Саналар
05.10.2024
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Илмий-адабий вазифалар қаршисида (1924)
PDF Босма E-mail

Мамлакатимизда илмий, адабий ҳаёт ҳам бошланмоқ арафасидадир.
Ҳар қанча тақлидий ва асоси яхши қурулмағон бўлса ҳам, истиқболга умид боғлайтурғон ҳоллар кўринадир. Зотан, бунисизда мумкин эмасдир.
Бир кунмас бир кун албатта илмий ҳаётга кирмак мажбурияти бордир. Чунки ҳар бир мамлакат ҳар бир миллатнинг ўз маданйй ҳаётини қурмоқ учун аввалан илм майдонига ташланиши, сўнгра шу илмий ҳаёт билан яшаши керакдир. Йўқса, у халқнинг тарих саҳифасидан йўқолиши аниқдир.
Бу кун биз, ўз мамлакатимизга яраша, баъзи бир илмий-адабий вазифалар қаршисида турамиз. Ўз мамлакатимизга яраша дедик. Чунки агар бошқа маданий миллатларни орага қўшсак, ҳали бизда кўб-кўб қилинадурғон ишлар бордир. Фақат бу кун на куч, на васоит бўлмағонидан улардан сўз очиш ҳам ортиқчадир. Оз бўлса ҳам муаллимларимиз, бир нечагина бўлса ҳам илмий-адабий соҳада ишлаб юрганларимиз бор. Шу кучимиз билан албатта оз-моз ишлаш мумкиндир. Бу кунги вазифамиз шу мумкинларни вужудга келтирмақдир.
Марказда илмий ҳаётимиз бор. У қўлидан келатурган қадар ишламакдадир. Албатта, ул ўз йўли билан устига олғон вазифаларини бажариб турар. Бунга биз ишонамиз.
Фақат бизда ундан ташқари баъзи қилинадурғон ишлар бор. Ўз мамлакатидан хабарсиз яшайтурғон бир миллат дунёда йўқдир.
Ҳозиргача на бир Туркистон тарихи бор, на жўғрофиямиз! Табиий, бизда муаррихлар ва жўғрофия олимлари йўқ. Ҳеч бўлмаса, мутаржимларимиз ҳам йўқмиким, бошқа тилларда бўлғон, Туркистон ҳақида ёзилғон нарсаларни ўзгартирсинлар. Талабамиз, муаллимимиз, халқимиз кўбчилик эътибори билан ўз мамлакатини танитмоқдир. Чунки қўлида васоит бўлмағонидан таниёлмаслиққа мажбурдир.
Бу бизнинг илмий вазифаларимиздан бирисидир.
Мактабларимизда юрт билан танишмоқ дарслари, юқорироқ даражаларда жўғрофия билан иқтисод ва иқтисодга тегишлик дарслар бор. Фақат буларнинг ҳеч бириси ҳеч бир мактабда тузук берилмайдир. Чунки муаллимнинг қўлида тутатурғон бир нарсаси йўқдир. Мамлакатимизнинг иқтисодий тириклиги, илгариги, ҳозирги ҳоли бизга мажҳулдир. Қандай бойликларимиз бор, ҳозир қандай ишламакдадир. Мамлакатнинг мадохил-махорижи (сарф-харажати - Б.К.) қандайдир? Қандай вазифалар олдида турамиз? Бу ҳалигача «иқтисодий асос» деб қичқиратурган кишиларимизнинг билмайтурғон энг бошланғич мавзуларидан биридир.
Иқтисодчиларимизнинг вазифалари мана бу масалалар ҳақида авомий (популярный) нарсалар босдириб тарқатишдир.
Туркистон тарихининг энг бой бир саҳифасини очатурғон адабий кишиларимиз ҳам биздан анча ишлар кутадир.
Бир неча йилдан бери адабиёт отида бир-икки шеър мажмуасидан бошқа нима чиқди? Бу билан адабий ишларимиз тузук борадир, дейиш мумкинми? Албатта йўқ.
Навоий турк адабиётининг отасидир. Навоий адабиёт дунёсида жуда катта хизматлар қилғон бир кишидир.
Навоий турк тилининг отасидир.
Навоий буюк адиб, буюк шоир, буюк доҳийдир.
Фақат қани биз уни таниймизми? Унинг хизматларини биламизми?! Унинг ким эканидан хабаримиз борми?! Ҳалигача унинг таржимаи ҳолини босдирмадик. Бир расмини чизиб чиқарғон бўлсак ҳам аслига унча мувофиқ эмасдир.
Бухоронинг очилиши билан Навоий даври учун энг муҳим восиқалар бизга очилғондир. Энг муҳим кишиларнинг муҳим асарлари, қўлёзмалари ҳатто Навоийнинг ўз қўли билан ёзғон мактублари бор. Уларнинг расмларини олмоқ, таржимаи ҳолларига қўшмоқ, ўшал даврга оид тафтишларга киришмак керакдир.
Бундан бошқа ҳар замонда ҳар ерда етишган адиб ва шоирларни майдонга отмоқ керак. Буларнинг орасида адабиёт тарихи учун энг муҳим ўрун тутатурғонлари бордир. Биз бу кун қўлимиздан келатурган қадар қилайлик, секин-секин тугаллаш замонанинг ишидир. Бу ишларни, бу ташаббусларни қилиш учун илмий муассаса ва ташкилотларимизнинг тиришмоғи керакдир.
Илмий ҳаётимизнинг йўлбошчилик қилиши, нашри маориф ва маориф бюроларининг кучларини сарф этишлари зарурдир. Шу ишлар орқали биз илмий ҳаётга кирган бўлурмиз.

Бу мақола «Зарафшон» газетасининг 1924 йил 21 июн сонида босилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин