоҳ ўз раҳматига олсин).
Ўзи билан керакли ҳужжатларни тўплаб юрган Саййид Абдулмўмин юртимиз тарихи тўғрисидаги араб, форс ва турк тилларидаги китобларни кўплаб мутоала қилади. Ушбу мутоала ва уринишлари самараси ўлароқ араб тилида, “Азвоу алот тарихи Турон” яъни, “Турон тарихига ёғдулар” китобини ёзди. Китобни Робитатул Оламул Исломий нашр этган. Китоб муқаддимаси машҳур олим, Аҳмад Муҳаммад Жамол тамонидан ёзилганлиги ҳам алоҳида эътибор касб этади.
Муаллифнинг ўзи эътироф этиб, мен тарихчи олим эмасман, аммо Турон юртининг бир фарзанди сифатида юртимнинг менда ҳаққи борлигини ҳис этганимдан, ватандошларимга ўзим тўплаган ва билган ҳақиқатларни китоб шаклида қолдирмоқни қасд қилдим, дейди. Дарҳақиқат, муаллиф тарихчи олим эмас, аммо у киши тўплаган маълумот ва келтирган гувоҳлигу далилларни ҳар қандай тарихчи ҳам қила олмайди. Бир неча тилларни билиб, уларда ўқиб-ёзиб, ҳужжатларни солиштиришга ҳамма тарихчи ҳам қодир эмас.
Менимча, Саййид Абдулмўмин раҳматуллоҳи алайҳининг ўз кўзи билан кўрган воқеаларни ҳикоя қилишлари алоҳида аҳамиятга эга. Аввало, бу шахсий гувоҳлик бўлса, қолаверса, ўша даврдаги ҳукмрон тоифанинг вакили сифатида фикр юритишлари ўзгача маъно касб этади. Чунки бизнинг тарихимизда ва уни ўрганишда айнан ўша нарса етишмайди. Коммунистик инқилоб ва ундан кейинги воқеалар ҳозиргача фақат бир ёқлама, ёлғон билан талқин этилинди. “Турон тарихига ёғдулар” китобида эса, ҳукмни коммунистлар куч билан тортиб олган тоифа вакилининг кўз қараши ифода этилади. Бу билан, олдин фақат ёлғон маълумотлар бор эди, энди юз фоиз ростини топиб олдик, деб ҳам айтмоқчи эмасмиз. Тарихга қайта назар солиб, уни илмий йўл билан, омонат билан халқимизга тўғри ҳолда тақдим қилиш тарихчиларимизнинг бурчи. Ана ўша катта ҳажмдаги ишда эса, Саййид Абдулмўминга ўхшаш азизларимизнинг асарлари ўзининг муносиб ўрнини топади, деб ўйлаймиз.
“Турон тарихига ёғдулар” китоби фақат муаллифнинг хотираларидан иборат эмас, балки кўрган, эшитган воқеаларга жуда оз жой ажратилган. Китобнинг аввалида Туроннинг қадимги тарихидан сўз кетади, унинг ҳақидаги жўғрофий маълумотлар берилади. Сўнгра Ислом давридаги тарих ҳақида, турк халқларининг Ислом учун қилган хизматлари, Турон тупроғида етишган алломалар тўғрисида маълумотлар берилади. Турон заминида ҳукм сурган давлатлар бирма-бир эсга олинади. Турк халқларининг заифлашиши ва давлатларнинг парчаланиб кетиши ҳам тилга олинади. Ниҳоят, рус истилосига етиб келинади. Сўнгра муаллиф ўз қабиласига мансуб манғитлар сулоласининг ҳукми ҳақида сўз юритиб, султон ва амирлар, уларнинг ҳукмдорлиги ҳақида тарихий тасансул ила маълумотлар келтиради. Ундан кейин коммунистлар босқинидан сўнг бўлиб ўтган воқеаларга тўхталади.
Советлар тўғрисидаги бобни муаллиф “Бобомиз Музаффархон давридан бошлаб Амир Олимхон давригача ўтган олтмиш уч йилни Бухоро давлати рус подшоси Александр билан тузилган шартнома асосида тинчлик ва омонликда ўтказди”, деган иборалар билан бошлайди.
Сўнгра, Ленин бошлиқ коммунистлар давлат тўнтариши қилганидан сўнг, вазият тамоман ўзгаргани, янги келганлар ҳам шартнома тузган бўлишларига қарамай, аҳдида турмасликлари, ёлғончи ва хиёнаткор эканликларини ҳужжат ва далиллар билан баён қилади.
“Турон тарихига ёғдулар” китоби муаллифи Саййид Абдулмўмин коммунист ҳукмдорларни, аҳдига вафоси ҳам йўқ, виждони ҳам йўқ, одамларнинг молу-мулкини тортиб олиш, уламолар, бой кишилар ва ақл заковатлиларни йўқ қилишдан бошқа мақсади йўқ кишилар, деб васф қилади. Коммунистлар сиртда Бухоро давлатига дўстликни даъво қилсалар ҳам, ичда алдамчиликни ва уни босиб олишни режа қиларди, дейди муаллиф.
Ҳозиргача халқимизга тақдим қилинаётган коммунистча тарихда, қизил армия Бухоро халқи талабига биноан мазлум меҳнаткашларни озод қилиш учун келганда, Амир Олимхон Афғонистонга қочиб қолди, дейилади. Аммо Саййид Абдулмўмин ўз китобларида бошқача маълумотлар беради. Кўпчиликни ушбу биз учун янгилик бўлган маълумотлардан хабардор қилиш мақсадида бир оз тафсилотларни келтириб ўтишни лозим топдик.
Саййид Абдулмўминнинг ёзишларича, 1336 ҳ. сана жумадис сони ойида Колесов бошчилигидаги қизил армия Когонга етиб келган. Аммо амирлик кучлари уларни тўсиб, қамалга олган. Шунда Ленин ўз вакилини юбориб, Бухоронинг мустақиллигини эътироф қилган, Чор ҳукумати босиб олган ерларни қайтаришга, шунингдек, Бухорога қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва учқичлар беришга ваъда берган. Бухорога элчи ва Тошкентдан ўн бир дона тўп ҳам юборган. Аммо қизиғи шундаки, юборилган тўпларнинг ўқи йўқ экан.
Амир Олимхон коммунистларнинг ваъдаси ёлғон экани маълум бўлганидан сўнг, қўшни давлатлардан қурол сотиб олган, аскар тўплаб машқ қилдирган.
Русия ичидаги бўҳронлар тинчигандан сўнг коммунистларнинг муомиласи ўзгарган. Улар Бухородаги элчилари орқали бекорга буғдой ва гуруч беришни талаб қилишган. Шунингдек, коммунист жосуслари одамларни ушлаб қамашган ва бошқа иғволар чиқариб, Бухорога ҳужум қилишга баҳона чиқаришга уринганлар. Амир Олимхон эллик минг аскар тўплаб, темир йўл бўйлаб истеҳкомлар қурган.
Шунда Ленин тезда Тошкентдан ўзининг Тиронов номли вакилини юбориб, янги найрангларни бошлаган. Амир Олимхонга шартномага амал қилиш Русияънинг ички бўҳронлари туфайли кечикиб қолганига узр айтган. Ўзининг Бухоро билан дўстлик алоқаларини давом эттириш ниятида эканлигини ва бу алоқалардан кўплаб яхшилик кутаётганини айтган. Шунингдек, Бухоронинг нима талаби бўлса, бажаришга тайёр эканлигини билдириб, темир йўлдаги қамалда қолган қизил армияни қамалдан чиқаришни сўраган. Бундан сўнг икки тараф учинчи бор шартнома тузиб имзо қўйишган. Шартномага амал қилиб, Амир Олимхон ўз аскарларини темир йўлдан уч мил масофага узоқлаштирган, чегарачилар сонини камайтирган.
Аммо коммунистлар ўз одатларича яна навбатдаги хиёнатни қилганлар. 1338 ҳ. сана зул ҳижжа ойининг ўн беши, душанба куни кечаси соат ўн иккида ҳужум бошлаб, чегарачиларни асир олганлар, ҳаводан, ердан, турли қуроллар билан Бухорога бостириб кирганлар. Кутилмаган бу коммунистик ғоратда фақат кекса кишилар, аёллар ва болалардан эллик минг киши ҳалок бўлган. Бошқа талофатларнинг ҳисоби йўқ даражада эди.
Бундан тўрт кун кейин Амир Олимхон давлат аёнлари ва йигирма беш минг аскар билан Бухородан чиқиб, ўн кундан сўнг Қўрғонтепага етиб боради. Сўнгра Бойсунда истеҳкомлар қуради. Шу ерда коммунистлар билан бухороликлар орасидаги уруш олти ой давом этади. Сўнгра коммунистларга Московдан ёрдам кучлари ва янги қурол-аслаҳа келади. Улар бухороликларга янги ҳужум бошладилар. Ўн кун давом этган шиддатли жанглардан сўнг бухороликларнинг ўқ-дорилари тугаб қолади. Амир Олимхон Афғонистон подшоси Омонуллохонга одам юбориб, пулга бўлса ҳам ўқ-доридан ёрдам бериб туришини сўрайди. Омонуллохон эса, Амир Олимхоннинг ўзи келсин, дейди. Ўз аскарларига мулла Муҳаммад Иброҳимбек девонбеги ва Давлатмандбек девонбегиларни бошлиқ этиб тайинлаган Амир Олимхон 1339ҳ. сана, 22 жумадус сони, чоршанба куни Жайҳун дарёсидан Афғонистонга ўтади. Омонуллохон уни тантана билан кутиб олади ва ўз меҳмони, деб эълон қилиб, 12000 рупия ойлик тайин қилади. Шундан кейин Амир Олимхон Омонуллохоннинг хоин эканлигини тушуниб етади. Омонуллохон Ленин билан тил бириктириб, уни алдаганини англайди. Ушбу хиёнат натижасида Амир Олимхон қасрда қамалиб қолади. Унга ҳеч қаёққа чиқишга, ҳатто ҳажга боришга ҳам рухсат берилмайди.
Амир Олимхон Афғонистонда тутилиб қолгандан сўнг ҳам унинг аскарлари Иброҳимбек бошчилигида коммунистларга қарши курашни давом этдирадилар. Хусусан, Туркиядан Анвар Пошша келиб, ҳарбий ишлар режаси тузилиб, Бойсун, Ғузор, Шеробод ва Қарши каби жойлар озод қилиниши катта ғалаба бўлди. У ерларга истеҳкомлар қурилди. Атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда ҳам коммунистларга қарши қуролли кураш бошланиб, Иброҳимбекдан қўмондонлар беришни сўрай бошлашди. Уларга ҳам ёрдам берилди.
Ушбу ғалабалардан сўнг Иброҳимбек Омонуллохонга саккиз кишилик ҳайат юбориб, Амир Олимхоннинг озод қилинган ерларга қайтиб келишини таминлашни сўради. Аммо Омонуллохон турли баҳоналар билан ҳайатни қуруқ қайтарди. Амир Олимхонни яна саройда ушлаб қолди.
Амир Олимхон 1943 йил, 29 апрелда 64 ёшида Кобулда вафот этди.
“Турон тарихига ёғдулар” китобида бундан бошқа ҳам қизиқарли маълумотлар кўп. Тарихчиларимиз хоҳласалар, бу китобдан самарали фойдалинишлари мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин