Саналар
11.12.2024
Баннер
Мақбул қурбонлар
PDF Босма E-mail

Бутун дунёдаги ҳурриятчилар орасида бир сўз бор: «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат Қон ва қурбон илагина олуб бўлур». Мана бу жумлалар Ҳақиқатга шул қадар мувофиқдурки, ҳазрати Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур. Балки, ҳар замон ва ерда ҳуррият берилмаган, олинган ҳам кўп қон ва қурбонлар баробаринагина олинган.

Бизнинг Руссияда ҳам ҳозирги ҳуррият 1772 йил (Пугачёв ихтилоли) дан давом этуб келган тортишувлар, тўкилган қонлар, берилган қурбонлар баробаринагина олинди. Ушбу 145 йил ичинда Русияда ҳуррият учун мингларча олимларнинг баданлари турма ва зиндонларда чуриди. Мингларча файласуфлар қўл ва оёқлари боғланган ҳолда Сибирия саҳроларида умр ўтказдилар. Мингларча доҳийлар азиз ватанларидан айрилиб, чет мамлакатларда қочиб юрмакка мажбур бўлдилар. Мингларча қаҳрамонлар кўкракларин ўққа, бўйинларин дор арқонларина қурбон этдилар. Мингларча гуноҳсиз мазлумлар ва мазлумалар ўзларининг маъсум қонлари ила ер юзини лолазор этдилар. Лекин ҳуррият учун кўрилган шундай жабр ва жафолар, тўкилган қонлар ва берилган қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида шул кунгача қабул бўлмаған тусли ҳуррият йўлида кўрилган бутун плон-лар емирилиб келди. Ҳурриятчиларни тутмоқ, қамамоқ, осмоқ, кесмоқ ҳозиргача давом этди.

Бутун Русияда ҳуррият учун қилинган саъй ва ҳаракат, тўкилган қон ва берилган қурбонларга энг оз қўшилғон ва ҳуррият йўлида энг оз зарар курган бир миллат бор эса, ул ҳам ёлғиз Туркистон мусулмонлари эди.
Эски ҳукуматнинг 1916 йил 25 июн фармони хоинона ва золимонаси (Туркистонда ҳарбий мардикор олмоқ фармони) Туркистон мусулмонларининг ҳам кўзларин очуб, билмажбур ҳурриятчилар қаторина киритди. Зотан, аввал фармон шундай ҳикматсиз, мантиқсиз ва нодонлик ила берилғон эдики, телеғромни ўқиғон ҳар бир киши ҳеч ўйла-масдан: «Бу фармон Туркистон мусулмонларини ҳукуматға қарши оёқландуруб, қирмак ва ерларини қочокларға бермак учун махсус чиқорилғон интибоҳнома», — деб ҳукм қилмоққа мажбур эди. Чунки аввал фармонда на халқни ҳозирламоқ йўллари бор ва на мардикорликни неча ададлиги бор ва на муҳлат бор? Фақат «Фронт орқасидаги хизматлар учун Туркистон, Сибирия ва Қофқоз инонародецларидан 19 дан 31 ёшгача бўлган эр кишиларни чақираман», деган қисқача сўздан иборат бўлган ул фармоннинг ҳозиргача аскарий хизмат хаёлларина ҳам келмаган бир халқ орасида қандай ҳаяжон туғдирмоғи ишлар бошидағи кишиларға, албатта, маълум бўлса керак эди. Тўсатдан чиқарилғон бундай оғир фармон ёлғиз инсонларнигина эмас, ҳайвонларни ҳаракатга, қаршуликка мажбур этмоғи табиий эди. Шуни билиб туриб аввал фармонни истисносиз, шарҳсиз, плонсиз бутун Русияга нашр этдилар. Ҳам амалий суратда халққа ҳеч бир тушунтирмасдан, ишга киришдилар. Ишнинг ҳақиқатини билмоқ учун маҳкамаларға борған гуноҳсиз мусулмонларни отдилар, тутдилар, алҳосил, Туркистоннинг золим маъмурлари маълум 1916 йил июл фожиасини қўлдан ясаб майдонға чиқардилар.

Бу фожиада Тошкандда Калкин, Колесников ва Мочаловлар, Жиззахда Ивановлар, Семиречинский вилоятида, билмайман, тағин кимлар шул қадар «қаҳрамонлиқ» кўрсатдиларки, уйдаги хотун-қиз, бешикдаги болалар, ҳеч нарса қўлидан келмайдурғон чол ва кампирлар, тилсиз ҳайвонлар, жонсиз иморатлар ва моллар ҳеч бири истисносиз суратда отилди, кесилди, ёқилди, ёндурилди.
Фақат, баракат берсунга баъзи кишиларнинг саъй-ҳаракатлари соясида Туркистонга генерал Куропаткин, Тевкелев ва Керенскийлар келуб, ишнинг бир оз олдини тўсдилар. Аввалги юқорида исмлари ёзилғон «қаҳрамон»-лар шул қадар ғазабға минғон эдиларки, мусулмонларнинг гўштларин кабоб қилиб емак ул «қаҳрамонлар»нинг ошкора ва раъдзабонлари ўлмиш эди. Агарда яна бир ой булар ўз ҳолларина қўйилганда, эҳтимолки, Туркистоннинг кўп шаҳар ва қишлоқлари ҳозирда кишисиз, бўш харобазорлардангина иборат бўлиб қоларди.
Алҳосил, Туркистон мусулмонлари зулм панжасининг остида шул қадар эзилдилар ва ҳуррият, ҳуқуқ йўлида шул қадар кўп қурбон бердиларки, бир-икки ой ичида бошқа миллатларнинг 145 йил ичида берган қурбонларига қувлаб етишдилар.
Мана бу қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида энг мақбул қурбонлар бўлди. Чунки бу шаҳидларнинг отилғон, кесилғон, осилғонда тўкилғон ва мазлумларнинг кўзлариндан оққан ёшлари ҳануз қуримағон, ҳуқуматға қаршулик туҳмат ила зиндонларга солинғон мингларча мусулмонларнинг судлари ҳануз тамом бўлмағон, военний судларнинг адолатсиз ҳукмлари ила осилғон шаҳидларнинг баданлари ҳануз чурумағон эдики, жаноби Ҳақ бу зулм ва истибдодларнинг амирларидан тортиб, маъмурлариғача, шоҳларидан тортиб, қоровуллариғача ер билан яксон қилди.
145 йилдан бери тортишиб келғон ҳуррият қаҳрамонлари ишчилар ва аскарлар ила баробар Туркистон мусулмонларини ҳам онларнинг ваҳшиёна зулм ва жабрларидан Қутқариб, Ҳуррият, Мусовот ва Адолат замонлар яна бита кўрди: «мақбул қурбонлар».

Мунаввар қори Абдурашидхонов
«Нажот» газетаси, 1917 йил, 26 март

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин