Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Халқ дорилфунуни (1918)
PDF Босма E-mail

Эски ҳукумат замонинда Русиядаги ўрта ва олий мактаблардан фойдаланатурғон халқнинг кўбиси, балки ҳаммаси ёлғуз бой синфи эди. Ул чоғда фақир халқнинг боласи «дорилфунун» деган илм юртини тушинда ҳам кўролмай ёлғиз ибтидоий мактабнигина битуриб чиқса, ўзини бахтиёр санар эди. Бохусус, биз Туркистон мусулмонлари бир ёқдан ҳукуматнинг тазйиқи, иккинчи ёқдан ўзимизнинг илм қадрини билмаганлигимиз сабабли андай мадрасалардан истифода қилолмағанимиз каби ўз мактабларимиздан ҳам лозиминча баҳра ололмай юра эдик.

Иккинчи инқилоб натижасинда Русиянинг фақир халқи бурунғи бахтсизликлардан, бурунғи фалокатлардан қутулиб, роҳат юзи билан илм нурини кўра бошлади. Ибтидоийдан то ўрта ва олий даражадаги илм юртларининг эшиклари фақир халқ юзиға қарши очилди. Илгари фақирлиғи сабабли ўз боласини ёлғиз ибтидоий мактабда давом қилдирарға муваффақ бўлолмағон халқ бу кунда «дорилфунун» каби илм ва ҳунар хазинасидан бир пул масориф тутмайинча истифода этарға ҳақли бўлди.

Ўктабр инқилобиндан кейин Тошкандда Туркистон халқи учун «Халқ дорилфунуни» очилиб, анинг масорифиға ўттиз миллиюн сўм тахсис этилди. Бу «дорилфунун» Туркистоннинг умумий фақир халқи учун таъсис қилинғон бўлса ҳам, лекин биз мусулмонларнинг илм-маърифат тўғрисинда ғоят тубан даражада эканлигимиз ва шунинг учун ундан лозиминча истифода этолмай қолажагимизни кўзда тутиб, Тошканднинг бир неча ғайратли ёшлари Тошкандда мусулмонларға махсус халқ дорилфунунининг мусулмон шўъбасини очарға ҳаракат қилдилар ва бу ишларға муваффақ ҳам бўлдилар. Ҳозирда унда «дорилфунун» шўьбасининг ибтидоий қисминдан ўндан зиёд мактаб, ўрта қисминдан ҳам икки санойиъ мактаби очилиб ўқувлар давом этмакдадир. Олғон маълумотимизға кўра, мазкур ибтидоий мактабларнинг бештаси хотин-қизларға, бошқалари эркак болалар билан катта кишиларға махсус бўлиб, ҳозирда аларнинг мажмуасинда 75 нафарча муаллим ва муаллима билан 700 дан ошиқ талаба ва толиботи бор экан.

Ийди фитр муносабати билан Тошканддан Мухтор Бакир афанди Самарқандға келиб, ёшлар мажлисинда Тошкандда очилған «Мусулмон халқ дорилфунун»и шўъбаси тўғрисинда муфассал маълумот берди ва мунда ҳам «дорилфунун» шўъбаси очарға ҳозирини таклиф этди. Мажлис анинг таклифини бир оғиздан қабул этиб, ўз орасиндан ташкилот комиссияси сайлади. Ҳозирда бу комиссия дорилфунун шўъбаси очмоқ хусусинда тиришмакдадир. Иншооллоҳ, тезда мунда ҳам дорилфунун шўъбасининг ибтидоий қисми номи ила эркак болалар ва катталар ҳам хотун-қизларға махсус бир неча мактаб билан бир санойиъ мактаби ва қисқа муддатлик муаллималар курси очса керак.

Бу мактабларда 15 ёшдан кичик бўлмаған ҳаркимса кабул қилиниб, ўқувлар мажжоний-текин бўладир. Ўқув вақтлари ҳам пешиндан кейин ҳар куни уч соатгина бўладир. Бу мактабларнинг ибтидоий қисминда талабаларға она тилиндан осон ва равшан ўқув, ёзув, ҳисоб, жуғрофия, тарих, ахлоқ ва ҳам деҳқончилиқ, боғчачилиғ каби халқ учун фойдали илмлар ўргатилур. Хотин-қизларға махсус очилатурғон мактабларда эса муслима муаллималар қўиилиб, аларға ўқув-ёзувдан бошқа турли қўл ҳунарлари ҳам ўргатилур. Булардан бошқа панжшанба кунларида талаба ва толиботларға лексия тариқи билан маданий ва сиёсий маълумот берилур. Санойиъ мактабида ҳам меъморлиқ, нажжорлиқ, муқовасозлик каби турли санъат ва ҳунарлар ўргатилурки, бу бизнинг камбағал халқ учун гоят фойдали бўлса керак.

Маълумдирки, бизнинг мусулмон биродарларимиз аксарият ила камбағал бўлуб, ёлғиз кун ўткармак ёки бир ҳунарни ўрганмак учун бир уста (ҳунарли) кишининг уйида беш-ўн йил хидмат қилиб зўрға ҳунарни ўрганиб чиқадирлар. Мана мундан сўнг шундай ҳунарға толиб биродарларимизнинг андай усталарға муҳтож бўлмай, тўп-тўғри шул санойиъ мактабига кириб, озгина вактда хат ва савод билан истаган ҳунарларини ўрганиб чиқиб тирикчилик этмаклари мумкиндир.

Хулоса: бу «Халқ дорилфунуни» бизнинг фақир мусулмон биродарларимиз учун бир илм ва ҳунар хазинасидирки, унинг очилиши ила баробар халқимизнинг комили ихлос ва рағбат ила ундан истифода этмаклари матлубдир.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 23 июль

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин