Саналар
21.12.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Тугалланиш йўлида (1924)
PDF Босма E-mail

Жиддий ғайрат, самимий ҳаракат бўлғонда, ҳар нарсани юқори кўтариш - тугаллатиш мумкин. Бунинг тескарисича, парвосизлик ва дангасалик орқасидан тузуккина бир нарсанинг бузилиб кетиши ва кўтарилаёзғон бир бинонинг қайтадан йиқилиб қолиши белгиликдир.

«Зарафшон» газетаси ўзининг икки йиллик давоми чоғида чексиз ғайрат ва меҳнатлар орқасида тугалланиб, бугунги ҳолиға келди. «Зарафшон»нинг 1-сони билан бу кунги 200-сонини бир-бирига солиштириб қарасангиз, мундарижа ва техника жиҳатидан ердан кўккача айирма кўрасиз. Бу нимадан бўлди? Очиқ суратда маълумдирки, бу замон ва турмушнинг талабига мувофиқ такомул (тугалланиш) томониға интилишдан бўлди.

Лекин ҳозирги замонимизнинг тақозосиға ва ишчи-деҳқон оммасининг турлиғ эҳтиёжлариға қарағанда, «Зарафшон»нинг бу кунги ҳоли ҳам қаноатланарлиқ даражада эмас. Чунки биз илгари «Сўз ва қарор» даврида бўлсақ, ҳозирги вақтда ҳар бир мақсадни амалга қўйиш давридамиз. Шунинг учун бундай муҳим ҳавойи сўзлар ва аслсиз, жузъий хабарлар билан ўзбек матбуотини тўлдириш ярамайди. Халқимизнинг ҳозирги чексиз эҳтиёжи биздан қатьий сўз ва фаолият сўрайди.

Биз ўзимиз ҳамма вақт айтиб турамиз ва иқрор этамизким, матбуот элнинг тили, халқнинг йўлбошчиси ва турмушнинг ойнасидир. Дарвоқе шундайдир. Лекин биз бу гапни билиб туриб ўзимиз шунга керагича амал қилмаймиз. Шунинг учун бизнинг кўп сўзимиздан ва кўп ишимиздан озгина натижа ҳосил бўлади.

Матбуот, бир ёқдан, халқнинг йўлбошчиси бўлса, иккинчи ёқдан, ҳукуматнинг фикр тарқатувчисидир. Шундай экан, ҳукуматнинг сўзларига бизнинг аҳамият беришимиздек, бизнинг дод-фарёдларимизға ҳукумат идораларининг қулоқ солиши ҳам керакдир. Ҳолбуки, бу мақсаднинг кўпинча амалга чиқмай қолишини кўрамиз. Чунончи, ҳукуматнинг мақсадига мувофиқ газеталаримиз бир масала хусусида ташвиқ йўли билан хабар ва мақолалар ёзадир. Ва уни ишга ошириш учун тиришадир. Лекин охирида шу ишни вужудга чиқариш йўлида баъзи расмий идоралар ва ёки маъмурлар томонидан парвосизлик воқеъ бўладир. Ёки баъзи вақт газета ўзи бир ишга аҳамият бериб ёзғон нарсасини ҳукумат таъқиб этмай турадур.

Шунинг билан у иш ўзининг тартибсиз ҳолида давом этаберадир. Мана шундай кўнгилсиз шайлар доим кўриниб турадирким, бундан кейин шунга ҳам диққат этиш ва ниҳоят бериш лозимдир.

«Зарафшон» газетаси бу икки йил ичида ўзини ҳар жиҳатдан тугаллатиш учун қўлидан келганича фидокорлик этди. Лекин бу кунгача тил ва шева масаласига керагинча аҳамият бермади. Ҳолбуки, бу биринчи навбатда турғон муҳим масалалардан бири эди. «Зарафшон» бошқармаси ўзининг икки йиллик даврида бошқа нарсалар қаторида тилни соддалаштириш йўлида ҳам бир мунча аҳамият берса эди, бу кунгача бу тўғрида ҳам зўр муваффақиятларга етишган бўлур эди. Биз газетани халқ учун чиқарамиз. Ва ҳар бир сўзимизни халққа тушунтирмоқчи бўламиз. Газетамизнинг тилини халқ англайдир деб ҳам ўйлаймиз. Ҳолбуки, халқимиз газета сўзларининг лоақал 15 фоизини тушунмайдир. Газетамизни ўқиб бутун англайдурғонлар эса жуда оздир. Мана шунинг учун ҳам чора кўриш керакдир.

«Зарафшон» идорасига лозимдирким, бу муҳим иш учун ҳам керакли тадбирларни кўргай. Ҳали «Зарафшон» бошқармасида барча материалларни кўздан ўтказиб, уларни тузатадурғон муайян бир киши йўқдур. Шунинг учун барча мақола ва хабарлар дурустроқ тузатилмай, босмахонага юбориладир. Баъзан ҳеч бир кўрилмай тўғридан-тўғри газетага ўтказилган нарсалар ҳам учрайдир. Энди бундан сўнгра «Зарафшон» бошқармаси шу камчиликни ҳам тўлдирса керакдир. Яна бир масала бордир. Бунга ҳам «Зарафшон» идораси лозиминча аҳамият бермай келди. Бу эса хурофотчи мулла ва эшонлар билан қаттиқ суратда курашиш ишидир.

Ҳали бизнинг ишчи-деҳқон халқимизнинг 95 фоизи деярлик ўшал эскипараст унсурнинг таъсири остида яшайди. Шул сабабдан халқимизнинг кўпчилик қисми янги турмушға, маориф ва маданиятга яхши кўз билан қарамайдир. Мана шунинг учун эски турмуш тарафдори бўлғон мулла ва эшонлар билан курашиш керакдир. Булар билан курашиш ёлғиз ҳажвий журналларимизнинг кулгилик мақола ва карикатуралари билан бўлмас. Бунинг учун газеталарнинг ҳамма вақт жиддий танқидлар ёзиб туришлари лозимдир. Ҳажвий журналларимиз бу тўғрида ўз вазифаларини бажариб турмоқда бўлсалар ҳам, лекин газеталаримиз учун аҳамият бермай турадурлар. Шунга ишониш керакки, халқимиз ундай зарарлик унсурларнинг чангалидан қутулмағунча янги турмуш сари бора олмас. Умид этамизки, «Зарафшон» газетаси ҳар жиҳатдан юксала бошлағани боис бу камчиликларни тўлдиришға ҳам тиришар.

«Зарафшон» газетаси, 1924 йил, 27 октбярь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин