...Ҳозирги мадрасалар илмхона эмас, қорихона. Мақсад ҳам, усул ҳам қорилик, кўр қорилик. Унинг зах ҳужраларида 15-20 йилда олинадиган билимни замонавий ўқув юртларида 3-4 йилда эгаллаш мумкин. Инсоннинг умри шу қадар қадрсизми?
Муқаддима
Бу ном юз йил муқаддам туркий дунёдаги энг машҳур ном эди. Уни Қашқардан Лондонгача, Санкт-Петербургдан Бомбейгача билар эдилар. У чиқарган “Таржимон” газетасининг 1908 йилдаги 25 йиллик тўйида Хитойнинг “Таранча”сидан табрик телеграммаси келган. 1911 йилда унинг “Хўжаи сибён” (“Болалар муаллими”) китоби Бомбейда босилди. Муаллифни Ҳиндистонга таклиф этадилар. Бир йил олдин эса Франциянинг энг эътиборли журналларидан “Ревю дю монде мусулман” унинг миллат олдидаги буюк хизматлари учун номзодини “Тинчлик борасидаги Халқаро Нобель Мукофоти”га тавсия қилган ва буни хорижий мамлакатлардаги жуда кўп матбуот органлари қўллаб-қувватлаб чиққан эди. У вафот этган 1914 йилнинг 11 сентябрида машҳур Наримон Наримонов ёзади: “Миллат Исмоилбек каби қаҳрамонларини унутса, ўз ҳаётини барбод этажакдир” У тириклигидаёқ миллатнинг отаси, раҳнамоси деган ном олди. Унинг энг катта хизмати Русия сарҳадида яшаб турган, лекин замоннинг зайли билан бир-биридан узоқ тушган (тўғрироғи, узоқлаштирилган) ва бегоналаниш даражасига етган туркий халқларни бир-бирига танитди. Беҳбудий сўзлари билан айтганда, “Русиядаги бутун турк-татар халқларини жуда оз тарихий муддатда хайр-хўшлик йўли билан яхлит бир миллий оилага бирлаштирмоққа ноил бўлди”. Шарқ халқлари маънавий ҳаётида, хусусан, мактаб-маорифида чинакам инқилоб ясаган, “усули жадид” номи билан тарихга кирган “усули савтия”ни бошлаб берди. ХХ аср Шарқининг энг машҳур, энг тараққийпарвар ҳаракатчилигига жадидчиликка асос солди.
У барча туркий халқларни яхлит, ягона миллат деб билди. Уларни ҳам илм-маърифатда, ҳақ-ҳуқуқда дунёнинг тараққий қилган миллатлари билан тенг, бақамти кўрмоқни орзу қилди. Бутун ақли-вужудини мана шу муқаддас ишга-миллатнинг равнақи ва муҳофазаси йўлига сарф этди. Бу шунчаки мутаассибона бир орзу эмас, замонасининг баланд-пастидан хабардор, тарих ва тақдирини теран англаган, Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам баббаравар билган ва баббаравар кўрган бир кишининг аниқ ва режали хатти-ҳаракат эди. Афсуски, унинг бу ишларида айрим “дўстлар”и шаккоклик, кофирпарастлик кўрдилар. Душманлари эса унга сиёсий айб қўйдилар. Туркий қавмларни Русия давлатига қарши бирлаштиришда, ягона турк-татар мамлакати тузишга уринишда айбладилар. Ва бу даъволар машъум 30-йилларда жуда “иш” берди. Унинг номи, унинг хотираси авлодлар қалбидан юлиб олинди. Наслларга ўз халқининг қаттол душмани қилиб кўрсатилди. Ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Ҳақиқат, қанчалар чуқур кўмилмасин, бир кунмас бир кун юзага чиқар экан. Даврон айланиб, Исмоилбек Гаспринский 80-йилларнинг охиридан яна авлодларга қайта бошлади... 1987 йилда “Звезда Востока” журнали Л.Климовичнинг у ҳақдаги “Маърифат хизматида” мақоласини берди. “Йилдиз” 1989 йилда “Таржимон”нинг мундарижасини эълон қилди. 1990-91 йилларда марҳум С.Гафаровнинг у ҳақдаги монографиясини босиб чиқарди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да (1991 йил 15 март) Ш.Турдиевнинг мақоласи чиқди. Булар орасида С.Гафаров тадқиқоти, у тўплаган қимматли материаллар буюк маърифатчининг ҳаёти ва ижод йўлини ўрганишда, айниқса, кутубхоналардан тўла нусхасини топиш деярли мумкин бўлмаган “Таржимон” материллари билан танишишда бирдан бир манба бўлиб турибди. 1991 йилда Симферополда Исмоилбек Гаспринский таваллудининг 140 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Дунёнинг турли мамлакатларидан уч юзга яқин киши иштирок этди. 90 та маъруза тингланди. Ўзбекистондан файласуф Қ.Хоназаров, адабиётшунос Ш.Турдиев ва камина маъруза билан қатнашдик.
Четда 1950 йилда у ҳақда Бурбил деган киши, докторлик диссертацияси ёзган ва Гамбургда китоб босдирган. Америкалик Эдвард Жеймс Лаззери диссертацияси 1973 йилда “И.Гаспринский ва Русияда мусулмон модернизми” номи билан Вашингтонда босилиб чиққан. 80-йилларда эса Туркияда Нодир Давлат ва Меҳмет Сарой нинг у ҳақдаги монографиялари дунё кўрди. 1991 йилда Тошкентда Э.Аблаевнинг “Исмоил Гаспринский-гуманист, просветитель, педагог” рисоласи босилди. Кейинги тадқиқотлардан бири Хоқон Қримлининг “Қрим татарларида миллий кимлик ва миллий ҳаракатлар (1905-1916)” (Анқара,1996) китобидир.
Ҳаёт йўли
Ялта-Алупка йўлида баланд-паст уйлари Қора денгизга ястаниб тушиб келадиган Гаспра номли қишлоқ бор. Исмоилбекнинг ота-боболари шу жойдан, Гаспрадан. Исмоилбек ҳам тахаллус-нисбани шундан олди. Бироқ у кўпроқ Гаспринский номи билан шуҳрат қозонди. Инқилобгача бўлган ўзбек матбуотида у “Гаспрински” деб берилади. Исмоилбек Гаспрадан унча узоқ бўлмаган, тўрт томони тоғлар билан ўралган Ажикўй (овчи қўй-овчилар қишлоғи)да 1851 йилнинг 21 мартида -қутлуғ наврўз кунида таваллуд топди. Отаси Мустафобей Кавказ ва Қримнинг генерал-губернатори князь Воронцовга таржимон бўлиб ишлаган, садоқатли хизмати учун 1853 йилда поручик унвонига мушарраф бўлган, дворян мартабасига кўтарилган. Лекин кўп ўтмай, Қрим уруши бошланади. Оила Боқчасаройга кўчиб келади. Ёш Исмоилнинг тарбиясида онаси Фотима ва энагаси Ҳабибанинг хизматлари катта бўлди.
Исмоилни 8 ёшида Боқчасаройлик Ҳожи Исмоилнинг эски мактаби га берадилар. 10 га кирганда эса отаси Мустафобек онаси Фотиманинг эътирозларига қарамасдан, Оқмачит-Симферополдаги губерния гимназиясига олиб боради. Унда икки йил ўқигач, Воронеж (Ёл Кермон)даги офицерлар ҳарбий ўқув юртига ўтади. Ўн уч ёшида Москвадаги Милютин гимназиясига ўқишини кўчиради. Шу йиллари айрим рус зиёлиларида авж олган буюк рус миллатчилиги Милютин гимназиясига ҳам кириб келган эди. Хусусан, гимназия мураббийларидан ёзувчи М.Катковнинг панславистик қарашлари ёш Исмоилбекда ўзликни англаш ҳиссини уйғотди. Унинг ҳатто Критда юнонлар билан уруш олиб бораётган турк қўшинига кўнгилли бўлиб қўшилиш учун синфдош дўсти литвалик Мустафо Давидович билан Истанбулга отлангани, Одесса бандаргоҳида қўлга олиниб, орқасига қайтарилгани маълум. Хуллас, 1868 йилда Исмоилбек Гаспрали Москвадаги ўқишини битириб, Боқчасаройга қайтади. “Занжирли” мадрасасида рус тилидан дарс бера бошлайди. Д. И. Писарев, Н. Г. Чернишевский асарлари билан яқиндан танишади. ўқиш-ўрганиш иштиёқи уни 1872 йилда Францияга бошлаб келади. Вена, Мюнхен, Штутгардтда бўлади. Парижда И.С.Тургенев билан учрашади. Унга ассистент-котиб бўлиб ишга киради. Французчани мукаммал эгаллайди. “Эълонлар” идорасида таржимонлик қилади. Машҳур Сорбонна университетига ўқишга қатнайди. Ниҳоят, 1876 йилда Боқчасаройга қайтиб келади ва “Занжирли” да рус тили муаллими сифатида ишни давом эттиради. Шу йили уйланади. Бироқ улар узоқ яшай олмайдилар, ажраб кетадилар. Исмоилбек мутолаага берилади. Қунт ва сабот билан туркий тилни, тарих ва адабиётни ўрганади. Айни пайтда у шарқона анъанавий таҳсилнинг замондан орқада қолганини, шу туфайли мусулмонларимиз жаҳон тараққиётидан четга сурилиб чиқаётганлигини кўради. Нима қилмоқ керак? Милютин гимназиясидаги ўқитиш усулини, Сорбоннадаги кўрганларини мусулмон мактабларига кўчирса бўлмасмикин? Ҳар бир мактаб, мадраса ўз низом-дастурига эга бўлмоғи лозим. Диний билимлар қаторида дунёвий фанлар ҳам кенг ўқитилиши керак. Бу, масаланинг бир томони. Иккинчи томони шундаки, ўқишни назорат қилиш шакллари, билимни баҳолаш мезонлари бўлиши лозим. Умр дегани, ахир, ҳисобли-ку. Бироқ бу гаплар ўртага тушар-тушмас, Гаспринскийга тош отиш бошланди. Уни кофирдан олиб, кофирга солдилар. Таҳдид, дўқ-пўписа кучайиб борди. Исмоилбек ён беришга мажбур бўлди. Ишни ўзгартирди. Шаҳар бошлиғи вазифасига (1848-1884) сайланиб, Боқчасаройни обод қилишга киришди. 1882 йилда машҳур Қозон татарларидан миллионер Акчуриннинг қизи Зуҳрахонимга уйланди. Улар йигирма йил бахтли турмуш қилдилар. Олти фарзанд тарбия этдилар. “Улардан Дилорахоним ва Исмоил соғ-саломатлар. Тошкентда яшайдилар”, деб хабар берган эди “Йилдиз” журнали, 1990 йилда.
И.Гаспринский шаҳар бошлиғи (городской голова) бўлиб узоқ қололмади. Шаҳар Думаси аъзолари Исмоилбекни шаҳар пулини “кўчаларни ёритиш, аҳолига тиббий ёрдамни кучайтириш” каби аллақандай “фойдасиз” ишларга сарф этаётганини кечира олмадилар. Истеъфога чиқишга мажбур этдилар. Тошкентлик шоир Тавалло бир шеърида “Ҳаволансин, ғизолансин, билинг, бу бир ҳумо, миллат!....” деб ёзади. Ундаги мантиқ шундай: миллатнинг равнақи учун, биринчи навбатда, ақл ва ғайрат керак. Ғайрат эса иштиёқдан, меҳр-муҳаббатдан туғилади. Ақл ва ғайрат ишончни, ишонч ҳаракатни юзага келтиради. Миллат унга мансуб ҳар бир кишининг жони-жаҳони, бахти-саодати. Бинобарин, ҳумо қуши. У кўкларга парвоз этмоғи лозим. Бунинг учун унга руҳ керак, мадад керак. “Тамаддунда асар йўқ, зиллату ваҳшат фаровондур”, -дейди кескин Муҳаммад Ҳоди. “Тамаддун” - маданиятнинг этагини тутмагунча, ўзгариш бўлмайди. Аниғи - шу. Лекин мана шу ўй-мулоҳазаларнинг ўртага тушишининг ўзи ҳам силжиш. Шунинг учун ҳам ўттиз йил кетди. Тавалло ва Муҳаммад Ҳодининг шеърлари 10-йилларда ёзилган. Гаспринский бу ҳақда 70-йилларнинг охирида қатъий хулосага келган. 1879 йилда газета чиқариш учун ҳаракат қилиши шундай 1881 йилги “Русия мусулмонлиги” китобида Исмоилбек буни атрофлича асослаб берган эди. Жумладан, унда кўтарилган энг муҳим масалалардан бири Русиянинг ўз мусулмон фуқароларига муносабати масаласи эди.
Русия мусулмонглиги
Ўрта Осиё ва Русия муносабатларига оид деярли ҳамма тадқиқотларда бир кўчирма китобдан китобга кўчиб юради: “Русия Шарққа нисбатан прогрессив роль ўйнади... Русиянинг ҳукмронлиги Қора денгиз ва Каспий денгизлари ҳамда Марказий Осиё учун маданийлаштирувчилик ролини ўйнади”. Унинг асли сал бошқачароқ. Майли, гап ҳозир унинг қай даражада аниқ берилганлигида эмас. Чамаси, Ўрта Осиё муносабатлари кенг муҳокама қилинган ва юқоридаги нуқтаи назар кенг ёйилган. “Сўнгги йилларда Русиянинг Шарқдаги буюк маданийлаштирувчилик хизмати ҳақида тез-тез ўқишга ва эшитишга тўғри келмоқда, - деб ёзади Гаспринский “Русия мусулмонлиги” асарида. - Хўш, бу хизмат нимада намоён бўлиши керак? Наҳотки, унинг маъноси қозини уезд бошлиғига, ноибни приставга, бекликни областу губернияга, ушрни тан солиғи-ю яна бошқа “бер-бер”ларга, ипак тўну бешметни дворянлик ёқасига алмаштириб қўйишдан иборат бўлиб, бошқа қилинадиган иш қолмаган бўлса?” Гаспринский “Россиянинг Шарқдаги маданийлаштирувчилик роли”га мана шундай танқидий қарайди ва у саволга салбий жавоб беради. Уни аксинча, атайин илм-маърифатдан узоқда сақлаб келаётганликда, мусулмонларнинг тилини, динини, турмуш тарзини бузишда айблайди. Буларнинг ҳаммасини аниқ далиллар, мисоллар билан кўрсатиб беради. Аслини олганда, буни рус маъмурларининг ўзлари ҳам кўп-да яширмайдилар. Одесса генерал-губернатори Х.Х Рооп бир муносабат билан Боқчасаройга келган эди. Гаспринскийга унга таржимонлик қилишга тўғри келди. Бош мадрасага -”Занжирли”га бордилар. Генерал-губернаторнинг ўзи ҳам бу ердаги аҳволдан ҳайратда қолди. “Жаноблар, бизим давримизда маҳбусларнинг, жиноятчиларнинг яшаш шароити сизнинг болаларингиз ўқийдиган шароитдан яхшидир”, -деди. Буни бир гуруҳ шовинистлар тан олмайдилар, холос.
Бир томондан миллатни маҳв этиб келаётган жаҳолат, иккинчи ёқда чор ҳукуматининг изчил, режали руслаштириш сиёсати. Русиядаги мусулмонларнинг тақдири қандай бўларкин?
Польшада руслаштириш сўнгги 20 йилда қизғин паллага кирди. “Познандай шаҳар шундай қисқа муддатда немислаштирилди-ку, бизнинг қўлимиздан бундай иш келмайдими? демоқдалар. Умуман олганда эса, катта миллатларнинг кичкиналарини ном-нишон қолдирмай ютиб юборгани бўлган. Британиядаги англо-сакслар чатишмасини олинг. Араблар-чи? Шимолий Африканинг тубжой халқини босиб олиб, “ҳазм қилиб” юбормадиларми? Русияда “ғайрижинс” саналган, лекин нуфусига кўра иккинчи ўринда турувчи, асосан туркий қавмларни ташкил этувчи мусулмонларнинг аҳволи яхши эмас. “утмишнинг хароб, яримвайрон ҳолга тушган обидалари ва уларда сақланиб қолган ёзувчилар, чанг босган китобларгина бир вақтлар татарлар ҳам фасоҳат билан ёзиш ва сўзлаш, тафаккур талаб қилувчи нарсалар ҳақида ўйлай олиш, ҳофиздаги санъату Шайх Саъдийдаги инсонийликни, Ибн Сино ва бошқа араб, форс адиблари, файласуфларидаги фикрнинг ёвқур шиддатини англаш қобилиятига эга бўлганликларига гувоҳлик берадилар”. Рус ҳукумронлиги мусулмонларни тараққиётга, маданиятга олиб бораётган йўқ. Аксинча, саводлилик 50-60 фойизгача борувчи татарлардаги мактаб-маориф сўнишга юз тутди. Яқинда эса Москва остоналаридан Тошкентгача, Пермдан Ленкорангача бўлган, мусулмонлар яшаб турган жойларда уларни зўрлаб православ динига ўтказилаётгани ҳақида гап тарқалди. Бошқирд ерларини русларга арзон-гаров улашилаётгани, Туркистоннинг серҳосил тупроқларидан маҳаллий аҳоли қувиб чиқарилиб, казакларнинг жойлаштирилаётганини эса маъмурларнинг ўзлари ҳам яширмаяптилар. Тўғри, Руснинг ўзи ҳам истибдодни хўб кўрди. Бу ўринда кўпинча, мўғул-татар босқинини мисол келтиришни хуш кўрадилар. Лекин инсоф билан айтганда, “унинг ўрнида шундай куч-қудратга эга бошқа бир қавм шунча муддат ҳукмронлик қилганида, Русни тамомила йўқ этиб юбориши мумкин эди...“ Нима қилдилар? Олиқ-солиқларини олдилар. Қизларга кўз олайтирдилар. Бироқ дин-диёнатларига дахл этмадилар. Ҳозирда мусулмон ҳаётига нисбатан бундай деб бўлмайди. Гарчанд биз, мусулмонлар, яъни “ғайрижинслар” қонун олдида руслар билан тенг, деб эълон қилинган бўлсак-да, амалда иш тамом бошқа. Бу кетишда мусулмоннинг мусулмончилигини сақлаб қолиши қийин. Оқибат нима бўларкин?
Шунча шаҳарлар бунёд этган, фан ва маданиятнинг ўнлаб доҳийларини, ҳарбу зарбнинг оламжаҳон валломатларини дунёга берган бу миллат наҳотки, сувга тушган тошдек зим-зиё кетса?!..
Бу дардли ўйлар Исмоилбекга тинчлик бермайди. Маҳаллий “Таврида” газетасида кетма-кет мақолалар эълон қилади. Улар ўша 1881 йилнинг ўзида алоҳида рисола бўлиб босилди. Бу рус тилида ёзилган “Русия мусулмонлиги” номли асар эди. “Русия мсулмонлиги” ҳажман катта эмас, икки босма тобоқ атрофидаги ихчам бир рисола. Лекин унинг аҳамияти жуда катта. У Русияда яшовчи мусулмонларни шу мамлакатнинг тенгҳуқуқли фуқароларига айлантириш ва айни пайтда уларнинг ўз миллий, диний жиҳатларини сақлаб қолишга қаратилган дастурдир. Хўш, ҳоким ва тобеъ миллатнинг-руслар ва мусулмонларнинг ўзаро муносабатлари қандай асосларда қурилмоғи лозим? “Руслар ва рус мусулмонлари бир заминда, бир қонун остида тасодифий ҳамроҳлар, пешонага битган қўшнилар сингари яшайдиларми ёки улуғ, муаззам ватанимиз халқларининг буюк оиласида фарзандлар мисоли ўзаро қардошлик алоқаларини йўлга қўядиларми?” Нима бўлганда ҳам давлат мустаҳкам, мамлакат осойишта бўлмоғи керак. Пировард мақсад-шу. Муносабатларга келганда, ҳал қилишнинг икки йўли бор.
1. Руслаштириш орқали миллатлар бирлиги-ҳамкорлигига эришиш. 2. Тобеъ миллатни маънавий-руҳий такомиллаштириш-етказиш орқали ҳамфикрлиликка эришиш. Биринчиси-
Польшада ўтказилаётган йўл. Иккинчиси-Финляндияда. Ассимилиция сиёсати, қанчалар назокат билан олиб борилмасин, зўравонликка, иккинчи бир халқнинг қонуний ҳуқуқиқини чеклашга олиб борадики, шунинг ўзиёқ ҳар -қандай кишининг ундан ихлосини қайтаради. Энг тўғри йўл иккинчи йўлдир. Ҳаёт осойишта, ҳатто бир қадар фаровон Америкада, Швейцария, Австро-Венгрияда биз иккинчи ҳолни кўриб турибмиз. Хўш, тобеъ миллатнинг, хусусан, мусулмонларнинг маънавий камолотини қандай таъмин этиш мумкин? Мусулмонлар жамоа-жамоа бўлиб яшайдилар. Ҳар бир жамоа ўзига хос жажжи бир давлат, ўз қонун-қоидаси, урф-удуми бор. Булар бари ислом руҳи, тартиботи билан боғланган. Каттага ҳурмат, кичикка шафқат-ақида. Ҳаммаси учун асос-Қуръон. Бунда табақа йўқ. Аллоҳнинг олдида барча тенг. Ҳар бир жамоанинг ўз мактаби, мачити бор. Бир неча жамоада муштарак жомеъ масжиди. Сўнг мусулмоннинг ҳам олий мактаби, ҳам академияси ҳисобланадиган-мадраса. Мусулмон жамоаси учун 10-20 оила кифоя. Уни тақдир, қайга элтиб ташламасин, мазкур тартиблар асосида бирлаша олади. Чунки мусулмончилик бу эътиқодгина эмас, турмуш ҳамдир. Шу сабаб, уни “ютиб юбориш” ҳаддан ташқари қийин. Бир вақтлар Литва князлари татар суворийларини ҳарбий юришлари, шахсий муҳофазалари учун ёллаганлар. Ўтган йили уларнинг авлодларини кўрдим. Номлари, тиллари ўзгариб кетган, лекин ҳали ҳам мусулмонликни ушлаб келадилар. Ишондимки, мусулмонликни йўқотиб бўлмайди, дейди Гаспринский. Уни йўқотиш учун зулм ва қийин-қистовларни, чеклашни ҳаддан ошириш керак бўлади. Бироқ шунда ҳам мақсадга эришиб бўлмайди. Расм-тартиблар оилага, уйларга кўчиб киради ва ҳар қандай назоратдан четга чиқади. Курашиш деярли мумкин бўлмай қолади. Мабодо, шунда ҳам фалокат босиб, мусулмончиликни бирор жамоадан қувиб чиқаришга эришилса, яъни уни бузишга муваффақ бўлинса, у еерда аҳлоқсизлик, моддий-маънавий таназзул авж олади. Демак, ягона йўл мусулмонларни тенглик, озодлик, фан ва маориф заминида маънавий такомиллаштиришга ва у орқали руслар билан бирлашишига эришиш. Бу Гаспринский келган биринчи хулоса эди. Бу маънавий такомиллаштириш мусулмонларнинг ўз тиллари, ўқув воситалари орқали амалга оширилмоғи лозим. Рус мактабларида ўқиб, рус фани, адабиёти, матбуоти орқали камол топувчи мусулмонлар бармоқ билан саноқли даражададир. Рус-тузем, рус-татар мактаблари деб аталган ва ғайрируслар учун мўлжалланган мактаблардан бирор натижа чиқиши мушкул. Исмоилбекнинг ўзи бир вақтлар шундай мактабларнинг ашаддий тарғиботчиларидан эди. 6-7 йиллик тажрибадан сўнг ташлаб кетди. Симферополдаги татар ўқитувчилар семинарияси ҳам ҳеч бир самара бермаётир. Шуларга кетаётган вақт ва харажат ушбу керакли билимларни мусулмон болаларининг ўз тилида ўрганишига сарфланганида самараси тамом бошқача бўлур эди.
Ахир, кўзи боғлиқ одам атрофдагиларнинг кимлигини билмаса, улар билан қандай яқинлашиб кета олади? Ҳатто рус бошланғич таълими асли ўзаги бир Малороссияда натижа бермаган бир пайтда, уни қандай қилиб татарларга қўллаш мумкин? Сиз рус мактабларига тарбия ва маориф учун немис тилини жорий қилиб кўринг-чи, нима бўларкин. Энг сара ўқитувчиларни, энг кейинги воситаларни сафарбар қилганингизда ҳам кутилган натижага эриша олмайсиз. Рус тилининг ўрни эса “ғайрижинс” мусулмон мактабларида бундан ҳам аҳамиятсизроқдир. Масаланинг яна бир нозик томони бор. Ҳар бир мусулмон эътиқод ва турмуш тақозосига кўра тўғри, ҳалол. У маърифатли бўлгани сайин бу хусусиятлари кучайиб боради. Лекин тақдир тақозоси билан у ёки бу чет тилини у ёки бу даражада ўзлаштирган айрим мусулмонларимиз етарли илмий заминга эга бўлмай, европачиликнинг зоҳирий томонларини илиб оладилар-да, умрларини зоеъ кеткизадилар. Булар ўз қавмларининг яхши сифатларини йўқотиб, ўзгаларнинг иллатини ўзлаштирган кишилардир. Улар, кўпинча, ёшликларида “ишқбоз”лик билан машғул бўлиб, кексайганда ўз гуноҳларини ювиш учун ҳаётдаги ҳар бир янгиликка, маърифат ва тараққиётга қарши оёқ тираб туриб олувчи олчоқ, юзсиз кишилардир. Исмоилбек мусулмонларнинг бундай хилини рус мусулмонлари орасида ҳам, араблар, турклар орасида ҳам жуда кўп кўрди... Маърифатни тил эмас, билим беради. Рус мусулмонларининг ҳаётини рус тили эмас, энг осон, энг таъсирчан воситалар билан ўзлаштириладиган илм-фангина ўзгартириши мумкин. Ва бунда асосий восита, Исмоилбек фикрича, анъанавий мактаб, мадраса бўлмоғи керак. Бошланғич мактаб ҳар бир мусулмон жамоасида бор. Мадраса ҳам етарлик. Эътибори ҳали ҳам баланд. Замонлар бўлганки, мусулмонлар ўз мадрааларида илми ҳандаса каби ўнлаб зарурий фанларни ўрганганлар. Уларда жаҳоний олимлар мударрислик қилганлар. Уларнинг тор, икки қаватлик ҳужралари илм-фан оламининг қанчадан-қанча кашфиётларига гувоҳ бўлган.
Қани ўша мадрасалар?
Мадрасалар бор. Илгариги фан, ғайрат, энг муҳими рағбат йўқ. Бунинг сабаблари кўп, албатта. Шулардан бири анъанавий мактаб-мадрасаларнинг иқтисодий заминдан узилганлиги-чор ҳукумати томонидан вақф ерларининг олиб қўйилганлигидир. Хуллас, ҳозирги мадрасалар илмхона эмас, қорихона. Мақсад ҳам, усул ҳам қорилик, кўр қорилик. Унинг зах ҳужраларида 15-20 йилда олинадиган билимни замонавий ўқув юртларида 3-4 йилда эгаллаш мумкин. Инсоннинг умри шу қадар қадрсизми? Дарвоқеъ, мадарасаларнинг ночор савияси ҳақидаги кескин гапни 30 йил бурун Шиҳобиддин Маржоний айтган эди. “Таржимон”ни чиқаришга 4 йил деганда зўр-базўр рухсат олиб, унинг дастур-йўналиши хусусида шаҳарма-шаҳар кезиб, суҳбат ўтказиб юрганида унга самимий қўл узатганлардан, чин дилдан қўллаб-қувватлаганлардан бири ҳам мана шу машҳур тарихчи бўлди.
Мадрасаларни янгилаш керак.
Агар руслар ўз мусулмонлари учун даврида илм-фаннинг қанчадан-қанча яловбардорларини етказган шонли мадрасаларини рус заминида қайта тиклаганларида эди, ватан ва инсоният олдида буюк хизмат қилган бўлур эдилар: Аслида буни қилиш у қадар қийин эмас. Бутунроссия бўйича 9-10 мадраса, масалан, Қозон, Уфа, Оренбург, Астрахан, Тошкент, Самарқанд, Баку, Нуха, Боқчасарой каби мусулмон марказларида ислоҳ қилинса, кифоя. Уларни янгилаш, моҳиятан, бу мадрасага табиий фанларнинг маҳаллий тилдаги қисқа курсларини киритиш, тарбия асослари ва мухтасар рус қонунчилигини ўқитишдир. Муаллимларни университетларнинг факультетларини, Лазарев шарқ тиллари институтини тугатганлар орасидан танлаб олиш мумкин. Бундай ислоҳот ҳар бир мадрасага кўпи билан 7-8 минг сўмга тушар. Борингки, ҳар йили ўнта мадрасага юз минг сўм кетсин. Буни ҳеч бўлмаса, мусулмонларимиздан иона тўплаб ҳам йиғиш мумкин. Бу ишлар амалга ошгудай бўлса, 10-15 йил ичида маорифимизни тубдан ўзгартиш, қайта қуриб олиш мумкин бўлур эди. “Мусулмонларга Русияни, унинг ҳаётини ва қонунларини ўрганмоққа имкон беринг, уларга тор дунёқарашларини янгилашга, жонлантирувчи билимга эга бўлишга имкон беринг. Улар учун янги ғояларга ва принципларга киришиш жараёнини енгиллаштиринг, ва сиз, ухлаб келаётган оғирбош, мудроқ мусулмон бандасининг нақадар тез жонланиб, ўзлигини инкишоф этиб, рус тафаккури ва ҳаётига тез аралашиб кетишини кўрасиз. Бунинг учун кўп нарса керак эмас. Лекин унга фақат тўғрилик, софдиллик билангина, мусулмонларнинг ўз тилларига, ўқитув воситаларига мурожаат этув йўли билангина эришиш мумкин”. Шундай қилингудек бўлса, рус тили ва фанига путур етадими? Ватан маърифати, умуминсоний маданият ютмайдими? Қанчадан-қанча англашилмовчиликларнинг, бахтсизликларнинг олди олинмайдими? “Эҳтимол, рус мужиги ҳам ҳеч нарса ўқимайди, ҳеч бало билмайди, яшаяпти-ку!” деб менга эътироз билдиришлари мумкин,-ёзади Гаспринский. -Биринчидан, у жуда ёмон яшайди, ҳеч нарса ўқимаганлиги учун бошида минг бир бало; иккинчидан, нима бўлганида ҳам, биргина келиб чиқишининг ўзи, тарихий анъаналари уни рус ҳаётига, тартибларига турмуш ва қарашлари тамом бошқача мусулмонга қараганда яқин қилиб қўяди”. Бу китоб босилиб чиқиши билан великорус шовинистларининг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Айниқса, мусулмонларнинг мактаб-маорифини миллий асосларда қуришлари лозимлиги-миллий мактаб ҳақидаги фикрлар ёқмади. Буни у биларди. Москвада Милютин гимназиясида ўқиб юрган пайтлари ўриспарастлиги билан донг қозонган М.Н.Катков билан бу масалада кўп тўқнашган эди. Унинг муҳаррирлигида чиққан “Московские ведомости” газетаси билан “Руссий вестник” журналини мунтазам ўқиб борар эди. Унинг нуқтаи назари Тошкентда Н.Остроумов ва М.Муропиев, Қозонда Н.Ильминский билан айни бир хилда эканлигини яхши биларди. Н. Ильминский турк-татар халқининг мактаб-маорифига даҳлдор ҳар бир илгари силжишни рус халқига қарши ҳаракат деб билади. Синоднинг обер-прокурори К.П.Победоносцевга ёзган бир хатида очиқдан-очиқ “Русиядаги мусулмон халқларига биронта ҳам ижтимоий сиёсий ҳуқуқ бермаслик керак”, дейди. Дарвоқеъ, туркий халқлар алфавити билан кўпдан шуғулланиб келаётган турк профессори А.Эржиласин Гаспринский анжуманидаги 1991 маърузасида ғлати бир фактни келтирган эди. Маълум бўлишича, Н.Ильминсикий 1876 йилда туркий халқларга рус алфавитини жорий қилиш таклифи билан чиққан экан. Унинг фикрича, ҳар бир турк қавмининг ўз тилига ва алфавитига эга бўлишига эришиш лозим. Шунда уларни ажратиш осон кечади. Бу ғоя инқилобдан сўнг режали, босқичма-босқич амалга оширилди. “Йилдиз” журналининг 1989-1991 йил сонларида эълон қилинган С.Гафаров монографиясида ҳам бу ҳақда қизиқарли материаллар келтирилган. Исмоилбек Русия қоидаларини синчиклаб ўрганди. 1882 йилда “Солномаи туркий”, “Миръоти жадид” номларида 2 рисола эълон қилди. “Рус мусулмонлиги” асарида кўтариб чиққан масалаларни амалга оширишни матбуотдан бошлади.
«Таржимон» зарурати
Вазиятни ўзгартириш учун уни олдин англатиш керак. Бунинг учун эса минбар зарур. “Таржимон” мана шундай зарурат туфайли юзага келди: “Бир бечора фақирни кўрсак, ачинамиз. Ўлаётган бечорани кўрсак, юрагимиз изтиробдан оғрийди. Ҳатто бир ҳайвоннинг қийналиши раҳмимизни келтиради. Лекин бир эмас, минглаб кишиларнинг, бутун бир халқнинг жаҳолатдан мислсиз қийналаётганини кўрмаймиз....” Газетанинг дастлабки сонларидан бирида шундай сўзлар бор эди. Бу жасоратли садо ўша пайтлари жуда ҳам зарур эди. Руслаштириш авжида. Итил-Волга бўйидаги татарлар орасидан бирор мансабдор у ёқда турсин, мачитга имом ҳам миссионер. Н.Ильминский рухсатисиз сайланмайди. Мактаб-мадраса китоблари-ку бирма-бир қўлдан ўтади. Туркистонда-Остроумов тўра. Кавказнинг ҳам ўз тўралари бор, албатта. Бу тўралар ўз миллатларидан бошқасини миллат деб ҳисобламайдилар. Н.Ильминскийнинг кейинги чиранишларини қаранг. У очиқдан-очиқ Русияда ҳеч қандай турк-татар халқи йўқ, унда-бунда тўп-тўп қабилалари учраб, қолади, уларни ҳеч бир миллатга мансуб деб бўлмайди, деб чиқди. Обер-прокурор К.П.Победоносцевга, “Таржимон” мусулмон ғояларини Европа маорифи билан безамоқчи, Русиядаги турли қабилалар, хилма-хил тилли миллион-миллион мусулмонларни бир миллат қилиб бирлаштирмоқда, Русиядаги барча мусулмонлар учун умумий туркий тил асосида ягона бир тил ясамоқчи, деб шикоят қилди. Гаспринский 1905 йилда ўз газетасида “Зўрлик билан руслаштириш назарияси” (23-сон) деган мақола бостирган эди. Бу мақолада унинг фикри қатъий. Рус халқи билан рус ҳукуматини бир-биридан фарқлаш керак. Рус халқи бизни ҳеч қачон “ғайрижинс” санамайди. Буни рус “папазлари”, чор маъмурлари тўқиб чиқарган... Шунингдек, таъсир ҳақида ҳам гапирилгудек бўлса, бир томонлама эмас, ўзаро таъсир ҳақида сўзламоқ керак. Агар ҳозирда ҳаётимизга, фикрларимизга рус таъсири бўлаётган бўлса, ўтмишда Русия биздан кўп нарса олди... Умуман олганда эса, ҳар бир халқдаги сингари русларда ҳам талай фазилатлар бор. Масалан, “рус кишиси ўзининг ҳар нарсани, ҳар хил кишини бирлаштиришдаги сабри-чидами билан кучли ва улуғ”. Лекин ҳар бир миллат ўз йўли билан тараққий топмоғи керак. Бу хусусда баҳсга ўрин йўқ. Миллатнинг ўзлигини кўрсатадиган хусусиятларидан бири тил ва маорифдир. Бу иккиси бўлмаса, миллат мустақил бўла олмайди. Гаспринский 1905 йилда ёзган мақолаларидан бирида миллатнинг асоси иккита: тавҳиди тил (тил бирлиги) ва тавҳиди дин (дин бирлиги) деган эди. Дарҳақиқат, тилнинг ўрни беқиёс: “Инсоннинг оти бўлмаса, ўзи ҳам йўқ демакдир, шунингдек тили бўлмаган инсон ҳам соқовдир”. “Тил бирлиги масаласи бизим ҳаётимизда ҳаёт-мамот масаласидир, ва биз бу масалада бир қадам ҳам орқага чекинмаймиз,-ёзади И.Гаспринский 1906 йил 18 декабрда. Биз учун орқага чекинмоққа йўл йўқ. Яшасин миллат! “Тил бирлиги!”, “муштарак тил ва адабиёт” зарурлиги мутлақо аён бўлди. Русиядаги турк-татарлар ўз учрашувларида, мажлисларида умумий туркий тилда сўйлашаяжаклар, ҳужжатлар, ёзишмалар умумий тилда олиб борилажак. Бу йил адабиётчилардан, ёзувчи ва публицистлардан ўндан тўққизи умумий туркий тилда сўзлашиб, ёзиб келди.Бу йил жойларда йигирмадан ортиқ янги газета пайдо бўлишига қарамасдан, “Таржимон”нинг обуначилари сони камаймади. Баъзи жойларда ҳатто ортди. Бу умумий тил бирлигининг натижасидир.
“Таржимон” умумий бир миллий газетадир. Унинг тили ҳам умумий бир миллий тилдир. Яшасин миллат! ғам яшар, чунки у тилда ва фикрда бирликнинг зарурлигини англади. Тил бирлиги эса адабиёт бирлигидир. Бу эса ўз навбатида меҳнат ва ҳаракат бирлигининг асоси ўлароқ миллатнинг озодлигини таъмин этажакдир”. Тил миллатнинг жонли, ҳаракатдаги тарихидир. Унинг кечмиши ҳам, ҳозири ҳам тилда ифода этади. Миллатнинг барҳаётлигига энг муҳим гувоҳ тилдир. Тил миллат учун ҳаёт-мамот масаласидир. Гаспринский ўз мақолаларидан бирини “Тил масаласи-энг муҳим масала” деб номлаган эди. Туркий халқларнинг муштарак тили ҳақидаги гаплар 1905 йил воқеларидан кейин, оқ подшо ён беришга мажбур бўлгач, эркинроқ айтила бошланди. Ҳатто айрим ишлар ҳам қилинди. 1906 йил Гаспринский айтганидек, “тил йили” бўлди. Жумладан, 1906 йил Нижний Новгородда Русия мусулмонларининг 600-700 вакили иштирок этган йиғилишида умумий адабий тил масаласи ўртага қўйилди. Уни аста-секин шакллантириш ва амалиётга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу қарор ўша муштарак адабий тилда алоҳида рисола бўлиб босилиб ҳам чиқди Ниҳоят, 1907 йилда Русия давлат маориф инспекцияси мамлакатдаги мусулмонларнинг ўз она тилларида ўқув-ёзувни олиб боришлари мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ бу махсус қарор мусулмон болаларини ўз она тилида ўқитишни фақат ерли шевасида олиб бориш зарурлигини ўқдирди. Гаспринский шундан чўчиган эди. У бу қарорни мутлақо нотўғри, ҳатто жиноят деб ҳисоблади: “Маориф инспекциясининг бу ишини биз бутунлай хато деб биламиз, чунки халқнинг она тили бу миллатнинг адабий тилидир. Агар бизим қадимий адабий тилимизнинг бир ҳалқаси Алишер Навоий тили бўлса, турли шевалардан таркиб топган янги замонавий тилимиз унинг иккинчи ҳалқасидир”. “Таржимон”нинг 1908 йил 13-сонида босилган “Тил ва маъсулият” мақоласида яна шу масалага қайтиб, ўз фикрини атрофлича асослайди. Чиндан ҳам Русиянинг турли жойларида истиқомат қилувчи туркий халқларнинг тиллари, тўғрироғи, шевалари бир-биридан фарқ қилади. Хўш, бу фарқ русларда йўқми? Вятка мужикларининг тили Ярославль ҳунармандлариникидан, Тулалиларники Курск, Смоленск ерлилариникидан қанчалик фарқ қилади! Араблар-чи? Гоҳо улар орасидаги фарқлар бир-бирларини тушунмаслик даражасига боради-ку? Нима учун Ломоносов, Жуковский, Пушкин, Тургенев каби адиблар, мутафаккирлар ягона адабий тил учун умр бўйи курашдилар?! Нима учун арабнинг кўзга кўринган олим-фозили бор-ки, тил бирлигини тилдан қўймайди?! Немислар нега умумий тил устида бу қадар жон куйдирадилар?!
Тўғри, ягона адабий тил миллий адабиёт билан бирга майдонга келади. Лекин уни шакллантириш учун биргина адабиёт аҳлининг эмас, бутун миллатнинг биринчи навбатда, зиёлиларнинг ғайрат ва рағбати керак. Бу ерда ҳам ишни маорифдан бошламоқ зарур. Боланинг илк саводи майли, шевада чиқсин, лекин иккинчи-учинчи йилданоқ ўқишлар умумий ягона тилда кетмоғи лозим. Бу дегани дунёнинг ташвишларини кўзда тутган, лекин ўз она тилимизда, миллий руҳимизда бўлган ўрта ва олий мактаблар илмий, маданий муассасалар, турли-туман мутахассислар, хуллас, нимаики миллатнинг иқтисодий, сиёсий ва миллий мустақиллигини таъмин этадиган бўлса, ҳаммаси керак. Буларсиз миллат озод бўла олмайди. Хўш, бизга ҳозир она тилида ўрта ва олий мактаблар очишга рухсат берилса, биз бунга тайёрмизми, деган авол қўяди Исмоилбек Гаспринский ва “йўқ!” деб жавоб беради. Демак, биринчи вазифа, ёш, тараққийпарвар миллий зиёлилар тайёрламоқ, замин ҳозирламоқдир. Уни ҳеч ким қилиб бермайди. ўзимиз қилишимиз керак: “Бугундан бошлаб умумий тил устида кураша бошламоқ, мактаблар, учун дарсликлар, ўқув китоблари, луҳатлар тайёрламоқ керак”, -деб ёзади Гаспринский “Таржимон”нинг 1907 йил 42-сонида босилган “Дўстларимга” номли мактубида. Буларнинг ҳаммасини боши миллий онг, хусусан, миллий маориф бўлади. Мамлакатимизда сонига кўра нисбатан озчиликни ташкил этувчи армани, гуржи, латишларни қаранг, қанчалар илгарилаб кетдилар. Финляндия ва Польша мустақилликни олишгача етди. Иқтисоди ҳам жойида. Керакли нарсаси бор. Ҳаммаси миллий онгдан, миллий тил, адабиётдан. У ўша 80-йилларнинг бошида Боқчасаройда қизлар учун махсус мактаб очган, уларнинг ҳаётини ёритувчи “Хотинлар дунёси” номли журнал чиқарган эди. Буюк маърифатчи инсониятнинг ярмини ташкил этган хотин-қизларга, биринчи навбатда, асрлар бўйи ичкарида келган мусулмон аёллар турмушини илм-фан билан ёритиш йўлида жуда катта иш олиб борди. “Миллатнинг икки асоси бор: тил бирлиги, дин бирлиги. Миллатнинг ўзлигини йўқотиш учун шуларнинг биттаси бузилиши кифоя”, дейди Гаспринский. У Волгабўйи матбуотидан айрим жумлаларни мисол қилиб келтирган эди: “Уч вороной от жеккан тройка шипко келедир”. Бу жумла қандай тилда бўлса бордир, лекин турк-татар тилида эмас”-деб изоҳ берган эди Исмоилбек.
Дарҳақиқат, миллатларнинг ўзини таниши, ўзини англаши, ўз ақлича, ўз эркича, ўз феълича, ўз урфича яшашга уриниши миллатчилик эмас, бу табиий ҳол. Аксинча, шуларни писанд этмаслик-миллатчилик. Биз нима учун тарих иккига бўлиб ташлаган Вьетнамни, Яманни бир давлат бўлиб бирлашишини олқишладик? Нима учун икки Германиянинг бир бўлишига хайрихоҳлик билдирдик? Нима учун Солженициннинг рус, малорус, белорус миллатларининг ягона давлати бўлиши лозимлиги ҳақидаги фикрларини табиий қабул қилдик? Меҳмет Сарой айтганидек, “Туркларнинг асли бир. Лекин замон ва макон ихтилофлари улар орасида тафовутлар, шевалар пайдо қилди”. Уларни бир-бирига танитмоқ, ягона ва умумий тарихни англатмоқ фақат миллий эмас, инсоний бурч ҳамдир. Бу гапни Исмоилбек 1907 йилги мусулмонларнинг жаҳон конгрессида изтироб билан айтган эди. Агар шуни амалга оширмасак, миллатнинг юзига қарашга ҳаққимиз йўқ, деган эди. Иккинчидан, ҳар бир миллат ўзлигини қадрлай билиши керак. ўзлиги билан ғурурлана олиши, ифтихор эта билиши лозим. Шундагина у тенглар аро тенг бўла олади. Шундагина у “ҳаво” ва “ғизо” олади. Мамлакатимизда кечаётган бугунги жараёнлар бунга далил. Исмоилбек феноменининг энг муҳим нуқталаридан бирини, шубҳасиз, ҳар бир миллатнинг маориф маданиятини миллий заминда олиб бориш, миллий тил учун кураш ташкил қилган эди. Биз ҳозир мана юз йилдан сўнг мана шу ҳақиқат билан, мана шу зарурат билан юзма-юз келиб турибмиз. У туркий халқлар учун ягона тил, имло масаласини қизғин ҳимоя қилиб чиққан эди. Тил бирлиги ҳақидаги фикри, эҳтимол, эҳтимолдан бироз узоқлашгандир. ўтган вақт ўз таҳририни киритгандир. Бироқ ягона ёзув масаласи,ўйлаймизки, у қадар эскирган эмас.
Келажак ҳақида ўйлар
1885 йилда Истанбулдаги Абузиё матбаасида Исмоилбек Гаспралининг “Оврупо маданиятига бир бетарафона назар” деган кичкина рисоласи босилиб чиқди. Европа ўз тараққиётининг ҳадди аълосида турган, Европа турмуш тарзи дунёнинг барча мамлакатларига ўрнак ва тимсол тутилган бир пайтда Русиядай қолоқ бир юртнинг қайси бир бурчагидаги бир мусулмон дунёнинг тараққийпарвар аҳли орасидаги ҳукмрон нуқтаи назарга эътироз билдирди. Фан ва техникаси билан дунёни ҳайратга солган капиталистик Европани ҳам, жаннат ваъда этувчи социалистик Европани ҳам рад этди. Ҳар иккисида ҳам ахлоқсизлик кўрди. Бугунги Европа маданияти қадим Рим цивилизацияси асосида майдонга келгандир. Қадим Рим салтанати эса маънавий ахлоқий чириганлиги учун барбод бўлгандир. Бинобарин, “Румолилар асир этлари билан ҳовузларда боқилган балиқларга тўймасдан қандай қулаган бўлсалар, уларнинг фарзандлари бўлган овруполилар ҳам бутун дунёнинг меваларига тўймайдилар”,-деб ёзади Гаспрали. Қадим Рим салтанати деганда бугунги ўқувчининг кўз ўнгига,биринчи навбатда, бир тўда тўраларнинг кўнглини очиш учун ўлим билан курашга чиққан гладиаторлар, машҳур Спартак келади. XIX аср эса Европа колониализмининг гуллаган даври эди. Китоб чоп этилган 80-йилларда оқподшонинг севимли генерали Скоблев олис Хуросоннинг Кўктепа қалъасини қонга ботириб, Марви шоҳжаҳонни ишғол этган эди. Румолиларнинг XIX асрдаги фарзандларининг бутун дунёнинг меваларига тўймасликлари шундан. Муаллиф фикрича, янги-XIX аср Европа маданияти билан қадим Рим маданияти моҳиятан бир хил. Қуроллар, усуллар, ўрнаклар ўзгарган холос, натижа ва самара эскича. Рисолада асосий эътибор “янги дунё” маданиятининг маънавий-ахлоқий жиҳатларига қаратилади. Ворисийликка, оталар ва болалар масаласига тўхталади. Болаларнинг (социалистларнинг) ўз оталари (капиталистларни) рад этишларида катта маъно кўради. Айни пайтда болаларнинг адолат ҳақидаги тушунча ва фикрлари адолатсизликлар билан тўла эканлигини очиб ташлайди. Унингча олдинги ҳар икки маданиятнинг асосий нуқсони шундаки, уларда ҳаққоният йўқ. Исломдаги ҳаққоният йўқ. Ҳаққоният дегани нима? Авлоний буни шундай тушунтиради:
“Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур...” Гаспрали барча инсонларнинг ўзаро муносабатлари бир асосга - фойда асосига қурилганини таъкидлайди, лекин ишлаб чиқариш воситаларини киши фаолиятини назорат қилувчи ушр (ўндан бир миқдордаги йиллик экин солиғи), закот (қирқдан бир миқдордаги йиллик мулк солиғи) кабиларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги фавқулодда назоратчилик ролини уқдиради. Шулар Оврупонинг ҳуқуқ ва ахлоқига асос қилиб олинганида социалистик фикрларга имкон қолмаслигини айтади. Шу тариқа Европа илм-фан ислом ахлоқининг ҳамкорлигида майдонга келадиган янги умуминсоний маданият масаласини кўтаради. Хўш, ислом маданияти қандай маданият? У нимани кўзда тутади? Оврупо маданияти шарҳидан кейин бунинг изоҳига ҳам зарурат туғилган кўринади. Ҳар ҳолда Исмоилбекнинг шу номда бир китоби пайдо бўлди ва қисқа муддатда 2 марта чоп этилди. Маданият, унингча кишиларнинг турмуши, иш фаолияти, касб-ҳунарга муносабати билан белгиланади ва уларни тахминан 3 га бўлиш мумкин:
1. Нутқсиз ҳайвон даражасинда ўлуб оиладан, никоҳдан, уй-жойдан, саноатдан, зироатдан мутлақо хабарсиз бўлиб, ярим ёввойи ҳолда тоғларда маймунлар каби умр кечириб ва баъзи балиқ ва ов ила ғизоланурлар. 2.Саноатдан, тижоратдан, иморатсозликдан, ҳунардан бебаҳра бўлсалар ҳам оила ташкил этиб, фазоили никоҳдан хабардор бўлиб жинс-жинс қўшилишиб қирларда бугун бунда, эрта унда кўчиб юрадилар ва емишлари боққан моллари билан. 3. Саноат, зироат тижорат билан машғул бўлиб, ҳам оила, ҳам жамият, ҳам давлат ташкил этиш даражасига етишиб ҳунар, фунун, ҳуқуқ, улум ва ахлоқ ошноси бўлгандирларки, улар овулларда, шаҳарларда истиқомат этиб, низом асосида осойишталикда, омонликда, минг хил иш-куч, саноат, ҳунар, касб ва тижорат билан дунёда роҳатда яшаб келадилар.
Улардан биринчиси, шубҳасиз “ваҳший”, учинчиси “маданий”дир. Маданият халқ ёхуд миллатнинг осойиш ва омонлигига, тирикчигига мутаносиб бўлади. У ҳеч қачон ёлғиз бир миллатга ёхуд мамлакатга тегишли бўлиб қилмайди. Турли сабаб ва шароитга кўра бирида озроқ, иккинчисида кўпроқ ёхуд бунда бир, иккинчисида бошқа жиҳати нисбатан фарқли ривожланиши мумкин. Бир вақтлар Оврупо ундан бебаҳра қолган эди, ҳозирда унинг Осиёдан ўсиб кетганлиги ҳаммага аён. Заминида Оврупо кийим нималигини билмай, мол терисига ўралиб юрган пайтларда. Осиё пахта-ипак матоларини танлаб киярди. Ҳозирда Осиёли от-эшак, қайиқ билан ўн кунда юрадигдан йўлни Европа темир йўл ё пароходда бир кунда босиб ўтади. Бу маданият даражасининг самараси. Айни пайтда у бутун инсониятникидир. Кимки бу йўлда хизмат қилса, инсониятга хизмат қилган бўлади. Шу жиҳатдан, мусулмон олами инсониятга нима берди? Умуман, унинг хизмати борми? Исмоилбек шундай савол қўяди ва “Ҳам бордир, ҳам кўпдур” деб жавоб беради. Шундан сўнг 2 муҳим масалага аниқлик киритади.
1. Ислом маданиятининг биргина араб маданиятидан иборат эмаслиги. Оврупода кенг тарқалган бу фикрни муаллиф янглиш ҳисоблайди. Дарҳақиқат у ҳолда француз, инглиз, немис зиёлилари бунёд этган илм-фанни “лотин маданияти дейиш керак , чунки улар шу тилда ёзилган. Ундай демаймиз ва тўғри қиламиз. Ислом маданиятини ҳам ёлғиз араблар яратмадилар. Унда турк, форс, ҳинд ва бошқа қавмларнинг ҳам улуши бор.
2. Ислом маданиятининг антик ва ҳозирги Оврупо маданияти билан ўзаро муносабати масаласи. Инсониятнинг энг қадим маданияти, шубҳасиз, Миср ва Юнон маданиятидир. Ҳозирги баравж маданияти эса, Оврупо маданияти бўлиб турибди. Хўш, ислом маданиятининг ўрни қаерда? Оврупо олимларининг кўпчилиги бугунги Оврупо маданияти қадим Миср-Юнон маданиятининг бевосита давомчиси дейдилар. “Ва лекин бу иддаолари янглишдир ва хатодир,-деб ёзади Исмоилбек.-Чунки Юнон маданияти охири ила Оврупо маданияти бошина қадар кечмиш минг йил олам маданиятсизми қолди? Оврупо маданиятни тўғри Юнондан олган бўлса, нима учун минг йил уни олмасдан кутиб ўтирди? Муаллифнинг атрофлича асослашича, юнон маданияти Овруподан олдин ислом дунёсига ёйилган ва мусулмонлар уни тараққий қилдириб, нуқсонларини озайтириб, Оврупога топширдилар. Аристотель, Платон каби ўнлаб машҳур юнон олимлари асарларини Оврупога танитганлар мусулмонлар бўлади. Буни арб олимлари орасида эътироф этгувчилар йўқ эмас. Америкалик Драбер “Оврупо ақлий тараққиёти тарихи” китобида “Оврупонинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир” деб ёзган. Ояти карима ва пайғамбаримиз ҳадислари, саҳобалар эътирофи исломият маданиятнинг асоси ва манбаи эканлигига далил эмасми? Дарҳақиқат, “Қуръони карим”да “илм” сўзи 751 ўринда учрар экан...
Ислом оламидан узоқ юнон маданияти мусулмонлар ҳаётига қандай кириб келди?
Бу VIII асрдан Аббосий халифа Абу Жаъфар Абдуллоҳ Ал-Мансур замонидан бошланган. Илм-фанни севган бу халифа ҳинд олимларидан илми нужум ва ҳайъатни ўрганган. Юнонларда бу фанларнинг тараққий топганлигини англаб, таржима қилишни йўлга қўйган эди. Воқеа бундай бўлган эди: Аббосийлар замонида христианлар орасида “несторий”лар деган бир гуруҳ пайдо бўлади. Булар 431 йилда Эфес ибодатхонасида дунёвий қарашлари учун сазойи қилиниб, юртдан бадарға қилинган патриарх Несторнинг издошлари эдилар. Улар Эрон, Ўрта Осиё, Арабистон шаҳарларида дарбадар юрар эдилар. Абу Жаъфар буларни тўплаб, ҳимоясига олиб, таржима ишларини бошлаб юборади. Қисқа муддатда Бағдод, Шом илму ҳикмат хазиналарига айланади. Бу борада Хорун Ар-Рашид, Маънун каби халифалар катта ҳиммат ва жасорат кўрсатадилар. Ниҳоят, булар ўз самарасини беради.
Исмоилбек ўз фикрларини далиллаш учун кўплаб мисоллар келтиради. Чунончи, механика илми даражасини кўрсатувчи шундай факт келтирилган. Хорун Ар-Рашид (763-809)нинг Франция ҳукмдори Буюк Карл (742-814)га юборган совғалари орасида занг чаладиган соат бўлиб, барча овруполиларни ҳайрат ва таажжубга солган. Абу Жаъфар юнон ҳукмдори билан иноқ эди. Афинадан беадад китоб олдирди. Маъмун даврида Птоломейнинг “Мажистий”и таржима қилинди. (Яҳё Ибн Холид Бармакий). Санад бин Али ва Холид бин Абдулмалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритдилар. Ер куррасининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилди. Сайёрамиз ҳаракатига доир 3 зиж тартиб қилинди. Аббос бин Саййид Жўшарий ибн Исҳоқ бин Касуф, Абдуллоҳ бин Саййид Ал-Фарғоний каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга доир қўплаб хатоларини аниқладилар ва қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думлик юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қилинди... Оврупо ҳандаса (геометрия) илмини Хуросонли Абулвафонинг ҳижрий 5-аср бошида тузилган “Аз-зижи Шомил” ва “Мажистий”сидан ўрганди. Исмоилбек фикрича, бугунги телескоплар ўша замонларда кашф этилса эди, ислом уламоси “балки Оврупо уламосина илми ҳайъатда ҳеч бир иш қолдурмаслар эди”. Афсуски, XI асрдан замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан, ғазнавийлар, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан, Чингиз истилоси, учинчи томондан, Қуддуси шариф учун бошаниб кетган “салиб юришлари” ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузиб юборди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполилар эса юз йиллик салиб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар.
Ислом маданиятининг ўчоқлари биргина Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанд эмас эди. Бундай марказлар Африка, Испанияда, қўйингки, ислом оламининг деярли барча нуқталарида бор эди ва ҳаммасида илм-фан ривож топди. Биргина Испания ва Африкада етишган ислом уламосининг кашфиётлари ва ёзган асарлари номларининг ўзи, Исмоилбек гувоҳлик беришича “йигирма жилд” бўлади. Муаллиф ислом маданиятининг мазмун ва кўлами ҳақида умумий маълумот бергач, “Улуми табиия”, “Қонун ва низом”, “Таърих”, ”Ҳикмат”, “Тиб”, “Адабиёт”, “Улуми риёзиййа”, “Фани жуғрофия” каби боблар очиб, тасниф этади. Ҳар соҳанинг энг машҳур намояндаларини тилга олади, асарларидан намуна келтиради, баҳолайди. Тасниф ва баҳо кўпинча Оврупо илм-фани билан таққослаб олиб борилади. Чунончи, табиий фанлар борасида сўз юритганда, бир қатор соҳаларда “хожа (муаллим)лари ўлан юнонийлардан кўб ўзуб кетган”ликларини, масалан, набототдан “юнон уламосина ҳеч маълум ўлмаян икки минг жинс наботот кашф ва тажруба этилгани”ни, Андалус подшоҳи 1-Абдураҳмон Қуртабо шаҳри ёнида улкан Ботаника боғи ташкил қилиб, дунё ўсимликларини тўпламоқ учун Осиё ва Африканинг ҳар томонига махсус кишилар юборганини қайд этади. Шунингдек, ўсимлик-гиёҳларнинг чангланишини аниқлаш, дори ва гиёҳларни шакарда қайнатиб сақлаш, дорихоналар очиш “ислом ҳукуматининг маърифатлари”дан экан. Исмоилбек ер илми зироат асбоблари борасидаги ўнлаб кашфиётлар мусулмон оламидан олинганлиги Овруполи олимларнинг ўзлари томонидан қайд этилганини айтади. Оврупода бу кунда мавжуд ўлан наботот (ўсимлик) ва ашжор (дарахт) ва чечакларинг кўписи Андалус мусулмонлариндан олинмишдир ва неча аср олдин ўрганилмишдир”, деб ёзади.
“Тиб” бобида Хорун-Ар-Рашиднинг табиби Яҳё бин Мискавейҳ тиббиётга доир 30 жилд китоб ёзгани ва уларнинг арабий, иброний тилдаги нусхалари овруполилар қўлига тушгани, Аббосийлар даврида етишган Абу Бакр Ар-Розий илк бор чечак ва қизамиқни эмлагани, икки юздан ортиқ китоб ёзгани, асарлари XVI асрда италян тилига таржима қилингани, ундан 50 йил сўнг Эронда яшаган Али бин Аббос юнонийларнинг тиббиётдаги кўплаб хатоларини кўрсатиб, 20 жилд китоб ёзгани, буюк Ибн Синонинг асарлари асрлар давомида арбда дастури амалда келаётгани каби маълумотлар келтирилади. Ислом олами илмда янги-янги йўналишларни бошлаб берди. “Қонун ва низом” бобида шариат, мазҳабларнинг жамиятдаги ўрни, Имоми аъзам Абу Ҳанифа, Имом Шофеъи, Имом Молик ва Имом Ханбалларнинг ислом маданияти тарихидаги хизматлари ҳақида гап кетади. “Таърих ёзмая мусулмонлар ҳар миллатдан зиёда хидмат этмишлар, десак жоиздир”,-деб бошланади “Таърих” боби. Котиб Чалабий (1609-1658) “Кашфуз-зуннун...”ида 1300 муаррих номини келтирган экан. Исмоилбек уларнинг энг машҳурлари Абулфараж, Бурҳониддин, Ибн Халдун, Масъудий кабилар ҳақида маълумот беради, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалардан ҳикоя қилади. Табиий фанлардан “ҳисоб”, “ҳандаса”, “жабр”ни қайта яратганликлари, «фани махоикия» (машинасиозлик), “фани абсор” (“оптика”)га буюк хизмат қилганликларини далиллайди. Шунингдек, Муҳаммад Бағдодийнинг ер сатҳини ўлчаш ва харитасини тузиш борасида махсус китоб ёзганини маълум қилади. Бугунги соатларимиздаги “соат” ва “дақиқа” тақсимхоналари мусулмонлар ҳунари бўлиб, ўрта асрларда Абул Ҳасан Мағрибийнинг китобида муфассал баён қилинган экан. Машҳур Умар Ҳайём ва Абдураҳмон Ал-Харожийнинг “Санайи жалолия” ном олган йил ҳисоби Оврупо Рум (Григорян) календаридан бир неча аср илгари ва аниқ тузилган. Жуғрофия-чи? Батлимус (Птоломей) “Жуғрофия”си Маъмун замонига келиб эскирди. Унинг амри билан махсус ҳайъат тузилиб мукаммал жуғрофия китоби-”Расм ал-арз” яратилди, олдингисига тузатишлар берилиб, хариталар илова этилди. Ва улар асрлар давомида Оврупода дастуриламал бўлдилар. Шоҳруҳ топшириғи билан Абдураззоқ Самарқандий Ҳиндистон ва Хитой жуғрофиясини ўрганди: Мирзо Улуғбек кўрсатмаси билан Али Қушчи ернинг кенглик даражасини, сатҳини ўлчашда жуда катта ютуқларни қўлга киритди. Денгиз карталари мусулмонлар ихтироидир. 1497 йилда денгиз сафарига чиқиб, кўплаб ороллар кашф этган Васко де Гаманинг арабча ёзилган бир денгиз харитасидан фойдаланганлиги маълум.
Исмоилбек айрим Оврупо олимларининг “турк халқлари зеҳну салоҳиятдан ноқис ва ожиз бўлганлигидан қора ва паст ишлардан бошқасига ярамайди” деган фикри билан баҳсга киришади. Идрок-истеъдоднинг, зеҳн ва ақлнинг бу халқда бошқалардан заррача ҳам кам эмаслигини, ахлоқ ва одобда, садоқат ва тўғриликда, ор-номус ҳимоясида сайёҳлар тилида келишини таъкидлаб кўрсатади ва ўз фикрларини “Бир халқ(н)инг ё бир қавм(н)инг ахлоқ касб этмаси истеъдоду ақлиясиндан туғар. Ноқис ақлдан мақбул ахлоқ ва адаб туғмас”,-деб ёзади. Сўнг мисолларга ўтади: “Олами исломиятда машҳур ва Оврупо Фарангистон уламосина маълум “муаллими соний”номини касб этмиш Абунаср Форобий ҳазратлари турк ўғли туркдирки, ҳам биринчи уламодан, ҳам биринчи ҳукамодандир. Али Ҳусайн Ибн Сино ҳазратлари Оврупода “Ави-Сена номи ила машҳур ўлан экан. Турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби филўсўф ила ифтихор эдар. Ибн Сино эса, ҳам табиби машҳур, ҳам филўсўфи нодир эди. Ибн Сино Арастунинг акси дагил эди ва лекин Арастунинг шогирди ўлмаюб ўзининг истеъдоди ақлия ва зеҳнияси ила Арастуя баробар келмишдир. Ибн Сино Бухоро мевасидир...” азнавийларинг ва темурийларинг саройлари уламо ва ҳукамо жамиятлари ила шарафландиги тарихларда ёзилмишдир...” Муаллиф “ҳисса” чиқаради:
“Ҳар миллат(н)инг ва халқ(н)инг буюклиги, зўрлиги “чўқлик” (“кўплик”), “мол ва касб”, “шижоат” ила ўлчанилур эса-да, энг шарафли мезон ва ўлчов “илм ва ҳунар”дирки, буларга эга миллат, халқ энг улуғ, энг буюк халқдир”. Сўнгги боб “Исломият ва маданият” деб номланган. Ундан мазкур рисола XIX аср ўрталарида кечган ислом ва илм-фан мавзуидаги баҳсга ўзига хос жавоб эканлиги маълум бўлади. Исмоилбек Оврупо матбуотида гоҳ-гоҳ кўзга ташланиб қоладиган «исломият маданиятга мутаносиб эмас” деган фикрнинг келиб чиқиш сабаблари устида тўхтаб, уни чала мулла дин пешволаримизнинг жаҳолатидан кўради. Ҳолбуки буни аниқлашнинг йўли жуда осон. 1. Диннинг асосини, қоидаларини ўқиб билмак. 2. Шу диндаги халқнинг ахволини ўрганмак. Ҳар икки жиҳатдан ҳам ушбу диннинг мукаммал бир маданият манбаи эканлиги маълум бўлади. “Қуръони азимуш-шон бир китобдирки, ҳар нуқтаси воситаи маданиятдир,-деб ёзади Исмоилбек. -Пайғамбаримизнинг ҳадислари ва ғайри аозим ислом(н)инг калимот ва ҳукмиёти бир қонуни ориллоҳ ва маданиятдур. Дунёда шариати муҳаммадия қадар ҳаққоният ва мусовот асоси узра таъсис ўлинмиш ҳеч бир мукаммал қонун йўқдир. Маданиятнинг бош ва аркони ўлан маориф, саъй ва амали иттиҳод, мусовот, ҳуррият, муҳаббати ватан каби авсофи мамдуҳа дини ислом(н)инг биринчи даражада амр ва тавсия этдиган аҳкоминдандир”. Яна бир далил: бошқа миллатлар ўз олимларини қамоқ ва зиндонларда чиритганида, мусулмон уламоларига юксак мартабалар берилиб, саройларда, шоҳ дастурхони атрофида умр кечирдилар. Муаллиф иккинчи масалага-мусулмонлар аҳволига тўхталар экан, арабларнинг “жоҳилият” деб ном олган исломгача бўлган тарихини мисол қилиб келтиради. Ислом бу қавмни тамом янгилади, миллат ҳолига келтирди. Улар юз йил ўтмай, Африка ўрталаридан Самарқандгача, Ҳиндистондан Франсиядаги Пириней тоғларигача чўзилган салтанатни майдонга келтирдилар. Қанчадан-қанча халқлар бу динни қабул қилиб, маданиятнинг катта кўчасига чиқиб олдилар. “Оврупо халқларининг ҳозирдаги ҳунар ва маданиятларина асос уламои ислом(н)инг самаройи саъйи ўлдиғини инкор этиб бўлмас”,-деб ёзади Исмоилбек ва бунинг далили сифатида бугунги илм-фан, шаҳар маданияти, деҳқончилик, боғдорчилик, экология кабиларнинг ҳаммаси ислом маданиятига бориб тақалишини кўрсатиб беради. Табиийки, ундаги бу ғоялар муайян билим ва идрокка суянган эди. Туркий халқларнинг ўтмиш маданиятини, руҳиятини теран англашдан, унинг кейинги асрларда тақдир тақозоси билан тушиб қолган тутқун ва турғун турмушини теран идрок этишдан, унга йўл излашдан келиб чиққан эди. Бу жиҳатдан Исмоилбекнинг “Туркистон уламоси” китоби муҳим.
“Туркистон уламоси”
1900 йилда Бокуда босилди. Муаллиф “Ноширдан бир сўз”да “Оврупода улум ва фунун бик оз мунташор ўлан бир замонда Туркистон қитъасинда ақлий ва нақлий илмлара чолишмоқда эмишлар”,-деб изоҳ берган. Гаспринский замондошларини кўҳна Туркистоннинг юздан ортиқ уламоси билан таништирар экан, уларни саҳни кенг гулшандан саралаб олинган бир даста гул сифатида тақдим этади, ўлканинг нодир истеъдодларга бениҳоя бойлигини таъкидлайди. Китоб ўн фаслга бўлинган. Дастлабки фаслда “Туркистонда етишан уламои машойих, муҳаққиқиндан баъзилари” ҳақида гап кетади. Фасл “шоҳ Нақшбанд”- машҳур Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд (1318-1389) билан бошланади. Муаллиф унинг тасаввуфга дахлдор “Далилул ошиқин” билан “Ҳаётнома”си «арбоби урфон”нинг ҳар доим назар-эътиборида келганлигини хабар қилади. Шайх Нажмиддин Кубронинг “618 санаи ҳижриясинда Чингиз аскари тарафинда шаҳид” этилганини маълум қилиб, асарларини шарҳлайди. Абдухолиқ иждувонийнинг ўнлаб машҳур мутасаввифларга мураббийлигига тўхталади. Гаспринский “жоруллоҳ” Замахшарийни, қонуншунос, илоҳиёт олими Абуллайс Самарқандийни (1075-1144), Навоийга дарс берган Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг аждодларидан, “Ахлоқи Муҳсиний”нинг муаллифи Ҳусайн Воиз Кошифийни (1440-1504) “Муфассири киром” (улуғ тафсирчилар) фаслига киритади. “Шуҳрати таъриф ва баёндин мустағни ўлан” Замахшарий ҳақида сўзлаб, “тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғат, баён, наҳв илмларинда замонининг энг биринчиси эди”,-деб ёзади. 20 дан ортиқ китобини санаб кўрсатади. Фақиҳи муҳаққиқ Абуллайсийнинг 7 китобини тилга олади. Ҳусайн Воизнинг 4 китобига тўхтайди. Буюк муҳаддислардан Имом Бухорийнинг 19, Муҳаммад бинни Исо Термизийнинг 6 асари ҳақида фикр юритади. Китобдаги фасллардан бири “улуми адабия” вакилларига бағишланган. Фасл фороблик Абунаср Исмоил бин Ал-Аҳмад Жавҳарий (в.1003) билан бошланади. Унинг “Тож-ул луғати ва саҳиҳ ал-арабияти” номли луғати келтирилган. Араб тилига оид бу китоб, чамаси, ўз даврида бениҳоя машҳур бўлган. Замахшарийнинг, бу тилни мукаммал эгаллагани учун, “жоруллоҳ” (оллоҳнинг қўшниси) лақабини олгани маълум эди. Муаллиф келтиришича, Жавҳарийнинг замондошлари ушбу китобни араб уламоси қўлига бериб, “Луғатингизни ажнабий бир одамдан ўрганингиз!”, деган гапи машҳур бўлиб кетган экан. (10-бет). Сарф, наҳв,маоний, адаб, мунозара, қофия фанларидан баҳс юритган “Мифтоҳул улум” («Илмлар калити»)нинг муаллифи хивалик Сирожиддин Юсуф Саккокий (в.1229), унинг ҳамшаҳари “Ҳадойиқус сеҳр»и билан шуҳрат қозонган Рашидиддин Ватвот (в.1188), “Ан-наҳж” («Усул»), “Наводир ал усул” («Усул жилолари») каби китоблар ёзган Абу Абдулло Термизий (Ҳаким Термизий) (в.816) каби ўндан ортиқ уламо ҳақида маълумот ушбу бобда келтирилган.
Навбатдаги фасл “соҳиби девон машоҳири шуаро” (девон тартиб этган машҳур шоирлар) ҳақида. Унда “Сайрул ибод”и билан илоҳиёт мавзуига янги йўналиш берган Санойи (в.1054)дан “девони мажор-венгр уламосинда мусъё Вамбери тарафиндан немис дилина даржима ўлинмиш” Махтумқулигача бор. Муаллиф аждодлари Кеш-Шаҳрисабздан бўлганликларини кўзда тутиб, Амир Хисрав Деҳлавийни ҳам киритган. Шунингдек, мақбараси Табризда бўлган, “илми ҳикмат ва шеърда машҳури замон” Зоҳир Фарёбий (в.1202), “қувваи хаёлияи шоирона”да беназир Шавкат Бухорий (1636 йилда Исфаҳонда вафот этган) каби умрининг сўнгги бошқа юртларда кечган қаламкашлар ҳам ўрин олган. Ахсикатлик шоир Асириддин Ахсикатий (в.1212)ни Анварий (Авҳадиддин Анварий, 1105-1187), Ҳоқоний каби “азим шуаро” қаторига қўяди. Сайфиддин Исфаранги деган шоирнинг шеърлари Улуғбек замонасида ғоят шуҳрат топганини маълум қилади: “Девони ашъори 12 минг байт жамъ ўлуб, аксарият Улуғбек мажлисинда қироат ўлинурди”, “Исфара Мавороуннаҳрда бир қасабадур”, деб изоҳ беради муаллиф. Паҳлавон Маҳмуд (Пурёйвали)нинг “Канзул ҳақойиқ“и, Лутфийнинг “мусаввада қолан” шеърий “Зафарнома”си ҳақида ҳам айрим қайдлар учрайди. Муаллиф Алишер Навоий ва унинг адабий муҳити ҳақида ҳам тўхталган. Хусусан, Навоий борасида “лақаби зуллисонайн ўлуб, ҳижратинг тўқузунчи асри авохиринда етишан чиғатой ва Ажам шуаросининг энг машҳурларидандур, бохусус, турк(н)инг “раис ал-шуароси” дея талқи ўлинадур. Илми хат, расм, мусиқи, наққошлиқ санъатларинданда воқиф эди...” (13-бет) деб ёзади. “Мавлоно Жомий ила муосир (асрдош) Лутфий”ни “форсий, бохусус туркий назмда сонийи Алишер” атайди. Султон Ҳусайн Бойқаронинг “қувваи табъи”ни таъкидлаб кўрсатади.
Фаслнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Ойшайи Самарқандий, Меҳри Нуржаҳонбегим, Лола хотун, Асимий, Иффатий ва Дўхтари Қошғарий-жаъми 7 “турк шоираси” ҳақидаги фикрлардир. Афсуски, улар ҳақдаги материаллар қайддан нарига ўтмаган. Лекин шунинг ўзи ҳам Туркистон адабий тарихини ўрганишда мутахассисларга туртки бериши, табиий. “Туркистонда етишган ҳукамо (ҳакимлар) ва атиббо (табиблар)” фасли Ибн Сино билан очилади. Гаспринский уни “доҳий” атайди. Лотинчага таржима қилинган “Қонун”и “Оврупо дорилфунунларинда тадрис ўлинурди” деб ёзади. Тил билимини юксак баҳолайди: “Ҳақи-ла воқиф ўлдиғи лисонлар: араби, форси, турки, юнони эди”. Фаслда II ном келтирилган. Булар машҳур Форобий, Хўжа Фахриддин бин Авҳадий Сабзаворий (1384-1463), Ҳаким Азрақий Марвий, Нажибиддин Самарқандий, Абу Язид Балхий, Абдураҳмон Ал-Марзуйи, Абу Иброҳим Гургоний(в.1137), “Ёдгори тиб”нинг муаллифи Шариф Шарафиддин, “маданияти исломиянинг энг буюк ходимлариндан “50 парча асари вор” Абул Аҳмад бин Табиб Сархуший (в.897) кабилардир. Алжабр асосчиси Ал-Хоразмий, Нилнинг сувини ўлчайдиган “миқёс ал жадид” асбобини яратган Аҳмад Фарғоний (в.861), Абурайҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, иёсиддин Жамшид - жамъи 12 киши “нужум, ҳайъат ва риёзия уламоси” сирасида берилган. Мазкур фаслдаги “Зижи Абу Маъшар”ни тузган, риёзиёт ва илми нужумга оид ўнлаб асарлар ёзган бу Абу Маъшар Балхий, Қозизода Румий китобига шарҳ ёзган ҳайъатшунос Муҳаммад Чағминий, ҳандасага доир китоблари билан шуҳрат қозонган Шамсиддин Самарқандий (в.1204), олтмиш қадамлик устурлоб ясаган Муҳаммад Хўжандий, Ой ҳақидаги кузатишлари европаликларни маҳлиё қилган, “Ал бадиъ” («Гўзал яратилиш») асарининг муаллифи Абул Ҳасан, Маъмун “байтул ҳикмаси” (академияси)нинг бир оғиздан эътироф этилган олими Абдулло бинни Суҳайл Ал-Фарғоний каби ҳаёт ва ижодлари нисбатан кам ёритилган олимлар ҳақида тўпланган маълумотлар, шубҳасиз, ўзининг аҳамиятини бугунги кунгача сақлаб келади. Муҳими шундаки, арб ва Шарқни баравар билган Гаспринский Туркистонлик ушбу олимлар ижоди Европада қандай ўрганилаётганлигига ҳам диққат қилади. Жумладан, Улуғбек “Зиж”ининг 1665 йилги Оксфорд нашри, Ал Хоразмий, Ибн Сино, Абу Маъшар асарларининг Европада кутиб олиниши, баҳоланишига оид маълумотлар келтиради.
“Туркистон уламоси»да “таърих ва жуғофия уламоси” ҳақида ҳам боб бор. Ўнта тарихчи киритилган. Буларнинг бир қисми таниш: Хондамир, Табарий, Ҳофизи Абрў, Абдураззоқ Самарқандий, Жамолиддин Абдулло Нишопурий (в.1512), Абу Саид Ал-Марвозий (в.1167), Мир Абдулкарим Бухорий (в.1830) номлари кўпчиликка у қадар маълум эмас. Гаспринский Жамолиддин Нишопурийни асли Мавороуннаҳрлик деб таништиради. “Равзатул аҳбоб” («Дўстлар боғи») номли китоби борлигини, “Китоби такмил ас-синоа” («Ажойиботга қўшимча») сини Навоий номига ёзганлигини, Абу Саид Ал-Марвозийнинг эса 28 жилд (шундан 10 жилди “Таърихи Марв”, 8 жилди “Таърихи ансоб”) асари борлигини, Мир Абдулкарим Бухорийнинг Туркистон ва Афғонистонга доир бир китоби 1876 йилда Парижда мусъё Шефр томонидан французчага таржима қилинганини бизга етказади. Гаспринский Туркистон уламоси ҳақида тўхталар экан, бир фаслини махсус фақиҳларга (диний ҳуқуқ олимларига) бағишлайди. XIX асрнинг охирида яшаган ва дунё кўрган зиёлиларнинг бирортаси ҳам Туркистоннинг ўша давр аҳволидан қаноат ҳосил қилмайди. Исмоилбек хонликлар салтанатининг сўнгги давр аҳволини шундай баён қилади: “Шоҳ Темур замонинда ҳар бири бир арслон ўлан туркистонийлар бу замонда таъсири зулм ва истибдод ила бирор сочсиз хотин, соқолли заифалар поясина кирмиш эди. Эски илм ва уламодан ҳам деярли асар қолмаган. Холис ва ҳалол (киши) қолмай, узун чопонларга, хилъатларга ўралган риёкор кўпайган эди. Золимлар йўлини тўсадиган шариат аҳли тугаб, золимларга фатво топиб бериб, 5-10 тилла-олтун учун сабоҳдан оқшома қадар “омин”, “омин” айтиб, миллатни хароб ва барбод этганлар саноқсиз эди. Қандай бахтсизликки, бир учи Садди Чинга, дигар учи Ўрта ер денгизига чиққан салтанат баҳодирларининг авлоди ёшликда баччалик, сўнг эса баччабозлик ҳаромликлари ичида умр кечирадирлар эди. Умаро ва вукалонинг аксари ё Эрон асирларидан, ё баччалик қилганлардан мансабга кўтарилар эди. Шижоат майдонида Темурларнинг, Шайбонийларнинг исми-шарифлари унутилгани каби илм майдонида Ибн Синолар, Форобийлар, маориф майдонида Али Қушчи, Улуғбеклар ёддан чиқиб, бутун Мавороуннаҳр бир хонақойи паришон ва диёри дарвешон ўлмиш эди. Илм, ҳилм, маориф иззат-нафс ва ҳайсият (ҳурмат-эътибор) риёкорликка айланган эди. Бу сўзлар балки аччиқ сўзлардир, лекин тўғри сўзлардир. Тарих ёзадиган муаррих мадҳия ёзадиган мирза эмас”. Мана шу “хонақойи паришон” ватанга, “дарвеш” ва “риёкор”лар миллатга айланмас экан, Туркистоннинг келажаги йўқдир. Бу биргина Туркистон эмас, бугун Русия мусулмонларига тегишли. Исмоилбек фикрича, аҳволни тузатмоқ учун уч нарса керак:1. Миллий фикр. 2. Миллий тил. 3. Миллий маориф. Миллий фикр, биринчи навбатда, миллат бирлиги фикридир. Тил ягона адабий тил масаласидир. Миллий маориф она тилдаги таълим-тарбияни йўлга қўйишдир. Фикр ва тилни матбуот тарбия қилади. Матбуот ходимларини етказувчи эса маорифдир. Демак ишни маорифдан бошлаш керак. “Таржимон” ҳам, “усули жадид” ҳам шу мақсадда дунёга келган эди.
“Инсонларни бир-биридан уч нарса узоқлаштиради: тил, масофа узоқлиги, дин бошқалиги,-деб ёзган эди Исмоилбек “Ҳаёт” газетасининг 1 йиллиги муносабати билан.-Бундан 25 сана муқаддам аҳволи миллиямизи мулоҳаза этарканман, заиф ақлим билан дардларимизга дармон излаб кўрдимки, динимиз бир бўлса-да, масофа ва тилсизлик бизни ажратар экан”. Фан-техника самаралари олисни яқин қилгач, узоқликнинг сабаби фақат тил туфайли эканлиги маълум бўлди. “Шу аснода давом этади Исмоилбек,- жумла “образованний” зиёли қардошларим каби мен ҳам туркча исмимни ёзишни билмас эдим...”. Йигирма беш санадан бери дедиким, ёздиғим, чалишдиғим будир: йўл очмоқ. Бошқа бир нарса эмас. Чунки қудратли, нажиб, умрли, чидамли ва жасоратли бўлган турк миллатининг пароканда бўлиб, Садди Чин (Хитой девори)дан Оқ денгиз (Ўрта ер денгизи)га қадар ёйилиб, нуфузсиз, товушсиз- қолиши тилсизлигидан, яъни “Лисони умумия”я эга бўлмаганидан майдонга келгандир. Бу эътиқод билан яшадим. Бу эътиқод билан мозорга киражакман”. Миллат ва унинг манфаатини ҳар нарсадан муқаддам ва муқаддас тутган Исмоилбек “Ҳаёт”га йўллаган табригини шундай тугатган эди:“... Лекин ягона шарти-унутма: ҳар на ёзажак эсанг, қаламни уч капиклик қора сиёҳга ботирма, юрагингга ботириб, қонинг билан ёз, сўзинг унар, виждонлара етар, акс ҳолда бесамар кетади”. 1893 йилда Туркистонга келади. Бухоро амири Абдулаҳадхон билан Қримда учрашган эди. Улар бир-бирларини билардилар. Исмоилбекга Ширвонлик Мажид анизода ҳамроҳлик қилади. Самарқандлилар “усули савтия” ғоясини яхши кутиб оладилар. Тезда “усули жадид” йўлга қўйилиб, иш бошланади. Исмоилбек Шаҳрисабзга, кетади. Мажид анизода 40 кун Самарқандда қолиб, “усули савтия”дан дарс беради. Исмоилбекнинг Туркистонга иккинчи сафари 1908 йилга тўғри келади. Сафар тафсилотлари “Бухорода на кўрдим?” сарлавҳаси остида “Таржимон”нинг ўша йил сонларида (47,50,57-59,64,78) босилган. Каспийдан “Генерал Скоблев” кемасида келиб, Красноводскдан поездга ўтаркан, Гўктепа урушини эслайди. Қалъа аҳолисининг “бутун Осиёга шуҳрат ва ибрат дея бола-чақаси баробар қиличдан кечурулуб, от оёғида топталгани”ни алам ва изтироб билан ёдга олади. Исмоилбекни Янги Бухоро (Когон) станциясида амир одамлари ва Русия сиёсий агентлиги таржимони Мирҳайдарбек кутиб оладилар. Амир уни Карманага таклиф этади. Зиёфат асносида Валиаҳд Саййид Олимхон билан учрашади. Валиаҳднинг Русия матбуотини мунтазам ўқиб боришини, дунё воқеаларидан хабардорлигини кўради. Самарқандга ўтади. “Усули жадид” мактаблари билан танишади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулқодир Шакурий билан узоқ суҳбатлар қуради. Гап тарих ва келажак, муқаддас обидалар ва уларнинг тақдири, рус истилочилик сиёсати ва ўзликни сақлаб қолиш ҳақида эди.
Қайтишда яни Бухорога тушади. Қушбеги Остонақулбек билан тўхтаб қолган янги мактабни юритишни гаплашади. Асосий тўсқинлик қозикалон томонидан эканлигини англаб, ҳузурига боради, ваъдасини олади. Бухородаги нўғойлар Исмоилбекни меҳмонга чақириб, “Жамияти хайрия”ларига фахрий аъзо қиладилар. Янги очилган бир мактабни унинг шарафига “Исмоилия” атамоқчи эканликларини айтадилар. Исмоилбек унамайди. Амир Абдулаҳадхоннинг марҳум падари ҳурматига “Музаффария” номлашни маслаҳат беради... Мактабларгина эмас, мадрасалар ҳам ислоҳ қилиниши керак. Иложи бўлса, янги замонавий олий ўқув юртлари-университетлар қурмоқ керак. Исмоилбек бу фикрга 1885 йилдаёқ келган эди. «Эй давлатлулар!- деб ёзган эди Бухоро ва Хива хонларига мурожаатида,- майдони сиёсатда мғлуб ўлуб, истиқлолни ғойиб этди. Бу замонда ғафлат эдилурса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб тушуб, сабаб ўланлари дунё турдиқча масъул тутажакдир... 1905 йил кириб келди. Май ойида Исмоилбек Қримдаги мусулмонларнинг турмушини янгилаш лойиҳасини тузиб бир гуруҳ зиёлилар вакили билан Петербургга боради. Идорама-идора юриб ўз фикри қарашларини ҳимоя қилади. У кўтарган энг муҳим масалалардан бири сўз ва матбуот эркинлиги эди. Иш қийин кечди. “Ҳуррият матбуот” низомини тайёрлаётган жаноб “Кубаку” мусулмонларга бундай эркинлик берилмаслигини айтди: “Зиёда мутаассиб” эмишлар...
Исмоилбек Петербургда худди шундай ташвишлар билан юрган Бокулик зиёлилар Алимардонбек Тўпчибошев ваа Аҳмадбек Оғаевлар билан учрашиб қолади. Русия мусулмонларининг ўзаро маслаҳатлашиб оладиган бир уюшмасини ташкил қилиш ва умумий мақсадни белгилаб, ҳамкорликда иш олиб бориш ғояси туғилади. Келишиб оладилар. Барча қийинчиликларни қарамай, 1905 йилнинг 15 аавгустида Москвада яширин равишда дарёда саёҳат қилиб юрган сайёхлар қиёфасида Русия мусулмонларининг I қурултойни ўтказадилар. Исмоилбек раислик қилади. Қурултой (“Шўройи уммат”) “Иттифоқи муслимин” жамиятини тузади. Жамиятнинг асосий вазифаси Русия мусулмонларининг “сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” деб белгиланади. Сиёсий партия мақомида эканлиги таъкидланади. Тантикаси бўйига эса, русларнинг энг маъқул фирқаси билан иттифоқда бўлиш маъқул топилади. Жойларда, шу жумладан. Туркистонда шуъбаларини очишга қарор қилинади, муваққат марказ (Боку) ҳақида келишиб олинади. Исмоилбек “Иттифоқи муслимин”нинг тузилишини “тарихи жадидимизнинг бош саҳифаси” деб баҳолаган эди. 1906 йилда ушбу “Шўройи уммат”нинг 2 қурултойи бўлиб ўтди. “Иттифоқи муслимин” Русиядаги барча мусулмонлар қаторида туркистонлиларнинг ҳам ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларинги ҳимоя қилишди. Хусусан, сўз матбуот, виждон эркинлигини таъмин этишда қўлидан келган барча ишни қилди. Бироқ чор ҳукумати мазкур жамиятнинг фаолиятига йўл бермади, қаттиқ таъқиб остига олди. Исмоилбек тўхтамади, миллатни уйғотишнинг янги-янги йўлларини излади. Ягона адабий тил масаласига диққатни қаратди. Унингча, адабий тил миллатнинг бирлигини ва борлигини таъмин этувчи қудратли воситадир. Замон ихтилофлари туфайли бир-биридан фарқланиб қолган шеваларга мустақилликни бермоқ миллатни ич-ичидан айрилмоқдир. Унинг оқибати ҳалокатдир. Шунинг учун ҳам у ўз мақолаларидан бирини “Жон ёки тил масаласи” (1908 йил 5-6 сонлар) деб номлаган эди. 1914 йилда буюк маърифатчи вафоти муносабати билан эълон қилинган кўпдан-кўп мақолалар орасида Фотиҳ Амирхоннинг бир хотираси бор. Ф.Амирхон унга “бир съезддаги хотира” деб изох беради. Чамаси, Ф.Амирхон инқилобий ғоялар билан қизиқиб юрган йиллар. Исмоилбекни синфлар ҳақидаги гапларга тортади.
“Ўғлим, Сиз ёшсиз, тажрибангиз йўқ, шу сабаб керагидан ортиқ катта иборалар истеъмол этасиз... сўз бошлайди Гаспринский.-Сизнинг каби қизув руҳли ёшларимиз миллатга хизмат этуб, анинг маданий даражасини ўсдурсалар, ул вақтда биз синфий ихтилофлар тўғрисинда сўзлашурмиз, фикр юритушурмиз. Маданияти йўқ бир миллатнинг саноати бўла олмас. Модомики, ул йўқ, ҳали синфий низоларға эрта. Бизнинг букунги вазифамиз ҳали маданий ўсувдан ва шунга йўл хозирловдангина иборат... Андин сўнгғисини биздан сўнгғилар қиларлар...” Миллат ва маданиятнинг бобоси оғзиндаги бу сўзлар ҳам ишончли, ҳам улуғ ёнгғрийлар эди”, - деб тугатади ўз хотирасини Фотиҳ Амирхон (“Онг” ж., 1914 й., 18-сон, 332-333 бетлар). Аслини олганда, у илмий социализм билан таниш эди. Лекин уни қабул қилмаган эди. Бунинг далили 1885 йилда Истамбулда эълон қилган “Оврупо маданиятига бир назар мувозана” рисоласи. Уни Россияда чоп этиш имкони бўлмади. Асарнинг асосий ғоясини Европада кезиб юрган шарпа-иштирокиюнчилик билан баҳс ташкил этган эди. Сўнгроқ 1905 йил шарофати билан “Мазҳаби иштирокиюн” (“Таржимон”г., 1906 йил 72-76 сонлар) мақоласи босилди. Шунингдек, муаллифнинг “Дорул роҳат мусулмонлари” бадиий-публицистик романида ҳам бу баҳс давом этди. Бу табиий ҳол. Ўз халқи, мамлакатининг истиқболи ҳақида ўйлаган ҳар бир кишининг бу таълимот билан юзма-юз бўлиши табиий эди.
Гап шундаки, Исмоилбек бу таълимотининг асосий нуқталарини шубҳа остига қўйди. Жумладан, “социализм меҳнатда синалган қардошликдан бошқа на динни, на ирқни, на миллатни, на тилни тан олади. Уларнинг қоидаси ва мақсади: “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!”-деб ёзди. “Социалистлар” ва “социал демократ”ларнинг “адолат”, ”мусовийлик” ҳақидаги шиорлари ташқаридан жуда жимжимадор, кишини маҳлиё қилувчи бўлиб кўринади. Аслида бу назария уни туғдирган сабабларга мувофиқ иш тутади... инқилобий курашга, қон тўкишга чақиради...” Маданият ва умр илло, адолат ва мусовийликни барқарор этмоқ учун. “Лекин бунинг учун жаҳон тартибини бузмоққа ҳожат йўқ, акс ҳолда бундан ҳам катта мураккабликларга дуч келинади. Ҳар бир кишининг иш, ер ва осойишталигини таъминламоқ зарур. Аммо бу мутлақо бириникини мусодара этиб, иккинчисига бериш дегани эмас”. “Русия миллий мажлисинда иштирок этган ишчи ва деҳқонларнинг делегациялари помешчиклар ва буржуазиянинг мол-мулкини мусодара этмакни таклиф қиладилар...” Яна: “Турли кишиларнинг ақли, кучи қобилияти турлича, шунинг учун ҳам ҳар ким ўз имконига қараб йиғинади... Энди шунинг бариси кишиларга тенг бўлинади, дейдилар. Бу қандай тенглик бўлди? Бунда адолат борми? Мамлакат ва жамиятни “казарма”га айлантириб, ҳар бир кишини умумий емакхонага таклиф этармишлар... Мошолло социалистлар! Сизлар яхши маданият, зўр турмушга бошламоқдасиз!”. «Исмоил Гаспринский ва унинг “Мазҳаби иштирокиюн”и» мақоласининг муаллифи Ю.Османов буюк маърифатчининг юқоридаги фикрларини таҳлил қилар экан, унинг утопик социализмга дахлдор материаллар билан ҳам атрофлича таниш бўлганини тахмин этади. Гап шундаки, Гаспринский социалистик назариянинг ўзини ҳам утопик ҳисоблади. Халқларнинг айрим тарихий формацияларни сакраб ўтишига шубҳа билдирди. Кишиларни зўрлаб бахтли қилиб бўлмайди. Мажбурий етаклаб борилган жаннат ундай киши учун жаннат эмас, дўзах, деб ҳисоблади.
Алишер Насафий
|