Саналар
21.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Саҳнамизда (1922)
PDF Босма E-mail

— Ижроқўм биносида!

— Катта томоша!

— Тонг отқунча танса!.. Мана Эски шаҳар ўзбек санъатининг чопқиллаб, югуруб кетиб бориши шу йўлдадир.

Сўнг кунларда хунук-хунук, қўпол-қўпол, саводсизларча ёзилғон шундай эълонлар орасида «Ҳалима», «Або Муслим», «Гуноҳкорнинг оиласи» каби жиддий нарсалар ҳам кўрула бошлади. Бизнинг бояқиш Давлат труппаси ёлғуз Эски шаҳар маориф шўъбаси томонидан берилиб турғон оз-моз ёрдамга таяниб, питиллаб, қимирлаб ётқонға ўхшайдир. Устига қора бўёқ берилса қора «бархут» тусини олиб, пачақланғон, синғон, йиртилғон саҳнамизнинг «гуноҳларини» ёпиб туратурғон калинкурми, қопми, нимадир олинғон; яқинда бечора томошачилар парда орасида зерикиб, ухлаб кетиш балосидан бир қадар қутулурлар, деган умид бор...

11 декабрда ўшал ўзимиз кўрган қишлиқ «Турон» биносида — юзинчи мартаба бўлса керак — «Ҳалима» ўйналди.

«Ҳалима»да ўзбек саҳнаеида бирдан-бир ўзбек ҳаётининг энг қаттиғ фожиаси, энг кулги ўринлари, энг аҳмоқларча тўй-томошаси кўрсатилгандир.

Шунинг учун бўлса керак, асарнинг алланечанчи мартаба қўюлушиға қарамасдан халқ тўладур, жой тегишмайдир.

Узоқдан-узоқ кутиш, пардага кўз тикиш натижасидан ниҳоят парда очилди.

Бузуқ, йиртиқ-йиртиқ, қўпол, ранги ўчган, туллаб-кетган декаратсия.

Ўюн ўшал ўзимиз кўрган ўюн, ўйнағучилар ҳам ўшал ўйнаб юрганлар... Фақат, бошиға «Гулёр» куйи билан бир хўр ортдирилғон ва бу мартабада ўюнға Эски шаҳар бола боғчаларининг ҳамма мураббиялари дегундек аралашқонлар. Хўр яхши хўрдур; локин қўшуғи жуда узун, бунинг устига ёд олинмағонлиғини ҳам қўшсак, бўш ва маъносиз. Мусиқа бу сафар жуда эзди, бир неча куйни саҳна билан баробар олиб бора олмади. Гримлар ҳам жуда ортиқ даражада сунъий эди. Шу ёд олмағонлиқнинг натижаси бўлса керак, қизнинг онаси совчи хотунларга: «Келинглар, эсон-омон келдингларми?» деб 80 тош йўлдан келган меҳмонга айтилатурғон сўзни айтадир. Сўнгра, совчилар чиқиб кетаётқанда, уй эгаси: «Яхши қолинглар!» дейдир. Шундай бўлса ҳам она рўлида (1 ва 2 пардаларда) Р. Туташнинг жуда ботирлик билан дадил гапириши яхши. Бизнинг саҳнамизда баъзи бир артисткаларимиз жуда сиқилиб, тортиниб ўйнайдилар. Саҳнада эркин бўлиш — бу энг керак нарсадир. Иккинчи пардада айтилган азон ўзи жуда жойсиз бўлиши билан баробар шу қадар тез айтилдиким, такбир ҳам бундан секинроқ айтилгучи эди.

Иккинчи парда энг фожиалик бир пардадир. Унда шодлик билан қайғининг қаршиға-қарши келиб қолишлари жуда нозикдир. Бир тарафда ўлим, йиғи; иккинчи томонда тўй-томоша. Бир томонда фақирлик, йўқсуллиқ; иккинчи томонда бойлик, исроф... Мана бу парданинг таъсирини бузғон нарса: қиз томонда гап бошланғонда, йигит томонда онанинг шовқун қилиб, йиғлаши бўлди. Одатда саҳна иккига бўлинганда, бир тараф сўз бошлағонда иккинчи томон товуш чиқармаслиғи керак эди. Сўнгра бу парда ўзи ҳам эртарак тушди.

Охирги парда бутун мураббиялар аралашқони ҳолда жуда совуқ чиқди; жонлилиқ тўй ва келин тушурди вақтидағи гап, сўз, шовқун, тўпаланг, ўюн бўлмади. Бу парданинг энг қизиқ вақтида электрикнинг ўчуб қолиши, орадан қарийб ярим соат ўткандан кейингина бир хира чироғ ёндирилиши... бешинчи парданинг ҳақиқий фожиаси мана шулар бўлди.

Рўлларда: Маъсума хоним, Аброр, қизнинг отаси йигитнинг отаси яхши эдилар. Бошқалари ҳам текис ўйнадилар.

Ўюн чоғида пиражектурнинг қилғон адабсизликларини айтайлик-да, «Ҳалима» тўғрисида сўзни тўқтатайлиқ.


_______________

Саҳнамизда — «Туркистон» газетасининг 1922 йил 16 декабрь сонида «К» имзоси билан эълон қилинган.

«Ҳалима» — драматург Ғулом Зафарий (1889—1944) нинг шу номли драмаси. 1920 йилда саҳналаштирилган «Ҳалима» драмаси 20-йилларда бир неча ўн марталаб ўйналган.

«Гуноҳкорнинг оиласи» — итальян драматурги П. Джиакометти қаламига мансуб «Хоиннинг оиласи» номли асар 1921 йилда Давлат труппаси томонидан саҳналаштирилгани маълум. Чамаси, бу ўринда шу асар ҳақида гап бормоқда.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин