Саналар
21.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Устоднинг хислатлари (1937)
PDF Босма E-mail

Менга М. Горькийнинг энг яхши асарларидан «Она»ни таржима қилиш шарафи тушган. Мен уни анча узоқ муддат ичида таржима қилдим. Чунки севардим, севганим учун бутун кўнглимни шунга қўяр ва шунга қўярдим. Асар ўзи одамни жуда қизиқтиради, шунингдайки, таржима қилатуриб ўзим асарнинг мафҳумига берилиб кетаман-да, таржимани унутиб, асарни ўқиб кетаман. Шундай ҳоллар менда кўп бўлди ва бир неча марта ўқуғон жойларимда бўлди. Мен равшан сезаманки, улуғ устод Горький ўзининг классик ижоди билан менга ўша ижоднинг мафтун таржимонига ўзим сезмаганим ҳолда таъсирини ўтказиб қўйғон. Бу таъсир менинг рўманларимда ўзимга кўруниб туради.

Горький — одам дўсти. Бизнинг инқилоб раҳбарлари Ленин ва Сталин, одам болаларининг ҳақиқий душманларига қарши омонсиз бўлган бу зотлар, асл инсонларни қандай олижаноб бир севги билан севадилар. Бунинг далили мингларча. Фақат бир Лениннинг, ўша очлик ва қаҳатчилик йилларида, ўз номига келган (унинг ўзига атаб, олис вилоят ишчилари томонидан атайлаб юборилган) ғаллани ўша бўйича гўдак уйлари ва мактабларга бериб юборганини эсласак кифоя. Улуғ Сталин тоғлик қизи Мамлакат билан кўришаркан бу ғамхўр отанинг юзидаги чин севинч оловининг алангаларини эслайлик! Шу биргина мисолнинг ўзи кифоя. Бутун мазлум башариятнинг неча юз, минг йиллик севгисини ўзида акс этдирган у юз ифодасига дўст қувониб, душман куяди. Ўша севинч олови, одам боласига бўлган ҳақиқий муҳаббатнинг у жилваси Горькийнинг асарларида тўлиб ётади. «Она»да Онанинг образи, София, касал (мум заводидаги сил касал) ва бошқа-бошқалар одам боласини севишда ёзувчининг кўнгли поёнсиз бир денгиз эканини кўрсатади. Горький одам боласига мунча меҳр ва муҳаббат кўрсатган бўлса, бу унинг ўз кўнглидаги одам севиш хислатидангина келиб чиққан субъектив бир нарса эмас. Бу — ёзувчи мансуб бўлган Улуғ синфнинг умумий хислати. Буни «Она»да Горький жуда ширин қилиб айтади. Ишчилар бировга бир оз озор берганлар. Шу ҳақда улар орасида гап боради:

— Биз билан улар ўртасидаги фарқни кўрдингми: бировни сал уриб қўйибди-ю (бизникилар—Ч) энди кўнгли кир бўлиб, уялиб, озор чекиб юрибди. Ҳаммадан ҳам кўнгил кирлигини айт! («Она», 1-бўлим, 27-боб).

Горький — шоир. Унинг асарларида фақат бир насрчи (романчи) кўринмайди, ҳар ер-ҳар ердан нозик кўнгулли, гўзаллик севгучи ва табиат мафтуни бир шоир келиб чиқади. Мен ўзим ҳар қандай насрли асарда (роман, ҳикоя) гўзал ташбеҳлар ва табиат тасвирларини яхши кўраман. Горькийда бу нарсалар кўп эмас, оз; унинг ширинлиги ҳам шундан. Улар жуда кўп бўлиб кетса, рассомнинг санъат асари қолмайди-да, бўёқчи (сирчи)нинг андозасиз ва санъатдан маҳрум чизма чизиғи қолади.

Горький ҳар қандай табиат манзарасини жонлантириб, унга жон киритиб, уни кўз олдимизга шундоққина келиб тўхтайдиғон қилиб оладир. Унинг жонли романлари у ёқ бу ёқда юборадилар: у тасвирлаган оловнинг алангаси ёниб турган қуруқ ҳаво эмас, у ўйнайди, ўйнаб, қимирлаб сиз-бизга ўхшаган яшаб туради: «У ўт яна туташди, лекин бу дафъа илгаригидан кучлироқ, ёруғроқ; кўлагалар яна ўзларини ўрмонга урдилар. Яна ўт тегарасига ёпирилиб келдилар ва гулхан атрофида, унсиз, ёвлар ўйинини бошлаб, қалтирашға тушадилар. Ҳўл шохлар ўтда жавраб дод-вой қиладилар. Илиқ ҳавонинг тўлқинлари билан безовта қилинған япроқлар бир-бирлари билан қучоқлашиб, дам сариқ ва дам қизил рангларга кириб ўйнашар — учқунларини соча-соча, юқориларға кўтарилишар, куйган барглар учушар, кўкдаги юлдузлар эса учқунлани имлашиб, уларға табассум қилишарди».

Горький ишчилар синфи етиштирган энг буюк санъаткор, санъат устоди.


________________
Устоднинг хислатлари. — М. Горький вафотининг бир йиллиги муносабати билан ёзилган мазкур мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1937 йил 18 июнь сонида босилган. Мақолада муаллифга 30-йиллар идеологиясининг сезиларли таъсири бордай, Чўлпон ҳам маддоҳлар сафига қўшилгандай кўринади. Бироқ, шуни эсда тутиш лозимки, бу мақола Чўлпоннинг матбуотдаги сўнгги чиқишидир, уни ёзаётган пайт шоир ҳаёти қил устида эди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин