Саналар
03.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Бошқармага хат (1936)
PDF Босма E-mail

«Қизил Ўзбекистон» нинг шу йил 27 июл сонида ўртоқ Назир Тўрақуловнинг «Ҳамлет» таржимаси тўғрисида бир мақоласи босилиб чиқди.

Мазкур мақола муносабати билан қуйидағи уч нарсани кўпчиликка билдиришга шошиламан.

1. Назир ака «Ҳамлет» таржимасини келтирган мисолларига қарағанда русча таржималарининг тизилмалиси (назмлиси) билан солиштирган. Ҳолбуки мен таржима қилған нусха сочмали (насрли) бўлиб инқилобдан бурун босилган. Мен таржимага киришганимдан бурун у нусхани инглиз адабиёти билгичларидан ўртоқ Лан инглизчаси билан солиштириб чиқиб, кўп жойларини мумкин қадар аслига яқинлаштириб берган. Мазкур нусха ҳали ҳам ўртоқ Ланнинг кутубхонасида сақланади. Мен, ана ўша нусхадан бўлган таржима учунгина жавобгарман.

Таржима билан таржима орасида, айниқса тизмали билан сочмали орасида катта фарқ бўлади.

2. «Ҳамлет»дай бир асарнинг таржимасида бир неча хато кетмасдан иложи йўқ. Ўша хатоларни хайрихоҳлик асосида кўрсатувчиларга ташаккуримни билдириб, келажакда тузатишга ваъда бераман. Бир нечта тўғри кўрсатилган таржима хатолари Назир ака мақоласида ҳам бор; бунинг учун у кишига ҳам ташаккур.

3. Ўртоқ Лан қўлидағи нусхани олдириб мен қилғон таржиманинг оригиналига солишдириб чиқиб, натижасини матбуотда зълон қилиш керак. Бунинг учун яхши-яхши таржимонлардан иборат бир кўмисия тузилса яхши бўларди. Кўмисия тузиш вазифасини мен Ўзбекистон Ёзувчилари союзининг республика қўмитасидан сўрар эдим.


_____________

Бошқармага хат. — Мазкур мақола Н. Тўрақуловнинг «Ҳамлет»га туҳмат» («Қизил Ўзбекистон», 1936, 27 июль) номли чиқишига жавоб тариқасида ёзилган ва «Қизил Ўзбекистон»нинг шу йил 28 июль сонида эълон қилинган.

Назир Тўрақулов (1892—1939) — йирик давлат арбоби, журналист, тилшунос олим. 20—30-йилларда вақтли матбуотда қатор мақолалари, турли тахаллуслар билан имзоланган шеърлари эълон қилинган. Қатағон қурбонларидан.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин