Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Самарқандда матбуот аҳволи (1923)
PDF Босма E-mail

1920нчи йилнинг охирларидан бошлаб Самарқанд матбуотиға ҳукумат томонидан сензур (нозир) қўйилди. Ва ўшал кундан эътиборан «Меҳнаткашлар товуши» газетаси қисинқилиқ остида қолди. Бир томондан, сензур: «Миллатчиликдан, диёнатдан гапирма! Ҳукумат тепасидагиларга тегма!» каби амр ва таълимотлар бериб, газетани маънавий жиҳатдан қисаверди. Иккинчи томондан, оқча йўқлиғи, коғоз қаҳатлиғи ва ҳуруфчинларнинг маишати торлиғидан қочарға мажбур бўлишлари газетанинг кундан-кун таназзулига сабаб бўла бошлади.

Бунинг устига, (1921нчи йил апрел - май ойларида) газетада «Сўз, қарор ва иш» сарлавҳалик бир мақола босилиб, ҳукуматнинг баъзи саҳв ва хатолари танқид этилди. Шу чоқларда обкўм партияда рус ва мусулмон газеталарини йўлга қўйиш хусусида музокара мажлиси бўлиб, унда Мурсалимов бизнинг газетамизнинг камчиликларини санаб, ўшал танқидий мақоланинг мазмунини ҳам русчага таржима қилиб берди. Натижада ўзи «Меҳнаткашлар товуши»га сиёсий нозир тайин этилди. Обкўмнинг қарори билан газетанинг оти ўзгариб, «Камбағаллар товуши» қўйилди. Гўё меҳнаткаш сўзи меншевикларнинг шиори эмиш. Болшевикларга бундай исмларни тақаш муносиб эмас эмиш... Ҳолбуки, ўшал чоғларда Масковда «Меҳнат» маъносида бўлғон «Труд» отлиқ русча газета чиқиб тура яна ҳар ерда чиқиб турғон газета, журнал ва рисолаларнинг бош томонида «Бирлашингиз, бутун дунё меҳнаткашлари» шиори ёзилиб келар эди.

Ўртоқ Мурсалимов газетага ўтгандан кейин, бир ёқдан, ерлик муҳаррирларни қиса бошлади. Бошқа ёқдан, ўзи истаганча мақолалар ёзиб, масъул муҳаррирга кўрсатмасдан газетага ўтказа берди.

Бу ҳақда 215-сонлик «Қизил байроқ»да узунроқ ёзғонлиғим учун бу ерда такрорини лозим кўрмайман.

Шунинг билан «Камбағаллар товуши» кундан-кун ҳар жиҳатдан қисилиб, фақирлана берди. 1922нчи йилнинг бошларида обкўм партиянинг саркотиби ўртоқ Мавлонбеков газетага масъул муҳаррир тайин этилди. Бу киши газетага энди ривож бераман, деб турган чоғида ўзи Хўжандга камондировка бўлиб кетди. Унинг ўрнига вақтинча газетага ўртоқ Юсуф Алиев ўтди. Бу кишининг газета ишлари билан ошно эмаслиги ва ўзининг қувваи қаламиясининг на даражада эканлиги маълум эди. Шунинг учун бу ўртоқнинг уч-тўрт кунлик даврида ҳам газета дуруст йўлга кира олмади.

Ўртоқ Юсуф Алиев Тошкандга кетгач, унинг ўрнига обкўм партия томонидан ўртоқ 3. Бурнашева қўйилди. Бу ўртоқ ҳам Мурсалимов тутган йўл билан бориб, ерлик муҳаррирларни қисиб, уларни иш ташлашлариға сабаб бўлди. Бу ҳолни кўриб обкўм партия ерлик зиёлилардан Т. Раҳмонберди ўғлини газетага масъул муҳаррир қилиб қўйди. Бу ўртоқ ўзи муҳаррир бўлмаса ҳам, ерлик муҳаррирларни чақириб газетани чиқармоқчи бўлди. Лекин обкўм партия йўл бермади. Босмахона «Газетанинг қарзи тўланмагунча газетани бостирмайман» деди. Ўртоқ Раҳмонберди ўғли ҳаракат қилиб, у ёқ-бу ёқдан бир оз оқча топиб, зўрға икки-уч номер газета чиқара одди. Шуни ҳам ёзайинки, бу газета икки йилдан зиёда бир муддатдан бери вилоят фирқа қўмитаси билан вилоят ижроия қўмитасининг ношири афкори бўлиб келган бўлса ҳам, шул икки катта ҳукумат муассасаси ўзининг расмий газетасини моддий ёкдан таъмин этолмади ёки таъмин этарга жиддийроқ ҳаракат қилмади. Йўқса, биргина газетани ҳар ёқдан юқори кўтариш, мукаммал ва мунтазам суратда чиқариш ҳукумат қошида унча қийин бир иш эмас эди.

Самарқанддаги расмий ҳукумат муассасалари ҳар вақт газета идорасиға «ундай ёзма - бундай ёз, эълон ва буйруқларимизни тезроқ бостур», деб танбеҳот ва таълимот бериб, сензур устиға сензурлиқ қилиб турардилар. Лекин газетанинг моддий ёқдан ва унинг очлиқда қолғон муҳаррирларини маишат жиҳатидан таъмин этиш ишларини эсларига ҳам келтирмас эдилар. Ҳол бундай бўлғонда газета қандай тараққий этсун.

Уч йил давом этган форсийча «Шуълаи инқилоб» журнали ҳам коғоз ва оқча йўқлиқ, ҳам тошбосма асбоби етишмаганлик сабабли 1921нчи йил охирларида тўхталмоққа мажбур бўлди. Йўқса, ул ҳам маънавий жиҳатдан ҳеч вақт торлиқда қолмағон эди.

Хулоса: Самарқандда бир газета ва журнални маънавий жиҳатдан идора қилурлиқ куч бор эди, ҳозир ҳам бор. Фақат юқоридаги монеълар бундаги матбуотнинг танглигига, ҳатто ерлик муҳаррирларнинг ҳам бир даража ишдан совунмоқлариға сабаб бўлди.

Марказ (Тошканд)да бўлса иш бошқачадир. Самарқандни ҳеч вақт Тошкандга қиёс қилиб бўлмайди. Чунки Тошкандда моддий ва маънавий куч кўп бўлғонлиги учун андаги матбуот доим мунтазам чиқиб турадир. Тошканд Туркистон жумҳуриятининг маркази бўлғони учун ҳукумат андаги матбуотни ҳар жиҳатдан таъмин этадир. Ҳатто сўнгғи чоқларда Тошканд матбуотида ишлайтурғон мусулмон муҳаррирларнинг вазифалари ва қалам ҳақлари ортдирилғонлиғини эшитдук. Бунинг устига, Тошкандда биздагидек сензурнинг қисиши ҳам йўқдур. Шунинг учун Тошкандда матбуот кейинги чокдарда бир даража тараққий этди ва этмакдадир.

«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 3 ноябрь

* * *

Мен бундан бурун бир муносабат билан «Қизил байроқ» газетасида «Самарқандда матбуот ишлари» унвони билан бир мақола ёзиб, унда Самарқанд матбуотининг кечирган ҳолларидан бир оз маълумот берган эдим. Бу дафъа моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ йўсинда биринчи қатла шаҳримизда чиқа бошлағон «Зарафшон» газетасида яна шу мавзуда бир оз ёзмоқчи бўлдим.

Самарқандда феврал ўзгаришидан кейин бир марта Самарқанд зиёлилари томонидан «Ҳуррият» газетаси чиқарила бошлағон эди. Бу газета маънавий жиҳатдан ва моддий жиҳатдан таъмин этилмаган бўлса-да, халқ томонидан суюб ўқилур эди. Чунки ул газета халқнинг аҳволи руҳиясига қараб борар эди. Ул тўхталғонигача мингдан оз босилмағон эди. Ўктабр ўзгаришидан кейин «Ҳуррият» газетаси, бир ёқдан, ҳукуматнинг қисиши билан ўзининг ҳурриятини йўқота бошлади. Иккинчи ёқдан, моддий жиҳатдан ҳам оғирликда қолди. Шунинг учун тўхталурга мажбур бўлди. Унинг ўрнида ҳукумат томонидан «Меҳнаткашлар товуши» газетаси чиқарулди.

Бу газета расмий бир газета бўлғони учун табиий, бир ёқдан, ҳукуматнинг буйруқларини бостира ва халқ билан ҳукуматни бир-бирига яқинлаштурмоқ учун тиришар эди. Бошқа ёқдан, халқнинг уйғонишини, инқилобдан фойдаланмоғини ҳам ижтимоий жиҳатдан тузалмагини кўзда тутиб жидций, ҳажвий ва танқидий мақолалар ёзар эди. Бу жиҳатдан баъзи ҳукумат бошида турғон мансабпараст кишилар ёки мустамлакачи болшевикнамоларнинг саояти ва ҳужумига учраса ҳам, ул сензур йўқлиғиндан истифода этиб, ўзининг тутган маслакидан айрилмай турди. Ўшал вақтларда Тошкандда чиқатурғон «Иштирокиюн» газетасидан кўпроқ бизнинг «Меҳнаткашлар товуши» суюлиб ўқилур эди. Чунки керак тил, шева ва керак маслак жиҳатидан бу икки газета орасида хейли айирма бор эди.

Бу газета бир неча ой (1918нчи йил охирлари ва 19нчи йил бошларида) ўшал вақтдаги матбуот мудираси Бродская деган мустамлакачи бир хотиннинг қисиши остида қолғон бўлса ҳам, лекин «Миллий ишлар идораси»ға ўтгандан сўнг анинг чангалидан қутулғон эди.

Бу газетанинг бир оз яхши давом қилғон чоқлари 1920нчи йил охирларигачадир. Бу муддатда коғоз қаҳатлиғи унча сезилмаса ҳам, лекин коғоз учун баъзи рус миллатчилари мустамлакачилик йўлини тутар эдилар. Русча газетани доимо коғоз ва бошка жиҳатлардан таъмин этиб келганлари ҳолда мусулмон газетасига лозимича аҳамият бермаслар эди. Бунинг учун эсимда қолғон ёлғиз бир воқеани ёзиб ўтай, шояд ўқувчилар шунга қараб бу ҳақда ўзларича бир ҳукм чиқара олурлар.

1919нчи йилда (ойи эсимда қолмағон) Полиграфичиский отделнинг русча газетасига 250 пуд коғоз берганлигини эшитиб, биз ҳам ёзиб, мусулмон газетаси учун коғоз сўрадик. Мазкур идора бошлиғи маълум бир рус бизга тахминан 70-80 пудгина коғоз бермакчи бўлди. Биз бунга кўнмадик. Ул мундан ортиқ бермади. Биз ўшал вақтдаги «Мусулмон бюроси»га мурожаат қилиб воқеани англатдик. Бу ишга ани восита қиддиқ. Полиграф бўлса, бюромизнинг мурожаатини ҳам илтифотга олмади. Биз «Мусулмон бюроси»нинг зоҳиран кўз бўёв учунгина ташкил этилган нафсиз ва эътиборсиз бир идора эканлигини ўшал чоғда билиб олдиқ. Сўзнинг қисқаси, охири умидсизланиб 125 пуд коғозга рози бўлдиқ. Қабул этмади-да, талош-тортишимизга қарши: «Сиз мусулмонлар ҳам ҳар вақт ўзингиз коғоз фабрики очиб, коғоз чиқарсангиз, сўнгра тилаганингизча коғоз ола билурсиз», деб жавоб берди. Биз ҳам бу тўғрида сўз узайтиришнинг фойдасизлигини билиб 70 пудгина коғозга қаноатландик. Мана, мустамлакачиларнинг бизга қарши қилғон муомалаларидан бир мисол!..

1918-19нчи йилларда «Меҳнаткашлар товуши» уч мингдан зиёда, икки мингдан оз босилмади. Ва аксарият ила ҳафтада икки даъфадан кам чиқмади. Газетада ишлагувчи муҳаррир ва таржимонлар ҳам 19нчи йилнинг охирларигача ойлиқдан бошқа қалам ҳақи олмадилар. Тўғриси, таҳрир ҳақи олмоққа ҳақларини борлиғини ҳам билмадилар. Олатурғон вазифалари лоақал бир ҳафталик маишатларини таъмин этмаса ҳам, лекин китоб ва бошқа нарсаларини сотиб еб, хидматларини давом эттурдилар. Бу йўлда масоҳала этмадилар.

Газетанинг мунтазам чиқмай оқсаб қолишига яна бир неча сабаб бор эдиким, бири ҳуруф, иккинчиси ҳуруфчин (наборшик) масаласидир. Босмахонада тўрт бетлик газетага етарлик миқдорда мусулмоний ҳуруф йўқ эди. Бори ҳам аксар вақт ҳукумат сипоришларига ишлатилиб, газетанинг тартибли чиқишиға монеъ бўлур эди. Ҳуруфчинларға келсак, булар ҳам табиий, маишат балосиға гирифтор эдилар. Олатурғон ойликлари лоақал жой ватанларини таъмин этмаганлиги учун бу бечоралар ҳам ишдан қочар эдилар. Биз аларни ахтариб топиб, ҳукуматнинг кучи билан зўрға ишлатар эдик. Бу ҳам албатта газетанинг давомига сакта берар эди.

Ҳуруф учун бу муддатда неча мартаба марказ (Тошканд)гача мурожаат қилғон бўлсак ҳам натижасиз қолди. Қуруқ ваъда ва сучук сўзлардин бошқа фойда кўрмадик.

Мана, Самарқандда «Меҳнаткашлар товуши»нинг 18- 19- 20-йилларда кечирган умрлари. Газетанинг 21-22-йилларда ўтказган ҳолларини келаси мақолада ёзсам керак. Шуни ҳам билмак керакким, мен бу сўзларни «Сўнгғи вақтларда Самарқандда нима учун матбуот таназзул қидди, аммо Тошкандда тараққий қилаётибдур?» деган саволнинг жавоби учун муқаддима тариқасида ёздим. Бу тараққий ва таназзулнинг туб сабаблари газетанинг келаси сонларида ёзилур.

«Зарафшон» газетаси, 1923 йия, 27 октябрь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин