Саналар
30.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. "Коваи оҳангар" (1923)
PDF Босма E-mail

16 январда қишлоқ «Турон» саҳнасида Эрон асотиридан олиб ёзилғон «Коваи оҳангар» пиесасини томоша қилдиқ.

Усмонли туркларнинг улуғ адибларидан машҳур Шамсиддин Самибекнинг бу атоқли пиесаси Тошкент ўзбек саҳнасида биринчи маротаба жонланадир. Бу асарга Давлат труппаси хийла катта аҳамият бериб, яхши ҳозирлик кўрган: асарнинг ўзи учун махсус декоратсия ишланган. Усмонличадан ўзбекчага ағдариш вазифасини ҳам труппанинг  режиссури Уйғур ўртоқ ўзи ўтаганлигидан асарнинг «саҳналаниши» хийла тузалган. Йўқ эса муҳаррирнинг ўзи асарнинг бу жиҳатига («саҳналаниш» жиҳатига) кўбда аҳамият бера олғон эмас. Ҳолбуки саҳна учун ёзилатурғон асарларнинг муваффақиятсиз чиқишига аксар вақт шу «саҳнабоб беролмаслик» сабаб бўладир.

Бу асар ўйналғонда Давлат труппаси ҳайъатида янги, умидли кучларнинг ортмағонлиғи кўрулди. Балки, аксича, баьзи бир эпчил артистлар бир-икки йилдан бери саҳнадан узоқда юрадилар. Уларни қайтадан саҳнага жалб этмакка барчаға баробар бўлғон пул танглиги ва унинг орқасида келган таъминотсизлик балоси монеъ бўлуб турғонга ўхшайдир. Йўқ эса труппанинг бурунғи кучлари барчаси ўз сафида бўлса, ва бунинг устига яна янги кучлар қўшилғон бўлса, кўб куч қатнашиб ўйналатурғон бу асар яна ҳам тантаналироқ, яна ҳам тўлароқ чиққон бўлур эди. Қандоқ қилайликки, ўлкамизнинг бирдан бир санъат хазинаси зўр ғайрат, катта фидокорликлар билан зўрға-зўрға судралиб келмакдадир...

Труппанинг умумий ҳайъати (состави) бир қадар тўла бўлмаса ҳам, эпчил кишиларининг кўплиги, иккинчи бир таъбир билан айтсак бир қадар кучларнинг сараланган, таланғон ўткур санъаткорлардан иборат бўлиши ёғидан труппа жуда жиддий, жуда кенгдир. Буни биз «Коваи оҳангар»да яхши кўрдик. Одам озлиғи, дабдаба камлигини кучларнинг яхшилиги, саҳна ва декоратсиянинг тўлалиғи буткул ювуб кетди десак мумкин. Бу хусусдаги камчилик анча-мунча қарашқа рўй бермайдир. Ёзилмоғи тегиш бўлғон шу муқаддималардан сўнг энди пиесанинг ўйналиши ёғига келайлик. Пиесанинг энг зўр қаҳрамони бўлубда биринчи, иккинчи ва тўртинчи пардаларда ҳар дам, ҳар нафасда янги-янги фалокатлар кўратурғон ҳар дақиқада неча рангга, неча ҳолат ва руҳияга тилмоч бўлатурғон Фарҳод рўлида Сайфи қори бўш эди. У кунги Фарҳодда биз руҳий ҳолатларнинг дақиқа-дақиқада ўзгаришини, янги воқеа ва ҳодисалар оғир фалокат ва балолар қаршисидағи кўруб ўтиш (переживание) ларнинг энг озини ҳам кўрмадик. Яна бунинг устига «ёшим саксонга етди» деган чолнинг афти башараси ва ҳаракатлари кўбрак ёшларча бўлуб ўтди... Сайфи қори умидлик артистларимиздан биридир, кейинча бундай хатоларни такрорланмаслигига ишонамиз. ..Пиесанинг катта қаҳрамонларидан бири бўлғон ва «фиръавнлашган» Заҳҳок рўлида Уйғур дуруст эди.. Захҳок ғоят золим ва мустабид деб кўрсатилгани учук ҳам унинг «фиръавнлашган»лиги асосига таяниб Уйғур ул рўлни жуда қаттиқ ўйнади ва шунинг билан — бизнинг фикримизча — бироз ортдириб юборди. Аввал Парвез бўлуб, сўнг Фаридунга айланатурғон ёш йигит рўлида Шокир яхши.

Локин бу йигит ўюнни бошдан-оёқ бир товуш (тон) билан олиб борадир. Пиесанинг асл, туб қаҳрамони бўлғон исёнчи (Қова) рўлида Аброр яхши.

Заҳҳокнинг қизи Хўбчеҳра рўлида Маъсума хоним дуруст бўлса ҳам уни бир подшоҳ қизи ёки тўғриси, бир қиз қилиб кўрсата олмайди. Аксинча унинг онаси (мураббияси) рўлидаги Маърифа ундан кўра кўпрак жиккилаб, кўпрак жонланди. Қолғонлардан: Паҳлавон Қаҳшон рўлида Босит, роҳиб рўлида Музаффар, таъбирчи рўлида Ўктам, Кова хотуни рўлида Робия текис олиб бордилар.

Бизнинг саҳна ўюнларимизда бир неча камчилигимиз борким, унлар шу «Кова»да айниқса кўпрак кўзга илиндилар: биринчи — бизда тузаниш (грим)га кўб аҳамият берилмайдир. Тузанишни шошилиб ясайлар-да, сўнгра сунъий сочлар остидан ҳақиқий сочлар — кўб вақт — «мана мен» деб кўрунуб қўядирлар. Иккинчи — бизнинг артист ва артискаларимиз (Уйғурдан бошқаси) яширин товуш чиқаришқа ўргана олмайлар. Улар бировнинг қулоғига бир нарса айтсалар томошачилар эшита олмайдилар, томошачиларга эшитдирилса махфий, сирлик бўлишдан чиқиб кетадир. Ҳолбуки, икковининг ўртасида бир йўл бор, уни бошқа халқларнинг саҳналарида яхши биладирлар. Учинчи — бизнинг артист ва артискаларимиз (айниқса кейингилар)нинг кўблари арабий ва форсий сўзларни кўб янглиш гапиралар. Тарихий пиесаларда; айниқса, шарқ тилларидан таржима қилинғон асарларда бу жуда кўб бўладир. Буни битирмак керак.

Умуман олғонда «Коваи оҳангар» саҳнамизда энг яхши ва муваффақиятлик ўйналғон асарлардандир.

Бу асар халқнинг сўрови бўйинча 31 январда яна бир маротаба ўйналди. Бу гал ўйналишида энг муҳим рўллардан тўрт рўлни алмаштириб ўйнадилар. Бу ҳақда иккинчи маротаба тағин гаплашармиз.


___________

Коваи оҳангар — мақола «Туркистон» газетасининг 1923 йил 6 февраль сонида босилган.

Асотир — афсона, ривоят.

Шамсиддин Сомибек (1850—1906) — турк ёзувчиси, драматург ва файласуфи. «Шоҳнома»нинг «Кова» достони асосида яратилган «Коваи оҳангар» 1906 йилда ёзилган.

Музаффар — Музаффар Муҳамедов (1901, Тошкент), ўзбек театри актёри ва режиссёр, ЎзССР халқ артисти. Ижодий фаолиятини 1919 йплда Карл Маркс труппасида бошлаган, жумҳурият театрларида қатор пьесаларни саҳналаштирган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин