Саналар
05.10.2024
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. 500 йил (1924)
PDF Босма E-mail

(ЎЗБЕК БИЛИМ ҲАЙЪАТИ ЭЪТИБОРИГА)

Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша чиғатой шевасидан ўзга эмасдир. Баъзи бир кишилар, Навоийдан анча кейин чиққан адиб ва шоирларимиздан бир-иккита соддароқ ёзғонларини ушлаб олиб, уларни ҳаддан ташқари кўтармак билан наригини бир қадар туманлашдирмоқчи бўлсалар ҳам, Навоий ўзбек тили ва адабиётида тегишлик юксак мавқеъини олғондир. Усмонли адабиётининг энг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзғучиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб, кўрсатадир. Мана бу ҳам, Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умум турк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир.

Тарихларнинг кўрсатишиға қарағонда шу бир йил — бир ярим йил орасида улуғ Навоийнинг вафотиға 500 йил тўладир... 500 йил ўзбек-чиғатой адабиёти тарихига аллақанча нарсалар берган, унда қанча ўзгаришлар ясағон, жуда узун бир муддатдир. Ўз адибларига 5—6 асрлик бир тарих яшата билган халқлар унча кўб эмасдир. Демак, бизга ҳам шу бир йил орасида шундай катта бир шодлиқ, катта бир байрам ўтказишга тўғри келадир.

Ватандошларимиз руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдирлар. Ғарбда эса ундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказиладир. Бу тўғрида гапни чўзиб ўлтириш ҳожат эмас. Кўз билан кўрганимиз ҳам етиб ортарлиқдир.

Шунинг учун мен айтмоқ истайманким, Навоийнинг 500 йиллигини биз ҳам тегишлик даражада тантана билан ўтказишга шу топдан ҳозирлана бошлайлиқ. Бу йўлда мен қуйидағи чораларни таклиф қилиб, ўзбек билим ҳайъатининг диққатини шунга жалб қилур эдим:

1. Ҳозирдан бошлаб яралиқ кишиларимиздан бир ҳайъат ташкил қилиб, 500 йиллик байрамни мумкин қадар тантана билан ўтказиш йўлини топмоқға ўшал ҳайъат вакил қилинсун.

2. Ҳайъат Навоийнинг босилмағон асарларини топиб, босдиришға лозим кўрулгонларини байрамгача босдириш чорасини кўрсун.

3. Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёздирилсун.

4. Навоийнинг шеваларидан терма бир асар тузулуб, нафис қилиниб босдирилсун.

5. Навоий номиға юқори ўқуш юртларининг адабиёт-тил факультетларида ўзбек талабалари учун стипендиялар очилсун.

6. Ўзбекистоннинг пойтахтида Навоийға ҳайкал тикилсун.

7. Баъзи бир ўзбек шаҳарларининг кўча исмлари Навоий отиға қўюлсун.


________________

500 йил. (Ўзбек билим ҳайъати эътиборига). — 20-йилларда авж олган ўтмишга, ўтмиш маданиятига нигилистларча муносабатда бўлиш тенденциялари соғлом фикрловчи зиёлиларни чуқур ташвишга солган. Чунки жадидчиликнинг илғор ғоялари таъсирида тарбияланган кўплаб зиёлиларимиз миллатнинг ўзини таниши, ўзлигини англашида ўтмишнинг нечоғли муҳим омил эканини билганлар. Чўлпон Ўзбек билим ҳайъатига мурожаат қилиб ёзган, мазкур очиқ хат «Туркистон» газетасининг 1924 йил 23 сентябрь сонида эълон қилинган.

Шамсиддин Сомибек (1850—1960) — машҳур турк шоири, адиби ва мутафаккири.

«Тарихларнинг кўрсатишмга қарағонда шу бир йил бир ярим йил орасида улуғ Навоийнинг вафотига 500 йил тўладир...» — фикримизча, бу ўринда матбаа хатоси ўтиб кетган ёки Чўлпон адашган. 1926 йилда, яъни Чўлпон айтмоқчи яқин бир-бир ярим йил ичида Навоий вафотига 425 йил тўлар эди. Қуйироқда эса муаллиф «Навоийнинг 500 йиллиги» тантаналари ҳақида гапиради. Чамаси, Чўлпон шоир вафотининг 425 йиллигини, ва кейинроқ, таваллудининг 500 йиллигини нишонлашни назарда тутган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин