Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Муҳтарам шуаромизга (1913)
PDF Босма E-mail
(Тўғри сўзлар сўзларам мумкин қадар,
Хоҳ онам ранжисун, хоҳи падар).

Ухлаб қолган кишиларни бошлаб мулойим овоз ила уйғотмоқ одобдандур. Садо кифоят этмаганда мутлақо туртиб уйғотмоқға мажбурият кўрилур. Мен ҳам ушбу қоидани риоя қилуб, аҳволи олам ва иқтизои замондин оз хабарлик муҳтарам шоирларимизни уйғотмак нияти хайрихоҳонаси ила товуш чиқармакчи бўлдум. Аммо биравга насиҳат берурга ёки туртиб ранжитмоқға асло ҳаққим йўқдур. Маълумки, дунёда ҳар бир илм ва ҳунарни фойдали мақсадға етмоқ учун ўрганурлар. Диний ёки дунёвий фойдаси бўлмаган илм ва фанни таҳсил этмоқ йўлиға ақли бор одам ҳеч вақт азиз умрини сарф қилмас. Эмди шеър масаласида келсак, бу фан шаръан мазмум бўлмаса керак. Чунки асри саодатда ҳам асҳоби киром ичида машҳур шоирлар бор эди. Ва аларни шеър иншодидан ислом манъ қилмабдур. Ҳатто Аҳзоб муҳорабаси бошланмасдан бурун Мадинаи мунаввара атрофинда «ҳандақ» қазмоқ асносинда пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида Абдуллоҳ бин Равоҳнинг шеърини ўқиб биззот туфроғ тошигонлари ривоят ўлинмушдур.

Яна бир неча жиҳатдан шеърнинг таъсир ва фойдасини-да инкор қилиб бўлмас. Чунончи, муҳофизаи тил ва адабиёт ва миллий ҳиссиётни қўзғотмоқ ва бошқа важҳлар учун шеърнинг келтурадурган фойдалари ниҳоятда кўбдир. Лекин бир неча асрдан бери бошқа санъатларимиз каби фани шеърга ҳам суистеъмол қилиниб; алалхусус бу замонда шеър, таърифи хатту ҳол, тавсифи май ва жом ё тамаъгарона маддоҳиёт ва ғаразгарона ҳажвиётдан иборат бўлуб қолди. Мана шул сабабли ахлоқи омма бузулуб, жувонбозлик феъли ва шаробхўрлик одати халқ кўзиға мубоҳ даражасида келди.

Халқ ашъори фисқия ва ё ҳажвиядан лаззат олатурган бўлуб ахлоқи диния таъсир қилмас. Эмди умид қилурмизки, бир мундан сўнг фазилатлу шуаромиз (бир-икки зот истисно) ошиқона шеър ва ҳажвомез назм иншод этмакдан воз кечуб, замонаға мувофиқ фанний, миллий ва ахлоқий шеърлар иншод этарга киришсунлар. Токи, бу сабабдан бутун мустақбалдаги авлодимизнинг ахлоқлари тузула бошлаб, миллий ҳислари ва ахлоқлари тузалсун. Шунинг ила дин ва миллат, илм ва маданият йўлида қадам босиб фойдали ишлар ишласунлар. Миллий шеърларнинг намунасини кўруб истифода этмак учун: Абдулҳақ Ҳомид, Тавфиқ Фикрат, Муҳаммад Ҳодий ва марҳум Абдулла Тўқаеф каби шуарои асримизнинг ашъорини олдуруб мутолаа қилинса, ибрат олинмоқиға шубҳа йўқдур.

(Мехрий, бу тўғри сўзинг қаттиғ эрур,
Оре нофеъ дору ҳам аччиқ эрур).

«Ойна» журнали, 1913 йил, 9-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин