Саналар
21.12.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. "Шайх Санъон" (1923)
PDF Босма E-mail

«ШАЙХ САНЪОН»

(КАЛИЗЕЙ БИНОСИ, 29 МАЙ)

«... Шайх Санъон бўлмасанг

Бўйнингда зунноринг ғалат!»

Бизга Шайх Санъон кўбдан бери таниш.

Уни бизнинг сўфийларимиз кўбдан билалар. Юқоридағи бир йўл сўфийлик ғазали ҳам эскирак замон китобларида бордир.

Санъон Мадинада тарбия топқан бир сўфий, бир шайх эди. Тариқат ёймоқ учун бўлса керак, Гуржистонга келади. Унда бир гўзал гуржи қизини кўруб ошиқ бўлди. Шунинг билан унинг тариқатида, шариатида ул қиздан иборат бўлди. Санъон қиз учун ўзининг энг муқаддас эътиқодларини барҳам берганда ҳам юзаки ишонишлардан — заҳарлик кулуш билан кулар эди. У шу ишларнинг ҳаммасини «ҳақиқат» учун, тариқатдан, шариатдан, сўфийлик, зоҳидликдан юқори ва юксак бўлғон бир ҳақиқат учун ишлаган эди. Юзаки кўрунуш, риёкор ибодатлар ўрниға «ҳақиқат излаш» келгандан сўнг Санъон куфр лаънат тошларидан қуруқ қолмади. Юзаки қарағучи таассуб шайтонлари, истаклари қадар сўкуб қарғадилар!

Шу шайхнинг ҳаётини театр усулида жонлантурғон Ҳусайн Жовид, Қофқасия туркларининг қувватли адиб ва шоирлари (дан — У. С) Ҳусайн Жовид, шайхга, меним онглашимча, бир ошиқ, бир мухлис эди. Шу ишқ қайноқлиғи натижасида 9 манзаралик шеър билан ёзилғон мукаммал адабий, фалсафий бир асар майдонға чиққон.

Унда шу «зуннор билан боғли бўлғон» Шайх Санъоннинг руҳий ҳолатлари, жиннилик ҳаёти тўла кўрсатилган.

Хуршид ўртоқнинг таржимаси ортиқ мақтарлиқ эмас. Бизда ҳали эътироф қилайлиқ — бундай зўр адабий асарларни «ўзбекчалашдира» турғон тўла бир куч йўқ. У ҳолда, таржима ортиқ яхши бўлмаса ҳам ярарлиқ, бўларлиқдир.

Фақат асарнинг жойланиши (постановкаси) учун қимматли Уйғуримиз кўб тиришқон. Бутун ҳайъати билан 11 кишидан иборат бўлғон қора бахтли бир театр тўдаси билан, тўдага беш-ўн баробар келатурғон кучини четдан тортиб, шу қадар текис ва эркин чиқориш катта муваффақият. «Кализей»дек аждаҳо бир саҳнада «Шайх Санъон»дек оғир ва куч талаб эткан бир асарни жонландириш ўзбек театрининг чин ошиқлари бор эканлигига далил.

Ўюн — умуман олғонда — текис чиқди. Айниқса, Шайх Санъон яхши эди. Биринчи пардада Шайх Кабир вазифасини усталик билан бажарган Босит масъулиятлик дарвиш вазифасида кутган ўюнимизни кўрсата олмади. Бошқа вазифаларга тўқталиб ўлтурмайман. Улар ўюннинг кетишида бир мунча камчиликлари билан бирга текис эдилар.

Ўюннинг ўзи ҳам вақтида бошланиб, вақтида битди. Халқ жуда севинган эди. Сўнг пардаларнинг бирида Уйғур ўртоқ айрим олқишланиб, тўда исмидан унга бир олтун соат совға қилинди. Халқ кўб, «Кализей» биноси тўлғон, унум яхши, айниқса фахрий жойларни сотишда кечанинг масъул мудири Мирза Қодир ўртоқ Қушбегийефнинг жиддий ташаббуси бўлғонлиғи кўрулди. Шундай унумлик томошалар биландирким, ягона бир театру тўдамиз ўлуб қолмасдан, яшаб келадир.


_______________

Шайх Санъон — «Туркистон», 1923 йил 6 июнь.

«Колизей» — Тошкентнинг янги шаҳар қисмида қурилган, театр ҳамда концертлар учун мослаштирилган бинога Қадим Римдаги машҳур амфитеатр номини беригаган (колизей — лотинча, улкан). Инқилобдан кейин бу бинода ўзбек театрининг айрим постановкалари қўйилган. Кейинроқ бу бино Свердлов номли концерт залига айлантирилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин