Саналар
21.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. «Шаҳнома»нинг туркча таржумаси (1925)
PDF Босма E-mail

Эрон-форс адабиётининг отаси бўлғон улуғ Фирдавсий ёлғуз биргина асари, яъни «Шаҳнома» си орқасида бутун ер юзига танилди. Оврўпо тилларининг кўпига назм ва наср билан таржума қилиниб «Тус»ли Абулқосимнинг шуҳратини офоққа ёйғон — ўша «Шаҳнома»дир.

Фақат таассуфлар бўлсунким биз, шу чоққача Фирдавсийнинг у улуғ асарини турк шеваларининг ҳеч биттасида — тугал ва назм билан таржума қилинғон ҳолда — кўра олмадиқ. Мундан 10—15 йиллар илгари Тошкент шаҳарида босилғон бир ўзбекча таржумаси бордирким у ҳам наср билан ва фақат моддий манфаат кузатиб — таржима қилинғон. Тош босмада босилғон у таржума ҳали ҳам меҳмонхоналаримизни обод қилиб турадир. Ўзбек шевасида назм билан бир-икки парча бўлса ҳам таржума қилинғонлиғидан хабаримиз йўқ. Бошқа турк шеваларида ҳам назм билан тугал таржума қилинғони бизга маълум эмас. Фақат, Озарбайжон шевасида машҳур Собир томонидан тажриба шаклида бир нарса бошланғон бўлса ҳам, унинг бемаҳал ўлими билан чала қолиб кеткан эди. Яна Озарбайжон шевасида «Шаҳнома»нинг «Суҳроб»га тааллуқли қисми назм билан таржума қилиниб, Тифлисдаги «Ғайрат» босмахонасида босилиб чиққан эди. «Мулла Насриддин» мажмуъасининг бурунғи суратчиси (рассоми) «Рўттер» томонидан у таржумага иккита сурат ҳам тортилиб берилган эди. Ўша вақтларда форс ва рус адабиётларидан хабардор бир кишига ҳалиги таржумани кўрсатиб фикрини сўрағонимда — «бу таржумадан кўра, рус шоири Жукуфский томонидан қилинган таржума яхшироқ; лекин «Рўттер»нинг тортқон расми уларнинг икковидан ҳам яхшироқ», деган эди. У одамнинг шу фикри тўғрими, йўқми — бу тўғрида ақли бўлғон одамлар ўзларича бир ҳукм чиқара олсунлар деб, ҳалиги назмли таржумадан тўрт йўл мисол кўрсатиб ўтамен: Фирдавсийники:

Хилоф маромам гар ояд жавоб,
Ман у чурзу ўз майдон Афросиёб.
Агар шоҳро буди падар,
Ба сар барниҳоди маро тожи зар.

Таржума қилинғони:
Хилоф маромим гелурса жавоб,
Манам гўрзу майдону. Афросиёб.
Шоҳ ўлсайди шоҳнинг отаси агар,
Қўёрди маним бошима тожи зар.

Мана шу саналғонлардан бошқа — хоҳ тугал ва хоҳ парча ҳолида ҳеч бир таржумага шу чоққача учрамағон эдим. Ўткан ёз ойларида хусусий бир иш билан Марғилон шаҳрига бориб қолиб, ўшанда оддий бир тасодиф орқасида «Шаҳнома»нинг назм билан қилинғои тугал таржумасига йўлуқиб қолдим. Вақтим оз бўлғонлиғидан чала-чулпа шундай бир қараб чиқдим. Ўша чала-чулпа қараб чиқишнинг натижасини шу ерда ёзиб ўтамен:

Таржума қўл ёзма — эски нусхалардан. Тили— ўзимиз билган «Муҳаммадия» китобининг тилида. Бошдан-оёқ назм билан ёзилиб, фасллар (ҳикоялар»)нинг сарлавҳалари «Шаҳнома»нинг ўзидаги каби — наср билан қўйулғон. Таржума мутаржимнинг ўз қалами билан ёзилғонми ёки асл нусхасидан кўчурилганми — бу тўғрида ҳеч бир ишорат кўрулмади. Фақат шу қадариси очиқ кўруладирким, таржуманинг шу нусхаси 2—3 котибнинг қўлидан чиққан. Яримлариғача пухта ва пишиқ, лекин ўқулиши қийинроқ бир хат билан — жуда диққат ва иътино қилиниб ёзилган. Қолғон ярми (назм қисми) яна бошқа бир котиб томонидан иътиносизроқ ва хомроқ кўчурилган. Охирроқларида «Ҳикоя дар хотимаи китоби» сарлавҳаси билан Султон Маҳмуд Ғазнавий тўғрисида бир ҳикоя бошланадир. Бу ҳикоя тугалмай қоладир ва ундан ҳеч нарса онглаб бўлмайдир. Айниқса, охирғи йўллари (мисралари) жуда шошилишлиқ билақ (опил-топил) ёзилғон.

Энди таржуманинг қачон ва ким томонидан қилингонлиғиға келайлиқ. Қачон ва қайси йилда қилинғони ҳеч қайда рақамлар билан очиқ-ониқ кўрсатилмайдир. Лекин 906 нчи ҳижрийда Мисрдаги чаркас хонларидан «Ғурий Қонсухон»(?) замонида бўлғонлиғиға мана бу байтларда ишоратлар бор: (ўзича) 19-бет).
Тўққуз юз олти йил ҳижратдан эй жон,
Эришмишдики Ғурий Султон. (Аслида сакта бор).
«Жаҳон Султони Ғурий Қонсухон,
Замонинг айини ичра ўлди инсон. (Аслида сакта бор).

Шаввол ойида ийднинг аввалида бу таржумага кўшиш бошланғони мана бу байтдан маълум бўладир:
Наҳорийид шаввол аввалиндан,
Муборак ўлди бу фол аввалиндан.

Мутаржим, «Черкас хонлари» (милук чарокса) дан бир нечтасини битта-битта ҳикоя қилиб келиб, уларнинг бир оз умр суриб ўтканликларини айтиб ўтадир. Охирда золим бир хондан гап очиб, уни ёмонлайдир. Мутаржимнинг сўзича, у хон, «Малик Одил» деган киши бўлиб, Жонпўлот («Жонплад») ни ўлтирадир. Унинг тўғрисида мутаржим мана шундай дейдир:
Жавониди ўзи юзи кўкчак,
Сўрди улув кечи они бешак.
«Вале айш айламади тахта лойиқ,
Ўзин сўмди ул учун халойиқ.

Мутаржимнинг сўзича халқ у хоннинг зулмидан кўп дод-фиғон қилғон; охирда халқнинг «Ноласи асар қилиб» Малик Одилнинг ўрниға ҳалиги Ғурий Қонсухон ўтурғон ва «Шаҳнома»ни «туркча қил!» деб мутаржимга ўша Ғурий Қонсухон буюрғон. Бу одамнинг тўғрисида мутаржим бир мунча «мадҳиялар» ёзадир, чунончи:
Мисрда вор эди бир улу султон
Ки ул эди қаму султонлара хон.
Жанон айлади додила Жаҳони,
У етмишдир замонинда замони. (20-бет)
Скандар мартабат Жамшид рубат,
Фаридун шавкат ва Хуршид талъат.
Азалдан саъдоға (анго) ўлмиш муқорин
Билур Шом эмишнинг бир-бир диёрин.

Малик Одилнинг зулмларидан гапириб келиб, унинг ўрниға Ғурий Қонсухоннинг ўлтириши тўғрисида мана шундай дейдир:
Ўтуруб тахта ўлди улу султон,
Ўлуб чавкону тўби тутди майдон.

Ғурий Қонсухоннинг бир исми «Қайитпой» бўлғон бўлса керакким, у тўғрида мана мундой дейдир:
Қайитпой эрди ул султоннинг оди,
Жаҳонни тутмишиди адлу доди.

Мутаржим Ғўрий Қонсухонга бир оз насиҳат ҳам қилиб ўтадир. Сарой шоирларига хос «лаганбардорлиқ» билан айтилган у насиҳатлар мана булар:
Чалап чун верди санит бу мақоми (чалап — тангри).
Мақома адлла вергил низоми.
Киши қолмаз жаҳонда қолур оди,
Кишининг оди қолмоқдир муроди.

Ғурий Қонсухон аввал «Шаҳнома»ни таржума қил деб, ўз хазинасида сақланиб ётқон камёб бир нусхасини қолдириб чиқиб берганда, бизнинг мутаржим бир оз «ноз» қилғон. «Қўлимдан келмайдир, фалон» деган. Сўнгра «қўлингдан келгани қадар қил» деб қистағоч «ночор-ноилож» қабул қилғон. Таржумага бошлар чоқда ўзининг «камтарин», «ожиз» ва «ҳақир»лиғидан гапириб келиб ўша ҳолига мана бу байт билан мақтаниб ҳам қўядир:
Диламаз кимса муфлис йўлчидан бож,
Хирож ўлмаз хароба ердан ихрож.

Сўнгра ўзига хитоб қилиб гап бошлайдир. Ана ўша гапларидан биз унинг исмини ҳам билиб оламиз. Мана у байтлар: (21-бет)
Расулнинг олийсан чўғ айлама ол,
Қўғдири бу китоби алинга ол.
Қел эй сайид қу[1] даъвонинг мақомин,
Биз арз айла «Шаҳнома» каломин.

Таржума «Шаҳнома» асосий қисми «Омадани нома ба Саъд Ваққос» деган фасл билан тугайдир. У фаслнинг сўнг байтлари мана булар:
Буроя эрди сатранж ҳикоят,
Бу навъа айлади ровий ривоят.
Бу сатранжа демишлар неча абёт.
Дигар ҳар бириси бир уртулу от.

Юқорида айтилиб ўтилган «Ҳикоя дар хотимаи китоб» сарлавҳали ҳикояси мана бу байт билан тугайдир:
Бу фикр ичинда саргардон ҳайрон,
Ки амр этмиш эди Маҳмуд Султон.

Сўнгра наср билан султон Маҳмуд Ғазнавий билан Фирдавсий ўртасида бўлиб ўткан маълум воқеа ҳикоя қилинадир. Мутаржим у ҳикояни наср билан ёзғонини ҳикоя қилиб туруб, дейдир:

«Бази «Шаҳнома»ларнинг зоҳиринда бу ҳикояти ажам дилинжа нашрила ёзмишлар, биз доҳи ул тартиб узра туркия дўндирмий баён айлурмиз».

Бу ҳикоя ҳам икки хил қалам билан ёзилғон. Охирларида хатларини ўқуш қийинлашадир. У қийин хатлар, бир хил эрон ёзма хати билан усмонлича ёзманинг ўртасида — мужмал бир хат. Энг охирида яна бошқа бир қўл билан (сўнгроқ қўшулғон бўлса керак) худди ёш болаларнинг чизиб ўйнашлариға ўхшатилиб мана бу нарса ёзилғон.
Қанда ворам сарви сарафрозим воркан,
Ё кима қул улойим сиз афандим воркан...



[1] Қўй.

«Шаҳнома»нинг туркча таржумаси — «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 5—6 қўшма сонида босилган.

Тусли Абулқосим — буюк «Шоҳнома» муаллифи Абулқосим Фирдавсийнинг (тахм. 940—1020-1030) Тус шаҳрида туғилгани назарда тутиляпти.

Офоқ — ар., жаҳон, дунё.

«Озарбойжон иловасида...» — муаллиф пазарда тутган «машҳур Собир» таржимаси ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Озарбойжои тилига Рашид Афандизода томонидан 1906 йилда таржима қилинган «Рустам ва Суҳроб» достони шу достоннинг назмий таржимаси эса 1908 йилда Аббос Ғоибов томонидан амалга оширилади ва Тбилисидаги «Ғайрат» босмахонасида чоп этилади.

Суҳроб — «Шоҳнома» қаҳрамонларидан бири, Рустамнинг ўғли.

«Мулло Насриддин» — 1906 — 1930-йилларда Бокуда чоп этилган ҳажвий- суратли журнал.

«Жуковский томонидан қилинган таржима...» — машҳур рус шоири В. А. Жуковский (1783—1852) «Рустам ва Суҳроб» достонини немис тилидан таржима қилган. Гарчи таржима воситачи тил орқали амалга оширилган бўлса-да, рус китобхони ўтган асрнинг ўрталаридаёқ (1847) бу достон сюжети билан танишган.

Султон Маҳмуд Ғазнавий — ғазнавийлар давлатииинг асосчиси, Ғазна амири Саук тегиннинг ўғли, туғилган йили номаълум, 1030 йилда вафот этган.

«Мисрдаги черкас хонларидан Ғурий Консухон замонида...» — мамлуклар султони Ғурий Кансух усмоний турклардан енгилган (1517) дан сўнг уларнинг давлатига путур етган. Чўлпон назарида тутган таржима Шариф Амидий (1510 йилда вафот этган) томонидан амалга оширилган таржима нусхаларидан бўлиши керак.

Шаввол ойи — Ҳижрий йил ҳисобидаги ўнинчи (Рамазони шарифдан кейинги) ой.

«Черкас хонлари» — мамлуклар династиясининг султонлари черкас сарбозларининг авлодлари саналади. Малик Одил, Жонпўлатлар шу султонлардан бўлса керак.

Шом — мамлуклар давлати таркибига кирган Суриянинг шарқдаги номланиши.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин