Саналар
21.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. "Або Муслим" (1921)
PDF Босма E-mail

АБО МУСЛИМ

13 декабрда «Турон» қишлиқ биносида улуғ адибимиз Фитратнинг 5 парда 7 кўрунушлик «Або Муслим Хуросоний» номлиқ томошаси ўйналди.

Томоша — аралашқучу қаҳрамонларнинг кўблиги ҳам тарихнинг энг чувалашқон давридан олиниб ёзилғони учун томошанинг сўнгига унинг натижасини тўла кўрвататурғон бир кўрунуш ортдирилғон. Бу кўрунуш хийла муваффақиятлик тузулган. Айниқса, Марв беги қизининг бир тўда «ёввойи» кишилар орасида қолғон чоғидаги шошқинлиғи, одам болаларининг ахлоқ важидан қандай қуйи даражаларга тушганлиги тўғрисида халққа қаратиб қилғон хитоблари ҳам ул кишиларнинг ҳар бирини битта-битта таъриф қилиши жуда ўткурдир.

Умуман томошада Фитратга хос сўз усталиғи хийла кучлик. Бу жиҳатдан томоша катта бир адабий аҳамиятга моликдир.

Энди ўйнағучиларға келсак, Або Муслим рўлида Аброр томошанииг бошдан-оёғиғача бир текис олиб бора олмади. Очиброқ айтганда, биз исломият тарихида жуда улуғ довруқларға сабаб бўлғон темир вужудлик, пўлат иродалик, мудҳиш Або Муслимни кўра олмадиқ. Аброр эпчил артисимиздир, шу тилагимизни бу сафар бўлмаса, бошқа бир сафар бера олишиға ишонамиз. Охирги кўрунишда аббосийларнинг биринчи халифаси рўлини Сайфи қори жуда юмшоқ ўйнади. Айниқса, Або Муслим билан Марв беги қизининг ўлишлари чоғида, кароматчи шайх чопони остидан ҳоваржларнинг жосуси Заҳҳок чиқиб келган вақтда, ўзининг катта ва тузалмас хатоларини англағон дамларда шу қадар кам ҳаракат эдиким, сира қўя қолинг! Сайфи қорининг ампуласи (ўйнайтурғон ўюнлари) белгуликдир. Режиссур шуни кўзда тутуб уни ғоят жиддий бўлғон шу хил рўлларга чиқармаслиғи керак.

Бизнинг Туркистонда «доғули айёр» деб ном чиқарғон Заҳҳок рўлида Уйғур бошдан-оёқ яхши. Кўзга илинар-илинмас сустлик ва руҳсизлигини санамасак, Марв бегининг қизи Гулнор рўлида Масъума хоним яхши. Або Муслимнинг вазири Холид рўлида Ўктам, Марв беги рўлида (аввалларда Сайфи қори) Амир Али рўлида Шокир, Язид рўлида Олим, Гулнорнинг энагаси рўлида (Робия Туташ текис ўйнайдилар. Нарсиёр рўлида чиққан Босит билан Язид рўлидаги Олимнинг юксак руҳ билан вазият ва аҳволға ёндаштириб ўйнашларини айтиб ўтмак керак. Бошқа кичкина вазифалар ҳам дуруст бажарилди.

Умуман айтганда, бу асарнинг бу сафарги ўйналишини жуда текис ва завқли ўюнлардан бўлди десак, сира янглишмағон бўламиз.

Бизнинг қашшоқ ва эсдан чиқиб кетган саҳнамизга хос бўлғон камчиликлар (жиҳоз, декаратсия ва кийимлар камлиги), албатта бу йўла ҳам бор эди. Бунларнинг тўлдирилиши, тугалланиши — Марв бегининг бир саволига қарши Заҳҳокнинг берган жавобидек: «Тева қафасга кирганда бўлатурғонга ўхшайдир...»

Халқ зич, тўла эди.

«Халқ театрга юрмайди» деган гап тўғри эмас, халқ юрадир. Локин, театр-томоша исмида бўлатурғон қурчоқ ўюнлариға, ўз руҳига ёт бўлғон унга англашилмайтурғон таржималик «ғарбий» асарларга юрмаса ҳақи бордир. Йўқ эса ўзини қизиқтиратурғон заминларда ёзилғон ва яхши ўйналатурғон томошаларга халқ юрадир.

Бу ҳол сўнг вақтда жуда очуқ кўрулди.

Халқнинг руҳини яхши тушуниб олғон Давлат труппаси энди халқ руҳига яқин бўлғон нарсаларни кўпрак кўймоқ учун ҳаракат қила бошламишдир. Ҳозир труппа томонидан Хуршид ўртоқ қалами билан томоша ҳолиға солинғон машҳур «Фарҳод ва Ширин» афсонаси тайёрланмоқдадир.

Иккинчи томондан саҳнамизнинг ўзини тузатишга хам жиддий ҳаракатлар кўрула бошлади. Сирдарё музофот фирқа қўмитасининг масъул саркотиби ўртоқ Абдулҳай Тожи билан Эски шаҳар ижроқўмининг муваққат раиси Маннон Рамз ўртоқлар марказнинг бирдан-бир санъат маркази бўлғон «Турон» биноси ва Давлат труппасини яхши йўлга қўймоқ ишини бир неча ҳаваслик кишиларга топшуриб пуллик ёрдам ваъда қилғонлар.


_______________

Або Муслим. — «Туркистон» газетасининг 1921 йил 21 декабрь сонида Қаландар имзоси билан эълон қилинган.

Аброр — Аброр Ҳидоятов (1900—1958), машҳур театр актёри, СССР халқ артисти. 4918 йилдан актёрлик фаолиятини бошлаган А. Ҳидоятов Отелло ролининг ижроси билан халқ дилида муҳрланиб қолган.

Аббосийларнинг биринчи халифаси — Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиси Аббос авлодидан «Саффоқ» (Хунрез) лақаби билан машҳур бўлган Абу Аббос Абдуллоҳ сулоланинг биринчи халифаси эди.

Маъсума хоним — Махсума Қориева (1902—1940), илк ўзбек актрисаларидан, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист.

Шокир — Шокир Нажмиддинов, 1903 йилда туғилган. Ижодий фаолиятини 1919 йилда Карл Маркс номли труппа составида бошлаган талантли актёр. Ўзбекистон ССР халқ артисти.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин