Саналар
21.12.2024
Баннер
Исҳоқхон Ибрат. Открытие Коканд-Наманганской железной дороги (1912)
PDF Босма E-mail

ОТКРЫТИЕ КОКАНД-НАМАНГАНСКОЙ ЖЕЛЕЗНОЙ ДОРОГИ

Ушбу 7-июлда Наманган оташ ароба йўли битиб, они очилганлигиға шукрона байрами бўлубдур. Шул куни соат бирға Хўқанд истансиясиға боёнлардин йиғилиб, Наманганга борадургон поезни кўб зийнатлар бериб, ул жойда дуо ва фотиҳалар қилиб, ул йўлни(нг) биносиға сабаб бўлган одамларни ҳам ҳақлариға дуо қилиб бўлуб, мазкур ясатулганни олиб келиб сийр тортиб қўйган лентани кесиб, анинг устиға «Наманганға салом!» деб ёзган ёзувни вокзолға рўбарў қилиб, ул поезға Наманганға шукрона байрамға борадургон одамлар тушуб, алоҳида чиройлик қилган, устиға «Яхши соатда!» деб ёзган дарвозадин поез ўтиб, Намангонға қараб жўнаб, ўшал аснода фотографлар ва ҳам алоҳида чиқарилган синимотограф ўшал ерда ҳозир бўлуб, тасвирларини олиб турибдур. Ул поез Чуст истансияға расми юришда юруб бориб, андин кейин Сирдарёға кўб харажатлар билан бино қилган ёғоч кўфрикдин ўтуб, ул йўлларда кўб жойларда кўб чуқур жойларға қўфрик солиб, хусусан, икки чуқурлик жойға бири саккиз саржин, бири ўн икки саржин жойға кўфрик солиб, бул икки кўфрик ул йўлни тезлик билан битмасликға сабаб бўлубдур. Мазкур поез Чуст ва Тўрақўрғон истансиялариға келганда, қишлоқ фуқаролари тарафлариндин мутасаддилар қарши чиқиб, нон-туз ушлаб, Чуст мутасаддилари Фарғона области жаноб военный губернаторини ноиблариндин ҳукуматдорлардин тўсуққа ҳам оташ аробани тезлик бирлан келмоғиға ионат кўрсатмоқликни илтимос қилибдурлар ва ҳам ўз тарафларидин беоқча ул оташ ароба кераклик ерларни бермоқликға ваъда қилибдурлар. Поез Наманганға келгандин кейин истансаға ниҳоятда кўб сартиялар йиғилиб, атрофдин, қишлоқлардин умрида оташ аробани кўрмаган одамлар келиб, ул оташ аробани биринчи маротаба кўруб ҳайрон қолиб, поез келаётган вақтда оқ саллалик одамлар адади ниҳоятда кўб 25000—30000 ға етибдур. Наманганға етиб дуо ва фотиҳа қила бошлаганда, ул кўб ҳужум бўлган сартияларни политсиялар машаққатлар бирлан тарқатиб, чеккаларға чиқорибдурлар. Поез тўхтаган жойда Наманган тарафдин кўб зийнатлик дарбоза қилинуб, ул дарвозани гилам ва байроқлар бирлан зийнат қилинуб «Хуш келдилар!» деган сўзни ёзиб қўйилган экан. Келган меҳмонларни наманганлик мутасаддилар кўб яхши қарши олиб, ҳозирда битмаган вакзал яқинида беш адад одамға дастурхон тайёр қилиб, зиёфат қилиб, кўб ажойиб мушаклар ҳам тайёр килинган экан. Икки нафар аскария музиканлар нағма чолиб турубдурлар. Ул нағмагарларни бири Хўқанддин поез бирлан йўлларда машқ қилиб келибдур. Зиёфат таом вақтида ўлтурган одамлар кўб қуллуқлар этиб, ул баланд даражалик Туркистон генерал губернатори отлиқ аскарларни гинирали Самсўнуф жанобларидин муборакбод қилиб юборган телегромни ўқубдурдилар ва ул темир йўлни биносиға ва тараддуд қилган одамларни саломатликларини ва Туркистон вилоятини ободончилигини тилабдурлар ва яна кўб адад муборакбод қилиб юборган телегромлар ўқулибдур.

Шул тариқа қилиб, Наманган шаҳри ул биринчи поезни қарши олмоқликға харажатни аямабдурлар ва соат 4 да эрта бирлан Намангандин ул поез Хўқандға қараб борган меҳмонларни олиб жўнаб, соат 8 да Хўқандға келибдур.

Туркистон вилоятининг газети, 1912 йил, №54, 15 июль

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин