Саналар
03.12.2024
Баннер
Мунавварқори Абдурашидхонов. Қоралаш яхши эмас (1927)
PDF Босма E-mail

Тошкент округ маориф ходимлари қурултойида (1927 йил) сўзланган нутқ

Маърузачининг таъбири бўйинча, бизнинг муаллимларимиз ичида мактаб бошқа-ю, сиёсат бошқа, деядурғон кишилар бор эмиш.

Мактаб қайси синф қўлида бўлса, шу мактабларда шу синфнинг мафкураси тарқалади ва илгари сурилади. Бу гапга кўнмаганларни янглишғон, ўжар кишилар, деб айтишга жасорат қиламиз. Жадидчиликка қандай баҳо бериш тўғрисида қуйидаги асосларни келтираман: жадид мактаби қай вақтда ва кимлар қўли билан вужудга чиқди? Мана буни текшириш учун 20 йил илгарига қараш, албатта, лозим. Ҳозирги пайтда ўрта маълумотга эга бўлган кишилар Масков ва бошқа жойларга бориб ўқишни ҳавас қилса, авваллари саводи чиққан (ҳар) бир киши Бухоро(га) бориб ўқишни ўзи учун бир шараф деб билар эди. Чунки улар илмни фақат дингина деб билар эдилар. Муҳит ҳам шуни тақозо қилар эди. Ўша вақтнинг ҳукумати ҳам шу фикрни қувватламаса, ундай эмас. Жадид мактабини ташкил қилғонлар ҳам эски мактаб, мадраса ва қорихоналарнинг етиш-тирган кишилари эди. Улар ёлғиз Боғчасаройда чиқадургон Исмоил Гаспринскийнинг газетасини ўқидилар ва шу орқали мактабни яхши тушуниб, китоблар олдирар эди. Буларга баҳо янглиш ва ортиқча берилган. Чунки ўша вақтдаги жадид мактабига уламо, бой — ҳамма ва ҳамма қарши эди. Жадидлар шароит ичинда(н) жасорат билан чиқиб иш бошлағон эканлар, буларга бериладургон баҳо ҳам шундан ортиқ бўлмаслиги лозим эди.

Жадидлар шу мактабга яхши назар билан қарагон кишиларни ўзига дўст кўриб, қучоғига тортар эди. Буларнинг бой, руҳоний, савдогар бўлишидан қатъи назар, секин-секин жадидлар дўсти кўпайиб, турли гуруҳлардан иборат бир жадидлар тўдасини ташкил қилди.

Инъомовни жадидларни алоҳида синф қилиб кўрсатиши номаъқул гап. Жадидлар, палисанинг қўрқинчи қаттиқ бўлса ҳам, қийинчиликларни ўз устига олиб, газет чиқорди ва уни халққа тарқатди. Жадидларнинг энг азоб тортгон даври Керенский вақти бўлди. Керенский вақтида идораларга уламолар миниб олди. Мактабга ёрдам бериш у ёқда турсин, (ҳатто) чор ҳукумати вақтида берилиб келган моҳиёналар ҳам берилмади. Тўхтади. Уламоларнинг ўша вақтдағи кучга молик бўлғонларини жадидлар думага 11 та, уламолардан 65 та вакил сайланиши билан исбот қиламан. Жадидлар ўз уламолари, бойларига қарши рус социалистлари билан бирга қўлга-қўл бериб ишлади.

Қўқон мухториятини рус меньшевиклари тузди. Чўқаев унга жуда яқин эди. Убайдулла Хўжаев, Низомиддин[1]лар мухториятга қатнашди. Ўша вақтда жадидларнинг отаси бўлиб ҳисобланган мен ўзим лоақал «Миллат мажлиси»га аъзо бўлиб ҳам сайланмадим. Жадидлардан Қўқон мухториятига қисман аралашгон кишилар бўлса ҳам, кўпчилик четда турғон.

Яна бир гап борки, жадидлар Октябрь инқилобини яхши қарши олмаган эмишлар. Октябрь инқилобини рус ишчилари қилганини ҳеч ёшириб бўлмайди. Биз уларнинг тайёриға айёр бўлиб ишлай бошладик. Октябрдан кейин жадидлар Керенский сикинтисиндан қутулди. Мактабларни ҳукуматга бериб, ўзлари шўро муассасаларида ишлай бошладилар. Октябрь ўзгаришига жадидлар раҳбарлик қилди, дейиш ҳам, Октябрни улар яхши қарши олди, дейиш ҳам хато гап.

Жадидлар Октябрь инқилобиға ёмон қараган бўлсалар эди, 20—21-йилларгача шўро идораларида ишлаб келмас эдилар. 21-йилдан бошлаб жадидлар катта хато қилди. Турккомиссия томонидан қилингон ҳаракатларни мустамлакачилик, дедик. Ҳақиқатдан улар мустамлакачи экан, уларга қарши курашмай, бутун ишни ташлаб, араз қилиб, ўзимизни четга олишимиз катта хато бўлган. Шу ишимизга пушаймон қилиб, шу вақтгача ишлаб келсак ҳам, хизматларимиз хатомизни ювиб кетар даражага бормаганга ўхшайди.

Чор ҳукуматини йиқитиш жадидларнинг тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат бўлиши яширин эмас. Наинки биз жадид мактаби очиш билан савдо хизматчилари, бошқача таъбир билан айтганда, дўконда насия ёзадургон ходимлар етказсак. Шу ишга аклли одам шу баҳони беришда у ёқ, бу ёқни мулоҳаза қилсин. Жадид мактаби очишимизга сиёсий ва маданий курашчилар тайёрлаш баҳоси берулмаганига таассуб билдира олмай ўта олмайман. Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ўша вақтдаги жадид мактабини битириб чйққан баъзи йигитларимиз ҳозир масъул ўринларда туради. Жадидлар чор ҳукуматини йиқитиб, Туркия ёки Польшага ўхшаш бойлар ҳукумати ташкил қилади, деган назариялар ҳам йўқ эмас эди.

Ўша вақтда бир мажлисда рус мустамлакачилари билан курашамиз, деган эдим. Агар борди-ю, рус ўртоқлар шу гапимга араз қилиб «Ол, мамлакатингни, ўзинг идора қил!» деса, мен уларнинг оёғига ёпишиб, энг аввал айтар эдимки, биз сиз билан эмас, сизнинг бойингиз, уламойингиз ва мустамлакачиларингиз билан курашамиз, дер эдим. Жадидларнинг шўро ҳукуматига дўстлигини қуйидаги ҳужжатлар билан исбот қиламан: январъ инқилобида 12 соатлик ҳукумат бўлди. Ростовский ва Абдусафийхонлар одам қидириш режасини тузди. Шунда жадидлар қочиб ётди. Қачонки большевиклар ғолиб бўлди, деган хабар эшитилгандан кейин чиқиб, большевикларга қарши бўлғонларни суд қилиб, отиб юборилди.

Биз халқнинг аҳволи руҳияси билан ҳисоблашиб, ер ислоҳоти, паранжи масалаларини 30 йилсиз ҳал қила олмас эдик. Большевиклар фирқаси бу ишни ўн йилда бажариб қўйди, биз ўша вақтда зиёлй деб русларнинг ўрта ва олий мактабларида ўқугон кишиларни айтар эдик. Жадидлар билан коммунистларнинг ҳаёти боғлангон эди. Булар ўлса ўлади, тирилса тирилади. Ўлгунча инқилобни ҳимоя қилишга тайёр. Жадидларнинг бир, иккитасидан гуноҳ ўтган экан, ҳаммасини қоралаш яхши эмас.

«Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1927 йил, 7 июнь

[1] Низомиддин Хўжаев назарда тутилмоқда.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин