Саналар
23.12.2024
Баннер
Хўп қизиқ замонлар
08.03.2014 18:20    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Эжонхон билан Сойинхон (асл исми Ботухон) – Жўжихон авлодларидан бўлган Дашти Қипчоқнинг машҳур хонларидан. Туралихоннинг қизидан туғилган эди. Эжонхон билан Сойинхон бир-бирига хонликни таклиф этди. Сойинхон кичик эди, акасига айтди: «Отам ўрнига оғамсан, сен хон бўлгил». Эжонхон айтди: «Сендан ёшим улуғлиги тўғри. Аммо отамиз сени бисёр суюб, эрка ўстирган. Бугунга келиб сенинг эркалигинг ва инжиқликларингни кўтаряпман. Хон бўлсам, бундай қилолмайман. Ўзинг хон бўлақол, сенинг хонлигингга мен чидайман. Аммо менинг хонлигимга сен чидамассан». Икки шаҳзода шу тариқа бир-бирларига хонликни таклиф қилиб, узоқ тортишдилар ва охири катта боболари Чингизхонга маслаҳатга жўнашди.

(Ўтамиш ҳожи ибн Муҳаммад Дўстий, «Ўтамиш ҳожи тарихи», қўлёзма, ЎРФАШИ кутубхонаси).

 
Абдурауф Фитрат. Бухоро уламоси (1917)
13.03.2014 23:52    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бухоро уламосини, асосан, икки фирқаға тақсим этиш мумкиндир. Бири Бухоро ва унинг теваракиндан тўпланиб таҳсил қилатурған бухорийлар, иккинчиси Бухоро хонлиғининг Шарқ тарафиндағи Кўлоб деган тоғлиқ ердан келган кўлобилар. Тарихи исломдакиси бани Ҳошим[1] бани Умавия[2] ўртасида бўлғани каби Бухоро уламоси ва кўлобилар орасинда эски бир даштлик[3] бордир. Бу душманликнинг бош сабаби ҳозирги Бухоро қозикалони бўлған Бурҳониддиннинг бобоси қози Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли[4] деган зотдир.

Қози Садриддин(дан) бурун бўлған Бухоро муллаларининг барчасига бир кўз қараб ҳар бириға мустаҳиқ[5]буйдиги илмий мансабларни бера(р) эканлар, Мазкур Мулла Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли Бухорода қозикалон ўлғач, иши тезлашиб кетган. Бу одам аввал Бухоронинг вақфлариға ва бошқа ишлариға буюк хиёнатлар қилган: халқ устига «аминона»[6] деган бир солуғки ёлғондан шаръий деб юклаған, кўб вақт ерларини, вақф оқчаларини ҳукумат хазинасига оғдарған, шу йўллар билан амирни(нг) ўзига тобеъ қилиб олғандан кейин Бухоронинг ёғли мансаблари (ки) ўз кўлобиларига олиб берган.

Бу одам диний илмлардан (Қуръон ва Ҳадисдан) бутун хабарсиз бир одам экан. Бир кун буюк бир илмий мажлисда Қуръонни очиб саҳифа бошиндаги сурадан ибтидоси бўлган «ҳамаси»[7] жумлайи шарифини «ҳам ишқ» ўқудиги Бухоро уламоси орасинда машҳурдир. Унинг бу ҳоллари бухороли уламонинг нафратлариға сабаб бўлди. Қози Садриддиндан неча йил кейин ўғли Бадриддин қозикалон бўлди. Бу одам дахи отасининг йўли билан юра бошлади. Ўзи илмсиз бир киши эдуги учун маълумотли уламодан қўрқар ва унларни иш бошиндан тушура эди.

Ўз кўлобилари орасиндан жоҳилларини сайлаб Бухоронинг буюк илмий мансабларини шунларға бера эди.

«Бухороли уламо» илмий мансаблардан маҳрум бўлдилар. Бухоронинг тубчаклари[8] бош кўтара олмай қолдилар. Бадриддиннинг бу ишлариндан ғайратли неча уламолар ҳаяжонга келдилар ва унга қаршу бир варақа чиқардилар. Бу варақанинг бошинда ғайратли уламолардан самарқандли марҳум Муфти Бурҳониддин тура эдилар. Қози Бадриддин ёлғон хабарлар чиқориб, муфти Бурҳониддинни Бухоро амирининг доимий ғазабига учратди. Муфти Бурҳониддин шу илм билан дунёдан ўтди.

Бу зот ўрниға фирқа бошинда устодим марҳум Охунд Мулла Ғиёсиддин ҳазратлари ўтдилар. Марҳум устодим диний ва шаръий илмлардан бошқа илми калом ва эски юнон фалсафасиндин тамоман воқиф бир зот бўлуб, сўзга ҳам кўб уста эдилар. Шунинг учун қози Бадриддинни бош кўтарарга қўймас эдилар. Кўб вақтлар қози Бадриддиннинг оғуси билан амирнинг ғазабиға учрасалар ҳам парво қилмасдан ўз ниқоблариға давом этиб, дунёдан ўтдилар.

Бу зотнинг ўрунлариға қози Бадриддинга қаршу бўлған фирқанинг бошиға уч зот келдилар, бунлар марҳум шайхулислом Бақохўжа ҳазратлари, марҳум устодимнинг укалари Маснаф ва Бухоронинг олим қозикалони бўлған қози Абдушукурнинг ўғиллари Шарифхон махдум эдилар[9].

(«Ҳуррият», 1917 йил, 48-сон)

[1] Бани Ҳошим — Қурайш қабиласининг Ҳошим ибн Абдуманнофдан туғилган фарзандлари, яъни унинг авлодлари бани Ҳошим номи билан юритилтан. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам шу уруғдан бўлиб, тўртинчи бўғинни ташкил қилади (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдумуталлиб ибн Ҳошим). Ҳошим ибн Абдуманноф ўғлининг фарзанди Абдумуталлиб вафотидан сўнг уруғ ичида ўзаро нифоқлар кўчайиб кетади. Айниқса, бани Ҳошим авлодлари билан Абу Суфён авлодлари ўртасида нифоқлар кескин жангларга айланиб кетган. Бунинг биргина мисоли Бадр ғазотидир.

[2] Бани Умавия — Абу Суфён авлодларидан бўлиб, Пайғамбаримиз ва чаҳорёрлардан сўнг халифаликка мушарраф бўлгаи Муовия ибн Суфёндир. У Имом Ҳасан истеъфосидан сўнг халифаликка муқаррар бўлган бўлса, халифаликда наслий сулолани расм қилдирди (бунгача халифалик Пайғамбаримиздан бошлаб бир кишининг ҳаққи эмас эди, мусулмонлар кимни сайлашса ўша халифа бўлар эди). Дастлаб, унинг ўғли Язид, сўнг Валид бинни Абд ал-Малик ва сулоланинг охирги бўғини Марвон бинни Муҳаммад бўлган.

[3] даштлик — душманлик, нифоқ маъносида. Юқоридаги сулолалар ўртасидаги нифоқ каби бухоролилар билан кўлоблилар ўртасида ҳам нифоқ бўлиб, маълум маънода мана шу нифоқ XX аср бошларидаги Бухоронинг таназзулини келтирган сабаблардан биридир.

[4] Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли — Бухоронинг амир Музаффариддин ва амир Абдулаҳадхон давридаги қозикалонларидан. Шу кишининг сайъ-ҳаракатлари билан қозикалонлик Бухорода наслий шакл олган. Шундайлардан бири унинг набираси Бурҳониддин эди.

[5] мустаҳиқ — лойиқ, сазовор.

[6] аминона — Бухоро амирлигидаги солиқлардан бир тури; ердан олинадиган солиқ бўлиб, вақф ерларидан ташқари шаръий диний масалаларда фойдаланиш учун амирнинг ҳаққи деб белгиланган солиқлардан. Қозикалон Садриддин даврида урф бўлган.

[7] Қуръони каримнинг «Ал-Бақара» сурасидаги жумла.

[8] тубчак — туб аҳолиси, асил бухоролилар назарда тутилади.

[9] Мақола сўнгида «Боқияси (яъни давоми) бор» ибораси келтирилган. Бироқ айни шу номдаги бошқа мақола чоп этилмаган.

 
Самарқанд фатҳи...
09.07.2015 00:53    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бу Самарқанд аҳли фойдасига қарор чиқарган ва унинг шарафи билан шаҳар аҳли Ислом динига киргани ҳақидаги буюк бир маҳкама тарихидир. Мусулмон ва ғайридинлар орасида ҳар қандай вазиятга қарамасдан Ислом адолатига далил бўлган Ислом тарихининг ёрқин саҳифаларидан бири ҳамдир.
Маълумки, Самарқанд – Марказий Осиёнинг гўзал шаҳарларидан бири. Ислом келишидан олдин бу ўлка аҳолиси мушрик эди. Уларнинг бутлари тошдан ясалган бўлиб, қимматбаҳо тошлар безаб турарди. Бутларга сиғиниш жойи тоғлар ораси эди. Бу олий коҳинлар сиғиниши учун мўлжалланган жой, ундан ташқари, Самарқанд марказида ҳам сиғиниш учун майда-чуйда жойлар кўп эди.
Ўша даврларда зоҳидлиги, солиҳлиги бошқаларга мисол қилиб кўрсатиладиган одам мўминлар амири эди. У адолатли, тақводор ва зоҳид бўлиб, жуда кўп ибодат қиларди. Исми Умар ибн Абдулазиз (680-720) эди (раҳимаҳуллоҳ).
Рум қайсари ва форс шоҳлари эга бўла олмаган ерлар унга тобеъ, у бошқарган мамлакат чегараси Атлантика уммонидан бошланиб, Хитойгача етган эди.
Машҳур саркарда Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги мусулмонлар қўшни Самарқанднинг шарқий тарафига келганларида, шаҳар аҳолиси хабар топиб, мудофаага ўтмаслиги учун шаҳар ортида жойлашган тоққа қараб юришади. Орқа тарафдан ҳужум қилиш имкониятига эга бўлишади. Сўнг  улар бўрон каби шаҳарга бостириб киришади ва зикр айтган ҳолларида тезда Самарқанд марказини эгаллашади. Аҳолини эса тўлиқ бўйсундира олишмайди. Шаҳар ҳокими, коҳинлари ва қўмондонлари тоғлар орасидаги бутларга сиғинадиган жойга қараб қочишади, аҳоли эса мусулмонлардан қўрқиб уйларига беркиниб олишади.
Озроқ муддат ўтиб, улар сув ва таом учун уйларидан аста-секин чиқа бошлайди, аввалига бу иш учун ўз болаларини ташқарига чиқаришади; мусулмонлар эса уларга тегмас, аксинча, керакли нарсаларини уйларига олиб келишда ёрдамлашиб ҳам туришар эди. Болалар эса хурсанд ҳолларида уйларига емак ва ичмакларини келтиришар эди.
Шу тариқа қалбларига хотиржамлик иниб, ўз ер ва мулкларига қайтишни бошлашади. Ажабки, мол-мулкларини қандай ҳолатда қолдиришган бўлса, қайтиб уларни шундай ҳолатда топишади. Улар олдинги одатий ҳаётларини давом эттирадилар. Мусулмонлар ва самарқандликлар орасида савдо-сотиқ ва бошқа муносабатлар ўрнатилиши бошланади. Улар мусулмонларда омонатдорлик ва тўғриликни кўришади, мусулмонлар тарафидан уларга ҳеч қандай зулм ҳам бўлмайди.
Бир самарқандлик билан мусулмон ўртасидаги баҳсда шаръий маҳкама самарқандликнинг фойдасига қарор чиқаради. Бу шаҳар аҳолисининг чексиз ҳайратига сабаб бўлади.
Ушбу воқеа ҳақидаги хабарлар тоққа қочиб кетган роҳибларга ҳам етиб боради. Ўшанда улар агар босқинчилар адолат билан ҳукм қилаётган бўлса, уларнинг амирлари ҳам солиҳ киши эканига шубҳа йўқ, дейишади ва ўзларидан бир кишини бўлган воқеаларни унга етказиш учун юборишади.
Шу топшириқ билан ёш коҳин юраги қўрқувга тўла ҳолатда Дамашққача етиб боради. Бир катта саройга кўзи тушади ва буни амирнинг саройи деб ўйлайди, бироқ одамлар негадир бу саройга бемалол кириб чиқишмоқда. Сўнг у ҳам дадилроқ бўлиб ушбу саройга киради. Бу чиройли ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган,  узун минорали машҳур Уммавийлар масжиди бўлиб, унда кимдир сажда қилган, кимдир эса рукъуда эди... Бундай мўъжизавий жойни кўрган элчи улар ҳақида фикр юрита бошлади. У мусулмонлар тезда саф-саф бўлаётганини кўриб, бунчалик кўп одам текис саф тортаётганидан анча ажабланди.
Намозни адо қилиб бўлгач, одамлар масжиддан чиқа бошлашди. У мусулмонлардан бирининг олдига бориб, мўминлар амири саройи ва амирларингиз қани деб сўради. Мусулмон киши: “Намозда имом бўлди-ку, наҳотки сен уни кўрмадинг?” деб жавоб берди. Йигит намоз дегани нима? деб сўради. Мусулмон эса, Ягона ва шериклари бўлмаган Аллоҳ таолога таслим бўлиш ва унга ибодат қилиш, дея жавоб берди. Сўнг у: “Сен мусулмон эмасмисан?” деб сўради. Элчи йўқ, деб жавоб берди. Мусулмон эса табассум билан “Сен қайси диндасан?”, деб сўради. Йигит: “Мен Самарқанд коҳинлари эътиқод қилаётган диндаман. Улар эса бутларга сиғинишади”, –  деди. Мусулмон: “Биз мусулмонлар Аллоҳ таолога ибодат қиламиз ва унга шерик қўшмаймиз”, деб жавоб берди.
У мўминлар амири уйининг манзилини тушунтириб берди. Элчи йигит унинг айтганлари бўйича бир уйни топиб борди, уй олдида қандайдир одам деворини таъмирлаётган экан. Унинг кийимига лой теккан, абгорроқ бир ҳолда эди. Йигит масжидга қайтади ва ҳалиги мусулмонни топиб: “Устимдан куляпсанми, мен мўминлар амири ҳақида сўраяпман, сен эса деворини таъмирлаётган бир фақир одамга йўллабсан”, деди.
Мусулмон элчи йигит билан Умар ибн Абдулазиз уйига келиб, амирул мўмининни кўрсатди. У эса деворини тузатмоқда эди. Ўшанда элчи яна унинг ҳазиллашаётгани айтди. Мусулмон эса Аллоҳ номи билан қасам ичди. Элчи йигит эса, коҳинларнинг кибрини ёдга олиб ҳайратга тушди. У шундай ўйлар ичра хаёлга шўнғиган пайтда, бир аёл боласи билан мўминлар амиридан “Байтул мол”дан берилаётган нафақасини кўпайтиришларини сўраб келиб қолди. Шунда унинг ўғли амирул муъминийннинг боласи ўйнаётган ўйинчоққа талпинди ва унинг қўлидан тортиб олди. Амир муъминийнинг ўғли ўйинчоғини қайтариб оламан деган пайтда аёлнинг ўғли уни уриб юборди. Шунда боланинг юзи қонади ва ҳар қандай она каби амирул муъминийнинг завжалари ҳам боласи томон чопди ва уни бағрига босиб ярасини боғлади. Кейин аёл ва боласига бақира кетди.
Халифанинг хотини ким эканини биласизми? У сарой ва подшоҳ тарбияланувчиси, отаси, эри ва иниларининг ҳаммаси мусулмонларнинг буюк халифалари бўлган Фотима бинти Абдулмалик эди. Шунда Умар ибн Абдулазиз нима қилдилар?
Аёл ва боласининг юзига боқдилар. Уларни қўрқинч чулғаб олганди, тинчлантирдилар. Ўғилларидан ўйинчоқни олиб боланинг қўлига бердилар. Аёлга оладиганига қўшимча қилиб берилишини буюрдилар. Сўнг ўз ўғилларини юзидан ўпиб уни ҳам тинчлантирдилар. Сўнг хотинларига боқдилар ва: “Меҳрибоним, уни, боласини қўрқитиб юбординг. Пайғамбар (с.а.в.) айтганлар: “Ким бир мусулмонни қўрқитса, Аллоҳ уни қиёмат куни қўрқитади”, дедилар, сўнг деворни тузатишни тўхтатдилар.
Йигит ҳалимлик оғушида эканини ҳис қилиб амирул муъминийнга яқинлашишга журъат этди. Умар ундан нимага  келганини сўраганларида, у шундай жавоб қилди: “Хўжам, Самарқанд аҳлининг ҳаққини сўрайман. Сизга Қутайба ибн Муслим устидан шикоят қилиб келдим. Биз сизнинг адолатингизни биламиз, инсоф қилишингиздан умидвормиз. Қутайба тўсатдан бизга ҳужум қилди. Биз сизларнинг уч кун душманга муҳлат беришингиз ва ислом, ёки жизя ёхуд уруш ўртасида ихтиёрли қилиш одатингиз эканини билардик”.
Умар: “Бу бизнинг одатимиз эмас, балки у Аллоҳнинг амри ва   Расулининг (с.а.в) суннатларидир”, дедилар. Шунда йигит: “Қутайба бундай қилмади”, деди.
Буларни тинглаган амир қарор чиқаришга шошгани йўқ, чунки у зотнинг фақат бир тарафни тинглаб қарор чиқарадиган одати йўқ эди. Бир парча қоғоз олди ва икки қатор сўз ёзиб деди: “Буни Самарқанд ноибига етказ, у сизларга зулм қилишдан тўхтайди”. Йигит Дамашқдан Самарқандга қараб йўлга отланди. Чўл ва тоғлардан ўтиб борар экан, ўзича: “Шу бир мактуб Қутайба қиличлари олдида нима қила олар экан? Самарқандга келгач у мактубни коҳинларга беради. Улар эса, бу мактубга кўра қарор чиқариши учун уни ноибга беради. Ноиб мактубдан хайратга тушса ҳам у мўминлар амири қўлини (ёзувини) танир эди. У, ҳақиқатан ҳам, мактуб амирдан эканига ишонч ҳосил қилиб, хатни очди, унда эса қуйидаги сўзлар битилган эди: “Мўминлар амиридан Самарқанд ноибига. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ! Самарқанд коҳинлари билан Қутайба  ўртасидаги мубоҳасани ҳал қилиш учун қози тайинла. Ўзинг эса, Қутайба ибн Муслим ўрнини эгалла”. Ноиб Қутайбани ғалаба ва фатҳлардан чалғитмаслик учун уни орқага қайтаришни истамас эди.
Бироқ на чора, амирнинг буйруғини бажариш керак. У тезда қози тайин қилади. Қози Қутайбага тез қайтишни буйради. Маҳкама масжидда бўлиши тайин қилинади. Коҳин ва аҳолини ҳам масжидга йиғишади, Қутайба ибн Муслим ҳам келтирилади. Унга қозининг буйруғи етиб борганида, у қайтиш учун икки кун отдан тушмасдан шаҳарга қайтиб келади. Коҳинлар Қутайбанинг қайтиб келганини эшитиб, қўрқувдан сув терга ботишади.
Қутайба масжидга кирди, қиличини қўйди ва қози олдига келиб турди. Қози эса, Қутайбага даъвогар ёнида ўтиришга амр этди. Маҳкама жараёни бошланди.
Сўнг қози коҳинга юзланиб даъвосини арз қилишни айтди. Коҳин: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов; ислом ёки жизя ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди.
Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?”, деди. Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон урушадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга исломни танитдик!”
Қози унга: “Эй Қутайба, уларни исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?”, деди. Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”. Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасамки, биз уйимиздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учунгина чиққанмиз. Ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ унда олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”.
Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшинининг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва пайғамбари (с.а.в.)нинг суннатининг татбиқи бўлади”. Мусулмонлар шаҳарни тарқ қила бошлашди, қози ҳам туриб коҳинлар олдида чиқиб кетди. Коҳинлар ўз кўзларига ишонмай қолишди, Самарқанд аҳли эса мусулмонлар шаҳарни қандай тарк қилаётганини кузатиб қолишди. Ўшанда ўша йигит: “Аллоҳга қасамки, уларнинг дини – ҲАҚ”, деди ва калимаи шаҳодатни айтди. Йигит орқасидан коҳинлар ҳам Аллоҳнинг ягоналигига шоҳдат келтирди ва Исломни қабул қилди.

Ўшанда иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳлининг ҳаммаси Исломни қабул қилганди. Ҳа, бу Аллоҳнинг барҳаёт дини Исломдир! Бу бизнинг умматларнинг яхшиси бўлган кунларимизда нур, раҳмат ва адолат билан ёзган тарихимиздир!..

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Янгиланди ( 09.07.2015 00:59 )
 
Кубодқалъа (Қаватқалъа)
03.05.2014 17:01    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Қорақалпоғистоннинг Беруний шаҳридан 30 км. шимолий-шарқда жойлашган ўрта асарларга оид қалъа харобаси. Қалъа мўғуллар истилоси натижасида XIII аср бошларида ҳалокатга учраган.

 
Ҳусайн Воиз Кошифий
16.06.2013 18:28    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

XV асрнинг иккинчи ярмида Хуросонда Алишер Навоий атрофида тўпланган аллома, шоир ва донишмандлар орасида мащҳур ва қомусий талант эгаларидан бири Воиз Кошифийдир. Камолиддан Ҳусайн Воиз Кошифий таҳминан 1440 йилларда Хуросон вилоятидаги Сабзавор шаҳрининг Байҳақ кентида туғилган, унинг ота-онаси, болалиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ.

Бизнингча, у бошланғич маълумотни Сабзаворда олган. У араб, форс, туркий тили, математика, астрономия, кимё, мусиқа, адабиёт, фиқҳдан тўлиқ маълумотта эга бўлган. Ёшлигиданоқ воизлик - сўз санъати билан шуғулланган. Кошифий Сабзаворда тез орада кўзга кўринган воиз - нотиқ бўлиб танилган. Кейинчалик Нишопурда 1455-1468 йилларда эса Машҳадда яшаб, воизлик қилган. 1468 йилнинг охирларида Абдураҳмон Жомийнинг тавсияси билан Ҳусайн Воиз Кошифий Хиротга келади ва қолган умрини асосан Хиротда Темурийлар раҳнамолигида ўтказади.
Маълумки, XV асрнинг иккинчи ярмида Темурийлар, хусусан Ҳусайн Бойқаро даврида Хирот Шарқнинг маданият маркази эди. Тарихчи олим Саййид Нафисийнинг айтишича, Кошифий умрининг охирида Ҳиндистонга қилган сафари ҳақида ҳам деярли маълумот йўқ. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг икки қизи ва бир ўғли бўлиб, ўғли Фаҳриддин Али ас-Сафий ўз даврининг катта шоири, ёзувчиси ва олими ("Рашоҳоти айн ал-ҳаёт" асари билан машҳур) бўлиб етишган. Али ас-Сафийнинг ислом тарихига, пайғамбарлар ҳаётига, адабиётга, Хўжа Аҳрорга, ахлоқда, кимёга бағишланган ўндан ортиқ илмий ва бадиий асарлари бор. Ҳусайн Воиз Кошифий 1505 йилда Хиротда вафот этади.

Камолиддин Ҳусайн - алломанинг исм-шарифи, воиз (нотиқ) - лақаби, Кошифий (кашф қилмоқ, яратмоқ) - адабий тахаллусидир. Ҳусайн Воиз Кошифий асарларини ўз даврининг илмий тили - форс тилида ёзган бўлиб, ундан кўпгина илмий, бадиий таржима асарлари ҳам мерос қолган. У фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, адабиётшунослик, сиёсат, тарих, кимё, астрономия, математика, мусиқа, воизлик, шеър санъати, дин тарихи, фиқҳ, тиббиёт каби фанларга оид 200 дан ортиқ асар ёзганлиги манбалардан маълум. Ко¬шифийнинг Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ва Ҳ Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтларида 45 номдаги асарларининг 197 қўлёзма ва 75 тошбосма нусхалари сақланмоқда.

Бундан ташқари у ўз даврининг кўзга кўринган илохиётчи олими бўлиб, ҳадисни, Қуръони Каримни ёддан билган, ҳатто Қуръонга тўрт китобдан иборат шарҳ ҳам ёзган. Кошифийнинг "Ахлоқи Муҳсиний", "Рисолаи Хотамия", "Анвори Сухайлий", "Футувватномаи Султоний", "Тавсири Ҳусайний", "Жавоҳирнома" каби ундан ортиқ асари араб, татар, эски ўзбек, ўрду, турк, немис, инглиз, француз ва бошқа тилларга таржима қилинган. Ҳозирги кунда Кошифий асарлари Париж, Лондон, Бер¬лин, Санкт-Петербург, Москва каби шаҳарларда, Ироқ, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа шарқ мамлакатларининг кутубхоналарида сақланмоқда. Чет мамлакатларда Ко¬шифий асарларига қизиқиш XVIII-XIX асрлардаёқ кучли бўлиб, Ғарбий Оврўпонинг X. Г. Кин, М. Дуайт, Д. Д. Дональсон, Э. Бра¬ун, А. А. Арберри, Э. С. Кеннеди, Э. Розенталь, X. Массе, К. С. Ламбтон, Р. Леви, А. М. Шастери каби машҳур олимлари Марказий Осиё ва Эроннинг XIV-XV асрлардаги маданияти тарихини атрофлича ўрганишга ҳаракат қилганлар ва Кошифийнинг ижоди, меросига юқори баҳоо берганлар.

Кошифий ижодини ўз даврининг йирик тарихчиси Хондамир "Хулосат ул-ахбор" асарида: "Ул жаноб нужум илмида ҳам зўр маҳоратга эга эди, чунончи унинг таъбирлари Қазо ўқи сингари бехатар бўларди. Унинг балоғатоётлик ҳамда фасоҳатсифатлик китоблари кўп ва беҳисоб бўлиб, уларнинг кўпи олиймақом амир Алишернинг атоқли номи билан зийнатланган. Амир Алишернинг инояти ва илтифоти ул жанобнинг ҳол саҳифасига ҳамма вақт тушиб турарди..." - деб таърифлайди. Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис" асарининг тўртинчи мажлисида: "Мавлоно "Ҳусайн Воиз - "Кошифий" тахаллус қилур, Савзаворликдур. Йигирма йилга яқин борким, шаҳардадур ва Мавлоно зуфунун ва рангин ва пуркор воқеъ булубтур. Он фан булғайким, даҳли бўлмагай. Хусусан ваъз, иншо ва нужумки, анинг ҳақидадур ва ҳар қайсида муттаййин ва машҳур ишлари бор..." - деб юксак баҳолаган.

Ҳусайн Воиз Кошифий Хирот мадрасаларида талабаларга таълим-тарбия берган, Хуросон шаҳарларида ахлоқ-одобдан ваъз айтган. Кошифий ўз асарларида ижтимоий-ахлоқий ҳаёт, маънавият масалаларига катта ўрин ажратади, сиёсат, давлатни бошқариш, шоҳ билан фуқаролар ўртасидаги муносабат, жамоани идора этиш, етук инсонни тарбиялаш муаммолари унинг ижодида катта ўрин эгаллайди. Уларда инсонпарварлик, халқпарварлик, юқори маънавиятга эга бўлиш, маданий юксалиш ғояларини илгари суради. Унинг "Ахлоқи Муҳсиний", "Рисолаи Ҳотамия", "Анвори Сихайлий", "Ахлоқи Карим", "Жавоҳирнома", "Луббо ул-маънавий фи-интихоби маснаъвий", "Искандар ойнаси", "Тафсири Ҳусайний", "Футувватномаи Султоний" каби асарлари шулар жумласидандир. Бу асарлардан Хуросон мамлакатида, Хиротда ва бошқа шаҳарлардаги мадрасаларда талабалар учун дарслик сифатида фойдаланилган. Мутафаккир бу асарларида ўзининг ҳаётдан олган собоқлари, тажрибалари асосида халқчиллик, инсонпарварлик, ижтимоий ҳаёт, адолат, халоллик, софдиллик, поклик, тўғрилик, ростгуйлик ҳақидаги фикрларини ўқимишли, қизиқарли ҳикоятлар, ривоятлар ёрдамида баён этади. Бу асарлар Кошифий тили билан айтганда "Хикмати амалий" асосида ёзилганлигидан бугунги кунда ҳам жуда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Ҳусайн Воиз Кошифий инсонни дунёдаги энг юксак олижаноб мавжудот деб билади.
Одам номи яхшилик билан эслаш туфайли боқийдир,
Хаётлик айёмининг ҳосили яхши ном орттиришдир.
- дейди.

Бу Воиз Кошифий ахлоқий таълимотининг етакчи ғоясидир. У салбий ахлоқий хислатларни қоралайди ва уларнинг инсон ҳаётида ва жамият учун катта зарар олиб келишини катор ҳикоят ва ривоятлар билан кўрсатади.

Ҳусайн Воиз Кошифий яхшилик ва ёмонлик, адолат, виждон, бурч тушунчалари ҳақида ҳам атрофлича фикр юритади. Ахлоқ нормаси - инсонларнинг хулқ, феъл-атворларини тартибга солиб турувчи ахлоқий талаблардир. Кошифий ижобий хислатларни кишиларда бўлиши шарт бўлган инсоний фазилат деб тушунади ва сабр, ҳаё, иффат, покизалик, собиққадамлик, сахийлик, саҳоват, ростгуйлик, шижоат, камтарлик, ҳушёрлик, баланд ҳимматлик, диёнатлилик, аҳдига вафолик, андишалилик, иззат-ҳурматни билиш, сир яшира олиш каби фазилатларни бирма-бир таърифлаб ўтади. Ко¬шифий ахлоқли инсон деганда, илм-маърифатга интилувчи, ҳақиқат ва адолатни севувчи, адолатсизликка қарши курашувчи, мард, ҳаракатчан, олижаноб, саҳий, очиқ қалб инсонни тушунган.

Ахлоқ масалаларини ёритишда Кошифийнинг "Ахлоқи Мухсиний" (Ҳусайн Бойқаронинг ўғли - Абдулмуҳсин Мирзога бағишланган) асари энг машҳур ва муҳим аҳамият касб этади. Кошифий ўз асарларида сиёсат, давлатни бошқариш масалалари бўйича ҳам ўз даври учун муҳим фикрларни олға суради. У давлатни одилона боқаришда сиёсатдан фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлайди:
Жаҳонда пок сув ичмакка бўлмас ҳеч ким қодир.
Агар шоҳлар сиёсат тиғин элига қилмаса зоҳир.
- дейди.

Сиёсат мамлакатни бошқариш учун зарур, у шахсий иш эмас, балки ижтимоий ишдир. Сиёсат адолатли бўлса, мамлакат, жамият ривож топади, халқи фаровон яшайди. Сиёсатни одил подшоҳлар адолат билан бошқаришлари керак:
Мамлакат тобқой сиёсатдин низом,
Гар сиёсат бўлмаса етгай халал,
Топмагай олам иши асло тузут.
Бесиёсат ҳеч вақту ҳеч маҳал.
Ёки:

"... Адл (адолат - Р. М.) сиёсатсиз мавжуд бўлмас. Сиёсат йўқ бўлса, сардорлик заиф. На учунким мулку-миллат зийнати, дину давлати мусаллаҳи сиёсатдур", - деб мамлакат тараққиётини, адолат қарор топишини ҳам Кошифий сиёсатга боғлайди.

Демак, Ҳусайн Воиз Кошифий шоир, ёзувчи, олимгина эмас, балки доно сиёсатчи ҳам бўлган. Унинг жамият, давлат, тинчлик, ихтилофларни осойишталик билан хал этиш зарурлиги тўғрисидаги фикрлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.

Воиз Кошифий Алишер Навоийнинг маънавий даврасида бўлган XV аср Хуросон ва Мовароуннаҳр маданиятининг ривожига катта ҳисса қўшган ҳамда ўз асарлари билан сўнгги авлодларга катта таъсир кўрсатган мащҳур алломалардан бўлиб тарихда қолди. У қомусий ижоди билан ўз даври маънавий юксалиши йўлида фаол хизмат қилди ва нафақат Марказий Осиё, балки бугун Шарқ умуминсоний, маданий бойликларини кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатди.

 


16 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин