Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Болалар боғчаси (1919)
PDF Босма E-mail

Халқимиз илм ва маорифнинг ҳақиқий қимматини ўлчай олмаса-да, мактабдан асл мақсад нима эканлигини дуруст тушунмаса-да, «мактаб деган ўқув юрти бор, унда болалар бориб ўқуйдилар» деб билалар, ихтиёрли, ихтиёрсизми болаларини мактабга юборалар.

Аммо «Болалар боғчаси» деган сўзни эшитмаган одамлар кўбдир. Шунинг учун бу тўғрида бир оз маълумот бермак, бу кунларда очилган «Болалар боғчаси»га аҳолининг диққатини жалб қилмоқ муносиб кўрулади:

«Болалар боғчаси» шундоқ бир бинодирки, анда ўқув ёшига етмаган 4-6 яшар болаларни йиғиб асрайдирлар. «Болалар боғчаси» шаҳарнинг энг яхши ва хушҳаво еринда, боғчалик бир бинода бўладир.

Болалар боғчасинда болаларнинг сонларига қараб уч-тўрт нафар бола тарбиясини яхши биладирган тарбиячилар қўйулалар. Болалар кунда соат саккиздан икки ёхуд тўртгача у ерда асраланалар.

Тарбиячилар болаларни ҳар қисми оддий ўйунлар билан ўйнаталар, коғоз, лой ва чўбдан ҳар нарсанинг суратини ва намунасини ясаталар. Қалин когоздан кесилган ёхуд чўбдан ясалғон ҳарфларни болаларнинг қўллариға бериб, ўйун йўли билан ҳарфларни таниталар. Болаларнинг ўз аъзолари ва кўзларига кўруниб турюн нарсаларнинг отлари ва сифатлариндан қисқа-қисқа сўзлар ясаб, болалардан айтиралар. Шул восита билан болаларни тўғри ва уста сўйламакка ўргаталар. Болаларни бирга ўйнатиб, бирга ўтуртуб, бирга турғузуб жамоат билан ишламак, жамоат бўлиб тирикчилик қилмоқға одат қилдиралар. Болаларнинг тез-тез оч қолишларини эътиборга олиб, болалар табиатига мувофиқ енгил-енгил емаклар егузалар. Болаларни покизаликга одат қилдиралар. Ўйун вақтинда, тамақ вақтинда кийимларини, қўлларини булғотдирмайдирлар. Болаларга қисқа-қисқа шеърлар ўргатиб, мусиқий ҳавоси билан ўқутуб, руҳларини тарбия қилалар. Болаларнинг эсонликларини сақламоқ, гавдаларини ўсдурмак учун табиблар сўзлари бўйинча ҳар қисм ҳаракат қилдиралар. Хулоса, бир тарбияли онадан ортуқроқ болага қарашалар ва асрайдирлар.

Маданий миллатлар ичинда «Болалар боғчаси» кўб замонлардан бери бор. Ва болалар мактабдан бурун у ердан тарбия олалар. Шўролар ҳукумати соясинда болалар боғчаси Туркистонда ҳам кўпаймоқlадир. Эски Тошкандда мусулмонларнинг бир неча болалар боғчалари бўлди.

Самарқандда ўтган йил руслар учун собиқ ғубирнатур боғинда, яҳудийлар учун қизлар гимназияси ёниндаги бинода «Болалар боғчаси» очилиб, миллиюнлар сарф қилинмоқдадир.

Баъзи маориф шўъбаларинда қотишиб юрган маорифпарвар ўртоқларнинг кўшишлари билан ўтган баҳор эски шаҳарда Хайробод қитьасинда Қулибойбачча ҳовлисинда мусулмонлар учун ҳам болалар боғчаси очилиб эди. Лекин болалар боғчаси нима эканлигини халқ англамади, болаларини юбормадилар. Бир талай харажатлар бўшға кетди, тарбиячилик учун Тошканддан келтурулган, болалар боғчаси курсиға ўқуғон татар ҳамшираларимиз бола йўқлиғидан зерикиб яна қайтиб Тошкандға кетдилар. Лекин эски шаҳар маориф шўъбаси болалар боғчасининг кераклигини, бола тарбияси учун лозумини кўзга олиб мазкур Қулибойбачча уйинда яна «болалар боғчаси» очди. Эмди халқимиз мундоқ тарбия уйиндан истифода қилмоқ учун 4-6 яшар болаларини бу ерда юборсалар эди.

Эскидан бери халқимиз болаларни тўрт-беш яшарлигидан мактабга элталар, домлоға айтадургон сўзлари: «Тақсир, ўқумасада, алдаб-сулдаб мактабда сақланг, уйда шўхлиқ қилиб, онасини безор қиладир. Иш кучидан қолдирадир, кўчаларда, ноқулай ерларда ўйнайдир. Бирон ўсал бўлмасин деб қўрқаман. Мактабда турса, ман бозорда, онаси уйда хотиржам бўламиз...» Ана шу ҳоллар кўрсатадирки, ёш болаларни асрамак ва ёмон ўйунлардан, ноқулай ишлардан сақламоқ учун бир ер керак экан. Бошқа муносиб бир ер йўқлиғиндан оталар болаларини ёш чоғиндан хотиржам бўлайлук деб мактабга элталар. Лекин ёш болалар-ни мактабга юбормак ва ўқуйдиргон болалар қаторинда ўтқузмоқ боланинг эсонлигиға кўб зарарликдир. Бола ёш чоғинда кўнгли хоҳламайдиргон бирон ишга мажбур қилинса, бадани оруқ бўладир. Димоғ ва миясига халал келадир, қони бузиладир, аъзоси ўсишдан қоладир ва бошқа касалларга учрайдир.

Кўчада, уйда ўз ҳолича қўйулса, ёмон ўйунлар ўйнайдир, кўча болалари билан ёқалашиб, урушиб ахлоқи бузиладир, ёшликдан айғоқлиқни, олифталикни ўрганадир. Кўчада от ва ароба остинда қолиб, ёки том ва ёғоч устиндан йиқилиб, бирон ўсал бўлмоғи ҳам мумкиндир. Ўсал бўлмаса-да, ўз бошига ўйнаб юрган болани «Нима бўлди?», деб ота-онанинг юраги титрайдир. Мана, «Болалар боғчаси» шу ҳолларнинг борисига чорадир.

«Болалар боғчаси»нинг биринчи фойдаси болаларни мазкур ҳоллардан, ота-онани беҳуда ташвишлардан қутқармоқдир. Иккинчи фойдаси болаларни яхши тарбия қилиб, лозим ишларга ўйун йўли билан ўргатиб, мактабдан бурун мактабга ҳозир қилмоқдир.

Бу хулосаларни халқимиз дуруст англаб, мингларча халқ ақчаси сарф бўлаётган бу ишлардан истифода қилсалар эди. Англағон кишиларга лозимдирки, англамагонларга тушунтирсунлар. Муни яхши билдирсунларки, маориф шўроси, халқ ҳукумати бу ишларни ўйун учун ёхуд ўзи учун қилмайдир. Балки халқ ақчасиндан бир қисмини халқ манфаатиға сарф қилмоқчи бўладир. Бизга лозимдирки, гўшт дўконинда навбат кўзлаб тургандек, мактаб ва боғчалардан ҳам биримиздан биримиз бурунроқ навбат олмоқ ва истифода қилмоқ учун югурсак.

Сўз охиринда шуни эсга тушуруб ўтамизки, яҳудий ватандошларимиз аҳмоқ кишилар эмаслар. Балки буларнинг зийракликларига барчамиз қойилмиз. Булар ҳунар мактаби очдилар, эскидан савдогар бўлдиқлари ҳолда ўн қўл билан янги ҳунар, янги ишларга ёпишдилар. Болалар боғчаси очиб болалар билан тўлдирдилар, ҳосили қанча мумкин бўлса, шунча фойда олаётибдирлар.

Ҳоло биз болаларимизни охири солдат қиладир деб қўрқмоқда, хаёлот билан овора бўлиб, истифода йўллариндан маҳрум қолмоқдамиз.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1919 йил, 3 ноябрь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин