Саналар
21.12.2024
Баннер
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Шўройи ислом» қарорномаси (1917)
PDF Босма E-mail

Муҳтарам мусулмонлар!

Ҳозирғи қийматчилиқ ва озиқсизлиқ шул қадар қўрқинчилуқ даражаға бордики, кўп оилалар, фақир ва бечоралар пулга ҳам озуқтополмасдан, кўчаба-кўча саргардон бўлиб, неча кунларғача оч турмоққа мажбурият кўрурлар. Ҳозирда давом этуб турғон даҳшатлиқ уруш, бу йилғи сувсизлиқ ва чогирдка балолари бу ҳолни минбаъд яна қўрқинчлироқ даражаға олиб борадирғонға ўхшаб кўринадур. Туркистон мусулмонларининг съезди мана шул ҳолни эътиборға олинмак орамизда бўлуб турғон баъзи бидъат ва исрофот ишларини, чунончи, тўй, маърака, гап, базм, ялочи, қозоқлар орасидаги улоқ, пойга ва жаноза куни бўладурғон исрофотни билкуллия барҳам бермоқға қарор берди.

«Шўройи исломия»нинг 12 апрелда воқеъ умумий мажлисида Тошканднинг қозилари ва уламолари ҳам бу ишнинг аксарини шариатға хилоф топдилар ва ўз оралариндан бир комиссия сайлаб, тўй ва маъракаларни шул комиссияларға топшурдилар.

Биринчи. Жаноза куни имом ва уламоларға йиртиш ва чопонлар улашмоқ, қариндош-уруғларға қора кийимликлардек нимарсалар бермоқ, йуғучи ва отунларға ижройи хизматларидан зиёда ҳар хил кийимлар бермоқ, отунлар келиб товуш чиқориб ўқимоқ, садр қилмоқ, хотунларға улашиладирғон етти, гул, қовоқоши, қор ёғди, лайлак келди, қовун-тарвуз, йигирма, қирқ, ҳайит, фотиҳа ва йил ошидек халққа ош бериладурғон исрофдир; қозоқлар орасидаги йил оши, пойгалар ва аҳли касабалар тарафидан арвоҳ, пари исми билан бериладурғон ош ва зиёфатларни йўқ қилинди ва булар бадалиға жаноза куни давлатлик кишилар уламо-имомларға пул бериш, хайрот қилмоқлари ҳам юқорида мазкур маърака кунларида маҳалладан уч-тўрт киши чақириб, хатми Қуръон қилдирмоқлари мумкиндир.

Иккинчи. Қиз тўйларида совчигарчилик, патир, кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй, базм ва кеча исрофлари ва юз кўрар, ҳайитларда мол ёйиб, келин кўрмоқ, қиз оши бермоқ ва никоҳ кунларида ялочилар ўйнамоқ, ёр-ёр айтмоқ, хотунларнинг ҳар бириға алоҳида нон ва ошлар тортмоқ, «тўққиз-тўққиз», сандуқларда чуриб кетадурғон гулкўрпа, фалак, кўрпалардек фойдасиз моллар, кўчалардин миёнча кўтариб ёки ароба ва туяларга ғалла ва бошқа хил нарсалар ортиб тўй юбормоқ, қозоқлардаги қалин олмоқ ва шунга ўхшаш исрофот ва бидъатлар билкуллия мамнуъдир. Бунлар ўрниға келин ва куёв тарафлари кийим ва зарурият уй асбоблари тўғрисинда пул ила битишсунлар, ҳам никоҳ куни куёв ўзи ошналари ва маҳалла кишилари бирлан бекарнай, фақат сурнай билан боруб, никоҳ қилурлар ва келин тараф ўз қариндошлари бирлан келинни олиб борурлар. Фақат куёв ила борадурғон кишиларнинг йигирма-қирқ кишидан ошмаслиғи лозимдур. Чорлари ҳам мартаба куни бўлиб, куёв ила бирга борадурғон кишилардин келин ила борадурғон хотунлар ҳам ўн кишидан ортуқ бўлмасун. Чорлари фақат таом емоқ учунгина бўлиб, тугиб олиб кетмоқлари ва яна бешик тўйи, чиллагаризонлар бутунлай йўқолиб битсунлар.

Учинчи. Ўғил тўйида атрофдаги маҳаллалардан одамлар чақируб, ош бермоқ, улоқ бермоқ, хотун оши бермоқ, хатна қилинадурғон болаларға наша ва ҳам кўчаба-кўча саргардон қилиб, оқча йиғмоқ ва шунларға ўхшағон исрофлар билкуллия мамнуъдир. Фақат давлатлик кишилар уламо ва имомларни чақируб, кичикроқ бир мавлуд мажлиси ясаб ва фақир кишилар маҳалладан уч-тўрт кишинигина чақируб, ўғилларини хатна қилдирурлар.

«Шўройи исломия» давлатлик кишилардин илтимос қиладурки, мавлуд мажлисини ҳам кўб катта юбормасдан, мумкин қадар қасди риоя қилсалар (тежаб сарф қилсалар) ҳам тўйда... пул ва ғалла сарфи маҳаллаларидағи оч ва яланғоч, бева-бечораларға, мактаб ва мадраса ва «Жамияти хайрия»ларға берсалар.

Ушбу тартибға мухолифат қилғон кишиларнинг маърака ва тўйлари тўхтамли ва айбнома (протокол) ёзуб, қозиларға топшурмоқ ва шаҳар бошлуқлариға ҳавола қилинади. Бундай кишиларға иттифоқи муслиминни бу ким омилини ва шаръан ҳаром бўлғон исрофгарчилиғини белги учун муҳтарам қозилар шариатға мувофиқ қаттиғ жазоға мустаҳиқ қиладурлар. Муҳтарам маҳалла имомлари ва маҳалла комитетларидин илтимос қиладурки, ушбу эълонномани халққа тушунтириб, халқни ушбу тартибдан чиқмаслигига тарғиб ва ташвиқ қилсалар эди. Чунки жаноби Ҳақ таъолий исроф қилғувчиларни суймас.

«Шўройи ислом» раиси муовини Мунаввар қори

Комиссиялар: Мулло Саид Аҳрорхон маҳзум, Мулло Муродхўжа эшон, Мулло Абдусамеъ қори.

«Нажот» газетаси, 1917 й., 27 апрел

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин