Саналар
03.12.2024
Баннер
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ҳужумми? Мунозарами? (1921)
PDF Босма E-mail

«Қизил байроқ»нинг 131-сонида «Илмий хизмат» унвонли бир мақола кўринди. Ул мақола «Биров» имзосила ёзилиб, онда маним шахсимга ҳийли ўринсиз ҳужумлар, «ота гўри қозихона»лар қилинмишдир.

Бунга сабаб эса маним расмий бир мажлисда бутун маориф аҳллари, муаллимлар, маориф комиссари ва шаҳар маориф мудирлари ҳузурида ўзбек маориф ишларини ҳозирги таназзулнинг сабабларини кўрсатган вақтида «Биров»ларнинг қошида энг муқаддас саналган ва анга тил тейдирмоқ қонунан гуноҳ бўлган «имло масаласи»гада густоҳона тил тейдириб кетганлигим бўлмишдир.

«Биров» ҳазратлари кашф этган ва тамом турк дунёсининг онга бўйсунмоғи вожиб бўлғон муқаддас имлосининг баъзи нуқсонларини кўрсатмоқға бошқаларнинг ҳақлари бўлса-да, ман бечоранинг ҳақим йўқэмиш. Чунки ман бир вақтларда бошлаб усул жадида мактаблари очганман, ул мактабларда ўқитмоқучун «Адиби аввал», «Адибус-соний», «Ҳавойижи диния»ларға ўхшаш бир неча китоблар чиқорғонман ҳам ул китоблардан сотиб, қорнимни тўйғузганман. Шул сабабли ман гуноҳкор энди. Ман имло масаласидан сўз очар эканман, ёлғуз «Адиби аввал» ва «Адибус-соний»ларимни сотмоқ учунгина сўз очар эмишман, мактабларда дин дарслари ўқитулсин десам, фақат «Ҳавойижи диния»мни пул қилиб, қорин тўйдирмоқ учунгина деяр эмишман.

Мана, «Биров» ҳазратлари «Қизил байроқ»нинг яқин бир бетини тўлдириб манга қилинган ҳужумнинг руҳи ва хулосаси. Китобларим хусусида ман шуни деб биламанки, «Ҳавойижи диния» — диний бир китоб. Онинг ила «Биров»ларни бировлар ила бир иши ва алоқаси йўқ. Ҳам «Ҳавойижи диния»мдан 12 йил муқаддам бутун ҳақтабъилари ила бир ширкатға 225 сўм бадалиға сотилғон. Биноан-алайҳ, онинг сотилуви ва сотилмовини маним қорним илада алоқаси йўқ.

Ман, мактабларда дин дарслари ўқитилсин, деганимда «Ҳавойижи диния»ни хотирймға келтургоним йўқ. Фақат дин дарслари ўқитилмоғони сабабли бутун халқни ўзидан бездириб, харобликка юз тутган мактабларни такрор оёқға босдирмоқ учун лозим бўлғон чораларнинг бири мактабларға мукаммал суратда дин дарслари киритмоқдир, дедим.

Бу кун бу сўзни бир ман эмас, маориф комиссари ва маориф мудирларида иқрор этадирлар. Мактабларға дин дарси киритмоқ сизга ёқмас экан, онинг учун бир мангагина ҳужум этманг-да, толеъингиздан, замондан шикоят этинг. Чунки замон бузуқ. Халқнодон, дин тўғрисида, имло тўғрисида сиздек «доҳий»ларнинг орқасидан эргашилмайдур.

«Адиби аввал» ва «Соний»ларға келганда онларнинг нусхаси дунё юзида ҳозир йўқ. Такрор босилиб дунёға чиқар экан, онинг 20 йиддан бери имло тўғрисида ҳар бир табъида тадрижий суратда ислоҳ этилиб келган асосли бир йўли бор. Ул сизнинг бир-бириға мухолиф бўлғон бузуқ имлоларингиз, ўринсиз ҳужумларингиз ила ҳисоблашмасдан, ўз маслакида давом этиб, ҳақиқий янги имлони (Сизнинг ҳозирги бузуқ имлоингизни эмас) халқ орасида сездирмайчагина тарқатадур.

Такрор босилмас экан, онинг руҳина яхши бир фотиҳа (агар сизда инсоф ва виждон бўлса) ўқумоқингиз керак. Чунки бир вақтларда ва сизга ўхшаш қаҳрамон ёзувчилар тарафидан янги имлонгиз ила ёзилиб ва босилиб, бутун мактабларни китобдан таъмин этган ҳозирги мактаб китобларингиз йўқ бир замонларда (ҳолбуки, ҳеч нарсангиз йўқ) филжумла халқнинг эҳтиёжини ўтаган, онинг учун ул китоблар доим сизнинг ҳужумингизға нишона ва ёзувчилари эса сизнинг қошингизда авантурист бўлмаса керак эди. Мажлисда сўйланган сўзларға келганда «Биров» ўртоқ маним сўзларимға бутун хиёнат этган.

Танқид ва мунозара қонуни шул эдики, ул мани сўзимни бутун кўчириб, ўзининг танқид ва мунозарасини анинг устида қилмоқ керак эди.

Ҳолбуки, «Биров» ўртоқ маним сўзларимдан ўзиға керак жойларини териб, онинг устиға ўзиданда бир қадар илова қилиб, сўнгра танқид ва мунозара қонунин ташлаб, тўғридан-тўғри ҳужум бошлағон. Манга бундай ҳужумлар эндигина эмас, балки «Биров»лар ҳануз онадан туғулмаган замондан бери бўладир. Бир вақтларда остроумовчилар, иккинчи вақтларда уламолар ҳужум этдилар. Ман онларнинг ҳужумлариға қарамасдан, ҳамон ўз маслагимда давом этдим. Бу кун «Биров»лар ҳужум этар экан, ул ҳам мани ишдан ва маслагимдан тўхтата олмайдир.

Бу ҳужумни мен жавобга ҳам арзитмас эдим, фақат маним мажлисда этган сўзларимни хиёнат тариқида бузиб ёзилғанлиги маним жавобға мажбур этди.

Ман аввал мажлисда ўз фикримнигина эмас, расмий бир ҳайъатнинг фикрини ҳамда 20 декабрда маориф шўъбасида Маориф комиссари, маориф мудири ва бошқа маориф аҳллари тарафиндан ўзбек маорифининг асбоби таназзули тўғрисинда сўйланган фикрларнинг таржимонигина бўлдим. Маорифнинг таназзули тўғрисида 7 моддадан иборат бир маъруза ҳам 2 моддадан иборат чораларин сўйладим. Шул жумладан, асбоби таназзулдан бири этуб вақтсиз чиқарилғон имло масаласин ва имлочиларнинг кўзлари ҳануз бир фикрга келмай туриб, бутун мактабларға шу имлони мажбурий эълон қилғонликларин Қуръон ҳарфларини мактаб китобларидан чиқорғонлиқларин бу ишга, бир тарафдан, мактабларда болалар ёзувини оталар, оталар ёзувини болалар билмасликлариға, иккинчи тарафдан, маориф душманларининг мана янги имло чиқариб, Қуръонни бузмоқчи деб халқ орасиға иғво тарқатмоқлариға ва бу воситалар ила қора халқнинг янги мактаблардан безуб, эски мактабларнинг такрор ривож топмоғига сабаб бўлғонлиғини кўрсатдим.

Бундан сўнг имло масаласининг асосина кўчиб: «Ислоҳи имло масаласи фақат ҳақиқатан керакли бир масала ҳам янги бир масала эмас. Бу тўғрида Туркияда қарийб қирқ йилдан бери, Қофқоз ва Татаристонда қарийб 20 йилдан бери қанча олимлар, профессорлар ишлаб туродирлар. Бизданда бир неча ёшлар чиқиб, жиддий ҳаракатлар кўрсатдилар. Бунларнинг бу ғайрат ва ҳаракатлари шоён тақдир.

Онга бу тўғрида лозим бўлғон табиий, тадрижий йўлдан чиқуб, ҳануз пишмаган бир асосга ва бир йўлга қўйилмағон бир имлони халқнинг оғзига куч ила тиқмоқ бўлиб қўйғон қадамлари хато», — дедим. Бундан сўнгра бошқа масалаларға кўчдим.

Чоралариға келганда, имло масаласида айнан мана шу йўлларни кўрсатдим: «Имлои ҳозираға ёлғуз авом халқнингина эмас, хосларнингда қаршулиқларин, янги имлони атрофимизда бўлғон Бухоро, Хева, Афғонистон, Озорбойжон ва Туркиягина эмас, Туркманистон, Фарғона ва Самарқанд областларида ҳануз қабул этилмоғонлиқларин ҳам авом халқнинг янги мактаблардан безмоқларига имло масаласининг-да, буюк сабаблардан бўлғонлигин эътиборға олуб, бу масала (ҳақида) ҳайъат тубандаги фикрни арз этадур:

1. Мактабларда янги имло ёлғуз туркий сўзлардангина татбиқ этилиб, арабий, сўзлар ҳозирда ўз ҳуруф ва имлолари ила ёзилсунлар.

2. Форсий ва баъзи ўз тилимиздек бўлуб қолғон арабий сўзларни туркча чўзгилар ила (масалан, макотибни мактаб суратида  ﻣﻜﺗﺏ - ﻣﻜﺗﻪﺏёзмоқ. (Бу ўринда «Биров» ўртоқ «ҳозир»ни  ﺣﺎﺯﺭ- ﺣﺎﻀﺮ  суратида ёзмоқ деб ўз тарафидан қўшарға бунга ҳайъат асло рози эмасдир.)

Асосан мувофиқ бўлса ҳам, бунга оидда тадрижий йўллар ила киришулсун. Аммо «мутахассис»га ўхшаш ёт араб сўзларини туркчаси топилар экан, туркча ёзилсун. Туркчаси топилмас экан, «мутахассис» суратида ўн ҳарф ила ёзмасдан, мутлақ имлосила ёзилсун.

3. Турк адабиётидан араб сўзлари тамом чиқарилмагунча мактаб китобларидан арабий сўзларға махсус бўлғон ҳарфларни чиқариб ташламоқ асло мувофиқ эмасдур.

4. Туркча сўзларда ҳамзаларини хуруфи муттасила суратида ﺀ ёзмоқ, (ﺁ) ни (ﺋﺎ) суратида икки ҳарф ила ёзмоқ мувофиқ эмас. Сўз шул ўрунға етганда ҳайъат раёсати тарафиндан: «Имло масаласи шунда тўхтатулсун, қолғони съездда музокара қилинур», деган таклиф тушди. Ман ҳам таклифга бўйсуниб, сўзни иккинчи масалага кўчирдим.

Мана, имло масаласи тўғрисида маним сўйлағон сўзларим шул. Бу сўзларни ман ҳайъатнинг қарориға ҳам муфассал ёзиб, бир неча цензурлардан кечирғондан сўнг сўйладим. Ўқувчилар буни ҳам, бу сўзлар учун «Биров»нинг манга қилғон ҳужумини кўрсунларда, манга «Биров» ўртоқнинг қандай хиёнат этганлигин ўзлари ҳал этсунлар. «Биров» ўртоқ ёлғуз хиёнат илагина қаноатланмағон, балки бир оз тараққий қилиб, иғвогарлик йўлиға ҳам киришган. Гўё ман ул мажлисда деган эмишманки: «Николай замонасида қандай бўлса-да, бир маориф бор эди. Ҳозир бўлса, маорифнинг тузалиши эмас, ўзи ҳам йўқ». «Биров» ўртоқ бу сўзларни уялмасдан қандай тўқиб чиқарди экан? Иғвогарлик учун бундан бошқа йўл топилмадими? Ҳолбуки, маним бу хусусда айтган сўзим шул эди: «Николай замонасида Ҳўқандда ўндан зиёда усули жадида, беш-олти русский-туземний мактаблар бор эди. Самарқандда ҳам шул қадар эди. Инқилобдан сўнгра бунлар йигирмадан ортди. Ҳозирда эса Ҳўқандца мактаб деса бўладурғон икки-учгина қолғон, Самарқандда эса йўқ деярлик. Бутун кучни маорифға берган шўролар ҳукумати замонида мактаблар ҳозирғача бир неча ҳисса ортгон бўлса керак эди. Ҳолбуки, кундан-кунга йўқолиб борадир. Бунинг, албатта, сабаблари бўлса керак. Бизға шул сабаблар ила курашмоқ лозим», — дедим-да, сўнгра сабабларини санамаққа киришдим. Маним бу сўзларим ёзувда ва майдонда «Биров» ўртоқнинг шунчали иғвогарлик йўлиға кирмоғидан онинг очиқ имзосин қўймағони сабабли ким эконин билмасам-да, олчоқ бир ҳариф эконлигида шубҳам қолмади. Биноаналайҳ, бошқа сўзлариға жавоб бермоқнида лузум кўрмайман. Бундан сўнг холис илмий ва адабий му-нозарага мувофиқ ўлмоқ шартила, имло масаласига кўчаман[1].

 


[1] Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ушбу мақоласи тугамаган. Газета таҳририяти мақолани кесиб, унга ўз муносабатини билдириб, «Биров»ни ҳимоя қилган ва ўз муддаосини «Хулоса, қори афандини авом халқ орасидан чиқиб, матбуот майдонига қадам босишлари билан табрик этамиз», деб ифодалаган. (С. А.)

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин