Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Бизга нима керак? (1918)
PDF Босма E-mail

Дунёда ўзининг ҳаётини ҳимоя қилмоқчи ва ўз маишатини таъмин этмакчи бўлғон кишининг табиат қонунлари ва ҳаёт шароитлари мужибинча қандай тадбирлар кўрарга ва қандай чоралар изларга тугунмоғи қанча лозим бўлса, сарбастона ва масъудона бир суратда яшамакчи бўлғон бир миллатнинг ҳайъат мажмуаси ҳам ижтимоий ҳаётиндаги вазифаларини лозиминча ифо этмак йўлинда ҳаракат этиши ўшанча лозимдир. Акс ҳолда, ул фарднинг ҳаёти нақадар таҳликага маъруз қолурса, бул миллатнинг ҳаёти ижтимоияси ҳам шул қадар таҳликага учраб ўзгаларнинг тасаллут ва асорати остинда қолажағи табиий ва шубҳасиздир.

Яшамак шартлари ва ҳаёти ижтимоиядага вазифаларининг энг умдалари: аскарлик, маориф, тил, адабиёт, зироат, тижорат ва санойиъ эканлиги маълумдир. Мана, ҳаёти ижтимоиямизда лозим бўлғон бу нарсаларнинг барчаси ҳозирда бизда борми? Бўлса қайси ҳолдадир?

Бу саволларға қарши тўғри жавоб ёзилғонда ихтиёрсиз қалам уёлур, киши истиқболдан маъюс бўлур. Чунки мазкур нарсаларнинг баъзиси бизда йўқ ва баъзиси ҳануз ибтидоий ҳоддадирки, буларнинг мумкин суратда вужудка ижтиҳод чиқарилиши учун кўб умрлар ва кўблар сарф қилмоқ керакдир. Лекин лозимаи ҳаётимиз бўлғон бу нарсаларни вужудга чиқариб олғунча бизга замон мусоада этарми, яъни фурсат берарми?

Сиёсий аҳволнинг ҳозирги суръатли ўзгаришига қарағанда, замон фурсат бермас каби кўринадур. Шундай бўлса ҳам, ҳозирги мусоиди замин ва замонни ғанимат билиб ватан, ҳуқуқ ва ҳаётимизнинг муҳофазаси, истиқболимизнинг таъмини учун керак бўлатурғон тадбир ва чораларға киришмагимиз лозимдир.

Мана, ҳозир ушбу савол ворид бўладирки: бизга нима керак?

Ҳозирги вазифамизға қарағонда бизга энг аввал, аскар керақдир. Чунки ҳозирги дохилий шўриш ва инқилоб хорижий душманларнинг тажовузидан ортиқ бизга қарши хатарли бир ҳолға айланмақдадурки, бу шўришдан ватан ва ҳурриятни қутқариб олмоқ учун аскарий зўр бир қувватға молик бўлмоғимиз мутлақо лозимдир.

Маълумдирки, ҳозирда бир ёқцан Николай косалесла-ри бўлғон Ашқобод фитначилари, иккинчи ёқдан казачийлар билан ... оёққа қалқиб Туркистонимизни таҳдид этмакда ва фақир халқ ҳокимиятини таҳликага туширмакдадирлар. Буларнинг мақсади ҳокимиятни фақир халқдан олиб буржуазларға тобшурмоқ ва бунинг ила миллиюнларча бечора камбағал халқни янада бойларнинг оёғи остинда эздурмакдир.

Мана, ушбу дохилий душманларимизнинг ҳужуминдан ватанимизни қутқармоқ ва аларни тасаллутиндан муқаддас ҳокимиятимизни муҳофаза этмак учун биз Туркистон фақир ишчи ва деҳқонлариға лозимдурки, ўз орамиздан аскарий фирқалар ташкил этиб, жонимиз ва номусимиз каби азиз бўлғон ҳуқуқ ва ҳурриятимиз йўлинда қурбон бўлурға ҳозир турайлук.

Дунёда золим остинда номуссиз яшамакдан ҳуқуқ ва ҳуррият йўлинда номус билан ўлмак минг марта яхшироқцир.

Эй Туркистон ишчиси! Оёқға тур! Душманларингни бос! Юртингни сақла!

Эй туркистонли турк ўғли! Яроғингни ол! Ёвингни от! Ҳурриятингни сақла!

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1918 йил, 13 август

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин