Саналар
21.11.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Истиқбол қайғуси (1913)
PDF Босма E-mail

Маълумдирки, ҳар миллатнинг тараққийси илм ила бўлуб, илми бор миллатнинг истиқболи мунаввар ва ўзи осойишда ҳам ажнабийлар қошида маҳобатлик ва ҳурматлик кўринур. Соҳиби илм ва мутараққий миллатларнинг аломатлариндан баъзиси шулки, ибтидоий мактаблари мунтазам бўлуб, ўрта ва олий ҳар турли мадрасалари бўладур. Бу мадрасаларда ўқуб чиқгон болалари фаол одам бўлуб, ҳол ва даражаларига муносиб иш - ҳунар - тижорат ва руҳоний ўрунларга киришуб кетарлар. Шу йўл ила мутамаддун миллатлар ўз ишларини ўзлари бошқаруб, ҳеч важ-дан ўзгаларга муҳтож бўлмай роҳат, роҳатда яшайдурлар. Ўз мадрасаларига диний, дунёвий илм ва фанларни лозиминча ўргануб чиқарлар. Онинг учун на динларини қўлдан берурлар ва на дунёвий ишларини.

Демакки, бир қавмнинг ҳаёт ва саодати илм иладур. Сувсиз балиқ тирик қолмагани каби илмсиз, иттифоқсиз миллатларнинг яшай олмаслиги табиийдур. Мен бу маҳалда илм ва фан қаторинда сарват, яъни бойликни ёзмадим, ҳолбуки, тирикчилик шартларининг бириси оқча ва мол эди. Чунки мол ва мулк илмнинг ниҳоятсиз самараларидан бир жузъидур. Илми бор одам озгина ҳаракат ва ғайрат қилса, албатта, бой бўлур. Юқорида илмлик миллатлар яшайдур демиш эдим. Мунинг аксинча, нодон миллатлар мутлақ яшамас, тадрижий йўқ бўлур. Алалхусус бу замонда, илми замонийсиз миллатнинг яшамайинча, тезлик ила мунқариз бўлиши муқаррардур.

Бурунғи замонда темир йўл, парохуд, телегроф, айруплон ва шунга ўхшаш маданият асбоблари йўқлигидан дунёдаги ҳукуматлар бир-биридан узоқ туруб, яки дигарининг қувваи аскария ва молиясини тамом билмас эди. Шунинг учун ҳукуматларнинг бир-бири устига боруб ҳужум қилиши ниҳоятда мушкул эди. Шул важдан аввалги замондаги ҳукуматларнинг аҳволи аҳёнан табаддулот ва тағйиротға учрар эди. Аммо бу замон бўлса, бутун бош-қадур.

Илм ва фаннинг тараққийси ва ёрдами ила ер юзиндаги мухталиф миллатларнинг ҳар навъ аҳволи мутамаддун ёвруполиларнинг кўзи олдиндадур. Бу дунё ҳаёт муборизаси майдони бўлгонидан, бир кучлик нимарса кучсизини эзар, ютар. Бу қонуни табиат ҳар бир жонсиз ва жонлик нарсалар ҳақида умумий ва жорий бўлуб келмакдадур. Масалан, ғарбдаги Америко ҳукумати шарқдаги Ёпуниёни билфарз кучсиз топса, денгиз ичидан келуб, бир ой зарифида тамом Ёпуниёни истило ва тасхир этмоқи мумкиндир. Анинг учундирки, замонамиздаги ҳукуматлар бошиға тез-тез янги ҳодисалар воқеъ бўлуб, ушбу замон силоҳи ила қуролланмаган ҳукуматлар ўз мамлакат ва истиқлол-ларидин маҳрум бўлмоқдадурлар.

Мисол учун ҳозирги замонамизда кам илм ва бепарволигидан жаннат каби шаҳарларидан айрилуб, юз мингларча аскарлар ва бегуноҳ хотун, бола-чақаларининг талафиға сабаб бўлган Туркия ҳукумати ила нодонлик ва ўз ичидаги фитна ва иғтишош сабабли бир-икки ҳамсоясининг тузоғига илиниб, мухтазорлик ҳолатига келган Фас ҳуқуматини кўрсатурмизки, булар ҳар бир кўзи очиқ жаридахонларга маълумдир, Ҳоказо Эрон.

Эмди келайлук мақсудимизға. Бизларнинг замонаға мувофиқ, яъни замонча эҳгиёжимизга ярайтургон мактаб - мадраса - дорулсаноъа - ...ларимиз ила замоний илм ва фанларни билатургон уламо - ағниё - тужжорларимиз ва ҳунармандларимиз йўқ. Токи, бизлар ҳам ўзгалар қошида ушбу (муборизаи ҳаёт) майдонида эзилмай, илмимиз ила динимизни, молимиз ила ҳаётимизни муҳофаза қилиб яшасак. Шундай қилмаганимиз ҳолда, бора-бора охир ҳолимиз табоҳ-болаларимизнинг иши оҳ ва воҳ бўлуб ҳам дин ва ҳам дунёмизни қўлдин беруб мунқариз бўлурмиз. Ушбу вақтдан бошлаб истиқбол ғамини еб, таъмини истиқболимиз йўлида ҳаракат қилмоқ ҳар биримизнинг вазифаи лозималаримиздур.

«Ойна» журнали, 1913 йил, 2-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин